"Роҳат" постидаги текшир-текширдан тирбандлик юзага келди
Тошкент шаҳрида "Роҳат" постидан ўз машинасида ўтган муштарий ушбу постдаги вазиятни видео тасвирга олиб Озодликка йўллади:
"Роҳат постидаги тирбандлик. Милиция ҳар битта машинанинг орқа багажини очиб кўришаяпти. Узр, шошилинч равишда скрытая камера билан олганим учун тиниқ чиқмади тасвирлар", дея муштарий ўзи олган қуйидаги видеони йўллади:
ШҲТ саммити олдидан пойтахтга кириш йўлларининг барчасидаги постларда назорат кучайтирилгани кузатилаяпти.
"Мелиса уйма-уй юриб, паспорт текширмоқда"
Тошкентда ШҲТ саммити олдидан паспорт режими бўйича текширувлар давом этмоқда.
"Тошкент шаҳри Миробод туманидаги Истиқбол кўчаси, Бектемир туманидаги Сомон бозор кўчаларида 14 июнь куни мелиция ходимлари уйма-уй юриб, пропискаси йўқларни ҳайдади. Бечора одамларга қийин бўлаяпти", дея ёзди тошкентлик манба.
Пойтахтдан олинган хабарларга кўра, кечки соат 9 дан сўнг паспортсиз юрганлар ва пойтахтда қайддан ўтмаганлар қўлга олиниб, 393 минг сўмдан жарима солинмоқда.
Тошкентда ёпилган кўчалар рўйхати эълон қилинди
Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ШҲТ саммити муносабати билан бўлаётган қурилишлар муносабати Тошкентда ёпиладиган кўчалар рўйхатини эълон қилди.
-Тараққиёт кўчаси – Мирзо Улуғбек кўчасидан Кичик ҳалқа автомобиль йўлигача бўлган қисмида;
-Ўзбекистон шоҳ кўчаси – Фурқат кўчасидан Олмазор кўчасигача бўлган қисмида;
Қуйидаги кўчаларнинг қатнов қисмига ётиқ чизиқлар чизилиши муносабати билан транспорт воситаларининг ҳаракати вақтинча чегараланади.
-Моворауннаҳр кўчаси – Мустақиллик шоҳ кўчасидан Абдулла Қодирий кўчасигача бўлган қисмида;
-Мирзо Улуғбек шоҳ кўчаси – Дўрмон йўли кўчасидан Феруза кўчасигача бўлган қисмида;
-Феруза кўчаси – Мирзо Улуғбек шоҳ кўчасидан Юзрабод кўчасигача бўлган қисмида.
Шаҳарнинг қуйидаги кўчаларида таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли бошқа кўчалардан айланиб ўтиш тавсия қилинади.
-Янги йўл ўтказгич қурилиши муносабати билан Муқимий кўчасининг – Шота Руставели ва Бунёдкор шоҳ кўчалари билан кесишган қисмида;
-Янги йўл ўтказгич қурилиши муносабати билан Муқимий ва Самарқанд дарвоза кўчалари кесишмасида (Оқтепа майдони);
- Мавжуд йўл ўтказгич (путепровод) таъмирланиши муносабати билан Кичик ҳақа автомобиль йўли – Тараққиёт кўчаси кесишмасида;
Тошкент ёпилишини матбуотга сиздирган мелиса ишдан бўшатилди
ШҲТ саммити пайтида Тошкентга кириш ва чиқиш йўллари бутунлай беркитилиши ҳақида матбуотга сиздирган милиция зобити ишдан бўшатилди.
Ўтган ҳафта охирида Ўзбекистондаги қатор веб-сайтлар ШҲТ саммити олдидан Тошкентда хавфсизлик чоралари кучайтирилгани, одамларнинг пойтахтга кириши ва чиқиши 16 июндан бошлаб вақтинчалик тўхтатилишини ички ишлар вазирлигидаги манбага таяниб маълум қилганди.
Озодликнинг Ички ишлар вазирлигидаги манбасига кўра, ушбу хабарлар тарқалганидан икки кун ўтиб, Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Жиноят қидирув ва терроризмга қарши курашиш бош бошқармаси ходими (исм-фамилияси Озодликка маълум - таҳр.) ишдан бўшатилган.