Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:23

Озодлик суриштируви: Ёшлар Иттифоқи троллар гуруҳининг илк қадамлари


Ёшлар иттифоқининг троллар гуруҳи медиа оромгоҳдаги семинарда иштирок этган 150 нафар ёш репортёрлардан иборат бўлган.
Ёшлар иттифоқининг троллар гуруҳи медиа оромгоҳдаги семинарда иштирок этган 150 нафар ёш репортёрлардан иборат бўлган.

Ёшлар Иттифоқининг бир гуруҳ фаол аъзолари Facebook тармоғида фейк аккаунтлар очиб, троллик қилиб келаётгани ошкор бўлди.

Шу иш билан шуғулланган ёшларга кўра, улар иттифоқ раҳбарлари буйруғи билан 4-5тадан фейк аккаунт очган ва шу аккаунтлар орқали Ёшлар иттифоқига қарши фикр билдирган шахсларга қарши троллар ҳужумини уюштириб келмоқда.

Айни пайтда Ёшлар иттифоқи мулозими Гулчеҳра Ашурова Озодлик билан сухбатда троллар гуруҳи тузилганини инкор қилди.

Троллар ижтимоий тармоқлар форумларидаги баҳслашувчиларни гиж-гижлаш¸ уларни ҳақорат қилиш¸ ғазабини қўзғаш орқали баҳсни бутунлай бошқа йўналишга буриб юборишга¸ муайян мафкурани ëйишга хизмат қилувчилардир.

Россияда Кремль манфаатларига хизмат қилувчи, Кремлга қарашли манбалардан молиялаштирилувчи махсус "Троллар фабрикаси" аталмиш структура борлиги ҳақида кўп ёзилган.

Троллар гуруҳи тузилган кун

Хоразмлик Шаҳзод Собировнинг айтишича, сохта аккаунтлар очиш борасида жорий йилнинг 28-30 май кунлари Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги

медиалагерда ёш репортёрлар учун ўтказилган семинар пайти айтилган.

- Мен "троллар" жумласини ўша пайтда биринчи маротаба эшитганман. Марказий кенгаш ходимаси Гулчеҳра опа томонидан “Ҳар битта мана шу ерда йиғилган инсонларнинг Фейсбукда профили бўлиши керак. Камида 4-5 та профил бўлиши керак ва ўша куни эрталабгача ўшани очиш керак”, деган вазифа берилди, деди Шаҳзод Собиров Озодлик билан суҳбатда.

23 яшар Шаҳзод Собиров Ўзбекистон электрон оммавий ахборот воситалари миллий ассоциацияси (НАЭСМИ) қошидаги Ёшлар студиясининг Хоразм вилояти бўйича мухбири ва “Менинг юртим” телеканалининг Хоразмдаги мухбири сифатида фаолият юритиб келмоқда. Шунингдек, Шаҳзод - Ютуб тармоғидаги чиқишлари билан танилган блогер.

Ёшлар иттифоқи томонидан ташкил қилинган май ойидаги ўша тадбирда турли вилоятлардан йиғилган 150 нафар ёш иштирок этган.

Ёш репортёрлар гуруҳи. Бўстонлиқдаги семинар пайти. 28-30 май. 2018 йил
Ёш репортёрлар гуруҳи. Бўстонлиқдаги семинар пайти. 28-30 май. 2018 йил

​Озодлик ўша тадбирда қатнашган Шаҳзод Собировдан ташқари яна бир йигит ва қиз билан суҳбатлашди. Бир-биридан мустақил бу иккала ёш ҳам троллар гуруҳи ташкил қилишга оид маълумотни тасдиқлашди.

Исмини очиқламаслик шарти билан Озодликка гапирган қизнинг айтишича, бу тадбирда турли вилоятдан келган ёш журналистлар иштирок этган ва улар Ёшлар иттифоқининг “пиар командаси” деб аталган.

Гулчеҳра Ашурова “Ҳар битта семинар иштирокчиси эрталабгача Фейсбукда ўзининг профилидан ташқари 5тадан аккаунт очиб, ссилкасини емайл почтамга юборсин”, деб айтди.

