Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Ўзбек қўшиқчиларининг Туркияга бориши устидан назорат кучайтирилди


Абдулазиз Каримнинг турк паспорти ўзбек қўшиқчиларининг йўлини тўсди.
Абдулазиз Каримнинг турк паспорти ўзбек қўшиқчиларининг йўлини тўсди.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси Туркияга гастрол сафарига кетаётган хонандаларга қўйиладиган талабларни кучайтирди. Эндиликда хонандалар "Ўзбекнаво" билан шартнома имзолашдан ташқари МХХнинг махсус суҳбатидан ўтказилади. Туркияга дам олиш ёки саёҳат мақсадида бормоқчи бўлган хонандалар ҳам тегишли идоралардан рухсат олиши лозим. Ушбу тартибнинг жорий қилиниши ўзбекистонлик хонанда Абдулазиз Каримга Туркия фуқаролиги берилганидан пайдо бўлган хавотирлар ўлароқ изоҳланмоқда.

“Ўзбекнаво” эстрада бирлашмасидаги манба маълумотига кўра, Ўзбекистондан чиқиб кетган хонанда Абдулазиз Каримга 10 ой ичида Туркия ватандошлиги (Туркияда "фуқаро" сўзи ўрнига "ватандош" сўзини қўллашади) берилгани маълум бўлгач, хонандалар орасида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги учун қатор тадбирлар амалга оширилаяпти:

“Абдулазиз Каримнинг лизенцияси 2014 йилда қайтариб олинган. У чиқиб кетган пайтда “Ўзбекнаво”га умуман алоқаси бўлмаган. Лекин хонандаларимиз буни такрорламасликлари учун жиддий чоралар кўраяпмиз. Ҳар бир ўтказилган йиғилишларда бунга эътибор қаратилаяпти”, деди “Ўзбекнаво”даги исмини ошкор қилмаётганимиз манба.

Ўзбек хонандаларидан бирининг Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда айтишича, кўрилаётган чоралардан асосийси хонандаларнинг Туркияга чиқишини чеклашдан иборат:

“Кеча Маданият ва спорт вазирлигида Абдулазиз Каримга Туркия фуқаролиги берилгани бўйича мажлис бўлибди. Мажлисда қатнашганлар бундан кейин хонанда ва созандаларнинг Туркияга чиқиши шахсан Бош вазир Шавкат Мирзиёев назоратида бўлар экан, деб айтишаяпти. Яна Туркияда юрган ўзбекистонлик санъаткорларни қайтариб олиш кампанияси ҳам бошланар экан”, дейди исмини очиқламаётганимиз хонанда.

2012 йил баҳоридан бошлаб чет элга гастролга борадиган ашулачига “Ўзбекнаво” билан махсус шартнома имзолаш мажбурияти юкланган. Эндиликда Туркияга гастролга бормоқчи бўлган хонандалар ушбу шартномани имзолашдан ташқари МХХга хориждаги концерти бўйича батафсил маълумот бериши лозимлиги айтилаяпти.

Кейинги пайтларда Туркияда концерт бериш ўзбек хонандалари орасида урфга айланаётган эди. Жумладан, Нулуфар Усмонова, Жаҳонгир Отажонов, Райҳон каби хонандалар Туркияда концерт дастури бергани хабар қилинган.

Ўзбекистонлик хонандалар Туркиядаги ўзбек диаспорасининг тўй ва томошаларида ҳам тез-тез иштирок этаётган эди.

Шунингдек, кейинги пайтларда Туркия Ўзбекистонда тақиққа учраган санъаткорларнинг "бош урадиган" жойига айланган.

Ўзбекистонда концерт фаолияти норасмий тақиқланган Юлдуз Усмонова ҳам бир неча йил давомида Туркияда яшаб ижод қилди.

Ўзбекистонда тақиқланган ўндан ортиқ хонанда ва санъаткорлардан бири сифатида тилга олинадиган Озода Саидзода (Нурсаидова) ҳам Туркияда катта концерт бергани маълум.

Эндиликда эса Туркияга гострол учун эмас, балки саёҳат қилмоқчи ёки бирор турк санаторийсида дам олмоқчи бўлган хонанда ҳам “Ўзбекнаво”га билдириши ва тегишли идоралардан рухсат олиши лозим.

Махсус изнсиз Туркияга чиққан хонанда тақиқдаги санъаткорлар сафига қўшилиши мумкин.

Шу пайтгача рухсатсиз хорижга чиққан хонандалардан бири Ботир Қодиров Бирлашган Араб Амирликларига берухсат боргани учун лицензиядан маҳрум қилган эди.

"Ниҳол" мукофоти совриндори Феруза Жуманиёзова ҳам яқин хорижга чиққани учун лицензиядан маҳрум қилинган эди.

Ўзбекистонда шоу дунëсини назорат қилиш аввалига маданият вазирлигига оид филармониялар тарафидан амалга оширилган.

1990 йилда Туркияга кетиб қолган ўзбек қўшиқчиси Шоҳсанам Қиличевага қарши жиноий иш очиш ташаббусчиси Хоразм вилоят филармонияси бўлган эди.

Айни пайтда қўшиқчилар "жиловини" тутиб туриш “Ўзбекнаво” зиммасига юклатилган.

XS
SM
MD
LG