Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:17

Бухоро City қурилиши боис дўкони бузилган мармарсозлар $2 млн зарар кўрганини айтмоқда


Иллюстрация
Иллюстрация

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 8 июль кунги 565-сонли қарори асосида Бухоро шаҳрида “Bukhara City” замонавий ишбилармонлик ва турар-жойлар марказини қуриш учун ўнлаб турғунларнинг уйлари бузилмоқда.

83 гектар майдонни эгаллаган бу қурилиш ҳудудида жойлашган “Бухоро Люкс мармар”¸ “Ruhxur” ва яна олти ширкат бинолари ҳам бузилган. Уларнинг Фуқаролик ишлари бўйича Бухоро вилоят судига ëзган шикоят аризасида кўрилган зарар миқдори 2 миллион АҚШ доллари деб белгиланган.

Уй ва дўконлари бузилган 8 нафар бухоролик мармарсозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаëтган юристнинг Озодликка билдиришича¸ тадбиркорлар “ҳақсизлик қурбони” бўлган.

“Bukhara City” ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси вакилининг 16 октябрь куни Озодликка билдиришича, “Тадбиркорларни рози қилиш учун 17 октябрга учрашув белгиланган”.

Бухоро шахар ҳокимлигининг капитал қурилиш бўйича мутахассиси эса¸ “мармар ишлаб чиқариш цехлари ўз вақтида нотўғри приватизация қилинганини” иддао қилди.

Мармарсозлар дўконсиз қолди

“Бухоро Люкс Мармар” ширкати раҳбари¸ ўзини "қадим мармарсоз устазодалар сулоласи вакили" деб таърифлаган Фирдавс Низомовнинг Озодликка айтишича, шу кунда бузилаётган ўз дўконини бундан 8 йил олдин кимошди савдосида давлатдан қонуний тарзда сотиб олган:

- Қарорда Бухоро шаҳридаги самарасиз фойдаланилаётган бинолар бузилиб, ўрнига City қурилсин дейилган. “Бухоро Люкс Мармар” самарали ширкат. Ўнлаб кишиларни иш билан таъминлаб турувди. Мен бу ширкат биносини 2011 йили аукционда сотиб олдим. Бино 1994 йили хусусийлаштирилган. Бу орада бир неча эга алмашди. Ҳозир менга товон тўламаслик учун бино 25 йил олдин нотўғри расмийлаштирилган деган баҳонани ўйлаб топишди.

Мармарсозлар ҳуқуқларини ҳимоя қилаëтган юристнинг айтишича¸ Бухоро City қурилиши боис бузилаëтган бино 1994 йили 447к ПО сонли буйруқ асосида мавжуд қоидаларга риоя қилинган ҳолда хусусийлаштирилган.

Бинонинг тадбиркорларга тегишли экани ҳақидаги ҳужжатлар тўплами Озодликда мавжуд. Ҳужжатларда бугун бузилаëтган биноларнинг “Бухоро Люкс мармар”¸ “Ruhxur”¸ “Нур билдинг МЧЖ”¸ “Сигнал” МЧЖ ва тадбиркорлар Ойбек Ортиқов¸ Фахриддин Жўраевларга тегишли экани акс этган.

Тадбиркорлар шикояти
Тадбиркорлар шикояти

Озодлик суҳбатлашган ҳуқуқшунос бу ҳужжатлар тўпламини “Bukhara City” дирекцияси ва ҳокимлика тақдим қилгани ва тадбиркорлар “мисли кўрилмаган ҳуқуқий нигилизм қурбони" бўлганини айтди:

- Бу ҳужжатлар мавжуд бўлишига қарамасдан¸ илло компенсация тўламаслик учун узоқ ўтмишдан хато қидириб ўтиришибди. Мен тадбиркорларни етаклаб Адлия вазирлигига ҳам олиб бордим. Вазирлик ҳам тадбиркорларнинг мулкий ҳуқуқи ҳужжатларда аниқ акс этгани юзасидан хулоса берди. Аммо Бухоро шаҳар ҳокимлиги товон тўламоқчи эмас.

Ҳокимлик тараддудда

Озодлик айни мавзу юзасидан Бухоро шаҳар ҳокимининг капитал қурилиш бўйича мутахассиси билан гаплашди. Лавозими доирасида матбуотга гапириш ваколати йўқлиги боис исми айтилишини истамаган мулозимга кўра, бино 1994 йили хусусийлаштирилганида чалкашлик бўлган:

- Бу масаладаги чалкашлик адресати бинонинг бугунги эгалари эмас. 1994 йилдаги илк эгалари чалкаштирган. Бу юзадан биз фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига жорий йилнинг 11 сентябрь куни маълумот жўнатдик. Суд бизнинг маълумот асосида тадбиркорлар даъвосини рад қилди. Ҳозир бу масала тадбиркорлар шикояти асосида қайта кўриляпти. Суд ажрим чиқариб товон тўла деса, тўлаймиз.

“Bukhara City” масалани ижобий ҳал қилмоқчи

“Bukhara City” ҳудудида объектларни қуриш ва улардан фойдаланиш дирекцияси вакилининг 16 октябрь куни Озодликка билдиришича¸ “тадбиркорларнинг бузилган дўкон ва иморатлари учун товон ва ўрнига ўрин бино бериш масаласи деярли ижобий ҳал бўлган”:

- Келаси бир ҳафта ичида сиз айтган ширкат эгалари рози қилинади.

Озодлик субатлашган ҳуқуқшунос бу ваъдаларни эшитавериб чарчаганини айтаркан, деди:

- Ишонмайман уларнинг гапига. Бу юзадан Олий судга мурожат қилишдан бошқа чорамиз қолмади.

Ўзбекистон пойтахтидан то вилоят ва туман марказларига қадар замонавий ситилар қуриш режаси минглаб ўзбекистонликлар норозилигига сабаб бўлмоқда.

Human Right Watch ташкилоти¸ аҳолига адекват уй-жой ëки ўзи яшаб турган уй нархидаги компенсация бермасдан ¸ улар уй-жойларини сити қуриш иддаоси билан бузиш¸ Мирзиëев ҳокимиятга келганидан сўнг инсон ҳақларининг энг кенг кўламда бузилишига сабаб бўлаëтганини айтмоқда.

XS
SM
MD
LG