“Бу ёш репортёрлар учун уч кунлик семинар-тренинг эди. Семинарнинг иккинчи куни- 29 май куни Гулчеҳра Ашурова “Ҳар битта семинар иштирокчиси эрталабгача Фейсбукда ўзининг профилидан ташқари 5тадан аккаунт очиб, ссилкасини е-майл почтамга юборсин ва яна менинг Фейсбукдаги профилимга ўша аккаунтлардан “дўстлик” жўнатсин. Ҳаммани текшираман”, деб айтди”, дейди семинарда иштирок этган қиз.

Ёшлар Иттифоқи ходими Гулчеҳра Ашурова Бўстонлиқдаги семинар пайти. 28-30 май. 2018 йил.
Ёшлар Иттифоқи ходими Гулчеҳра Ашурова Бўстонлиқдаги семинар пайти. 28-30 май. 2018 йил.

Фейк аккаунтлар очиш йўл-йўриғи

Семинарда иштирок этган ёшларга кўра, ўша куни Гулчеҳра Ашурова сохта аккаунтлар очиш топшириғини беришидан аввал уларга қандай қилиб, Фейсбукда аккаунт очиш тартиб-қоидалари ўргатилган.

Орамизда умуман Фейсбукдан умрида бирор марта ҳам фойдаланмаганлар бор эди. Бизга бошида махсус тренерлар келиб, профил очишни ўргатди. Интернетга уланиб, браузерни очишдан бошлаб, профилнинг конфиденциал настройкаларигача ҳаммасини қадамба -қадам тушунтириб беришди”, дея эслайди семинарда қатнашган йигит.

Шаҳзод Собировга кўра, шундан сўнг Гулчеҳра Ашурова томонидан сохта аккаунтлар мавзуси кўтарилиб, унинг сир-асрорлари ҳам ўргатилган.

- Қанақа қилиб очилади, 4-5та аккаунт, нима деб очамиз деганда, мисол учун Анвар Паланкасов бўлса, кейингисида Паланкасов Анвар. Кейингисида Анвар Паланкасов Паланкосович дегандай, деб ўргатилганини айтади Шаҳзод Собиров.

Бўстонлиқдаги ўша семинар иштирокчи бўлган қиз эса профилларга қўйиладиган суратларгача айтилганини эслайди.

“Профилга реал одамларнинг расми яъни бирор танишимизнинг суратини қўйиш айтилди.

Агар Фейсбукда аккаунти бўлмаган танишларингиз бўлса, ўшаларнинг суратларини профилга қўйиш керак дейилди.

Иложи бўлса, профилга ҳам дўстларингизнинг исмларини сал ўзгартириб қўйсанглар бўлади. Профилга кирган одам унинг сохталигини сезмаслиги учун имкон қадар реалликка яқинлаштиринглар, деди ўша куни Гулчеҳра опа”, дейди семинар қатнашчиси бўлган қиз.

Содиқ ёш репортёрлар

Семинар қатнашчилари бўлган ёшлардан олинган маълумотга кўра, Фейсбукдаги сохта аккаунтларни бирлаштириб туриш учун Телеграмда махсус гуруҳ тузилган.

Телеграмдаги "Содиқ ёш репортёрлар" гуруҳидан скриншот.
Телеграмдаги "Содиқ ёш репортёрлар" гуруҳидан скриншот.

“Бу гуруҳ ёпиқ гуруҳ бўлиб, унга фақат ўша семинар иштирокчилари аъзо эди. Гуруҳ “Содиқ ёш репортёрлар” деб номланди. Агар кимдир Фейсбукка бирор пост қўйса, ўша пост линкини Телеграмдаги ўша гуруҳимизга ташларди. Кейин гуруҳ аъзолари ўзининг профили ва яна очган 5тадан аккаунтлари орқали кириб, ўша постга лайк босиб, постни поделиться қилишарди. Пост тагига позитив фикрлар билдириб, иттифоқ мақталиши керак эди”, дейди иттифоқ аъзоси бўлган йигит.

