Шаҳарга кириш йўллари тўлиқ ёпилди
23 июнь оқшомига келиб ижтимоий тармоқларда пойтахтга Тошкент вилоятидан кирувчи йирик йўлларнинг қарийб ҳаммаси ёпилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
Айниқса, Қибра тумани Дўрмон қароргоҳидан ўтувчи йўл ва унга туташган йўллар, ШҲТ тадбирлари бораётган шаҳар марказида жамоат транспорти қатнови мутлақо тўхтатилгани, пиёдалар ҳаракати ҳам қарийб чеклангани хабар қилинди.
Марказда бўлган ва пойтахтнинг чегараларида бўлган мустақил журналист Абдураҳмон Ташановга кўра, байрамона кийинган ИИВ ходимлари кўчадан ўтиб қолган бир-иккита автомобил ёки пиёдаларни тўхтатиб, суриштирмоқда:
- Мен Hyatt Regency меҳмонхонаси, Халқлар дўстлиги саройи, Амир Темур ва Алишер Навоий шоҳ кўчаларини айланиб чиқдим. Кундузги соат 13дан бошлаб жамоат транспорти тўхтаган, пиёдалар жуда оз. Қизиғи, бирорта кўриниши вилоятдан келган меҳмонларга ўхшаган одамлар йўқ. Ҳар қадамда ИИВ ходимлари марказга тушиб қолган бир-иккита хусусий машиналарни албатта тўхтаяпти, сал ғалати ҳаракат қилган одамларни ҳам тўхтатиб, суриштираяпти. Марказдаги ташкилотлар, савдо дўконларининг қарийб ҳаммаси ёпиқ. Лекин бозорлар ишлаб турибди, - дейди Ташанов.
Унинг айтишича, тушдан сўнг шаҳарга кирувчи катта йўлларнинг асосий қисми ёпилган.
Пойтахтга эски ва юк машиналари киритилмаяпти
Тошкент вилоятининг Юқоричирчиқ туманидан пойтахтга кирувчи йўлдаги "Янгибозор" постидан ўтган бир пойтахтлик шаҳарга "ВАЗ" автозаводидан совет замонида чиқарилган автомобиллар қўйилмаётганини ёзди.
Ижтимоий тармоқларда бу ҳақда қолдирилган хабарга муносабат билдирган бошқа фойдаланувчилар эски машиналар 23-24 июнь кунлари пойтахтга қўйилмаслиги ҳақида гап-сўзлар бўлганини ёзмоқдалар:
"Нафақат "ВАЗ" автомобиллари, балки собиқ иттифоқдан қолган барча автомобиллар пойтахтга қўйилмаяпти. Бу меҳмонларнинг кўзини бўяш, менимча, яъни бизда фақат ўзимизнинг автомобиллар юради, деган маънода. Телбалик. Улар кимни алдамоқчи бўлаяпти?" деб хабар қолдирди Facebook фойдаланувчиси.
Яна бир фойдаланувчи эса пойтахтга кирувчи текширув пости ёнида ўтказилмагани боис, йўл чеккасига йиғилиб қолган "АЗ 2101, 21011, 2102, 2103, 2104, 2105, 2106, 2107" маркали машиналар карвонини кўрганини ёзди.
Саммит иштирокчилари электромобилларда ташилмоқда
Қизиқ кузатув: Меҳмонлар ва шаҳарликлар юрадиган йўллар фарқи