Линклар

Шошилинч хабар
16 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:44

OzodDayjest: Тарихни ковлаштираётган Путинга Москва Амир Темур давлатига қарам бўлгани эслатилди


"Москва ҳам Амир Темур давлати таркибига кирган” деб ёзди депутат.
"Москва ҳам Амир Темур давлати таркибига кирган” деб ёзди депутат.

ИИВ тизимга “адашиб кириб қолганлар”ни тозалашга киришди. Депутат жарималарни аҳоли даромадига мувофиқ тарзда кескин камайтиришни таклиф қилди. Жорий ҳафта матбуот шу каби воқеалар ҳақида хабар берди.

Йил бошидан буён қанча ички ишлар ходими жиноий жавобгарликка тортилгани очиқланди

78 нафар ички ишлар органлари ходими карантин қоидаларини бузгани учун жаримага тортилди, бир нафари эса ишдан бўшатилди (www.gazeta.uz, 24 июнь). Бу ҳақда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шоҳруҳ Ғиёсов маълум қилган.

Қайд этилишича, вазирлик тизимга адашиб кириб қолганлардан тозалаш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилмоқда.

Масалан, 2019 йилда 7039 нафар ходимга нисбатан интизомий жазо қўлланган. Бундан ташқари, йўл ҳаракат қоидаларини бузган 1223 нафар ходим жаримага, 133 нафар ходим жиноий жавобгарликка тортилган. Жорий йил бошидан буён эса 2350 нафар хизмат интизомини бузган ходим аниқланган, 529 нафари йўл ҳаракати қоидаларини бузган, бунга жаримага тортилган ҳамда 45 ходим жиноий жавобгарликка тортилган.

“Мана, рақамлар, энди ким айта олади булар ўзиникини бекитади деб” , - деб таъкидлаган Шоҳрух Ғиёсов.

Бир неча кун аввал Kun.uz нашрига интервью берган собиқ ички ишлар вазири, айни дамда вазир маслаҳатчиси Зокиржон Алматов ҳам тизимдаги тозалашлар ҳақида гапирган эди.

“Биз ҳар икки йилда ходимларимизни шаҳодат тестидан ўтказамиз. Уларнинг руҳий ҳолатини аниқлаш учун тестлар қиламиз. Шундай бўлса-да, ўз манфаатини ўйлайдиган ходимлар ҳамон учраб турибди. Биз тизимни бундайлардан тозалаш учун қўлимиздан келганини қиляпмиз” ,- деган эди у.

Олий Мажлис депутати президент Путиннинг ҳудудий даъвосига жавоб қайтарди

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев Россия президенти Владимир Путиннинг ҳудудий даъвосига жавоб қайтарди (www.xabar.uz, 23 июнь).

“Агар машҳур сиёсатчи даъво қилган ревизионистик мантиқдан келиб чиқадиган бўлсак, унда Амир Темур барпо этган салтанат ҳудудларини “бизнинг тарихий ерларимиз” деб айтишга бемалол ҳаққимиз бор. Дарвоқе, ўз вақтида кичик бир шаҳар бўлган Москва ҳам Амир Темур давлати таркибига кирган”, - деб ёзди депутат.

Эслатиб ўтамиз, В.Путин “Россия. Кремль. Путин” номли кўрсатувда СССР таркибида бўлган республикалар иттифоқ таркибидан чиқиш пайти анъанавий тарзда Россияга тегишли катта ҳудудларни ҳам ўзи билан олиб чиқиб кетганини иддао қилган эди.

“Ўтмишдаги тарихий вазиятни эслаб, “аслида у ер меники, бу ер сеники” дейишнинг ўзи нотўғри, ноадекват нуқтаи назардир. Ўтмишни ковлаштирсанг, икки юз йил олдин Россия улкан империя бўлган, лекин беш юз йил олдин Қрим хонлигига бож тўлайдиган саттелит давлат бўлган; минг йил олдин “рус ерлари” фақат Новгород, Киевга ўхшаган бир нечта шаҳардан иборат бўлган; бир ярим минг йил олдин рус халқи ҳам, давлати ҳам бўлмаган. Хўш, Путин қайси тарихий палладан ҳисоб-китобни бошлади?.. Келинг, унда Қрим хонлигини тиклайлик, Россия қримтатарларга бож тўласин” . -деб ёзди тадқиқотчи ва блогер Элдор Асанов.

Депутат: Бюджетни тўлдириш мақсадида оширилган жарималар миқдорини кескин камайтириш вақти келди

Ўзбекистонда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жорий этилган жарималар миқдорини аҳоли даромадига мувофиқ равишда кескин камайтириш керак, деб ҳисоблайди “Миллий тикланиш” партияси вакили, Мирзо Улуғбек туман кенгаши депутати Жаҳонгир Зиёев (www.uza.uz, 22 июнь).

“Ҳар гал жарималар оширилганда бу “авария”ларни камайтириш мақсадида қилинаётгани билан изоҳланади. Лекин юз бераётган ЙТҲ сонидан билиш мумкинки, жарималар самара бермаяпти. Тирикчилиги машинага боғланиб қолган одамларнинг зорлангани қоляпти, холос. Биргина апрель ойида карантин чораларига қарамай, 336 та ЙТҲ содир бўлган ва бундан 76 киши вафот этган. Бу – айрим давлатларнинг бир йиллик кўрсаткичидан ҳам юқори”,- деб ёзади Ж.Зиёев.

Қайд этилишича, мамлакат қонунчилигида бир-бирига зид бўлган, айланиб фақат жаримага олиб борувчи моддалар бор. Бундан эса маоши рўзғорга зўрға етаётган аҳоли жабр кўрмоқда.

“Кейинги пайтларда хориж тажрибасидан кўчиришга устаси фаранг бўлиб боряпмиз. Лекин чет элнинг одамларга енгиллик бериш борасидаги ютуқларидан ўрнак олишда нўноқлик қиляпмиз”, - дейди депутат ва жарималарни камайтариш борасида ҳам чет эл тажрибасини ўрганиш лозимлигини уқтиради.

Таъкидланишича, бир пайтлар бюджетни тўлдириш мақсадида оширилган жарималар миқдорини кескин камайтириш ишидан, даромадидан айрилиб, машинасига куни қолган минг-минглаб одамлар учун ҳам адолатли қарор бўлади.

XS
SM
MD
LG