Суҳбатдошларимизга кўра, Фейсбук лентасига фақат Ёшлар Иттифоқи билан боғлиқ постлар қўйилиши таъкидланган.

“Гулчеҳра опа “Фейсбук лентада фақат иттифоқ ҳақида постлар бўлсин. Иттифоқ қилган ишини поделиться қилинглар. Бир-бирингларнинг постларингни сразу лайк босинглар, поделиться қилинглар. Иттифоқ қилаётган ишини одамларга кўрсатиш керак. Кўпроқ друзья йиғинглар. Публикацияларингизни текшириб тураман” деди. Гулчеҳра опа ўзи гапириб, ўзи тушунтирди”, деди семинар қатнашчиси бўлган қиз.

Иттифоқни мақташ

Хоразмлик блогер Шаҳзод Собировга кўра, Фейсбукка қўйиладиган постлар мазмуни иттифоқ шаънини кўтаришга қаратилган бўлиши лозимлиги айтилган.

"Эй молодци, қойил, бизнинг юртимизда мана шунақанги ёшлар кўпайсин” деган ижобий, кўпроқ ижобий фикрларга эътибор қаратилди

- Телеграмда бир-бирига мақоласининг ссилкасини ташлайди. Бошқа профиллардан кириб, ўшаларга ижобий фикр қолдириш керак. Мисол учун, битта болага ногиронлик аравачаси топширган бўлса, "Эй, зўр бўлибди, бизнинг маҳаллада ҳам 5 тасига топширилди, биздаям бештаси” каби. Қанақадир тадбир бўлган бўлса, кимдир қанақадир лойиҳада биринчи ўринни олган бўлса, "Эй молодци, қойил, бизнинг юртимизда мана шунақанги ёшлар кўпайсин” деган ижобий, кўпроқ ижобий фикрларга эътибор қаратилди, ​дейди Шаҳзод Собиров.

Озодлик қўлга киритган суратда Ёшлар иттифоқи раҳбари Қаҳрамон Қуронбоевни қўллаш ҳақида пост тасвирланган. Семинар қатнашчилари бўлган ва Озодлик суҳбатлашган ёшларга кўра, бу суратда айнан Телеграмдаги “Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳига ташланган постлардан бири акс этган.

Сурат Қаҳрамон Қуронбоевнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган скриншот бўлиб, унинг тагига қуйидаги сўзлар битилган.

“Хурматли фаоллар, Кахрамон Куронбоев-Президент маслахатчисига отзыв колдиринг.

1. Юкоридаги линк оркали Кахрамон Куронбоевнинг фейсбукдаги сахифасига кириш.

2. Отзыв деган жойга босиб, 2-расм каби 5 юлдузни белгилашимиз ва #karshiev_out хештегини ёзишимиз керак” дейилган. (Пост матни таҳрирсиз қўйилди. таҳр)

Семинар иштирокчиси бўлган йигитга кўра, бу пост Қаҳрамон Қуронбоевнинг кортежлар билан боғлиқ мажоросидан кейин ёзилган бўлиб, ўша пайтда аксар гуруҳ аъзолари постда берилган топшириқни бажарган:

"Бироқ ўша кунлари Ёшлар иттифоқига нисбатан танқидий фикрлар кўпайиб, Қуронбоевнинг саҳифасига ёмон отзив қолдирганлар кўпайиб кетди. Кейин отзив жойини ўчириб қўйишди".

Танқидчиларга қарши троллар ҳужуми

“Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳи аъзоларига кўра, улар шунингдек, Ёшлар иттифоқига қарши танқидий фикр билдирганларга нисбатан троллар ҳужумини уюштириб келишган.

Ёш репортёрлар гуруҳи Бўстонлиқдаги семинар пайти.
Ёш репортёрлар гуруҳи Бўстонлиқдаги семинар пайти.

