Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:39

Хорижда қолган ўзбеклар учун парвозлар "бутунлай" тўхтатилди. Хитойлик ишчилар чартер рейсларда олиб келинмоқда (ВИДЕО)


Коронавирус пандемияси боис Хитой ҳанузгача хорижийларнинг ўз ҳудудига киришига қўйилган тақиқни бекор қилгани йўқ.
Коронавирус пандемияси боис Хитой ҳанузгача хорижийларнинг ўз ҳудудига киришига қўйилган тақиқни бекор қилгани йўқ.

Маълум бўлишича, 5 апрель куни Хитойдан Ўзбекистонга 161 тиббий мутахассис тушган самолëт келди. Айни пайтда Пекиндан коронавирусга қарши курашга мутлақо алоқаси бўлмаган хитойликлар ҳам олиб келинмоқда.

Озодликка тақдим этилган ҳужжатдан 30 мартдан 6 апрелга қадар Пекиндан Тошкентга камида тўртта чартер рейс билан жами 268 нафар хитойлик муҳандис ва мутахассиснинг мамлакатга олиб келингани англашилади.

30 март¸ 1¸ 3 ва 5 апрель кунлари чартер рейсларда олиб келинган хитойликлар Ўзбекистонда Хитой сармояси билан ташкил этилган корхоналар мутахассисларидир.

Хитойдаги Ўзбекистон элчихонасининг Озодлик боғланган мулозими¸ шундай рейслар бўлаëтганини тасдиқлади. Лекин Тошкент ҳукумати чет элда қолаëтган ўз фуқароларини ватанга қайтаришни тўхтатиб қўйган айни кунларда¸ хитойликларнинг Ўзбекистонга олиб келинишини тақозо қилган фавқулодда сабаблар ҳақида изоҳ бермади.

Айни пайтда (6 апрель) Беларус ва Дубайда қолиб кетган 300 нафардан ошиқ ўзбекистонлик президентга ўзларини қайтариш учун чартер рейс ташкил этишни сўраб мурожаат қилди.​

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳукуматнинг халқаро парвозларни БУТУНЛАЙ ëпгани баҳонаси билан хорижда қолиб кетган ўз фуқароларини ватанга қайтариш тўхтатилганини таъкидлаб келмоқда.

Ёпилган осмон

28 март куни эълон қилинган коронавирус тарқалиши олдини олишга қаратилган кескин чеклов чоралари доирасида ҳукумат қарори билан 30 март соат 00:01 дан 20 апрель соат 00:01 га қадар Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилиб¸ авиақатновлар бутунлай тўхтатилган.

Ҳужжат

Ички фойдаланиш учун ҳозирланган ҳужжатни Озодликка Ўзбекистон томонидан ташкил этилган чартер рейслар жадвалига бевосита алоқадор тадбиркор шахси сир қолиш шарти билан тақдим этди.

Ўзбекистон Республикасига ташриф буюришини тасдиқлаган хорижий инвесторлар ва мутахассислар тўғрисида маълумот”¸ деб номланган бу ҳужжатда 30 мартдан 5 апрелга қадар Ўзбекистонга келган хитойликлар исм-шарифи¸ қайси ширкатда¸ қайси лавозимда ишлаши¸ Ўзбекистонга қайси куни жўнатилишига оид маълумотлар берилган.

Бу ҳужжатда 268 нафар Хитой фуқароси шахсига оид маълумотлар мавжудлиги боис¸ Озодлик уни тўлиқ эълон қилмаëтир.

Ҳужжат нусхасидан бир парча.
Ҳужжат нусхасидан бир парча.

Ҳужжатга кўра¸ 30 март куни Андижонда цемент заводи қураëтган “RASH-MILK” МЧЖнинг 78 муҳандис ва бошқарувчилари Ўзбекистонга махсус рейс билан олиб келинган.

Жорий йил январида расмий нашрлар хитойликлар Хўжаобод туманида йиллик қуввати 3 миллион тоннага тенг бўлган цемент ишлаб чиқариш заводи қуришни бошлагани¸ декабрь ойида биринчи қисми ишга тушиши режаланган заводга 110 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилганини ëзган эди.

31 мартда Ўзбекистонга олиб келинган бу завод мутахассислари корхонанинг Хўжаобод тумани, Тош ота МФЙда жойлашган ётоқхонаси биносида 14 кунлик карантинга олинган.

Ўзбекистон ҳукумати ўз аэропортлари ва ҳаво ҳудуди 31 март соат 00:01 дан 20 апрелга қадар ҳар қандай халқаро рейс учун БУТУНЛАЙ ëпилганини эълон қилганидан кейин 1¸ 3 ва 5 апрель кунлари Пекиндан Ўзбекистон аэропортларига яна камида учта чартер рейс амалга оширилган.

