Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:29

Тинтув пайтида МХХ генералининг уйидан нодир Қуръон китоби чиққани иддао қилинмоқда


МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаевнинг номаълум рассом чизган сурати
МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаевнинг номаълум рассом чизган сурати

Ўтган ой ишдан олинган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг ўринбосари Ҳаëт Шавкатович Шарифxўжаев устидан очилган жиноят иши доирасида унинг уйида тинтув ўтказилгани иддао қилинмоқда. Озодлик манбаларига кўра¸ тинтув пайтида собиқ генерал уйидан тасвирий санъат асарлари ва қадимий қўлëзма китоблар топилган.

Ҳаёт Шарифxўжаев яқинларидан бирининг Озодликка иддао қилишича¸ “ўтган ҳафта собиқ МХХ генералининг уйида коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштириш бўйича гумонланиб, тинтув ўтказилган”. Унга кўра¸ тинтув жараëни видеотасвирга ëзиб олинган.

Ўз исми сир қолишини истаган МХХ собиқ ходимларидан бирининг Озодликка микрофонсиз суҳбатда айтишича, тинтув пайтида Ҳаëт Шарифxўжаев уйидан тасвирий санъат асарлари ва қадимий қўлëзма китоблар топилган:

- Тинтув пайтида Шарифxўжаевнинг уйидан Қуръоннинг қадимий қўлëзма нусхаси чиққан. Тинтувда иштирок этган экспертлар бу қўлëзманинг “Офоқхўжа Қуръони” деб билинган ноëб китоб эканлиги борасида хулоса беришди¸- дейди Озодлик манбаси.

Озодликка маълум бўлишича¸ бу қўлëзма Ўзбекистон Қўлëзмалар институтида яқин-яқингача сақланган.

Айни институтдаги Озодлик манбасининг маълум қилишича, Қуръони Каримнинг ушбу қўлëзма нусхаси айни пайтда институт балансида йўқ:

- Мутахассислар орасида “Офоқхўжа Қуръони” деб юритиладиган бу қўлëзма 1626 йили туғилиб, 1694 йилда Қошғарда оламдан ўтган Нақшбандия тариқати улуғларидан бири Офоқхўжа кутубхонасида бўлгани айтилади. Биласиз Офоқхўжа таниқли ўзбек шоири Бобораҳим Машрабга устозлик қилган. Бу қўлëзма ва бошқа нодир китобларни биздан олиб қўйишган. Бу китобларниг бир қисми Ўзбекистон Ислом университети¸ бошқа бир қисми Шарқшунослик институти ва яна бир қисми эса Ўзбекистон диний идорасига берилган¸- дейди Қўлëзмалар институтидаги Озодлик манбаси.

Айни пайтда Озодлик манбаси “Офоқхўжа Қуръони” бу уч идорадан қайси бирида сақланаётганини аниқ айтиб бера олмади.

Озодлик ўз суриштируви давомида “Офоқхўжа Қуръони”, Ўзбекистон қўлëзмалар институтидан олиб кетилгач, изсиз йўқолганига оид норасмий иддаоларга ҳам қулоқ тутди.

Ўтган ой ишдан олинган Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати раисининг собиқ ўринбосари Ҳаëт Шарифxўжаев уйи тунтув қилинганида чиққан қўлëзма китобнинг айнан “Офоқхўжа Қуръони” эканига оид якуний экспертиза хулосаси ҳали Озодликда ихтиёрида мавжуд эмаслигини ҳам таъкидлаш зарур.

Бундан ташқари бир-биридан мустақил уч манба тақдим қилган бу маълумотларни расмий идоралардан тасдиқлашнинг имкони ҳам бўлгани йўқ.

МХХ генерали пайғамбар авлодими?

Ўз исми сир қолишини истаган МХХ собиқ ходимларидан бири бу китоб борасида экспертлар дастлабки хулосани бергани ва қўлëзманинг охирги варағида қўлëзмалар институтининг инвентар рақамини кўрганини ҳам иддао қилади. Лекин манба экспертлар дастлабки хулосаси битилган баённомани Озодликка тақдим қила олмади.

