Кадастр тизимида тозалаш: лавозимини суиистеъмол қилган раҳбарлар баҳридан ўтиляпти
Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси раисининг 1-ўринбосари Тўлқин Абдуллаев соҳада коррупция ва бюрократия кучайиб кетганини тан олди (“Маҳалла” газетаси, 6 август).
“Тан олиш керак, соҳада тўпланиб қолган муаммолар етарлича. Айни жиҳатдан тизимни жиддий ислоҳ қилиш бошланди. Шаффофликни таъминлаш, порахўрлик, бюрократик ҳолатларга чек қўйиш мақсадида тизимни тўлиқ электронлаштиришга катта эътибор қаратиляпти” , - дейди Т.Абдуллаев.
Қайд этилишича, мурожаатларни ўрганиш жараёнида лавозимини суиистеъмол қилаётган раҳбар ва ходимлар лавозимидан озод этиляпти.
“Юртимизда охирги марта ер хатлови 40 йил олдин ўтказилган. 140 та туман маъмурий чегаралари ҳозиргача аниқ эмас. Қишлоқ хўжалиги ерларини ажратиш тартиби 20 йил олдин қабул қилинган ва ҳозирги ислоҳотлар талабига жавоб бермайди. Соҳада талон-торожлик ва коррупция авж олган: 66 та туманда 150 минг гектар экин ери ўзбошимчалик билан эгаллангани, охирги икки йилда 122 нафар кадастр ходими жиноий жавобгарликка тортилгани бунинг далили”, - деб ёзади газета.
Ўзбекистонда кунига қанча одам вафот этаётгани маълум бўлди
Ўзбекистонда статистика бўйича бир кунда 600 тагача ўлим ҳолати қайд этилмоқда (www.qalampir.uz, 5 август).
Бу ҳақда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ражаббой Исроилов Тошкентда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилган.
“Одамлар фақат коронавирусда ўляпти деб ўйламанг. Ўзбекистонда статистика бўйича жами аҳолига бир кунда 500 тадан 600 тагача ўлим ҳолати тўғри келади. Булар орасида ёш болалардан тортиб қарияларгача мавжуд. Июль ойида ёзги чилла бўлгани учун бу статистика, ўлим ҳолати 10 фоизга кўпайиши мумкин” ,-дейди махсус штаб аъзоси.
Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқда вафот этган яқинлари жасадини олиш учун навбат кутаётганлар сурати ва видеолари тарқалди.
Р.Исроиловга кўра, ҳозирга қадар шу инфекция ва бошқа касалликдан нобуд бўлганларни фақат республика патологоанатомия маркази орқали ювиб, дезинфекциялаб бериш йўлга қўйилган эди.
Эндиликда соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан Тошкент шаҳридаги барча касалхоналарда патологоанатомия бўлимлари ташкил қилиниб, майитни ўша жойдан қариндош-уруғига бериш кўзда тутилган.
Ўзбекистоннинг Истанбулдаги бош консулхонаси чипта таклиф қилаётган фирибгарлардан огоҳлантирди
Ўзбекистоннинг Истанбул шаҳридаги бош консуллиги ушбу мамлакатда бўлиб турган ватандошларга мурожаат билан чиқиб, чартер рейсларга навбатсиз қўйиш хизмати таклиф қилаётган фирибгарлардан эҳтиёт бўлишга чақирди (www.kun.uz, 5 август).
Мурожаатда айтилишича, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ёки консулликнинг чартер рейслар учун рўйхатни шакллантириш борасида “ишончли вакили” ёки “ишончли ходимлари” мавжуд эмас.
4 август куни “Ўзбекистон ҳаво йўллари” авиакомпанияси томонидан ташкил этилган чартер парвоз ташкиллаштириш жараёнида баъзи гуруҳларнинг рейсга навбатсиз қўйишни ваъда қилиб, Ўзбекистон фуқароларидан алдов йўли билан пул ундираётгани ҳақида маълумот келиб тушган.
Ўрганишлар натижасида фирибгарлар таклиф қилган чипталар чартер рейсга ўтмаслиги аниқланган.
Туркиядаги ўзбекистонликлардан шу каби фирибгарлик ҳолатлари бўйича бош консулхонага маълумот бериш сўралган.