1 апрель кунги чартер рейсда Андижон вилоятидаги "ANDIJON GUANGTONG" МЧЖ ХК¸ SINO INTERNATIONAL INVEST қўшма корхонаси¸"Malika Laboratories" МЧЖ¸ Наманган вилоятидаги "China National Technical Import and Export Corporation (CNTIC)¸ Сирдарë вилоятидаги "PENG SHENG" қўшма МЧЖ¸ Тошкент вилоятидаги "TEX INNO" МЧЖ¸ Тошкент шаҳридаги "Dentafill Plyus" МЧЖ да ишловчи хитойлик инженерлар олиб келинган.

3 апрель куни эса¸ асосан¸ "МИРЗАЧУЛ ТЕКС" МЧЖ¸ "Shengze Eco Recovery"МЧЖ ХК каби Жиззахда фаолият юрғизаëтган корхоналарда ишловчи хитойлик мутахассислар олиб келиниб¸ Шароф Рашидов номидаги санаторийда 14 кунлик карантинга олинган.

5 апрель куни Пекиндан Тошкентга қўнган самолëтда эса¸ асосан “Юнусобод бизнес сити ҳудуди” даги "TSC-HK-Investment" МЧЖ ҚК¸ Фарғонадаги "Кварц" АЖ¸ «Фарғона Ясин Қурилиш Моллари» ҚК да ишловчи хитойлик мутахассислар Ўзбекистонга қайтган.

Ўзбекистон ҳукумати парвозлар бутунлай тўхтатилганини эълон қилган бир пайтда асосан Тошкентга қўнган хитойликлар¸ пойтахтнинг вилоятлар билан борди-келдиси ëпилганига қарамай¸ вилоятларда ажратилган карантин ҳудудига олиб кетилган.

Қатновлар тақиқланган¸ лекин БУТУНЛАЙ эмас!

Коронавирус тарқалиши олдини олиш мақсадида жаҳоннинг аксар ҳукуматлари яқин ва узоқ давлатлар билан ҳаво¸ қуруқлик ва сув орқали бўлаëтган борди-келдини тақиқлади. Ҳатто Европадаги чегараларсиз макон бўлган Шенген ҳудудига кирувчи давлатлар ҳам бир-бирлари билан ўтиб қайтишни тақиқлади¸ эски чегараларига ҳарбийларни қўйишга мажбур бўлди.

Бундай вазиятда аксар ҳукуматлар тақиқнинг биргина ҳолатда – чет ўлкаларда қолиб кетган ўз фуқароларини уйига қайтариш мақсадида мустасно қилинишига рухсат берган.

Тошкент ҳукуматининг 28 март куни эълон қилинган қарорида¸ 30 март тунидан 20 апрелга қадар “Ўзбекистондаги мавжуд барча аэропортлар ёпилади ва авиақатновлар бутунлай тўхтатилади”¸ дейилган. Бу муҳлат ичида қандайдир мустаснолар бўлиш-бўлмаслигига алоҳида изоҳ берилмаган.

Жорий вазиятга изоҳ берган Ўзбекистон авиациясига яқин мулозим¸ аэропортларнинг ëпилмагани¸ авиақатновларнинг эса¸ БУТУНЛАЙ тўхтатилмаганини билдирди.

Ҳукумат қарорида БУТУНЛАЙ деган сўз нотўғри қўлланилган. Дейлик¸ Ўзбекистон ҳаво ҳудудидан учиб ўтаëтган самолëт фавқулодда қўнишга рухсат сўраб қолгудек бўлса¸ халқаро стандартларга кўра¸ қабул қилишга мажбурмиз. Шунинг учун аэропортлар ҳеч қачон ëпилмайди. Чет давлатлар билан мунтазам рейслар тақиқланди¸ лекин чартер рейслар Транспорт вазирлигининг махсус рухсатномаси билан давом этяпти. Масалан¸ 5 апрель куни Хитойдан 161 тиббий мутахассис ўтирган самолëт келди. Сиз айтган тўртта рейсда медперсоналмас¸ Ўзбекистондаги Хитой корхоналарининг бошлиқ ва инженерлари келди”.

Бу мулозим иддаосича¸ 30 мартдан 5 апрелгача Пекиндан келган чартер рейсларни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси амалга оширган.

Чартер рейслар харажатини Хитой ширкатлари маҳаллий ҳокимликлар билан бирга тўлаган бўлиши керак. Ҳозир парвозлар тақиқланиб¸ ëнилғи нархи кескин тушиб кетгани сабаб¸ чартер рейслар арзон бўп қолди. Масалан¸ 187 ўринли Boeing 757 самолëтини Пекин-Тошкент-Пекин йўналишида чартер рейсга олишнинг базавий баҳоси 85 000 доллар¸ 156 ўриндиқли А-320neo 60 000 доллар бўлиб қолди. “Ҳаво йўллари” қанча нарх қўйганини аниқ айтолмайман¸ булар жорий вазиятдаги базавий нархлар”.

Ҳозирча чартер рейсларни айнан қайси авиаширкат амалга оширгани ҳақида Озодликда расмий маълумот йўқ. Ўзбекистон Транспорт вазирлиги¸ “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиаширкатига кун давомида қилинган қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Хитойлик мутахассисларга қўйилган чартер рейслар нега хорижда қолиб кетган ўзбекистонликларга қўйилмаëтир?