Унга кўра¸ Ҳаëт Шарифxўжаев ўзини Саййидлар авлоди сифатида Нақшбандия тариқати пири муршиди Офоқхўжага қариндош деб билган.

- Тошкентлик тарихчилар кўмагида Шарифхўжаев ўз шажара китобини ëздирган эди. Бу китобда Шарифхўжаевлар оиласининг бир бутоғи Офоқхўжага уланади. Шу боис генерал Шарифхўжаев учун “Офоқхўжа Қуръони” бало-қазолардан асровчи хосиятли балогардон сифатида қадрли бўлган¸- дейди Озодлик манбаси.

Ушбу манбанинг илова қилишича, Ҳаëт Шарифxўжаев уйидан топилган қўлëзма китобнинг ноқонуний йўллар билан ўзлаштирилгани бўйича дастлабки айблов хулосаси расмийлаштирилган.

Унга кўра¸ Ўзбекистон президенти фармонига мувофиқ, Шарифхўжаевдан генераллик рутбаси ва бошқа мукофотлар олиб ташланган. Шарифхўжаевнинг генерал рутбасидан маҳрум қилиниши тўғрисидаги президент фармони Озодликда мавжуд эмас.

Ҳаëт Шарифхўжаев Ўзбекистон мустақиллигининг 16 йиллиги муносабати билан “Шон-шараф” ордени билан тақдирланган эди.

Мамлакат бошқарув элитасига яқин ва бир-биридан мустақил икки манбанинг ўтган ҳафта Озодликка маълум қилишича¸ 52 ёшли генерал Ҳаëт Шарифxўжаев ўтган ойда ишдан олиниб, Тошкент Олий МХХ мактабига оддий ўқитувчи қилиб юборилган.

Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизмати ёки бошқа расмий идоралардан бу маълумотни тасдиқлаш ëки инкор қилиш имкони бўлмади.

Ўтган ҳафта Ҳаëт Шарифхўжаевнинг "туғишган жияни" Ўзбекистон Адлия вазирлиги Суд департаменти Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармасининг собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ғуломов ҳибсга олинганди.

Аввалроқ генерал Ҳаëт Шарифхўжаевнинг туғишган укаси Ўзбекистон Миллий Хавфсизлик Хизматининг Коррупция ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бошқармаси бошлиғи, МХХ полковниги Жавдат Шарифxўжаев ноқонуний тадбиркорлик, коррупция ва давлат маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, тўрт йилга озодликдан маҳрум этилганди. Тинтув арафасида собиқ генералнинг қамоққа ҳукм этилган укаси, собиқ МХХ полковниги Жавдат Шарифхўжаев Бекободдаги қамоқхонадан Тошкентга олиб келиниб сўроқ қилингани тўғрисидаги иддаоларни Озодликнинг бир нечта манбаси билдирган эди.

Озодлик ўтган йили қамоққа олинган ўндан ошиқ МХХ зобитларнинг ҳозирда ишдан четлаштирилган МХХ генерали Ҳаёт Шарифхўжаевга алоқадор эканига доир мақолани нашр этган эди.

Гулноранинг прогнози тўғри чиқдими?

Президент қизи Гулнора Каримова 2013 йилда матбуот орқали қилган чиқишларида Ҳаёт ва Жавдат Шарифхўжаевларга қарши баёнотлар қилган эди.

Жумладан Туркиянинг “Ҳуррият” нашрига берган интервьюсида Гулнора Каримова ака-ука Шарифхўжаевларнинг коррупцияга аралашганини билдирган эди.

Сал ўтиб, Гулнора Каримова Bilan журналига берган интервьюсининг тўлиқ варианти деб тақдим қилинган матн ҳам МХХ раисининг ўринбосари Ҳаёт Шарифхўжаевнинг коррупцион олди-бердиларини “фош қилади”.

Бу ëзувлардан бир йил ўтиб Гулнора Каримова Twitter-да қолдирган ёзувлар ва матубуотга берган интервьюларида исми зикр бўлган мулозимларнинг иши “чаппа кетаëтгани”ни кузатиш мумкин.

XS
SM
MD
LG