Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:02

Мирзиëевнинг ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш режаси Қашқадарëда мағлуб бўлди


Ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш дастури 2016 йилдаëқ ҳажв қилинган эди.
Ҳар бир оилани товуқбоқар қилиш дастури 2016 йилдаëқ ҳажв қилинган эди.

Қашқадарë вилояти ҳокимлиги расмийсининг Озодликка айтишича¸ оилавий паррандачилик давлат лойиҳасига 2017 йилда 3130 оила қўшилган бўлса¸ бу рақам жорий йил ноябрида 592 ни ташкил қилган. Товуқчиликдаги бу қарийб олти марталик камайишни изоҳлаган вилоят агросаноат мажмуаси ходими товуқлар касалга чалиниб ëппасига ўла бошлагани учун аҳоли орасида паррандачиликка қизиқиш камайганини билдирди.

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги мулозими «паррандачилик соҳасини яхши билмаслик оқибатида¸ нафақат Қашқадарë¸ балки аксар туманларда товуқлар қирилиб» кетганини айтди.

Ҳозирча Озодлик ихтиëрида мулозимнинг бу гапини тасдиқловчи расмий статистика рақамлари йўқ.

"Мирзиëев товуқлари"

Қашқадарëнинг Нишон туманида яшайдиган 56 яшар Суюн Раҳимқулов Озодлик билан 8 ноябрь суҳбатда ўткан йили Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи арафасида кредитга олгантовуқлари касалга чалиниб ўлиб қолганини айтиб берди:

- "Мирзиëев товуғи" дейди буни. Ўткан йили ҳоким бово чақириб¸ юзта жўжа олиб¸ кўпайтиринг¸ девди.. Президент бовомиз сизга орден ва мошин беради¸ деб ваъдаям берди. Шундан сўнг «Саноатқурилишбанк» кредит берди. Лекин олган товуқларим касалга чалиниб қирилиб битди. Зиммамда кредит қолди¸ дейди Раҳимқулов.

«Душманингга товуқ боқтир»

Суҳбатдошга кўра¸ шу кунларда Қашқадарëда «Душманингга товуқ боқтир» деган мақол урф бўлган:

- Бизда товуқ иқлимга мос эмас. Иқлимга мосини топиш қийин. Илгари бор эди.Сасарка маржон товуқ. Ўша чидамли эди. Бизнинг ерга ўрдак чидайди фақат. "Мирзиëев товуқлари"дан зарар кўрдик¸ деган суҳбатдош ўтган йил февралидан бери кўрган азобини ҳикоя қилди:

- Товуқларга қорин оғриғи тегди. Йил қурғоқчилик бўлди. Товуқ кўк ўт ейди. Қурғоқчиликда ўт-ўлан битмади. Ерда ҳашорат камайди. Товуққа витамин етмади. Яна нима дейин. Менинг очирган жўжамдан 14 донадан учтаси қолди¸ биттасининг кўзи кўр бўлди . Ëз иссиғига биз чидадик¸ аммо товуқ чидамади. 45 даража иссиқда қирилиб битди Мирзиëев бовонинг товуқлари¸ дейди нишонлик товуқбоқар.

Товуқлар ўз ажали билан ўлган

Қашқадарë вилоят ҳокимлиги агросаноат мажмуасининг исми айтилмаслигини сўраган мулозимига кўра¸ бир йил ичида 20 мингдан кўпроқ товуқнинг ўлими қайд қилинган:

-Ўткан йили президент ташрифи олдидан шошиб-пишиб одамларга товуқ тарқатилди. Гапнинг тўғриси¸ кредитга берилган товуқлар қарийб ўз умрини фермада ўтаб бўлганди. Товуқ дегани ўзи 7-8 йил яшайди. Ўлган 20 минг товуқдаан 19 минги ўз ажали билан ўлди¸ дейди мулозим.

Айни пайтда Озодлик суҳбатлашган мулозим товуқларнинг бир қисми касалга чалиниб ўлганини ҳам тасдиқлади:

- Ошқозон ва рахит касалидан ўлди аксар товуқлар. Дастлабки ойларда жўжалар музлаб аспергиллез, коксироздан қирилди. Ëзга бориб қорин оғриғи ва рахит боис ўлди. Лекин вилоят ҳокимлиги товуқ боқаëтган оилаларга ветврач юбориб талафот кўламини камайтирди¸ дейди мулозим.

Товуқбоқарлик ҳобби эмас

Озодлик суҳбатлашган Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги мулозими «паррандачилик соҳасини яхши билмаслик оқибатида нафақат Қашқадарë¸ балки республиканинг аксар туманларида товуқлар қирилиб» кетганлигини айтди.

Бу мулозим Суҳбатдош Озодлик мухбирига Қишлоқ хўжалик вазирлигида паррандачилликка маъсул бўлган раҳбарлардан бири Мақсуд Юсупов билан суҳбатлашишни маслаҳат берди.

Мақсуд Юсупов Озодлик мухбири билан суҳбатни «Товуқбоқарлик ҳобби эмас¸ балки юксак малака ва жиддий маъсулият талаб қиладиган соҳа" эканлигини таъкидлаш билан бошлади. Саволлар жиддийлашгани ортидан мулозим «мен бир рақамларни қараб кўрай»¸ дея суҳбатга нуқта қўйди.

Кредитни тўламаса мол-мулки мусодара қилинади

Нишон туманида яшайдиган 56 яшар Суюн Раҳимқулов товуқ учун расмийлаштирилган кредитни тўлай олмагани учун Мажбурий ижро бюроси билан низолашганини айтади:

- Товуқнинг кредит пулини тўланг¸деб келаяпти МИБ. Тўламасанг мол-мулкингни мусодара қиламан¸ деб қоғоз юбориб ëтибди ҳар куни¸ дейди ўз ихтиëрига қарши товуқбоқарлик қилган Раҳимқулов.

Қашқадарë вилоят ҳокимлиги мулозимига кўра¸ ўткан йилнинг февраль ойида президент Мирзиёевнинг Қашқадарёга ташрифи арафасида вилоят ҳокимлиги Қарши, Нишон ва Муборак туманларида уч юзта оилага жўжа тарқатиб¸ кредит расмийлаштирган.

Ҳар бир оилани товуқбоқар қилишга оид расмий кампанияга оид ҳужжатлардан бири.
Ҳар бир оилани товуқбоқар қилишга оид расмий кампанияга оид ҳужжатлардан бири.

Вилоятдаги Агробанк, Ҳамкорбанк, Халқ банки ҳамда Микрокредитбанклар ходимлари ўтган йили маҳалла қўмиталари фаолларидан билан бирга уйма-уй юриб, аҳолига ўз томорқасида товуқ боқиш учун кредит расмийлаштирган эди.

Нишонлик товуқбоқарнинг айтишича¸ ҳокимлик товуқ ва жўжаларни айнан Мирзиёевнинг Қашқадарёга келиши муносабати билан у тўхташи кутилган жойларда яшовчи оилаларга тарқатиб чиққан.

- Ҳоким ўтган йили бизга товуқ бериб¸ очко олди. Энди эса бунинг харажати бизнинг зиммамизга тушди¸ дейди товуқбоқар.

Қашқадарëда товуқ тарқатиш кампанияси президент Мирзиёевнинг 2017 йили Қорақалпоғистонда ўтказган селектор йиғилишида айтган гапларидан сўнг авжига чиққани айтилади.

Ўзбекистон вилоятларидаги ҳар бир хонадон 100 тадан товуқ боқишга шарт эканлиги ҳақида гапирган Шавкат Мирзиёев бу вазифани бажариш ҳақида ўйлашни ҳокимларга, аҳолини кредитлар билан таъминлашни эса¸ банкларга топширган эди.

Ўша мажлисда товуқчиликни ривожлантириш президент томонидан Ўзбекистон бош вазири муовини Рустам Азимов зиммасига юклатилган эди.

Бу вазифа юклатилганидан олти ой ўтиб Рустам Азимов лавозимидан озод этилди¸ "зўраки товуқбоқарлар" эса¸ ўз муаммоси билан ўзи юзма-юз қолди¸ дейди нишонлик товуқбоқар.

XS
SM
MD
LG