Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:46

Мустафо Жамил: Москвадаги "катта оға" Бишкекда ўзини кўрсатмоқчи бўлди


Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил Қримнинг Россия томонидан босиб олинишига қарши курашаётган сиёсатчилардан бири.
Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил Қримнинг Россия томонидан босиб олинишига қарши курашаётган сиёсатчилардан бири.

Украина Олий Радаси депутати, қрим татарлари лидери Мустафо Жамил ва унинг маслаҳатчиси Рустем Умеров Бишкек аэропортида ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан уч соат ушлаб турилди. Мустафо Жамил мазкур воқеани “Москванинг буюртмаси”, деб баҳоламоқда, қирғиз милицияси эса бу “англашилмовчилик” бўлганини билдирмоқда.

Қирғизистон ИИВ: Мустафо Жамилнинг ёрдамчиси қидирувдаги шахсга ўхшаш экан

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2 июнь куни Бишкек аэропортида Украина Олий Радаси депутати, қрим татар лидери Мустафо Жамил мамлакатга киритилмай 3 соат ушлаб қолингани ҳақидаги хабарни рад этди.

Вазирликнинг билдиришича, аэропортда депутатнинг ёрдамчиси Рустем Умеров ушлаб турилган. Бунга, вазирлик расмийларининг билдиришича, “депутат маслаҳатчисинингҚирғизистонда қидирувда бўлган шахс билан фамилиядошлиги ва ўхшашлиги” сабаб бўлган.

- Бизда Рустем Умеров деган одам қидирувда эди. Маслаҳатчининг исми-шарифи ҳам, сурати ҳам, ўзи ҳам шу одамга ўхшаш экан. Бу маълумотни олганимиздан кейин, аэропортга бу ердан тезкор ходимлар бориб, ушлаб турилган шахс қидирувдаги одам эмаслигини аниқлаган. Шундан сўнг у расман узр сўраб, қўйиб юборилган, - деди ички ишлар вазирлиги расмийси Бакит Сейитов.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги 2 июнь куни тарқатган расмий баёнотида бу воқеани “англашилмовчилик” сифатида талқин қилган.

Қрим татарлар лидери Мустафо Жамил Бишкекка Европа парламент ассамблеясининг миграция бўйича қўмитаси анжуманига Украина делегати сифатида келган эди. 2-3 июнь кунлари ўтадиган мазкур анжуманда Марказий Осиёдаги миграция масалалари муҳокама қилиниши режалаштирилган.

Мустафо Жамил: Бу воқеа Москвадаги "катта оға"нинг буюртмасидир

Мустафо Жамил Озодлик радиосига берган суҳбатида маслаҳатчиси қаторида унинг ўзи ҳам уч соат ушлаб турилганини айтиб, бу воқеани тўғридан тўғри Москванинг буюртмаси деб баҳолади:

-Кейинроқ биз ўз каналларимиз орқали бу ҳеч қандай англашилмовчилик бўлмаганини аниқладик. Бу Москвадаги “катта оға”нинг кўрсатмаси бўлган. Бу билан улар нимага эришмоқчи бўлгани тушунарсиз. Улар бу ерда ўзларининг хўжайин эканини кўрсатмоқчи бўлишдими ёки бошқа нарсами буни энди аниқлаймиз, - деди Мустафо Жамил.

Мустафо Жамилев: Бу иш Москванинг кўрсатмаси билан бўлди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00

Қрим татарлари лидерининг айтишича, улар Бишкекка 2 июнь куни эрталабки соат 5 да етиб келган. Паспорт текширилаётган жойда ходимлар унинг ва маслаҳатчисининг паспортларини Рустем Умеров билан бирга олиб кетишган. Орадан ярим соат ўтганидан сўнг Рустем Умеров Мустафо Жамилга телефон қилиб, уни қамоққа олишаётганини, бунинг сабабларини тушунтиришмаётганини айтган.

-Шунда мен барча инстанцияларга сим қоқа бошладим. Украина ташқи ишлар вазирига смс жўнатдим. Украина президенти маъмуриятига, Украина элчихонасига, Туркия элчихонасига, ўз ёрдамчим орқали Европа Кенгашига бу ҳақда хабар бердим. Бизга ҳеч нарсани тушунтирмай икки ярим-уч соат ушлаб туришди. Украина элчихонасидан одам келгачгина, бизга паспортларни қайтариб беришди, - деди Мустафо Жамил.

Украина матбуоти ҳам мазкур воқеани “Бу Қирғизистоннинг ўзингизга маълум бўлган хўжайинлари берган буюртмадир”, деб шарҳламоқда.

Мустафо Жамил Қрим тақдири учун курашаётган сиёсатчи

Мустафо Жамил Қримнинг Россия томонидан босиб олинишига қарши бўлган сиёсатчидир. Шунинг учун ҳам Москва уни ўз ватани – Қримга ва Россияга киришини тақиқлаб қўйган.

Қрим можароси бошланганидан бери халқаро етакчилар билан мунтазам учрашиб¸ бўҳронга ечим топишга уринаëтган Мустафо Жамил¸ Озодлик радиосига Қримнинг кейинги тақдирини Украина ҳудудий яхлитлиги учун гарант бўлган Ғарб давлатларининг Кремлга кўрсатадиган босими белгилайди¸ деган фикрда эканини айтган эди.

Халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқ фаоллари Қримнинг Россияга қўшиб олинишига норозилик билдираётганларга нисбатан репрессия деб баҳоланиши мумкин бўлган ҳаракатлар Москва томонидан содир этилаётгани ҳақида бонг уриб келмоқда.

Қрим татарлари лидери Мустафо Жамил Қрим Россияга қўшиб олинган 2014 йилнинг март ойидан бери Москванинг ҳатти-ҳаракатларидан норози бўлган 18 одам йўқолганини билдирган.

XS
SM
MD
LG