Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 10:40

Асака автозаводида ишчилар ётоғи билан ишлатилмоқда


Завод ходимлари бетон полга картон, уни устига кўрпача тўшаб ухлашларини айтишади.
Завод ходимлари бетон полга картон, уни устига кўрпача тўшаб ухлашларини айтишади.

Андижоннинг Асака шаҳридаги ўн мингга яқин одам ишлайдиган "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводида ходимлар 15 кунлик сменада ётоғи билан ишлатилмоқда.

3 июнь куни Озодликка келган фотосуратларда полга картон қоғозлар устига кўрпачалар тўшалганини кўриш мумкин.

Озодлик суҳбатлашган завод ходимлари 15 кун уйга бормасдан, корхонанинг бетон полида ётиб ишлатилаётганликларини айтишди.

"UZAUTO MOTORS" автомобиль заводининг 4 июнь куни Озодлик суҳбатлашган мулозими коронавирус хавфи сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини айтди.

"Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси матбуот котиби Асака шаҳридаги автомобиль заводида ишчилар шароитидан хабари йўқлигини айтди.

"Chevrolet" машиналари ишлаб чиқариладиган Асакадаги автозаводнинг исми ошкор этилишини истамаган ишчиси Озодлик билан суҳбатда ўзи ва юзлаб ҳамкасби апрель ойи охиридан буён уйга бормасдан корхона ҳудудида ётиб ишлатилаётганини айтди:

- Ётиб қолиб ишлашга қарши эмасмиз, лекин заводда ётиб қолишга шароит йўқ. Ўзимиз билан кўрпа-тўшагимизни кўтариб келамиз. Бетон полга картон, унинг устига кўрпачамизни тўшаб кийим-бошимиз билан ётамиз.​ Антисанитария, чунки икки юз одам бир жойда бири-бирига тегиб ётиб туряпти, ювинишга ҳам шароит йўқ, - деди заводнинг бўяш цехи ходими.

Корхона ходими сўзининг тасдиғи сифатида завод ичидан ўзи олган суратларни Озодликка юборди.

Завод ишчилари антисанитария холатида кун кечираётганликларини иддао қилишади.
Завод ишчилари антисанитария холатида кун кечираётганликларини иддао қилишади.

2 июнь куни корхона ичидан олинган суратларда полда картон қоғозлар, устига қаторасига кўрпачалар тўшалгани, атрофда ишчиларнинг оёқ кийимлари кўринади.

- Коронавирус келмасин деб 15 кунлик смена қилишди. Лекин, бу аҳволда бошқа касалликни орттириб чиқишимиз тайин, чунки ҳар кун бетон пол устида ухлаймиз, - дейди заводнинг исми очиқланмаслигини истаган бошқа ишчиси.

Ишчилар кўрпа-тўшагини ўзлари билан кўтариб келишларини айтишади.
Ишчилар кўрпа-тўшагини ўзлари билан кўтариб келишларини айтишади.

Заводнинг Озодлик суҳбатлашган ишчилари Ўзбекистоннинг меҳнат қонунчилигига зид тарзда кунига 10 соатлаб ишлатилаётганликларини ҳам иддао қилишди.

- Завод ҳудудида ётиб қолганимиздан кейин 10 соат, баъзида 12 соат ишлаймиз. Лекин 8 соат ишлади қилиб ёзилади. Ортиқча ётиб қолиб ишлаганимизга премия бериладими десак, йўқ дейишади. Ишласанг ишла бўлмаса кетавер, дейишади бошлиқлар. 3 миллион сўмлик ойликли ишидан ҳеч ким ажраб қолишни истамайди, - дейди заводнинг йиғув цехи ходими.

Асакадаги завод ичидан 2 июнь куни олинган сурат.
Асакадаги завод ичидан 2 июнь куни олинган сурат.

Озодлик билан телефон суҳбатида ўзини "UZAUTO MOTORS" автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси деб таништирган мулозим "коронавирус карантини сабаб корхонада ходимлар ўз хоҳишларига кўра ётиб қолиб ишлаётгани, уларга ҳамма шароит яратиб берилаётгани, хавфли вирус тарқалиши олдини олиш бўйича барча талабларга амал қилинаётганини" айтди.

Завод мулозими ишчилар белгиланган вақт меъёридан ортиқча ишлатилаётганини рад этди.

- Белгиланган вақтда ишлашади, белгиланган вақтда дам олишади. Бизнинг мақсадимиз хавфли вирус ёйилишининг олдини олган ҳолда ишни ташкил қилиш, - деди исми очиқланмаслигини истаган автомобиль заводи раҳбари ёрдамчиси.

Бундан олдин Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани Питнак шаҳридаги автомобиль заводи ишчилари завод ҳудудида антисанитария ҳолатида ётоғи билан ишлатилаётганликларини Озодликка айтишган эди.

Питнакдаги завод ишчилари апрель ойи ўрталарида юборган видеода кўрпа-тўшак кўтарган юздан зиёд одамнинг завод эшиги олдида тургани кўринади.

Хоразм Автомобиль заводи ишчилари кўрпа-тўшаги билан ишга келмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:20 0:00

​Асакадаги автомобиль заводи ҳам Ҳазорасп туманидаги завод ҳам "Ўзавтосаноат" таркибига кирувчи корхоналардир.

Озодлик "минглаб одам ишлайдиган корхоналарда минглаб ишчи ҳар куни бир жойда ётиб-туриши, овқатланиши санитария талабларига, қолаверса коронавирусга қарши ҳукумат комиссияси жорий қилган талабларга қанчалик тўғри келади?" деган савол билан "Ўзавтосаноат" акциядорлик компанияси раисининг маслаҳатчиси ва матбуот котиби Зумрад Шожалиловага мурожаат этди.

Шожалилова Асака шаҳридаги автомобиль заводида ишчилар шароитидан хабари йўқлигини айтди.

- Биз холатни ўрганиб чиқамиз, фотосуратлардаги холатни, ишчиларнинг эътирозларини ўрганиб, кейин, бу ҳақда бир нарса айтишим мумкин, - деб жавоб қилди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 июнга келиб келиб мамлакатда коронавирус юқтиргани тасдиқланганлар 3874 нафарга етганини маълум қилди.

Коронавирус аниқланган ҳудудлар орасида Андижон вилояти ҳам бор.

XS
SM
MD
LG