Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:13

UZ/Коронавирус: беморлар камида 1495, 77 ёшли онахон вафот этди


Ўзбекистонда камида 1495 кишида вирус аниқланди, 171 бемор соғайди, 5 бемор вафот этди.  
Ўзбекистонда камида 1495 кишида вирус аниқланди, 171 бемор соғайди, 5 бемор вафот этди.  

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

19 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда камида 1495 кишида вирус аниқланди, 194 бемор соғайди, 5 бемор вафот этди.

- Зангиотада 2 минг кишилик карантин ҳудуди ишга тушади, Наманганда 1200 кишилик карантин ҳудуди қурилиши бошланди.

- Президент бирламчи ижтимоий тўловларни кечиктикрмаслик учун яна бир қарорни имзолади, Бош вазир ўринбосари автомобил учун махсус рухсатнома тартиби тез орада енгиллашишини ваъда қилди.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 2 миллион 190 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 147 мингдан зиёд, тузалганлар 554 минг атрофида.

- Президент Трамп АҚШда коронавирус авж палласи ортда қолди деб баёнот берди, Европа комиссияси карантинни бекор қилиш меъёрларини ҳозирлади, жаҳонда нефтга талаб 1995 йил даражасига тушиб кетди​.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги:
КОРОНАВИРУС ИНФЕКЦИЯСИГА ЧАЛИНГАН БЕМОР БРОНХОПНЕВМОНИЯ ВА ЎТКИР НАФАС ЕТИШМОВЧИЛИГИДАН ВАФОТ ЭТДИ

Шу йилнинг 7 апрель куни 77 ёшли (аёл) А. сурункали бронхит, ўнг ўпка ателектази, гипертония касаллиги билан карантинга олинган эди. Зудлик билан ўтказилган тезкор диагностик таҳлиллардан сўнг беморда “Covid-19” коронавирус инфекцияси ҳам аниқланган.

Шундан сўнг унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган.

Бироқ вирусолог, пульмонолог, терапевт, кардиолог, реаниматологларнинг стандартлар асосида ўтказган тезкор реанимацион муолажаларига қарамасдан бемор бугун ушбу инфекция асоратлари: икки томонлама бронхопневмониянинг оғир кечиши, ўткир нафас етишмовчилиги ва ўпка шишидан вафот этди.

ССВ: 83 ёшли чироқчилик онахон коронавирусдан тузалди

Коронавирусга чалинган, оғир аҳволдаги 83 ёшли чироқчилик онахон буткул соғайди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими раҳбари Фурқат Санаев 18 апрель куни маълум қилди.

Санаевга кўра, коронавирусдан тузалганлар орасида нукуслик 6 ёшли қизалоқ ҳам бор.

Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 18 апрелга қадар Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар, аввалги кунларга нисбатан энг юқори кўрсаткични қайд этган ҳолда, 38 нафарга етиб, жами 194 нафарни ташкил этмоқда.

Қоидабузарлар сони 76 мингдан ошди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати 18 апрель куни мамлакат бўйлаб карантин жорий қилинганидан буён масофаланиш қоидаларга амал қилмаганлик билан боғлиқ 76 мингдан ортиқ холат қайд этилганини маълум қилди.

Вазирликка кўра, энг кўп қоидабузарлик Тошкент шаҳрида қайд этилган. Пойтахтда қоидабузарлар сони 13 мингдан кўпни ташкил этмоқда.

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида 27 мартдан бошлаб вилоятлараро транспорт қатнови тўхтатилган, бироқ бу чеклов юк машиналарига нисбатан қўлланилмайди. Шунингдек, 30 мартдан шахсий автомобилда махсус рухсатномасиз ҳаракатланиш тақиқланган.

Операчи Ширин Маматова "нохуш сабаблар туфайли" касалхонага тушиб қолганини билдирди

Ўзбекистонлик таниқли опера хонандаси Ширин Маматова Тошкентдаги 5-сонли юқумли касалликлар шифохонасига тушиб қолгани ҳақда 18 апрель куни ўзининг Instagram саҳифасида маълум қилди.

Маматовага кўра, коронавирусга тест натижаси салбий чиққан. Хонанда "нохуш сабаблар туфайли" касалхонага тушиб қолганини ёзган, лекин айнан нима сабаб карантинга олинганини очиқламаган.

"Азиз обуначиларим, айрим нохуш сабаблар туфайли касалхонага тушиб қолдим. Ҳозирги кунда касалхона карантинга ёпилди. Бу ҳамма билан юз бериши мумкин. Аҳволим яхши, коронавирусга тест топширдим, натижа салбий чиқди. Бироқ яна 14 кунни касалхонада ўтказишим керак. Ўзингизни ва яқинларингизни асранг", — деб ёзади Ширин Маматова.

Қозоғистонда коронавирусни юқтирганлар 1591, Қирғизистонда 506 кишига етди

Қозоғистонда 18 апрель ҳолатига кўра, сўнгги бир кунда 45 кишида коронавирус аниқланди. Шундай қилиб, мамлакатда COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касаллангалар сони 1591 кишига етди, 17 киши вирусдан ўлди.

Қирғизистонда бир кунда коронавирус билан боғлиқ 17та ҳолат қайд этилди. Касалланиш бўйича янги ҳолатлар Норин вилоятида — 11 киши, Ўш вилоятида — 5 киши ва Ўш шаҳрида — 1 кишида аниқланган. 18 апрель ҳолатига кўра, бутун мамлакат бўйлаб COVID-19 коронавирус инфекцияси билан касалланганлар сони 506 кишига етган.

Японияда ўзбекистонлик талабада коронавирус аниқланди

Японияда ўзбекистонлик талабада коронавирус инфекцияси аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Япониядаги вакили Жўрабек Ҳасанов маълумот берди.​

Шундай қилиб хорижда коронавирусни юқтирган ўзбекистонликлар сони 23 нафарга етди.

Covid 19 касаллигига чалинган талаба йигит ҳақида ҳозирча аниқ маълумот йўқ.

Ассоциацияси вакили талабанинг умумий ҳолати яхши эканини билдирган.

ССВ коронавирус юқтириб олганлар сони 1450 нафарга етганини маълум қилди

Тошкентда сайёр бозорга рухсат берилди

Пойтахтда кийим-кечак ва хўжалик моллари сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилди.

Бу ҳақда маълум қилган Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, карантин даврида буюм бозорлари ишламаётганлиги сабабли, аҳолининг талаб ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, тадбиркорларга махсус тижорат автомашиналаридан фойдаланиш шарти билан мавсумий товарларнинг сайёр бозорини ташкил этишга рухсат берилган.

Сайёр бозорлар қачон, қайси манзилларда ишлаши бўйича аҳолини хабардор қилиш туман ҳокимликлари зиммасига юклатилди.

Бу тадбир келгусида фақат пойтахт билан чекланадими ёки вилоятларга ҳам сайёр бозорларга рухсат берилади - бу ҳозирча номаълум.

Ўзбекистонда 24 мартдан бошлаб, деҳқон бозорларидан ташқари барча бозорларнинг фаолияти тўхтатилди.

6 апрелдан бошлаб тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлганларнинг бозор ва супермаркетларга кириши тақиқланди.

Андижонда яна 6 бемор соғайди, жами тузалганлар 146 киши

Андижон вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволанаётган яна 6 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга ўтказилди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, беморларнинг 2 нафари эркак, 4 нафари аёл бўлиб, ҳаммаси андижонлик.

Олти бемор ҳам касалликни хориждан қайтган ватандошлар билан мулоқот пайти юқтиргани аниқланган.

Бугун Бухорода ҳам 11 бемор коронавирусдан соғайганлар рўйхатига қўшилди.

Бухородаги тузалган беморларнинг барчаси Туркиядан чартер рейс орқали олиб келиниб, карантинга жойлаштирилган ватандошлардир.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайган беморлар сони жами 146 нафарга етди.

Касаллик кейинги 2 кун ичида камайгани сабаби очиқланди

Ҳафта бошида бир неча кун давомида ҳар куни 100дан зиёд одамда коронавирус аниқланган бўлса, кейинги икки кунда янги беморлар сони камайгани кузатилди.

Бунинг сабаби карантин марказларида бир хонага жойланган беморлар сонининг камайтирилгани билан боғлиқ.

Буни Давлат Бош санитария врачи Баҳром Алматов маълум қилди:

"Карантин зонасида битта контейнерга фақат 4 нафар одам жойлаштириляпти ва ташқаридан ҳеч ким кириб-чиқмаслиги таъминланяпти. Шу боис карантин зонада ушбу касалликни юқтириб олиш ҳолати кескин камайди".

Карантин марказларида жами 100 мингдан зиёд одам бўлиб, улар асосан, хориждан қайтган ватандошлар.

Озодликка бўлган мурожаатларда карантин марказларида бир хонада кўплаб одам жойлангани ва изоляция талабларига жавоб берилмаётганидан шикоятлар бўлган:

РАСМАН: Тошкентда беморларнинг 20 нафари мактаб ўқувчилари

Тошкент шаҳрида шу пайтгача коронавирус инфекцияси аниқланган жами 355 нафар кишининг 20 нафари мактаб ўқувчиларидир.

Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда гапирган Давлат санитария-эпидемиология осойишталик агентлиги директори Баҳром Алматовга кўра, шунингдек, беморларнинг 7 нафари 1 ёшгача, 3 нафари эса 1 ёшдан 2 ёшгача бўлган болалардир.

Алматовнинг айтишича, Тошкентда коронавирусни энг кўп 20–29 ёшдагилар юқтирган бўлиб, улар сони 88 нафарни ташкил қилади.

Тошкентда аниқланган 355 беморнинг 106 нафари хориждан қайтган ватандошлар бўлиб, улардан яна 175 кишига касаллик юққан.

Алматовга кўра, юқиш омили аниқланмаган 48 та ҳолат мавжуд бўлиб, бу бўйича эпидемиологик текшириш ишлари давом эттирилмоқда.

Коронавирус юқтирганлар сони 1390га етди

17 апрель соат 16:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1390 нафарга етди.

Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилди.

Мамлакатда Covid-19 юқтирган беморлардан 140 нафари тузалди. Жумладан, бугун Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволанаётган 11 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга ўтказилди.

Ҳозирда бир беморнинг аҳволи ўта оғир экани айтилди.

Тўрт бемор: икки аёл ва икки эркак коронавирусдан вафот этди.

Ўзбекистонга яна хитойлик тиббий мутахассислар келяпти

17 апрель куни Пекин аэропортидан 15 нафар хитойлик шифокор ва тиббиёт мутахассисларидан иборат гуруҳ COVID- 19 га қарши курашда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга учди.

Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси Телеграмдаги расмий саҳифаси орқали хабар қилиб, аэропортда хитойликларни кузатиш маросимидан видео эълон қилди.

5 апрель куни ҳам Хитойдан Ўзбекистонга 161 нафар тиббий мутахассис келганди.

Хорижда қолган ўзбеклар учун парвозлар "бутунлай" тўхтатилган бир пайтда, ўша кунги рейсда Пекиндан коронавирусга қарши курашга мутлақо алоқаси бўлмаган хитойликлар ҳам олиб келинганини Озодлик аниқлаган эди.

Бугунги рейсда ҳам тиббий мутахасислардан ташқари хитойлик ишчилар бор-йўқлиги ҳақида Озодликда ҳозирча маълумот йўқ.

Велосипед ҳайдаш учун 3та ҳужжат кўрсатиш лозим

Карантин пайти ишга велосипедда қатнаётган шахс ёнида уч хил ҳужжат олиб юриши шарт.

Бу ҳақда АОКАдаги брифинг пайти маълум қилган Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсовга кўра, велосипедда кетаётган одам ИИБ ходимларига қуйидаги 3та ҳужжатни кўрсатиши лозим:

  • Паспорт
  • Иш жойидан берилган гувоҳнома ёки меҳнат дафтарчасидан кўчирма
  • Айнан карантин даврида ишга жалб этилгани ҳақида ташкилотдан бирор-бир ҳужжат

Бошқа мақсадларда велосипеддан ёки скутерлардан фойдаланиш карантин қоидасини бузиш ҳисобланади.

Карантинга қарамай одамлар ун учун тиқилинч навбатларга туряпти

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда озиқ-овқат захиралари етарли экани, карантин даврида нарх-наво оширилишига йўл қўйилмаслиги,

Аҳоли маҳаллий ун учун навбатга турибди. Жиззах. Пахтакор тумани
Аҳоли маҳаллий ун учун навбатга турибди. Жиззах. Пахтакор тумани

нархларни оширганлар маъмурий¸ ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги огоҳлантирувларига қарамай¸ аҳоли энг кўп истеъмол қиладиган уннинг нархи сўнгги бир ҳафта ичида кескин ошиб кетди.

Бир ҳафта аввал бир қопи 170-180 минг сўмдан сотилган Қозоғистон уни нархи 200 минг сўмдан тепага кўтарилди.

Нархи четдан келувчи қозоқ унидан деярли тенг яримга арзон бўлган маҳаллий ун эса дўконларда тақчиллашган.

Озодликка жўнатилган суратларда карантинга қарамай баъзи дўконлар олдида арзон маҳаллий унга навбатлар пайдо бўлгани акс этган.

Ушбу сурат Жиззах вилояти Пахтакор тумани ҳудудида олинган: Аҳоли маҳаллий ун учун навбатга турибди:

Расмийлар эса аҳолини "ун васвасасига учмай" карантин қоидаларига риоя қилишга чақирмоқда.

Бухорода яна 11 бемор коронавирусдан соғайди. Жами тузалганлар 140га етди

17 апрель куни Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасида коронавирусдан даволанаётган 11 нафар бемор тузалиб, реабилитацияга ўтказилди.

Бу ҳақда хабар қилган Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, тузалганларнинг барчаси Туркиядан чартер рейс орқали олиб келиниб, карантинга жойлаштирилган ватандошлардир.

Беморларнинг 3 нафари эркак, 8 нафари аёл бўлиб, улар 30- 56 ёш оралиғидаги ватандошлар.

Мамлакат бўйича коронавирус инфекциясидан тузалганлар сони жами 140га етди.

Бухорода 16 апрель куни тузалганлар
Бухорода 16 апрель куни тузалганлар

"Пенсия тарқатувчи 5000 киши ишсиз қоладими?"

Май ойидан бошлаб мамлакат бўйича барча ҳудудларда пенсия пуллари пластик карталарга ўтказилади.

Бу ҳақда пандемияга қарши кураш бўйича Республика махсус комиссияси ва Махсус штабнинг 14 апрель кунги қўшма қарорида таъкидланган.

Олдин пенсия пулларини босқичма-босқич пластик картага ўтказиш режаланганди.

Эндиликда пенсия нақд пулда тарқатилмайди
Эндиликда пенсия нақд пулда тарқатилмайди

Эндиликда май ойидан бошлаб пенсионер ва нафақахўрларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича пластик карталарга ўтказиш орқали амалга оширилади.

Барча ҳудудларга нақд пул олиш имконини берувчи банкоматлар ўрнатилиши ваъда қилиняпти.

Айни пайтда бу ўзгариш ортидан пенсия тарқатиш билан шуғулланиб келган минглаб ходимнинг ишсиз қолиш эҳтимоли юзага келди.

Халқ бўлимларидан бирида пенсия тарқатувчи сайёр кассир бўлиб ишлаб келган муштарий мамлакат бўйлаб 5 минг ҳамкасби ишсиз қолишидан хавотир билдирган.

"Ҳозир пенсиялар пластикка ўтказиляпти. Пенсия тарқатадиган сайёр касса ходимлари иши нима бўлади? Республика бўйича 5 мингга яқин ходим бор. Кимга шу саволни бериш керак? Ҳеч ким бу ҳақда гапирмаяпти. Халққа оў бўлса ҳам ёрдамимиз тегиб, вақтида пенсияларини олиб бориб бердик. Оғир бўлса ҳам карантинда ишладик. Қуролсиз жангга чиқдик. Агар пенсия пластикка ўтса, иўимиз нима бўлади? Аниқ бир гап айтишмади. Лекин иш ҳаммага керак, шуни орқасидан тирикчилик қилади, рўзғор тебратади”, дейди аноним қолиш истагини билдирган сайёр кассир.

Россияда коронавирусга чалинган ўзбекистонлик вафот этди

Новости агентлиги 17 апрелга ўтар кечаси Россиянинг Воронеж шаҳрида коронавирусга чалинган бир нафар ўзбекистонлик вафот этганини билдирди.

Хабарда айтилишича, 39 ёшли эркак Россияда яшаш ҳуқуқига эга бўлган. У Москвага ўз ишлари билан бориб, Воронежга яқиндагина қайтган.

У 10 кун давомида уйида касал бўлиб ётган ва 8 апрелгача врачларга мурожаат қилган эмас. У Воронеждаги 8-сонли касалхонада 2кун сунъий нафас олдириш аппаратига уланган ҳолда ётган

3-7 апрель кунлари Нью-Йоркда ҳам уч нафар ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этган эди.

Давлат солиқ қўмитаси ойликларни қисқартириш режасини қўллаб-қувватлади.

Солиқ қўмитаси касаба уюшмаси давлат органлари ходимларининг иш ҳақини камайтириш ташаббусини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси расмий сайтида касаба уюшмаси раиси Евгений Маҳмудов маълум қилди.

Унга кўра, 2 йил аввал солиқ қўмитаси ходимларининг маошлари 1,7 баробарга оширилган эди. Касаба уюшмаси раиси бу воқеани эслар экан, “давлатнинг қўллаб-қувватлашини” ҳмс қилган солиқ ходимлари коронавирус тарқалиши ортидан юзага келган вазиятда четда тура олмасликларини таъкидлаган.

“Мамлакатда бундай оғир дамларга дош беришда биз, давлат идоралари хизматчиларидан кўра кўпроқ ёрдамга муҳтож ҳамюртларимиз бор. Солиқ органлари ходимларининг аксарияти 4 миллион сўмдан зиёд бўлган иш ҳақи миқдорини камайтириш тўғрисидаги тавсияларга тушуниш ва ҳамжиҳатлик билан муносабат билдиришди”, дейилади касаба уюшмаси раиси билдирувида.

Евгений Маҳмудовга кўра,”давлат органлари ходимларининг иш ҳақини камайтириш бюджет харажатларини оптималлаштиришдаги адолатли ва муҳим қадам”дир.

Президент 15 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​”ги қарорни имзолаган эди.

Мазкур қарорда барча давлат ташкилотларига бюджет маблағларини тежаш, мақбуллаштириш ва давлат дастурларига сарфланадиган маблағларни қисқартириш кўрсатмаси берилган эди.

ССВ: Коронавирусга чалинганлар сони 1380 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича,Ўзбекистонда 17 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони расман 1380 нафарни ташкил қилди.

16 апрелда беморлар сони 1349 нафарга етгани хабар қилинган эди. Сўнгги бир сутка ичида коронавирусга чалинганлар сони 31 нафарга кўпайди.

Ўзбекистонда коронавируснинг илк ҳолати аниқланган 15 мартдан буён коронавирусга чалинган беморларнинг тўрт нафари вафот этди, 129 нафари соғайди.

ССВ: Тошкентда 70 яшар бемор тўлиқ соғайди

Пойтахтдаги Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлари илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган 1 нафар бемор буткул соғайди.

ССВ берган маълумотга кўра, соғайган бемор 70 ёшда бўлиб, Тошкент шаҳрида яшайди.

У мулоқот орқали коронавирус инфекциясини юқтириб олган беморлардан биридир.

ОЛИЙ ТАЪЛИМ: декан талабалардан онлайн дарсда қатнашиш ва контрактни тўлашни талаб қилмоқда

Озодликка Намангандаги олий ўқув юртларидан бирининг декани номидан ўқитувчилар жамоасига йўлланган хат келиб тушди.

Мазмунидан, ушбу хатда кунлик иш режаси, бажарилмай қолган ёки муаммо бўлаётган масалаларни ҳал қилиш бўйича кўрсатмалар берилган.

Англашилишича, олий ўқув юртларидаги дарсликлар, қўлланмалар ва маърузаларни электрон тизимга ўтказиш ва талабаларнинг масофавий дарслардаги давомати асосий муаммо бўлиб қолмоқда.

Муҳими, талабалардан контракнинг қолган қисмини зудлик билан тўлаш талаб қилинган.

Исми ва манзилини ошкор қилмаётганимиз декан мактуби қуйида таҳрирсиз берилмоқда:

"ҲУРМАТЛИ ФАН ЎҚИТУВЧИЛАРИ ресурсларни сайтга киритишни якунлаш лозим. Баъзи фанларни талабалар топа олмаяпти.

Кураторлар, координаторлар, гуруҳ рахбарлари ва сардорлар!

Бугун гуруҳдаги талабаларни 100% топиб гаплашиш лозим. Гуруҳ раҳбарлари маъсулиятни оширайлик.

Илтимос замдеканлар ҳар бир гуруҳ бўйича кечаги давоматни рақамларда менга беринглар. Гуруҳ раҳбарлари билан ўзим гаплашаман. Сизлар маълумот бермасанглар ўзим қайси бирини аниқлайман.

ТАЛАБАЛАР ДИҚҚАТИГА!

Шартнома пулларини тўлаш ҳам қолиб кетмаслиги лозим. Клик орқали тўлаш тизими йўлга қўйилди. Бу масалада Л.га (исм қисқартирилди - таҳр.) мурожаат қилинглар.

Айниқса орттирилган контракт тўловчилар ва битирувчи курслар ҳаракат қилмасанглар бўлмайди. Вақт оз қолмоқда... Контракт тўланмаса буйруққа киритилмайди.

Карантин дегани пул тўламаслик дегани эмас. Сизга ҳам бизга ҳам муаммо керак эмас. ХАММГА КУЧ ҚУВВАТ ТИЛАЙМАН".

ОЛИЙ ТАЪЛИМ: айрим олийгоҳларда талабалар онлайн давомат тушиб кетса, курсдан қолишидан огоҳлантирилмоқда

Озодликка мактуб йўллаган айрим талабалар кейинги кунларда Олий ўқув юрти раҳбарлари талабаларни Zoom каби видеодастурлар орқали дарсда қатнашишга зўрлай бошлагани ҳақида ёзмоқда.

Ана шундай мактублардан бирида талаба, агар дарсга қатнаша олмаса ва онлайн давомати тушиб кетса, курсдан қолдирилиши айтилгани ҳақида ёзди.

Мактубда айтилишича, нафақат чекка қишлоқлар, ҳатто туман марказларига яқин ҳудудларда ҳам Интернет тезлиги жуда паст. Бунинг устига карантин шароитида, видеодарсни кўтарадиган даражада Интернет алоқасига тўлайдиган маблағ ҳам талаба ва оиласи учун жиддий муаммо бўлмоқда.

Қуйида исми ва манзили ошкор қилинмаётган талаба мактуби таҳрирсиз келтирилмоқда:

"Ассалому алейкум Озодлик. Университет ўқитувчилари энди онлайн видеотаълимга мажбурлай бошлади. Бизни ўқигимиз келяпти, лекин шароит етарли эмас.

Биринчидан, МБ (мегабайт) жуда қиммат, иккинчидан булар онлайн топшириқ берсаям майли эди, энди Зоом орқали видеоконференция қилиб, лекция ва семинарлар ўтказмоқчи, давомат ҳам ўша асосида қилиниб, баҳо ҳам шунга қараб чиқарилармиш.

Энди эса ман сизга чекка қишлоқдаги шароитни айтай. Хотя унчалик чеккадаям эмасмиз, туман марказига яқин турамиз. 1-дан, ҳозирги даврда ҳаммада кризис пайти. Асосий бирламчи эҳтиёжлар олдинги саҳнага чиққан пайт. Шунақа пайтда катта катта ҳажмда мегабайтлар сотиб олишга кимдадир пули бор, кимдадир йўқ (ота-онам шунақа пайтда мани қорнимни боқсинми ёки мегабайтимга пул берсинми?)

Иккинчидан, пул орттириб МБ сотиб олдиз ҳам дейлик, Зоомда видеоконференция қилиб лексия ўтишга бало борми? Битта 40 минутлик сессияга кираману, МБ тугаб қоладику.

Учинчидан эса, интернетни сифати масаласи. Имо, Зоом каби видеоалоқага Ўзбекистонда кўпгина ҳудудларда интернет тезлиги ва сифати жавоб беролмайди. Қизиқишга кириб кўрдим, видео қотиб қотиб ишлаяпти, овози эса умуман чиқмаяпти. Мегабайтим кетгани қолди.

Ўқитувчилардан бири эса оғзини тўлдириб: "Қишлоқларда ҳам ҳозир 100 фоиз интернет бор", дейди. Борликка бор, лекин тезлиги 2-3 кб секунд. Умуман қотади.

Яна камига: "Бизда жуда мегабайтга пул тополмайдиган студентлар ўқимайди", деяпти (демак бу кишини фикрича студентлар 2 та ижтимоий табақага бўлинади: мегабайтга пули бор зодагонлар ва мегабайтга пули йўқ қашшоқлар).

Агар видеодарсга иштирок этмасаларинг сентябрга қолдириб юбораман санлани, деб ёзяпти... камига давомат ҳам қилмоқчи. Видеодарсда иштирок этолмаганлар эса 2 кун ичида отработка қилармиш. Отработка бу 55 фоизлик баҳо дегани. Яъни баллимизни катта қисмидан айриламиз.

Хуллас, Олий таълим вазирлигидан шу нарсага эътибор қилишларини сўраб қоламиз".

КАРАНТИН: тартибни бузувчилар орасида жанжал қилаётганлар кўпаймоқда

Мамлакат бўйлаб карантин эълон қилинганидан буён қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 68 239 та ҳолат аниқланди.

ИИВ ва унинг турли вилоятлардаги бўлимлари бераётган маълумотларга кўра, кейинги кунларда куч ишлатар тузилмалари ходимлари билан жанжалашаётган ватандошлар сони ортмоқда

Хусусан, ИИВ ходимлари билан низолашаётган шахсларнинг аксари махсус рухсатномасиз машина мингани айтилган шахслардир.

Жумладан, Наманган вилояти ИИБ шундай ҳолатлардан иккиси акс этган видеони Телеграм каналига жойлади.

Видеолавҳалардан бирида машина бошқариб бораётган аёл ИИВ ходимларига қаршилик кўрсатгани акс этган:

Яна бирида эса ИИВ ходимининг погонини юлиб олишга урингани айтилган эркак ҳайдовчи ва унинг хотини қилмиши учун кечирим сўрагани акс этган.

16 апрель, соат 9:00 ҳолатига берилган расмий маълумотга кўра, карантин қоидасини бузиш асосан, ниқобсиз юриш, маст ҳолда кўчада юриш, рухсатсиз ва бемақсад авто-мототранспорт воситалари, велосипед миниш бўлиб қолмоқда.

Жазо тариқасида эса жарима (223 минг сўмдан 6 миллион 600 минг сўмгача) солинмоқда, жанжалчи шахслар эса 7 суткадан 15 суткага қадар қамоққа олинмоқда.

ОЗОДМАКТУБ: банкдаги 5 минг сайёр кассир ишсиз қоладими?

Ўзбекистонда ҳукумат қарори билан пенсияни пластик карточкаларга тушириб беришга қарор қилинди.

Республика махсус комиссияси ҳамда коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабнинг 2020 йил 14 апрелдаги қарори билан шу йилнинг май ойидан пенсия ва нафақалар тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга ошириладиган бўлди.

Қарорни қабул қилишдан асосий мақсад – пенсионер ва нафақа олувчиларнинг соғлиғини сақлаш ва коронавирус инфекциясининг кенг тарқалишини олдини олиш эканини маълум қилинди.

Бу ўзгариш ортидан Озодликка келган мактубда банкларда сайёр кассир бўлиб ишлаётган ходимлар ишсиз қолишидан хавотир билдирилган.

Исми ва иш манзили ошкор қилинмаётган кассирлардан бирининг мактуби қуйида таҳрирсиз келтирилмоқда:

"Ассалому алейкум. Ман Халқ банкида пенсия бўлимида ишлайман. Ҳозир пенсиялар пластикка ўтказиляпти. Пенсия тарқатадиган сайёр касса ходимлари иши нима бўлади?

5 мингга яқин ходим бор республика бўйича. Мана шу хақида ҳеч ким гапирмаяпти. Кимга шу савол бериш керак?"

ХОРАЗМ: яна 1 бемор соғайди

Хоразм вилояти юқумли касалликлар шифохонасида ҳам бугун яна бир нафар коронавирус инфекциясига чалинган бемор бутунлай соғайди.

ССВ берган маълумотга кўра, тузалган шахс реабилитацияга кузатилган.

Жами соғайганлар сони 128 нафарга етди.

БУХОРО: яна 20 бемор соғайди, уларнинг барчаси хориждан қайтганлар

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухоро вилояти юқумли касалликлар шифохонасидан яна 20 нафар бемор буткул соғайганини маълум қилди.

Тузалганларнинг барчаси чартер рейс орқали Туркиядан Бухорога келган ва “Ситораи Моҳи Хоса” санаторийсида карантинга олинган эди.

Коронавирус инфекцияси тасдиқлангач, вилоят юқумли касалликлар шифохонасига жойлаштирилган.

Беморларнинг 10 нафари эркак, 10 нафари аёллардир.

Улардан 11 нафари Тошкент шаҳри, 4 нафари Самарқанд вилояти, 2 нафари Жиззах вилоятидан, Қашқадарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидан эса 1 нафарни ташкил этади.

Улар орасида энг ёши каттаси 57 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 21 ёшда.

Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидан шу пайтга қадар соғайганлар сони 28 нафарга етди.

Айни пайтда қадар мамлакат бўйлаб коронавирус инфекциясидан жами 127 нафар бемор тўлиқ соғайди.​

РОССИЯ: 152 ватандош махсус рейс билан қайтарилди

Россиянинг “Уральские авиалинии” авиаширкати 15 апрель куни Екатеринбургдан Тошкентга 152 ўзбекистонлик меҳнат муҳожирини олиб келган.

ТАСС агентлигининг авиаширкат матбуот хизмати маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, Тошкентга қайтарилганлар Екатеринбургдаги хорижликларни вақтинча сақлаш марказида тутиб турилганлардир.

Авиаширкат матбуот хизмати аввалдан режаланмаган мазкур рейс россиялик ва ўзбекистонлик расмийларнинг фаол иштирокида амалга оширилганини билдирган.

НАМАНГАН: 1200 ўринли карантин ҳудуди қурилмоқда

Наманган вилоятининг Поп туманида Шифохона ва карантин ҳудуди қурилиши бошланди.

Карантин ҳудуди учун 16 гектар ер ажратилган. Унда карантинган олинганлар учун 1200 ўрин, беморлар учун 150 ўринли махсус шифохона бўлади.​

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров 15 апрель кунги чиқишида мамлакатда карантин май ойида ҳам давом этиши эҳтимоли юқори эканини айтди.

Ҳозирда карантин ҳудудлари Тошкен шаҳри ва вилояти, шунингдек, яна бир неча вилоятларда қурилмоқда.

АҚШ: президент коронавирус авж палласи ортда қолди, деб баёнот берди

АҚШ президенти Дональд Трамп мамалакатда коронавируснинг авж палласи ортда қолганини, бунинг ортидан у пайшанба куни иқтисодий фаолиятни қайта тиклашнинг “янги асосий принципларини” эълон қилишини билдирди.

“Албатта, биз огоҳ туришимиз керак, лекин айни пайтда бизнинг қатъий стратегиямиз ўз самарасини бераётганини кўриб турибмиз”, деди Трамп Оқ уйда ўтган брифингда.

АҚШ президенти, шунингдек, Вашингтон вирус тарқалишига “Ухандаги лабораториялардан бири сабаб бўлмаганми?” деган саволни ўрганаётганини ҳам айтди.

Коронавирус айнан Хитойнинг Ухань шаҳридан тарқала бошлаган эди.​

Бош санитар инспектор: 14 беморнинг аҳволи оғир

Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабековнинг 16 апрель куни маълум қилишича, Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 124 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланмоқда:

Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 100 беморнинг 26 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи нисбатан оғир ва яна 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 101 бемордан 2 нафарининг аҳволи оғир.

Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида даволанаётган 124 бемордан 6 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти, - деб маълумот берди Н. Отабеков.

АҚШ: Ўзбекистонга 400 минг долларлик ёрдам етказди

Қўшма Штатлар ўзининг USAID ташкилоти орқали Ўзбекистонга умумий қиймати қарийб 400 минг доллар бўлган 131 320 килограмм озиқ-овқат ёрдами етказиб берди.

Бу ҳақда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати маълум қилди.

Мазкур ёрдам 35 мингдан зиёд муҳтож ўзбекистонликни қамраб олиши ҳамда 144 та соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасалари ўртасида тақсимланиши айтилмоқда.

Бу рўйхатга карантин хизмати кўрсатаётган муассасалар, силга чалинган беморлари бўлган касалхоналар, болалар уйлари ва психиатрия хастахоналари киритилган.

СУРХОНДАРЁ: Россиядан қайтганларнинг 20 нафарида вирус аниқланди

Сурхондарё вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Бобохон Шукуровнинг ЎзА агентлигига билдиришича, бир кунда аниқланган беморларнинг аксари бошқа вилоятлардандир.

- Вилоятда 23 кишининг коронавирусга чалингани маълум бўлди. Уларнинг 20 нафари 28 март куни Москва шаҳридан чартер рейс билан Термиз халқаро аэропортига келиб, Ангор туманида карантин муддатини ўтаётган фуқаролардан, уч нафари мамлакатлараро қатнайдиган юк машиналари ҳайдовчиларидир, - деди расмий.

Касаллик аниқланганлар Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилояти, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах, Бухоро, Андижон, Қашқадарё, Фарғона, Наманган вилоятлари фуқароларидир.

Шунингдек, беш нафар сурхондарёлик ҳам бор.

Айни пайтда барча беморлар Термиз шаҳридаги вилоят юқумли касалликлар шифохонасида тегишли муолажаларни олмоқда.

Учтасининг аҳволи ўртача оғирликда. Қолганлари нисбатан қониқарли.

ССВ: беморлар сони 1349 нафар

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, 16 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 1349 нафарни ташкил қилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков «Ўзбекистон 24» телеканалида қилган чиқишида беморларнинг 325 нафари Тошкент шаҳрида даволанаётганини айтди.

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг 107 нафари соғайди, тўрт нафари вафот этди.

UzReport-TV: Зангиотада қурилаётган вирусология шифохонасининг бир қисми ишга туширилади

Тошкент вилояти Зангиота туманида 10 минг ўринли 2 та вирусология шифохонаси қурилмоқда.

Яқин кунларда ушбу шифо масканларидаги 2 мингта ўрин ишга туширилади.

Бу шифохона ҳақида 3 апрель куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида президент Шавкат Мирзиёев маълум қилганди.

ЕВРОПА: карантинни бекор қилиш меъёрлари ҳозирланди

Европа комиссияси коронавирус пандемиясига қарши жорий этилган карантин чораларини бекор қилишнинг учта меъёрини ишлаб чиқди.

Лекин бу меъёр қачондан бошлаб амалга киритилиши ҳозирча номаълум.

Ҳужжатга асосан, карантиннинг бекор қилинишига доир биринчи талаб COVID-19 тарқалишининг секинлаши, вирус юқтирганлар сонининг озайиши билан боғлиқ бўлади.

Иккинчи меъёр эса маҳаллий соғлиқни сақлаш тизимининг мукаммал бўлишидир. Бу меъёрга асосан касалхоналар беморларни қабул қилиш учун етарли ўринларга, зарур дори-дармонлар ва тиббий ускуналарга эга бўлиши лозим.

Учинчи меъёр – вирусни юқтирганларни ва вирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлганларни мониторинг қилиш.

ҲУЖЖАТ: президент биринчи навбатдаги тадбирларни вақтида молиялаштириш ҳақида қарор имзолади

Президент Мирзиёев "Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорни имзолади.​

15 апрель куни имзоланган қарор карантин даврида иқтисодий фаолликнинг сезиларли пасайиши ортидан давлат бюджети барқарорлигига туғилган хавфни олдини олиш чоралари кўзда тутилган.

Жумладан:

муҳим ижтимоий харажатларнинг тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш;

долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатларни кейинги даврларга кўчириш;

бюджет маблағларини қисқартиришда лойиҳаларнинг устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлигини инобатга олиш;

давлат ички ва ташқи мажбуриятлари, шу жумладан, фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар асосида етказиб берилган товарлар, бажарилган ишлар ва кўрсатилган хизматлар учун тўловларни амалга ошириш ҳамда давлат-хусусий шериклик лойиҳалари бўйича мажбуриятларнинг тўлиқ бажарилишини таъминлаш;

бюджет маблағларини тақсимловчиларнинг харажатларни мустақил камайтириш бўйича масъулиятини ошириш.

Шунингдек, қарорда бюджет тушумлари ва республика бюджетидан ажратилаётган трансфертларни, акциз солиғи бўйича ўтказмаларни, бюджет ссудаларини ҳамда бошқа маблағларни биринчи навбатда:

коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши курашиш бўйича тадбирларга, жумладан, дори воситалари ва тиббиёт буюмлари сотиб олиш, тиббиёт муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ва уларни жиҳозлашга;

иш ҳақи, пенсиялар, стипендия ва нафақаларни ўз вақтида тўлашга;

озиқ-овқат маҳсулотларини сотиб олиш, коммунал тўловлар ва бошқа кечиктириб бўлмайдиган харажатларни қоплашга;

Инқирозга қарши курашиш республика комиссиясининг қарорига асосан бошқа тадбирлар ва харажатларга йўналтириш кўзда тутилган.

Ҳужжатда тегишли давлат идораларидан 3 кун муддатда коронавирусга қарши курашиш тадбирларида иштирок этаётган тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари ҳамда жараёнга жалб қилинаётган бошқа ташкилот ходимларига 2020 йилнинг 16 мартидан бошлаб давлат бюджетидан қўшимча устамалар тўлаш бўйича таклиф киритиш вазифаси юкланган.

5 кун муддатда тиббиёт, санитария ва эпидемиология хизмати муассасалари учун қўшимча равишда бинолар қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш бўйича чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаг вазифаси юкланган.

Қарорда яна устав капиталида 50 фоиз ва ундан ортиқ давлат улуши мавжуд бўлган корхоналар ва ташкилотларда 2019 йил учун олинган ва 2020 йилда олинадиган соф фойда бўйича давлат улушига ҳисобланган дивидендларни тўлиғича Давлат бюджетига ўтказиш юзасидан тегишли чораларни кўриш қайд этилган.

Қарор матни билан тўлиқ қуйида танишишингиз мумкин:

С. Мирзиёева: Минг аёлга 1000та Uzсard картасини тайёрлатдик

Президентнинг тўнғич қизи Саида Мирзиёева ўзи бош бўлган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш фонди номидан мамлакатдаги кам таъминланган 1000 аёлга 1000 та Uzсard картаси тайёрланганини маълум қилди.

"Биз карантин туфайли моддий аҳволи оғирлашган аёллар учун мингта Uzсard картасини тайёрлатдик ва Жамоат фонди ҳисобидан бир миллиард сўм ўтказдик. Бутун республика бўйлаб ижтимоий ҳимояга муҳтож, фарзандларини ёлғиз тарбия қилаётган, ишсиз қолган минг нафар аёл танлаб олинди".

"Мингта карта дегани – денгиздан томчи холос, аммо биз ушбу ташаббус бошқаларга ҳам ибрат бўлади, деган умиддамиз. Картадаги миллион сўм маълум муддат рўзғор тебратишга имкон беради", деб ёзди Мирзиёева ўзининг Телеграм каналида.

Ушбу каналга юкланган видеороликда эса кам таъминланган аёл ва унга фонд йўллаган карта, бунга Саида Мирзиёева номидан йўлланган мактуб илова қилинган.

Рамазон-2020: карантинда рўза қандай тутилади, ифтор ва Қуръон хатми қандай қилинади?

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков брифинг ўтказди ва мамлакат диндорларидан йиғилган саволларга жавоб берди.

Рамазон ойининг тахминан 23 апрелда бошланиши кутилмоқда.

Идора мулозимига кўра, бу йилги Рамазонда ушбу ой билан боғлиқ барча ибодатлар - ифтор қилиш, таровеҳ намозини ўқиш ва Қуръон хатм қилиш уйдан бажарилади.

Шунингдек, бу йилги Қуръон хатмини онлайн тарзда ўтказишга ҳозирлик кўрилаётгани айтилди.

Бундан ташқари, бу йил закотни аввалдан бериш ҳақидаги фатво ҳақида тушган саволларга ҳам қўшимча изоҳ берилди.

Брифингни қуйида томоша қилишингиз мумкин:

ССВ: яна 8 бемор соғайди

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна 8 нафари буткул соғайди.

Улар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди.

Соғайган беморларнинг 4 нафари эркак, 4 нафари аёл.

Улардан 6 нафари Тошкент шаҳридан, 2 нафари Тошкент вилоятидан.

Беморлардан икки нафари Туркиядан, яна бир нафари эса Россиядан Тошкентга чартер рейси билан келишган.

Қолган беш нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, инфекция юқтириб олган.

Тузалганларнинг энг ёши каттаси 51, энг кичиги эса 10 ёшда.

Шунинг билан Ўзбекистонда коронавирус инфекциясидан соғайганлар сони — 107 нафарга етди.

15 апрелда соғайганлар кузатилмоқда, 2020, Тошкент
15 апрелда соғайганлар кузатилмоқда, 2020, Тошкент

МБ раҳбари: Валюта олди-сотдисида ҳеч қандай чекловлар бўлмайди

Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов валюталарни сотиб олиш ва сотишда ҳеч қандай чекловлар жорий этилмаслиги, курс бозор омиллари асосида шакллантирилишини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, алмашув курси "ўзининг табиий нуқтасига яқинлашмоқда". Валютага бўлган талаб кескин ўсган.

"Ўзбекистонда валюталарни сотиш ва сотиб олишга чекловлар жорий этилмайди", дея хабар қилди Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов чоршанба куни бўлиб ўтган брифингда.

Брифинг асосий ставкани қайта кўриб чиқиш бўйича МБ бошқарувининг навбатдан ташқари йиғилиши якунларига бағишланди.

Марказий банк раҳбарининг сўзларига кўра, март ойида пул ўтказмаларининг 23 фоизга (февралга нисбатан) пасайиши ҳисобига аҳоли ва тадбиркорларнинг девальвацион тахминлари юқори даражада қолмоқда. Апрель ойининг биринчи 10 кунида, март ойининг шу даврига нисбатан, пул ўтказмалари ҳажми уч мартага камайди.

ССВ: беморлар сони 1275 нафарга етди

15 апрель соат 16:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони камида 1275 нафарни ташкил қилмоқда.

Бош санитар инспектор: 1 бемор аҳволи ўта оғир

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков:

- Мамлакатимизда айни дақиқаларга келиб, коронавирус касаллиги билан рўйхатга олинган беморлар сони 1214 нафарни ташкил этди.

Вирусология илмий-текшириш институтидан олинган маълумотга кўра, ушбу институт клиникасида даволанаётган 102 беморнинг 27 нафарида пневмония клиник белгилари кузатиляпти, 2 нафарининг аҳволи оғир, 1 нафарининг аҳволи нисбатан оғир ва яна 1 нафарининг аҳволи ўта оғир.

Эпидемиология-микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институтида даволанаётган 100 бемордан 3 нафарининг аҳволи оғир, деб баҳоланяпти.

ПРОКУРАТУРА: шифокорлар бир беморни 4 марта қайтарган

Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев Тошкентда бир бемор вирус аниқлангунча, 4 марта шифокорларга мурожаат қилганини маълум қилди.

15 апрель кунги бринифингда маълум қилинишича, Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида яшовчи фуқаро 19 март кунидан 4 апрел кунига қадар, яъни 16 кун мобайнида тана ҳарорати кўтарилиб, ҳолсизлик сезаётган.

Бу вақт ичида 4 марта Юнусубод туманидаги 51-сонли оилавий поликлиника ва 1 марта 7-сонли шаҳар клиник шифохонасига мурожаат қилган.

Шифокорлар унга тиббий ёрдам ва муолажалар кўрсатиб, уйига кетишига рухсат беришган.

Ушбу фуқаронинг соғлиғи оғирлашиб, бешинчи марта шифохонага мурожаат қилганидан сўнггина ундан вирусологик текширув учун намуна олинган.

Текширув натижасида унда коронавирус аниқланиб, у ва у билан мулоқотда бўлган 30 нафар фуқаро карантинга олинган.

Ҳозирда у билан мулоқатда бўлган ҳамшира ва бошқаларда ҳам коронавирус аниқланмоқда.

Таҳллиларга кўра, ҳозирда касаллик юқтириши мумкин бўлган хавфли гуруҳ:

- бозорларда ва катта савдо дўконларида савдо қилаётган сотувчилар;

- ички ишлар постларида туну-кун кўплаб фуқаролар билан мулоқатда бўлиб ишлаётган ходимлар;

- тиббий хизмат ходимлари,

- умумий тартибда карантинда сақланиб турган фуқаролар бўлиб қолмоқда.

"Унутмайлик, ҳозирги кунда ҳеч кимга касаллик юқмай қолишига ишонч йўқ. Ягона йўл — шифокорлар тавсиясига амал қилиш, уйда қолиш ва мулоқатларни кескин чеклашдир", деди прокуратура вакили.

ДЕПУТАТ: бозорда томорқачининг ўзи бориб сотишига кафолатланган жойнинг ўзи йўқ

Ўзбекистон Либерал-демократик партияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев мамлакатда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш учун томорақачиликни кучайтириш ҳақида фикр билдирди.

Депутат Телеграм тармоғидаги каналида ўзи ҳам томорқа билан шуғулланишини айтаркан, мамлакатдаги томорқачиларнинг ҳуқуқлари ва уларга берилмаган кафолатлар ҳақида ёзди:

"Баҳор ойларида томорқадан фойдалан, дея бонг урган масъуллар томорқачи махсулотини етиштириб, унга ҳаридор топа олмай чириб сарсон юрган вақтида негадир “йўқ” бўлиб қолишади, ҳолинг қалай деб сўрамайди. Бозорда эса томорқачининг ўзи бориб сотишига кафолатланган жойнинг ўзи йўқ, бўлгани ҳам номига", деб ёзди депутат жумладан.

Молия вазирлиги: Инқирозга қарши курашиш жамғармаси 157 млн. доллар тушди

Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобига келиб тушган маблағ ва унинг сарфланишига оид ҳисоботни эълон қилди.

Вазирликка кўра, 19 март куни президент фармони билан ташкил этилган жамғармага жами 1,596 трлн. сўм (157,7 млн. доллар) тушган.

Бунинг 998,3 млрд. сўми халқаро ташкилот ва ҳамкор давлатлардан, 598,5 млрд. сўми давлат бюджетидан ажратилган.

Бу сумманинг 756 млрд. сўми (74,7 млн доллар) сарфланган.

Маблағнинг катта қисми шифохона ва карантин учун махсус муассасаларни қуришга йўналтирилгани айтилди.

Шунингдек, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигигига 226 млрд. сўм ўтказилган.

