Ўзбекистонлик баъзи ёшлар #WeMissYouDoDa (#Дода сизни соғиндик) хештегини твиттернинг дунё трендига чиқариш ниятидалар.
30 январда Ўзбекистонда мамлакат марҳум президенти Ислом Каримов таваллуди кенг нишонланади.
Ислом Каримов 2 сентябрда миясига қон қуйилиши оқибатида 78 ёшида вафот этганди.
У Ўзбекистонни қаттиққўллик билан чорак асрдан кўпроқ вақт давомида бошқарди.
Марҳум президент таваллуд куни муносабати билан унинг президентлиги даврида улғайган ёшлар Twitter ижтимоий тармоғида #WeMissYouDoDa дунё трендига айлантириш ташаббуси билан онлайн тадбирни бошлашади.
Ташкилотчилардан бирининг Озодликка маълум қилишича, улар твиттер фойдаланувчилари, ўз дўстлари ва яқинларини мазкур тадбирга қўшилишга чақирмоқдалар.
30 январда ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти фойдаланувчиларидан ҳар бир хабар остига #WeMissYouDoDa хештегини қўйиш сўралади.
Асосий эътибор Twitter ижтимоий тармоғига қаратилиши айтилмоқда.
Янги медиа соҳаси мутахассиси Тўлқин Умаралиев бу уринишлар самарасини савол остига олади.
-Буни имкони бор, қийин эмас. Кўп сонда Твиттер фойдаланувчилари керак бўлади. Ўзбекистонда буни аввал ҳам қилишган. Трендларга чиқадиган мавзулар реал мавзулар бўлиши керак. Сунъий равишда олиб чиқишга ҳаракат қилишади, лекин сунъий нарсага кўпчилик қизиқмайди. Шунинг учун бу бирор бир натижа ёки фойда беришига ишонмайман, - дейди Умаралиев.
Ушбу тадбир президент Ўзбекистонда биринчи президент Ислом Каримов хотираси абадийлаштиришни назарда тутган президент фармони ортидан йўлга қўйилмоқда.
Мазкур фармонга кўра, Тошкент давлат техника университетига, Асака автомобил заводига, Фарғонадаги санъат саройига, Тошкент халқаро аэропортига, Қорақалпоғистон, Тошкент ва вилоятлардаги марказий кўчаларга Ислом Каримов номи берилади.
Ҳэштег — твиттерда маълум бир мавзудаги твитларнинг йиғиб, энг кўп муҳокама қилинаётган ёки ёзилаётган мавзу рўйхатини кўрсатиб туради. Твиттер — қисқа хабар алмашинувига асосланган социал тармоқ бўлиб, бугунги кунда унинг 500 миллион нафардан ортиқ фаол аъзолари бор. Ушбу тармоқда фақат 140 та белгидан ошмаган хабарларни жўнатиш мумкин.