Озодликка Россия¸ Туркия¸ БАА¸ Буюк Британия¸ 5 апрель куни эса¸ Беларусдан мурожаат қилган ўзбекистонликлар ҳукуматга мурожаат қилиб¸ ўзларини ватанга қайтариш учун чартер рейслар ташкил этишни сўрашни давом эттирмоқда.

Беларус давлатидаги 220 нафардан кўп узбекистонликларнинг илтимосини Сизга етказяпман. Уларнинг аҳволи кундан кунга аянчли бўлиб бормоқда. Телеграмда юздан ортиқ Беларусдаги ватандошларимиз группа тузиб¸ ўзаро бир биримиз билан гаплашиб турибмиз. Группадаги ватандошларнинг кўпчилик қисмининг маблағи қолмаганлиги учун¸ группага кириб ўзи ҳақида маълумот бериш имкониятлари ҳам йўқолиб бормоқда. Натижада уларнинг тақдири нима бўлади¸ деган хавотирдамиз. Элчихона ҳар доимгидек жимжит. Ватандошларнинг аҳволи ва тақдири билан умуман қизиқаётганлари йўқ. Маблағимиз қолмаяпти¸ элчихона ёрдам фонди йўқ¸ деяпти. Эшикларини ëпиб олган¸ 20 апрелдан кейин хабар олинглар¸ дейди телефонда. Қолиб кетганларнинг талаби битта чартер рейс қўйилиши, чунки узоқ қолиб кетсак¸ еб-ичишгаям пулимиз қолмайди. Бепулга сўрамаяпмиз¸ чартер рейс қўйилса¸ уйимиздагилар амаллаб пулини тўлаб беради”.

Минскдаги Ўзбекистон элчихонаси дарвозасига осилган ëзув.
Минскдаги Ўзбекистон элчихонаси дарвозасига осилган ëзув.

Озодлик Беларусда қолгани айтилаëтган 200 дан ошиқ ўзбекистонлик учун махсус чартер рейс ташкил қилиш имкони бор-йўқлигини аниқлаштириш мақсадида¸ Минскдаги Ўзбекистон элчихонаси билан боғланди.

Айни масалада мурожаат қилиш учун берилган телефон рақамига жавоб қилган мулозим¸ бир соатдан сўнг батафсил маълумот берилишини билдирди. Аммо бир соатдан сўнг¸ умуман кун давомида қилинган бошқа қўнғироқларга ҳеч ким жавоб бермади.

Айни шундай сўров билан Бирлашган араб амирликларига бориб¸ қайта олмай қолган бир гуруҳ ўзбекистонликлар ҳам 6 апрель куни Озодликка мурожаат қилди.

Ўзбекистон президентига аталган видеомурожаатни юборганлар Озодликка 10 мартдан бери қайта олмаëтганлари¸ Ўзбекистон элчихонаси чартер рейслар билан Дубайда ишлаëтган тадбиркорлар ва ўз "таниш-билишлари"ни юборганини билдирди.

Дубайда қолган ўзбек сайëҳларининг президентга мурожаати
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:29 0:00

"Биз бу ерга турист бўлиб келганмиз. Ҳамма пулимизни меҳмонхона¸ еб-ичиш ва дори-дармонга қарийб харжлаб бўлдик. Бу ерда ҳам карантин¸ вазият оғир. Илтимос¸ бу ердаги 100 дан ошиқ ўзбекистонликни олиб кетишга битта чартер рейс қўйишсин"¸ деди видеомурожаатни юборганлардан бири.

Ўзбекистон ҳукуматига яқин мулозим¸ хитойлик мутахассислар учун чартер рейслар қўйилаëтган айни кунларда¸ ҳукумат хорижда оғир аҳволда қолган ўзбекистонликларни қайтаришни нега тўхтатиб қўйганига шундай изоҳ берди.

"Хитойлик мутахассислар сони юзларда. Кейин уларнинг харажатини компанияларнинг ўзи қоплайди. Хорижда қолган ўзбекистонликлар сони мингларда. Гап фақат уларни олиб келишдамас¸ келгандан кейин икки ҳафталик карантинда ушлаш керак. Жой¸ маблағ керак. Ўзи шундоқ ҳам ҳукумат мардлик қилиб¸ келганларнинг ҳаммасини ўз ҳисобидан карантинда боқяпти. Лекин бунинг ҳам чегараси бор. Давлат қайси бирига пул топсин. Шунга ҳозирча танаффус".

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўз расмий Телеграм канали орқали хорижда қолган ўзбекистонликларга¸ чартер рейсларнинг 20 апрелга қадар бутунлай тўхтатилганини эълон қилиб келмоқда.

Ўзбекистонга қайтиш мақсадида Россиянинг айрим аэропортларига келиб¸ бу ерда қолиб кетган ўзбекистонликлар¸ вазирлик баëнотига кўра¸ рейслар тиклангунга қадар¸ давлат ҳисобидан ҳостелларга жойлаштирилган.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG