Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:55

Мардикорнинг қовурғасини синдирган милиция ходими устидан жиноят иши очилди


Бухоро вилоят прокуратураси мардикорни уриб, қовурғасини синдирган ички ишлар ходимига нисбатан жиноят иши очди. Бухоро туманида яшовчи 46 ёшли мардикор Рустам Мавлонов 26 октябр куни милиция ходими уни дўппослаганидан сўнг шифохонага тушиб қолгани ҳақида Озодликка хабар берган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг билдиришича, Мавлоновнинг Бухоро туман ИИБ ходими уни ҳеч бир сабабсиз уриб, тан жароҳати етказгани ҳақидаги Озодлик радиосига қилган мурожаати ўрганилган.

Мазкур холат бўйича Бухоро тумани жамоат тартибини сақлаш батальони сафдори Жамшид Рамазоновга нисбатан 29 октябр куни Ўзбекистон ЖКнинг 206-моддаси 1-қисми ("Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш") билан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратурасининг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда”, - дейилади Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати билдирувида.

Прокуратуранинг аниқлашича, 21 октябр куни милиция ходими Рамазонов йўлда Рустам Мавлонов ва унинг шериги Шавкат Тўйлиевни мастликда гумонсираб, машинасини тўхтатган.

"Тўйлиев катта йўл ёқасигача олиб кетишни сўраганидан ИИБ ходими “Мен сенга таксистманми?” деб мушти билан қорин қисмга уриб, уларни ҳар иккаласини машинага миндириб, автомашинада бўлган туман ИИБ ХПБ профилактика инспектори Ойбек Халлоқов билан “Работикалмок” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган милиция таянч пунктига олиб келган. ​Шундан сўнг милиция ходими уларни хизмат хонасига олиб кириб, калтаклаган. Уларнинг кўкрак ва қорин қисмига оёғи билан тепиб, уларга тан жароҳати етказган", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

​Вилоят суд тиббий экспертизасининг 27.10.2018 йилдаги 92-т-сонли хулосасига кўра, Рустам Мавлоновга “соғлиғининг бузилишига сабабчи бўлган енгил” тан жароҳати ва Шавкат Тўйлиевга 26.10.2018 йилдаги 152-сонли хулосасига кўра “енгил тан” жароҳати етказилган.

Мавлонов ва шериги Тўйлиев 26 октябр куни Озодликка мурожаат қилиб, милиция ходимлари уларни калтаклаб, тан жароҳати етказгани ҳақида шикоят қилган эди.

Мавлонов Бухоро шаҳар касалхонасига ётқизилгани ва қовурғаси сингани ҳақдаги ҳужжатларни ҳам Озодликка тақдим этган эди.

- Қорнимга тепди. Ётиб қолдим, ерга йиқилдим. “Сени ҳозир камерага қамайман”, деб ерда ётган ҳолимда яна тепди. Шеригимни ҳам дўппослади, - деган эди Рустам Мавлонов 26 октбяр куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ходимларининг инсон ҳақ-ҳуқуқларини поймол этиши ҳақидаги шикоятлар¸ мамлакат президенти виртуал қабулхонасига тушаëтган шикоятларнинг каттагина қисмини ташкил этади.

Ўтган йил ноябр ойида ўтказилган ҳукумат мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Ички ишлар органларини қаттиқ танқид қилган эди.

Президент портали иш бошлаганидан кўп ўтмай эълон қилинган расмий статистикага кўра¸ 2016 йил сентябри охиридан 1 декабрга қадар келган 217 минг шикоятнинг 12 фоизи айнан Ички ишлар вазирлиги фаолияти билан боғлиқ.

Милиция ҳодимлари билан фуқаролар ўртасидаги инцидентлар ҳақида Озодлик аввал ҳам хабар берган.

Шу йилнинг июн ойида Қашқадарёнинг Китоб туманида ҳомиладор аёл милиция зобити уни калтаклаши оқибатида у қорнидаги ҳомиласидан ажралиб қолиш хавфини бошидан кечирган ҳақида Озодликка шикоят қилган эди.

XS
SM
MD
LG