Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:31

Фермер: “Қораёзбобо” чорвачиликка ажратилган ерни тендерда ютиб олган


Фарғона вилоят, Ўзбекистон туманидаги “Қораёзбобо” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси Абдуваққос Ёқубов OzodMikrofonга мурожаат қилиб, уларнинг хўжалиги ҳақидаги Озодлик хабарига муносабат билдирди.

Фермер: “Қораёзбобо” чорвачиликка ажратилган ерни тендерда ютиб олган
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:03 0:00
Бевосита линк


Абдуваққос Ёқубовнинг айтишича, Озодликда ўтган йилнинг 26 декабрида чоп этилган “Ҳоким боғ қилиш учун ер берди, фермер 10000 кўчат эккандан кейин тортиб олди” мақоласида ҳоким захирага олган “Кўназар саховат боғи” ери гўёки уларга ноқонуний берилгани ҳақидаги иддаоларда асос йўқ:

“Бизнинг биринчи раддиямизни асосий мақоланинг энг охирида берганларинг учун, кўпчиликда бу мақола такроран эълон қилинди, деган тушунча пайдо бўлди ва кўпчилик бизнинг раддиямизни ўқимади. Биз гўёки бировнинг ерини тортиб олгандек одамларда таассурот қолдиряпмиз, шунинг учун яна сизларга мурожаат қилишга мжбур бўлдик”.

Иш бошқарувчига кўра, уларнинг фермер хўжалиги вилоятдаги энг самарали ва кўп одамни иш билан таъминлаган катта, салоҳиятли корхона ҳисобланади:

“Биз 800 бош молимиз бор фермер хўжалигимиз. Амалдаги қонунчилик бўйича бизга 291 гектар ер берилиши шарт. Аслида эса чорва учун 162 гектар ер берган. Биз Германиядан 100дан ортиқ наслли қорамол олиб келганмиз, ҳар бири 2500 доллардан. 110дан ортиқ одам иш билан таъминланган. Охирги беш йилда чорвачиликка ер ажратиб беринглар деб, ҳокимиятга мурожаат қилиб келганмиз. Ем-хашакда жуда қийналяпмиз. Шунинг учун, биз “Азизов МТП” ҳудудида тендерга қўйилган 929, 932, 933, 937-контурлар танловида тўртта фермердан бири сифатида қатнашдик ва базамиз кучли бўлгани учун ютиб чиқдик. Бу ерда “Маҳсули чашма”ни ёки бошқа фермер хўжалиги ери дейилмаган”.

Абдуваққос Ёқубовнинг айтишича, ҳокимлик комиссияси “Маҳсули чашма” фермер хўжалигига берилган ер мақсадсиз фойдалангани учун уни захирага олиш ҳақида қарор чиқарган:

“Буларга ер 2008 йилда берилган, лекин бир бош қорамоли ҳам бўлмаган, сут-гўшт сотмаган, яъни бошқа мақсадларда фойдаланилган. Бу ер 73 банитетли унумдор ер ҳисобланади. Бу биринчи асос. Иккинчидан эса, қарорни чиқараётганда сув таъминоти ёмонлиги асос қилиб чиқарилган. Ваҳоланки бу ерлар иккита сув тизимидан сув ичади ва биринчи қулоқ ҳисобланади. Бу қарор нотўғри чиқарилгани учун вилоят прокуратураси туман прокуратурасига 2019 йил 31 март куни тақдимнома киритган. Туман прокуратураси 26 октябрь куни протест киргизган. Ўшанга асосан туман ҳокимининг қарори бекор қилинган. “Маҳсули чашма” туман маъмурий судига туман ҳокимининг қарори устидан мурожаат қилган, суд икки ой давомида кўриб чиқиб рад қилган. Фарғона вилоят аппеляция суди ҳам туман ҳокими қарорини ўзгаришсиз қолдирган. Бори шу, биз ҳақимизда одамларда нотўғри таассурот пайдо бўлмаслиги учун OzodMikrofonга чиққан эдим”.

Озодлик 26 декабрь куни эълон қилган “Ҳоким боғ қилиш учун ер берди, фермер 10000 кўчат эккандан кейин тортиб олди” мақоласида “Кўназар саховатли боғлари”(аввалги номи “Маҳсули чашма”) иш бошқарувчиси Олимжон Усмонов туман ҳокими ерни ноқонуний олиб қўйилганидан ва “Қораёзбобо” фермер хўжалигига ноқонуний бериб юборганидан шикоят қилган эди.

- Ҳокимнинг бундай қарори чиқиши учун ёки фермер хўжалиги раҳбарининг аризаси бўлиши керак ёки суднинг қарори бўлиши керак. Ҳоким ниманидир асос қилиб кўрсатиши керак, бу нарса йўқ. Ҳоким ўз қарорида биз фермер хўжалигини бориб текширдик, деяпти. Аслида текшириш бўлгани йўқ. Бизнинг бу даъволаримизни суд инобатга олмади. Вилоят маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳам ҳоким қарорини ўз кучида қолдирди. Ҳоким ўз қарорини ўзи бекор қилар экан, нима учун боғдорчилик учун қарор чиқарди, нима учун бизни шунча сарф-харажатга куйдирмоқда?

Олимжон Усмонов вилоят Маъмурий суди апелляция инстанцияси ҳам ҳоким қарорини ўз кучида қолдиргандан сўнг, улар Олий Судга мурожаат қилишларини айтган эди.

---------------------------------------------------------------------------------------------

Муҳтарам муштарий, агар сизни ташвишга солаётган муаммолар бўлса, шунингдек, ўзингиз гувоҳи бўлаётган воқеа-ҳодисалар борасида Озодликка хабар бермоқчи бўлсангиз¸ бизга қўнғироқ қилинг.

SMS ва қўнғироқларингизни +420 724 971 539 ва +420 724 740 755 рақамига йўлланг.

OzodMikrofon сизга мунтазир!

OzodMikrofon рукни остида берилаëтган фикр ва мулоҳазалар оддий ўзбекистонликларнинг шахсий кўз қарашлари ифодаси ва бу мулоҳазалар учун Озодлик таҳририяти масъул эмас!

XS
SM
MD
LG