Ижтимоий соҳа учун эса 117 млрд. сўм йўналтирилган.

АНДИЖОН: 204 киши карантиндан чиқди, вирус аниқланмади

Андижон вилояти Шаҳрихон туманида карантин муддатини ўтаган 204 нафар фуқаро касаллик аниқланмаганлиги учун ўз уйига қайтди.

ЎзА агентлигининг хабар қилишича, булар шу йил 30 март куни Қирғизистон Республикасидан Андижон вилоятига ўтган фуқаролардир.

Улар Андижон, Фарғона, Наманган ва Тошкент вилоятларида яшайди.

Шаҳрихон туманидаги 15-махсус мактаб-интернат ётоқхонасида 14 кун давомида тиббий кузатувда бўлган.

Шаҳрихон тумани ҳокимлиги ва мутасадди ташкилотлар уларни яшаш жойига етказиб қўйган.

ПРОКУРАТУРА: беморлар билан мулоқотда бўлган 9538 киши аниқланди

Бош прокуратура Ички ишлар органларида қонунчилик ижроси устидан назорат бошқармаси бошлиғи Содиқжон Бердиалиев 15 апрель кунги брифингда беморлар ҳақида қўшимча маълумот берди.

Бердиалиевга кўра, шу кунга қадар беморлар билан мулоқотда бўлган 9 минг 538 нафар шахс ҳақида маълумот тўпланган.

Мулоқотда бўлган шахсларнинг:

2204 нафари — беморнинг яқин қариндошлари,

3877 нафари — бирга ишловчи ва доимий мулоқотда бўлган шахслар,

3453 нафари эса — бир маротаба мулоқотга киришган шахслардир.

Шунингдек, бу брифингда маълум қилишича, карантин қоидаларига амал қилмаган 42 минг 782 та ҳуқуқбузар аниқланган. Буларнинг 39 минг 291 нафари эркак, атиги 525 нафари аёлдир.

Ж. Қўчқоров: карантин май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли юқори

Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров карантин майда ҳам давом этиши мумкинлигини айтди.

Жамшид Қўчқоровнинг чоршанба кунги брифингда маълум қилишича, коронавирус пандемияси оқибатида бошланаётган инқироз 2008 йилги жаҳон молиявий инқирози ва 1997 йилги Осиё инқирозидан тубдан фарқ қилади.

"Бу фақатгина талаб инқирози эмас, балки таклиф инқирози десак ҳам бўлади. Бу инқироз қайсидир йирик банкларнинг ёки қайсидир йирик мамлакатлар ҳукуматининг айби билан вужудга келгани йўқ. Бу худди табиий офатга ўхшаган жараён бўляпти",- деди Ж. Қўчқоров.

Бош вазир ўринбосари Ўзбекистон иқтисодиёти инқирознинг салбий оқибатларинҳ март ойидан сезила бошлаганини билдирди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотининг ўсиш суръати 2020 йилнинг биринчи чораги якунларига кўра 4,1−4,4 фоиз атрофида бўлиши кутилмоқда.

"Иккинчи чорак биз учун ўта мураккаб бўлиши кутилмоқда. Чунки, кўплаб мамлакатлар каби Ўзбекистонда ҳам карантин билан боғлиқ чекловлар асосан апрель ойига тўғри келаяпти ва май ойида ҳам давом этиш эҳтимоли анчагина катта", - деди бош вазир ўринбосари.

Ж. Қўчқоров: "бир-икки кунда" шахсий машинадан фойдаланиш тартиби енгиллашиши мумкин

Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Қўчқоров 15 апрель куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилишича, шахсий автомобиллардан фойдаланиш бўйича чекловлар тез орада енгиллашиши мумкин:

"Тадбиркорларимиз кўплаб мурожаатлар билан чиқишяпти. Уларнинг аксарият машиналари шахсий, шахсий машинага эса рухсат йўқ, фақат ташкилотларнинг машиналарига стикер бериляпти. Шу нуқтаи назардан бу масала бўйича ҳам бир-икки кун ичида бош вазиримиз раҳбарлигидаги комиссиянинг қарори чиқади, буни ҳам енгиллаштирамиз" - деди Жамшид Қўчқоров.

АНДИЖОН: 74 нафар тиббиёт ходими коронавирусга чалинган

Андижон вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси маълумотига кўра, вилоятда шу кунга қадар 102 киши вирусга чанлинган.

Булардан 74 нафари тиббиёт ходими - шифокор, ҳамшира, кичик тиббий ходим ва хўжалик бўлим ходимларидир.

Яна 15 нафари бошқа касб эгалари, 13 нафари вояга етмаган шахслардир.

14 апрель ҳолатига кўра вилоят юқумли касалликлар шифохонасида коронавирус билан касалланган 98 нафар фуқаро даволанмоқда.

12 апрелда вилоят аҳолисига мурожаатида коронавирус инфекцияси билан боғлиқ вазият ҳақида гапирган Андижон вилоят ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов Андижонда коронавирус юқтирганларнинг 90 нафарга етгани ва улардан 78 нафари тиббиёт ходими эканини айтган, аммо ССВ бу баëнотни тасдиқламаганди.

ҚАШҚАДАРЁ: шифокор қудалар карантин вақтида тўй қилди

Қашқадарё вилоятининг Муборак туманида яшовчи шифокорлар карантин қоидаларига зид равишда тўй ўтказган.

Бу ҳақда «Дарё» нашрининг хабар қилишича, тўй 14 апрель куни бўлган ва 50 меҳмон чақирилган.

Хабар қилинишича, қудалар ва куёв шифокордир.

Қашқадарё соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати ижтимоий тармоқда тарқалган бу хабар ўрганилаётгани билдирган.

23 мартдан бошлаб Ўзбекистонда тўйлар ва бошқа оммавий тадбирлар ўтказиш тақиқланган. Шунингдек, фуқароларнинг ўта заруратсиз уйдан чиқиши чекланган, бемақсад кўчада юрганлар жавобгарликка тортилади.

ЭЪЛОН: Тошкент вилоятида 20дан ортиқ бозор доимий равишда ишламоқда

Тошкент вилоятида 20га яқин доимий деҳқон бозорлари ва 10дан ортиқ йирик савдо мажмуалари мунтазам ишламоқда.

Бундан ташқари барча шаҳар-туманларида кўчма бозорлар ҳам ташкил этилгани маълум қилинди.

Бундан ташқари йирик савдо мажмуалари (макро, корзинка, супер, гипер ва мини маркетлар) ва озиқ-овқат дўконлари ишлаб турибди, улар учун ҳозирча ҳеч қандай чеклов йўқ.​

Гарчи, савдо муассасаларида харидорлардан ижтимоий масофа (камида 2 метр) сақлаш талаб қилинаётган бўлса-да, аксар бозорларда ҳануз кишилар гавжумлиги кузатилмоқда.

БРИФИНГ: прописка ишлари карантин вақтида тўхтатилган

АОКА штабида ИИВ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бош бошқармаси бўлим бошлиғи подполковник Акбархон Юнусхўжаев иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда подполковник прописка ва ҳоказо мавзуларда муҳим саволларга жавоб қайтарди.

Хусусан, карантин пайтида прописка муддати тугаб қолганларни хавотирланмасликка чақирди:

- Республикамизда бугунги кунда карантин жорий этилгани сабабли, нотариал идоралари ҳамда Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида қабул вақтинча тўхтатилганлиги сабабли, карантин ТУГАГАНИДАН СЎНГ мурожаат этишингиз мумкин, - деди Юнусхўжаев.

Шунингдек, фуқаролик паспорти тайёр бўлганлар ҳам карантин даври тугагандан кейин ҳужжатни олиши мумкинлиги айтилди.

Карантин даврида Телеграм каналлари орқали рамий идораларга мурожаат қилиш ва ҳужжат юбориш мумкин эмаслиги эслатилди.

БРИФИНГ: Вирусга чалинганларни ҳақорат қилган 9 млн. сўм жарима тўлайди

АОКА штабида Адлия вазирлиги матбуот котиби Севара Ўринбоева билан брифинг ўтказилди.

