Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:06

Трамп ва Байден сайловчилар олдида, бир пайтда турли телеканалларда


Президент Дональд Трамп ва демократлар номзоди Жо Байден Оҳайодаги сайловолди дебатлари чоғида - 29 сентябрь, 2020
Президент Дональд Трамп ва демократлар номзоди Жо Байден Оҳайодаги сайловолди дебатлари чоғида - 29 сентябрь, 2020

Демократлардан президентликка номзод Жо Байден ва Оқ уйга қайта сайланиш умидидаги республикачи Доналд Трамп 15 октябрь куни оқшом бир пайтда турли телеканалларда сайловчилар билан мулоқот қилди. Байден Трампни коронавирусга қарши курашмаганликда айблади. Трамп эса пандемияга нисбатан ўз вақтида чора кўрганини даъво қилди.

3 ноябрь, сайлов кунигача, Америкада коронавирусни юқтирганлар 9 миллионга етиши мумкин. Касалликдан ўлганлар ҳозир 220 мингга яқинлашмоқда.

Лекин Оқ уй тузалганлар сонига эътибор қаратмоқда. Трамп маъмуриятига кўра, вирусга чалинганларнинг аксарияти соғаймоқда, иқтисод асталик билан изга тушмоқда, иш ўринлари очилмоқда ва мамлакат барча қийинчиликларга қарамай олдинга силжимоқда.

Аслида 15 октябрда Байден ва Трамп юзма-юз дебатга келиши керак эди. Лекин президент ҳам вирусни яқинда юқтиргани учун баҳс бекор қилинди. Трамп ҳозирда буткул соғайганини айтади. Шифокорининг ҳам айтишича, жамоатчилик билан учрашиш хавфли эмас.

Сайловчилар аллақачон овоз бера бошлаган. Ҳозиргача Америка бўйлаб 18 миллиондан ортиқ фуқаро президентликка кимни исташини билдириб бўлган. Пандемия сабаб аксарият сайловчилар почта орқали овоз бериши кутилмоқда. Натижа сайлов кунидан кейин эълон қилинади.

АBC каналидаги жонли эфирда, Филаделфия шаҳридаги сайловчилар олдида, Байден дейдики, Трамп вирус ҳақида халқни ўз вақтида огоҳлантирмаган, аксинча, ундан ҳақиқатни яширган.

"Президент халқ ваҳимага тушади деб баҳона қилган. Америка халқи ваҳимага тушармиди? Трампнинг ўзи тушган", - дейди демократ.

NBC каналидаги жонли эфирда, Майами шаҳридаги сайловчилар олдида Трамп дейдики, у - масъулиятли раҳбар.

"Мен ертўлада ўтирадиган одам эмасман. Одамлар билан кўришишни истайман".

Президент инфекция эҳтимолини писанд қилмай Оқ уйда катта тадбирлар ўтказганликда, ниқоб тақишни мажбурият деб ҳисобламасликда танқид остида.

Трамп ниқоблар борасида одамлар ўзи қарор қилсин, деб келади. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва бошқа мутасаддилар ниқоб вирус тарқалишининг олдини олади, дея эслатиб турибди.

Президент демократларга қарши конспирацион теориялар ҳақида саволга тутилганида, бу назарияларни тарқатаётган QAнон гуруҳини қораламади. Бу ҳаракат ҳақида билмаслигини айтди.

Президент қанча солиқ тўлагани ҳақидаги саволга ҳам аниқ жавоб бермади.

Америка матбуотида чиққан хабарларни Трамп инкор этмади, хусусан 400 миллион долларга яқин қарзи бор ва президентликнинг биринчи йилида атиги 750 доллар даромад солиғи тўлаган, деган маълумотларни.


Рейтингларда Байден олдинда, лекин сайлов натижасида муҳим рол ўйновчи штатларда демократ номзод ва унинг республикачи рақиби орасидаги фарқ салмоқли эмас.

Трамп ва Байден Олий суд, шунингдек, аборт ҳуқуқи ва бошқа масалалар юзасидан ҳам бир-бирини заифлик ва иродасизликда айблаяпти.

Демократлар сайлов кампанияси учун июлдан сентябргача тарафдорлардан 1, 5 миллиард доллар жамғарган, республикачилар эса 623, 5 миллион доллар.

Номзодлар штатма-штат учрашувларда. Омма билан яқиндан мулоқот пандемия даврида қанчалик хавотир уйғотмасин, сайловолди тадбирлари камаймаслиги аниқ.

XS
SM
MD
LG