“Агар бирор жойда иттифоққа қарши бирор фикрни гуруҳ аъзоларидан кимдир кўриб қолса, ўша пост линкини Телеграмдаги гуруҳимизга ташларди. Кейин гуруҳ аъзолари кўпчилик бўлиб ўша коммент эгасига ҳужум қиларди. Гулчеҳра опа бизга “Агар агрессив фойдланувчилар фикр билдираётган бўлса, сизлар ҳам

Гулчеҳра опа бизга “Агар агрессив фойдланувчилар фикр билдираётган бўлса, сизлар ҳам шунга яраша жавоб беринглар” деб ўргатган

шунга яраша жавоб беринглар. Ёшлар Иттифоқи шаънини ҳимоя қилиш керак” деб ўргатган”, дейди “Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳи аъзоси бўлган йигит.

Шаҳзод Собиров бошидан бу каби сохта амалларга қарши бўлганини айтар экан, Гулчеҳра Ашурова томонидан танқидга қарши танқид билан жавоб бериш ўргатилганини эслайди:

- Агар вилоятдаги раислар, республикадаги раис, ўзининг Фейсбукдаги аккаунтига пост қўядиган бўлса, унга негатив фикр қолдирадиганлар бўлса, ўша аккаунтлар орқали уларга жавоб бериш. Мана шу бизнинг комментариймизга ёмон жавоб қолдирган инсонлар бўлса, уларга ўша бошқа профилдан кириб жавоб ёзиш. Фейсбукка кириб ёшлар иттифоқи нималарига аъзо бўлиб ва Ёшлар иттифоқини танқид қиладиган энг оммабоп Фейсбукдаги группаларга ҳам подписаться бўлиб қўйишимизни, маслаҳат бериб, уларни кузатиб боришимизни маслаҳат бериб... шунақа маслаҳатлар бўлди.

Иттифоқ шаънини кўтаришга уриниш

Суҳбатдошларимиздан бири -”Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳи аъзоси бўлган қизнинг айтишича, у Ёшлар иттифоқи томонидан ёш репортёрлар учун Бўстонлиқдаги медиаоромгоҳда ташкил қилинадиган семинарда ҳар йили қатнашиб келмоқда ва унинг айтишича, троллар гуруҳи тузиш борасида жорий йил илк бор гапирилган:

“Бу тадбир ёш журналистлар, фотографлар, умуман матбуот соҳасидаги фаол ёшлар учун ҳар йили бир марта ўтказилади. Камолот пайти ҳам бор эди. Таниқли журналистлар келиб дарс ўтишади. Олдинги йиллари умуман сохта аккаунт ҳақида гапирилмаган. Бу йил биринчи марта бу ҳақда гап бўлди. Чунки бу йил иттифоққа қарши гапирувчилар кўпайиб кетди. Уч кун семинар бўлса, шу уч кун фақат иттифоқ шаънини ҳимоя қилиш ва обрўсини кўтариш ҳақида семинар ўтилди. Семинарга ҳатто Қуронбоевнинг ўзи келиб, ёшлар билан танишиб кетди”.

Қаҳрамон Қуронбоев Бўстонлиқдаги семинар иштирокчилари билан. 2018 йил 28-30 май.
Қаҳрамон Қуронбоев Бўстонлиқдаги семинар иштирокчилари билан. 2018 йил 28-30 май.

Суҳбатдош қизнинг айтишича, улар зиммасига иттифоқ шаънини кўтариш вазифаси юклатилган:

“Иттифоқ тақдиридан хавотир жуда кучли эди. Семинар 28-30 май кунлари бўлди. Бир ойдан сўнг яъни 30 июнь куни Ёшлар иттифоқи қурултойи ўтказилиши керак эди. Бизга то қурултойгача иттифоқ рейтингини кўтариш бўйича топшириқлар берилди. Акс ҳолда қурултойда иттифоқ ёпилиб кетиши хавфи бор эди, худди Камолот сингари. Фейсбукдаги сохта аккаунтлар очиш ҳам айнан иттифоқни қутқариб қолиш йўлидаги бир ҳаракат эди. Фейсбукдаги фаоллик орқали иттифоқ рейтингини ошириш кўзланган эди. Бироқ кейинчалик Қуронбоев билан боғлиқ кортежлар ишкали чиқди ва иттифоқ рейтинги баттар тушиб кетди. Натижада қурултой ҳам қолдирилди”.

Ички низо

Суҳбатдошларимизнинг айтишича, Қаҳрамон Қуронбоев билан боғлиқ кортежлар можаросидан сўнг “Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳида ички низо юзага келган:

“Гуруҳдаги кўпчилик Қуронбоевнинг бу ишини қўлламади. Қуронбоевга против бўлганлар гуруҳда кўпайиб кетди. Ўзаро келишмовчилик келиб чиқди. Қуронбоевни қўлламаганлар гуруҳдан чиқиб кетди. Гуруҳда иштирокчилар сони жуда камайиб кетди. Кейин Гулчеҳра опа гуруҳни ёпиб қўйди”.

Телеграмдаги “Содиқ ёш репортёрлар” гуруҳи ёпилган куни қолдирилган охирги постнинг скриншотини Озодлик қўлга киритди.

Ундан маълум бўлишича, бошидан 150дан зиёд аъзоси бўлган гуруҳда ўша пайтда 85 иштирокчи қолган.

Гуруҳни ёпиш ҳақида хабар Гулчеҳра Ашурова томонидан қолдирилган бўлиб, “Гуруҳ ёпилаяпти. Энди ҳар бир жамоа ўзининг матбуот котиби билан ишлайди” дейилган.

Гулчеҳра Ашурова: Сохта аккаунт масаласи кўрилмаган

Гулчеҳра Ашурова
Гулчеҳра Ашурова

Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи марказий кенгашининг маънавият-маърифат ва диний бағрикенглик бўлими бош мутахасиси Гулчеҳра Ашурова Озодлик билан сухбатда ёш репортёрлардан троллар гуруҳи тузилганини инкор қилди.

- Уч кунлик мавзулар бўлган-да. Уч кунлик семинар жараёнида кунлик мавзулар бўлган бизларда. Жумладан, ижтимоий тармоқда аккаунт очиш масаласи ҳам мавзу сифатида кўрилган.

Йўқ, йўқ, ҳеч қанақа сохта аккаунт масаласи кўрилмаган​

Озодлик: Сохта аккаунтлар очиш масаласи ҳам кўрилганми?​

- Йўқ, йўқ, ҳеч қанақа сохта аккаунт масаласи кўрилмаган​, - деди Гулчеҳра Ашурова Озодлик билан суҳбатда.

Ёшлар иттифоқи матбуот котиби: У гуруҳга иттифоқнинг алоқаси йўқ

Ёшлар иттифоқи матбуот котиби Нодир Абдуқодиров Озодлик билан суҳбатда ​Гулчеҳра Ашурова бошчилигида (қандайдир) гуруҳ тузилган бўлиши мумкинлиги, бироқ бу гуруҳнинг Ёшлар иттифоқига алоқаси йўқлигини таъкидлади.

Бу гуруҳга ташкилотнинг алоқаси йўқ.

- Ташкилотнинг расмий позициясини айтаман. Бу гуруҳга ташкилотнинг алоқаси йўқ. Менинг бу гуруҳдан хабарим йўқ, деди Нодир Абдуқодиров 7 сентябрь куни Озодлик билан суҳбатда.

Шунингдек, Нодир Абдуқодиров суҳбат давомида Бўстонлиқдаги семинарда кўрилган мавзулар, Ёшлар иттифоқига ҳар йили ажратилаётган 200 миллиард сўм пулнинг қаерга сарфланаётганига ҳам тўхталди.

Қуйидаги линкда суҳбатни тинглашингиз мумкин:

Нодир Абдуқодиров билан суҳбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:25 0:00
Бевосита линк

Таҳлилчи Анвар Назир
Таҳлилчи Анвар Назир

Таҳлилчи: Ёшлар иттифоқи тролликни Россиядан ўрганган

Тошкентлик таҳлилчи Анвар Назир Фейсбук тармоғининг ўзбек сегментидаги фаоллардан бири. Анвар Назир тармоқда ёшлар томонидан троллик ҳаракатларини кўп учратганини айтар экан, буни Россиядан ўрнак олиш деб баҳолайди.

Ёшлар Иттифоқига 200 миллиард сўм ажратилар экан ҳар йили. Бу пул шу каби нарсаларга кетаяптими?

- Булар троллар фабрикасини кимдан ўрганади? Буларнинг таниган битта мамлакати бор ва улар ибратни кимдан олишни билишади. Бу Россия. Энг пасткашлик бу троллик менимча. Троллар фабрикасини яратиш, бу ўлаётган, кучсиз, ҳеч қанақа бошқа йўл билан рақобат қила олмайдиган мамлакатнинг усули. Россия буни севади. Булар шундай методларни Россиядан ўрганган. Ёшлар Иттифоқига 200 миллиард сўм ажратилар экан ҳар йили. Бу пул шу каби нарсаларга кетаяптими?, дейди Анвар Назир.

Таҳлилчи Анвар назир билан суҳбатни қуйида тўлиқ тинглашингиз мумкин:

Анвар Назир билан суҳбат
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:18 0:00
Бевосита линк

Троллинг нима?

Троллинг деганда одатда Интернет форумларига олдиндан белгиланган мақсад (кўпинча ëмон ният) билан қўшилиб¸ форумлардаги баҳслашувчиларни гиж-гижлаш¸ уларни ҳақорат қилиш¸ ғазабини қўзғаш орқали баҳсни бутунлай бошқа йўналишга буриб юбориш¸ махсус ишлов берилган мафкурани ëйиш назарда тутилади.

Бу ишни қилувчилар эса тролл деб аталади ва сўзнинг инглиз тилидаги маъноларидан бири дев¸ яъни баҳайбат ва қўрқинчли¸ лекин аҳмоқ махлуқни англатади.

Интернет троллари кўпинча аноним ҳолда¸ баъзан эса¸ доимий тахаллус билан турли Интернет форумларининг кунда-шундасига айланиб¸ муайян мафкуравий йўналишдаги хабар ва шарҳ тарқатадилар¸ кўпинча буни касбга айлантирадилар. Уларнинг мақсади виртуал ҳудуддаги конструктив мулоқотга йўл бермаслик¸ шундай мулоқот қилувчилар¸ хусусан¸ мустақил ва танқидий фикрловчиларни онлайн форумлардан турли йўллар билан сиқиб чиқаришдир.

Озодликнинг рус хизмати эълон қилган “Кремль троллари жазаваси” номли мақолада Украина-Россия можароси бошланиб¸ унга бевосита ëки билвосита ярим дунë тортилганидан бери Интернет форумларида янги босқичга чиққан троллинг манзараси тасвирланади.

Жорий йил апрелида Facebook Россиядаги троллар фабрикасига тегишли юзлаб аккаунтни ўчириб қўйди.

Ёши 1 га кирган иттифоқ

2017 йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистонда “Камолот” ёшлар ҳаракати тугатилиб, унинг ўрнида Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди.

“Камолот” ҳаракатининг президент Мирзиёев иштирокида ўтган сўнгги йиғилишида “Камолот”га нисбатан ёшларнинг ишончи сўниб бораётгани таъкидланди.

Ўша куни президент залга йиғилган ёшлар билан суҳбат қурар экан, ташкилот номини ва фаолиятини тубдан ўзгартириш вақти келганини таъкидлади.

“Камолот” Ўзбекистон ҳали СССР таркибида бўлган пайтда Комсомол – Коммунист ёшлар иттифоқи ўрнида ташкил топган эди.

Ушбу мақолани аудио форматда тингланг:

Озодлик суриштируви: Ёшлар Иттифоқи троллар гуруҳининг илк қадамлари
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:19:43 0:00
Бевосита линк

XS
SM
MD
LG