Брифингда муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтарилди.

Жумладан, шу кунда короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсларни камситиш ҳоллари кузатилаётгани ва бу ҳолда қандай жазо қўлланиши ҳақида савол берилди.

Севара Ўринбоеванинг айтишича, бунинг учун 9 миллион сўмгача жарима солиниши мумкин:

- Короновирусдан тузалган ёки карантинда бўлган шахсни ҳақорат қилганлик, шаъни ва қадр-қимматига путр етказганлик, камситганлик учун — 9 млн сўмгача маъмурий жарима белгиланган. Агар, маъмурий жазо қўлланилганидан сўнг ушбу қилмиш такроран содир этилса, шахс ЖИНОИЙ жавобгарликка торилади, - деди Адлия вазирлиги матбуот котиби.

ЭСЛАТМА: ИИВ ходимини ҳақорат қилганлик учун 89 млн. сўм жарима солиниши мумкин

15 апрель кунги брифингда Адлия вазири матбуот котибига уй ёки стационар шароитда карантинда сақланаётган фуқароларга куч ишлатар тузилмалари ходимлари томонидан куч қўлланилаётганига оид савол ҳам берилди.

- Ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсларга нисбатан ноқонуний ҳаракатларни содир этиш жавобгарликка сабаб бўлади. Хусусан, қасддан жиноят қилиш, жумладан, одам ўлдириш, турли даражада шикаст етказиш ёки ўлим/зўрлик билан таҳдид қилиш Жиноят кодексида белгиланган тартибда озодликдан маҳрум қилиш билан;

ҳақорат қилиш — БҲМнинг 400 бараваридан (89 млн 200 минг сўм) 600 бараваригача (133 млн 800 минг сўм) миқдорда жарима ёки 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 1 йилгача озодликни чеклаш ёки 1 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади, - деди Ўринбоева.

ЭСЛАТМА: "Ўзини яккалаш" тартибини бузганлар 7 млн. сўмгача жарима солинади

Адлия вазирлиги матбуот котиби "ўзини яккалаш" тушунчасига яна бир бор аниқлик киритди:

- "Ўзини яккалаш" — бу карантинга оид чора-тадбирларнинг бир қисми. Карантинга олинган шахслар тиббиёт ёки санитария-эпидемиология ходимларининг доимий кузатуви ва назорати остида бўлади. "Ўзини яккалаш" ҳаёт тарзида эса фуқаро тиббий кузатув ёки назорат остида БЎЛМАЙДИ.

"Ўзини яккалаш" бўйича ўрнатилган карантин чекловларини бузиш эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш ҳисобланади ва бунинг учун фуқароларга 4 млн 460 минг сўмадан 6 млн 690 минг сўмгача, мансабдор шахсларга эса 6 млн 690 минг сўмдан 11 млн 150 минг сўмгача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Қуйида брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

ИВВ: карантинни бузиш ҳоллари 64 мингга яқинлади

Карантин эълон қилинганидан бери қоидаларни бузиш ҳоллари 63 882 тага етди.

ИИВ берган маълумотга кўра, ҳануз асосий қонунбузарликлар қайд этилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (10 922 та), Фарғона вилояти (9 347 та), Тошкент вилояти (9 288 та) бўлиб қолмоқда.

Айтилишича, қоидаларни бузувчилар орасида кўчада ниқобсиз юрганлар ҳануз кўп бўлмоқда. Бундай шахслар маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси билан жаримага тортилмоқда.

Бундан ташқари, махсус рухсатномаси бўлган ёки бўлмаган хусусий машинасида одам ташиб юрган шахслар ҳам ушланмоқда.

Махсус рухсатномаси бўлмаган автомобиллар ёки мақсадсиз миниб юрилган велосипедлар жарима майдончасига олинмоқда.

Карантин пайтида, ичиб олиб, кўчада безорилик қилиб юрганлар ҳам аниқланмоқда. ИИВнинг 15 апрель кунги хабарида Сирдарё вилоятининг Ширин шаҳрида юрган 4 нафар маст киши 10 стукага қамалгани айтилган.

ИИВ нинг шаҳарлар ичида ташкил қилган қўшимча постларидан бири, апрель, 2020
ИИВ нинг шаҳарлар ичида ташкил қилган қўшимча постларидан бири, апрель, 2020

ЭСЛАТМА: ИИВ қаршилик қилганларга куч қўллаши мумкин

Республика бўйлаб карантинни бузиш ҳоллари ошиб бораётгани ва бунинг олдини олишга уринган куч ишлатар тузилмалари ходимларига қаршилик кўрсатилаётгани ҳақида расмий хабарлар кўпаймоқда.

Адлия вазирлиги 15 апрель куни эълон қилган эслатмага кўра, ИИВ ходимларига қуйидаги ҳолларда жисмоний шахсларга нисбатан куч қўллашга рухсат берилади:

- жиноятларга ва маъмурий ҳуқуқбузарликларга чек қўйиш учун;
- жиноятлар ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этган шахсларни энг яқиндаги ички ишлар органига ёхуд ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа органга олиб бориш ва бу шахсларни ушлаб туриш учун;
- ички ишлар органи ходимининг қонуний талабларига қаршилик кўрсатилишини бартараф этиш учун.

Жисмоний куч ишлатилиши шахсларнинг хатти-ҳаракатлари хусусиятига ва хавфлилик даражасига мувофиқ бўлиши керак.

CCB: вирусга чалинганлар сони 1214 нафарга етди

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 15 апрель соат 10:00 даги маълумотида қайд этилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони расман 1214 нафарни ташкил қилмоқда.

15 апрелга ўтар кечаси коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 1165га етгани хабар қилинган эди. Бу билан ўтган 12 соат мобайнида беморлар сони 49 нафарга кўпайган.

14 апрелга ўтар кечаси беморлар сони 998 нафар эди. 14 апрель соат 23гача коронавирус юқтирганлар 167 кишига кўпайган. Бу кунлик зарарланиш ҳолатлари бўйича рекорд натижа бўлди.

11-12 апрель кунлари коронавирус аниқланганлар рўйхатига 100 кишидан қўшилган бўлса, 13 апрелда 133та янги ҳолат аниқланди.

Шу кунгача Ўзбекистонда коронавирусдан 99 бемор соғайди. 4 бемор вафот этди. Вафот этганларнинг икки нафари эркак, икки нафари аёл.

“Ўзкомназорат”: Фирибгарлар карантиндагилардан жарима талаб қилмоқда

“Ўзкомназорат” карантин тартиби бузилганини иддао қилиб, жарима тўлаш талаби билан юборилаётган SMSларга ишонмасликка чақирди.

Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси -“Ўзкомназорат”нинг 14 апрелда билдиришича, “ўзини яккалаш” тартибига ўтган фуқароларнинг уйда ўтирганидан, шунингдек, одамларда коронавирус пандемияси сабаб хавотир кучли эканидан фойдаланиб қолаётган фирибгарлар турли усулларда кишиларни чалғитиб, уларнинг электрон ҳисобдаги маблағларини ўзлаштиришга ҳаракат қилмоқда.

“Масалан, фуқароларга муайян сана ёки геожойлашув нуқтаси координатларини кўрсатиб, “Сиз карантин қоидасини буздингиз, энди Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига мувофиқ базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваригача миқдорда жарима тўлайсиз”, деган мазмунда жаримани уйдан тўлаш ҳам мумкинлигини таъкидлаб, тўлов учун карта рақами кўрсатилган SMS хабарнома жўнатиш ҳолатлари ҳам учраб турибди”, дейилади расмий билдирувда.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Ўзкомназорат” ўзбекистонликларни бу каби SMSларга алданиб қолмасликка ва ҳеч қачон электрон ҳисобдаги маблағлар ёхуд турли махфий кодлар ҳақида бегона шахсларга маълумот бермасликка чақирган.

Шунингдек, бу каби ҳолатлар кузатилганда SMS хабарномани ўчириб ташлаш, телефон қўнғироғи бўлганлиги ҳақида 102 рақами орқали ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериш тавсия этилади.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG