Ўзбекистонда биринчи президент Ислом Каримов хотираси абадийлаштирилади. Бу борадаги Фармон президент Шавкат Мирзиёев томонидан 25 январь куни имзоланди.
Ислом Каримовнинг туғилган куни ва вафот этган куни хотирланади
Фармонда таъкидланишича, Тошкент давлат техника университетига, Асака автомобил заводига, Фарғонадаги санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон, Тошкент ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилади.
Самарқандда Ислом Каримов дафн этилган жойда мемориал комплекс барпо этилади. Бундан ташқари Самарқандда Ислом Каримов уй музейи ташкил этилади. Шунингдек, Ислом Каримов ҳайкалини ишлаб чиқиш бўйича халқаро конкурс натижаларига келиб чиқиб, айрим шаҳарларда биринчи президент ҳайкаллари ўрнатилади.
Фармонда айтилишича, ҳайкаллар пойтахт Тошкентда, Каримов туғилган Самарқанд шаҳрида ва вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби сифатида ишлаган Қарши шаҳрида ўрнатилади.
Фармонга биноан ҳар йили 30 январь куни Ислом Каримовнинг туғилган куни нишонланади. Ислом Каримов вафот этган 2 сентябрь эса Фармонда Биринчи президентни хотирлаш куни, деб эълон қилинди.
Оқсарой резиденцияси эса Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мемориал комплексга айлантирилади. Мазкур бинода Ислом Каримов номидаги Республика меҳр-мурувват жамғармаси ҳам жойлашади.
Ўзбекистондаги олийгоҳларнинг илғор талабаларига Ислом Каримов номидаги стипендия жорий этиладиган бўлди. Бундан ташқари Ислом Каримов фаолияти акс эттирилган илмий, бадиий асарларни, ҳужжатли ва бадиий фильмларни яратиш, Каримов сиймоси акс этган почта маркаларини нашр этиш белгиланган.
Каримов "Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси"
“Мустақил Ўзбекистон давлатининг асосчиси, буюк давлат ва сиёсат арбоби, ўзбек халқининг улуғ ва ардоқли фарзанди, мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов Ватанимизни мустабид тузум қарамлигидан озод қилиб, ҳалокат ёқасига келиб қолган юртимизни қайта тиклади. Буюк Йўлбошчимиз ғоят қалтис ва таҳликали бир вазиятда оғир қийинчиликлар ва синовларга қарамай, тарихан қисқа даврда Ўзбекистонни жадал ва барқарор суръатлар билан ривожланаётган замонавий демократик давлатга айлантирди”, дейилади Мирзиёев имзолаган фармонда.