Саммит муносабати билан Тошкент аэропорти 24 июнь куни беш соатга ёпилади
ШҲТ саммити муносабати билан 24 июнь куни Тошкент халқаро аэропорти соат 13дан 18гача йўловчилар учун ёпиқ бўлади.
“Ўзбекистон ҳаво йўллари” ширкатининг билдиришича, аэропортнинг ёпилиши ШҲТ саммитида иштирок этган расмий делегацияларнинг уйларига қайтиши билан боғлиқдир.
Хабарда айтилишича, Ўзбекистон ҳаво йўлларининг соат 13дан 18гача учиши режалаштирилган рейслари 24 июнь куни соат 18дан сўнг амалга оширилади. Ҳаво йўллари ширкати бу каби ноқулайликлар учун йўловчилардан узр сўраган.
Саммит пайти йўловчилар Тошкент аэропортига 4 соат олдин келиши керак
ШҲТ саммити муносабати билан авиачипталарга эга бўлган йўловчиларга пойтахт аэропортига тўрт соат олдин келиш шартлиги эълон қилинди.
Бу ҳақда йўловчиларни авиачипта сотувчи кассалар ва сайёҳлик агентликлари огоҳлантирмоқда.
Расмий хабарда айтилишича, саммит муносабати билан 23-24 июнь кунлари халқаро ва маҳаллий йўналишлардаги парвозлар вақти ўзгартирилиши ҳам мумкин. Шунинг учун йўловчиларга аввалдан аэропортга телефон қилиб, йўналишдаги парвоз вақти ўзгарган ёки ўзгармаганини билиб олиш тавсия қилинмоқда.
Чегаралар ёпиқ, лекин айрим фуқароларга рухсат берилади
Қозоғистон чегара хизмати Ўзбекистон билан чегаралар ёпилиши муносабати билан пайшанба куни баёнот тарқатди. Баёнотда айтилишича, чегаранинг ёпилиши айрим тоифадаги фуқароларнинг икки давлат ўртасида эркин ҳаракатланишига таъсир кўрсатмайди.
Қозоғистон расмийларининг билдиришича, икки давлат ўртасидаги автомобил ўтказиш чегара пунктларидан дипломатик ва халқаро ваколатхоналар ходимлари, учинчи давлатлар фуқаролари, ватанига қайтиб кетаётган Ўзбекистон ёки Қозоғистон фуқаролари, расмий делегациялар таркибида бўлган фуқаролар, телеграмма, таклифнома ёки авиабилетга эга бўлган фуқаролар, автомобилда халқаро юк ташувчи ҳайдовчилар ўта олади.
Ўзбекистон 15 июндан 25 июнгача Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон билан чегаралар ёпилишини билдирган эди. Мазкур чора ШҲТ саммити муносабати билан хавфсизликни таъминлаш мақсадида амалга оширилаётгани маълум қилинган.
Тошкент милицияси одамлар қўлидаги қуролларни йиғиштирмоқда
Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ШҲТ саммити арафасида аҳолини қўлидаги қуролларни масъулиятли тарзда сақлаш учун милицияга топширишга чақирди.
Uzmetronom нашрининг маълум қилишича, ов милтиқлари ва бошқа қуроллар яшаш жойидаги Ички ишлар бўлимларига топширилиши керак.
Нашр аҳоли Ички ишлар бошқармасининг илтимосини бажараётгани ва қуролларни милицияга вақтинча топширгани ҳақида хабар берди.
Бундан аввал Ўзбекистонда аҳоли қўлидаги ов милтиқлари йилда бир марта -Мустақиллик куни арафасида масъулиятли сақлаш учун олиб қўйилар эди.