Линклар

Шошилинч хабар
19 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:41

Бразилия Ўзбекистонда синаш режаланган Хитой вакцинаси синовини тўхтатди


Хитойнинг коронавирусга қарши Sinovac вакцинасининг Бразилиядаги учинчи босқич синовлари кўнгиллилар орасида "оғир оқибатлар" келтириб чиқаргани сабаб тўхтатилди.

Ўзбекистон Sinovac Biotech ширкати ишлаб чиққан ушбу вакцинани ўзбекистонликлар орасида синаб кўриш устида музокаралар олиб бораётганди.

Айни пайтда Хитойнинг бошқа бир вакцинасининг синов жараёни Ўзбекистонда бошланиш арафасида.

“Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” ширкати ишлаб чиқарган вакцинани 5000 ўзбекистонлик кўнгиллида синаб кўриш режаланган.

10 ноябрь куни АҚШнинг Pfizer ва Германиянинг BioNTech ширкатлари ҳамкорликда ишлаб чиқарган COVID-19га қарши вакцина синовнинг учинчи босқичида 90 фоиз натижа кўрсатгани хабар қилинди.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Бразилиянинг Anvisa Соғлиқни сақлаш ташкилоти Хитойнинг Sinovac Biotech ширкати ишлаб чиқарган ва Бразилияда ёздан бери синовдан ўтказилаётган коронавирусга қарши вакцина синови тўхтатилганини билдирди. Бироқ тафсилотларни очиқламади.

Bloomberg нашрига кўра, Хитой вакцинаси Бразилиядаги кўнгиллилар орасида "ўта жиддий ҳолатлар" келтириб чиқаргани сабаб тўхтатилган.

Хитой вакцинасини олган бразилиялик кўнгиллилардан бири октябрь ойи охирида вакцина асоратлари сабаб вафот этгани айтиляпти.

Хитойнинг ушбу вакцинаси Туркия ва Индонезияда ҳам синовдан ўтказилмоқда, бироқ бу мамлакатлар ҳозирча вакцина синовини тўхтатмаган.

Ўзбекистон ҳам Хитойнинг ушбу вакцинасини ўзбекистонликлар орасида синашни режалаштираётганди.

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов 3 ноябрь куни "Халқ сўзи" нашрига берган интервьюсида ҳозирда бу борадаги музокаралар якунига етаётганини айтган.

"Хитойнинг «Синофарма» компаниясининг вакцинасининг синовларини ўтказиш бўйича ҳам ишлар олиб борилмоқда. У ҳозир етилиб пишган. Шу боис «Синофарма» компаниясини маҳсулотини ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассислари ва Хитойдаги элчихонамиз томонидан Ўзбекистонга олиб кириш ишлари чора тадбирлари кўриляпти", - деган вазир Абдураҳмонов.

Бразилиядаги ҳолатдан сўнг Ўзбекистон Хитойнинг ушбу вакцинасини мамлакатга олиб келиш қарорини ўзгартирган-ўзгартирмагани Озодликка ҳозирча маълум эмас.

Айни пайтда Хитойнинг бошқа бир вакцинасини Ўзбекистонда синаш жараёни бошланиш арафасида.

“Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” ширкати ишлаб чиқарган вакцинадан 5000таси Тошкентга олиб келинди. Ҳозирда вакцина қабул қилиш учун 5000 кўнгилли изланмоқда.

5000 кўнгилли-улар кимлар бўлиши мумкин?

Инновацион ривожланиш вазирлигидан олинган маълумотга кўра, вакцина қабул қилган шахсни мунтазам кузатиб туриш учун фақат тошкентликлар кўнгилли сифатида қатнашиши мумкин. Шу боис Хитой вакцинаси синови фақат пойтахтдаги 10та оилавий поликлиникада ўтказилади.

Режага кўра, вакцина 18 ва ундан катта ёшдаги, коронавирус инфекцияси юқтирмаган кўнгиллиларда синаб кўрилади.

«Кўнгилли бўлган шахсларнинг барчаси тиббий кўрикдан ўтказилади. Жиддий касалликлари бўлмаган, соғлом кишиларгина танлаб олинади», - деди Инновацион ривожланиш вазирлигининг Озодлик боғланган ходими.

Синовни икки босқичда ўтказиш режаланган: биринчи босқичда 18-60 ёш оралиғидаги кўнгиллилар иштирок этади, иккинчи босқичда эса, 60 ёшдан катта кўнгиллилар қатнашади.

Кўнгиллилар танлаб олингач, дастлаб улар учун ўқув жараёни ўтказилиб, вакцина борасида батафсил маълумот бериш кўзда тутилган.

Кўнгиллиларга пул берилади!?

Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг маҳаллий матбуотга билдиришича, ҳар бир кўнгилли тиббий суғурта қилинади.

Вазирга кўра, вакцина синовида қатнашаётган кўнгилли ҳаражатлари тўла қопланади:

  • Кўнгиллини дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш;
  • Кўнгиллини тиббий суғурта қилиш;
  • Вакцина олган кўнгиллида ноҳуш ҳолатлар кузатилганда уни даволаш;
  • Кўнгилли вакцина олгач, уни бир йилда 8 марта тиббий кўрикдан ўтказиш;

Шунингдек, кўнгиллиларга пул ҳам тўланиши ваъда қилинган.

9 ноябрь куни Инновацион ривожланиш вазирлигининг Озодлик боғланган ходими ҳозирча кўнгиллиларга бериладиган пул миқдори аниқ эмаслигини айтди.

Вакцинанинг акс таъсири натижасида кўнгилли вафот этса, унинг яқинларига товон пули бериладими, деган Озодлик саволига жавоб берган вазирлик ходими бу борада ҳам аниқ маълумот йўқлигини айтди.

«Ҳали ҳаражатлар масаласи ўрганилмоқда. Аниқ бир тўхтамга келингач, матбуотда эълон қиламиз» , - деди вазирлик мулозими.

Режага кўра, вакцина олган кўнгиллиларнинг 30 фоизида хавфли таъсирлар кузатилган тақдирда, синов жараёни бутунлай тўхтатилади.

Тармоқлардаги ишончсизлик ва вазирликнинг ишончи

Ижтимоий тармоқлар, жумладан, Фэйсбукда Хитой вакцинасининг Ўзбекистонда синалаётгани турлича муносабатлар уйғотган.

Жумладан, Фэйсбукдаги Озодлик каналида эълон қилинган Хитой вакцинаси ҳақидаги хабарга 600дан зиёд шарҳ қолдирилган.

Шарҳларнинг аксарида Хитой вакцинасига ишончсизлик билдирилади. Бироқ яхши пул тўланса, вакцина синовида қатнашиш истагини билдирганлар ҳам бор.

Жумладан, Эркабоев Илесбек исмли Фэйсбук фойдаланувчиси шундай шарҳ қолдирган:

"Бизнинг фуқаролар синаш қуёнчаларими?.. Аввал пулнинг суммасини буйруқ билан чиқаринглар, кейин халқ ўйлаб, жонини кундага қўяди".

9 ноябрь куни Озодлик суҳбатлашган Инновацион ривожланиш вазирлиги ходими эса, кўнгиллилар борасида муаммо бўлмаслигига ишонади:

«Тармоқлардаги ишончсизлик билдирганлар аниқ вазиятни белгиламайди. Кимдир салбий шарҳ қолдирса, ортидан ҳамма шундай шарҳ ёзишни бошлайди. Аслида бизга аллақачон одамлар кўнгилли бўлиш борасидаги истакларини билдиряпти. Жумладан, блогерлар ва журналистлар орасида ҳам вакцина синовида қатнашиш истагида бўлганлар бор. Шунинг учун 5000 кўнгиллини топиш борасида муаммо бўлмаслиги аниқ, улар кутилганидан ҳам кўп бўлади».

Ўтган ой Ўзбекистон коронавирусга қарши Хитой вакцинаси клиник синовларининг учинчи босқичини 5000 нафарга яқин ўзбекистонлик талабгор ўртасида ўтказишни ўз зиммасига олгани расман хабар қилинди.

Клиник синовларнинг барча босқичлари муваффақиятли якунлангани тақдирда, Ўзбекистон ушбу вакцинани биринчилардан бўлиб ҳамда арзон нархларда харид қилишда устуворликка эга бўлиши таъкидланган.

Айни пайтда ғарбда шубҳа билдирилган Россия вакцинасини ҳам Ўзбекистонда синаб кўриш режаланмоқда. Бу ҳақда аввалроқ Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов маҳаллий матбуотга билдирган.

Covid-19 ва дунё вакциналари

Ҳозирда дунё бўйлаб 200дан зиёд тажриба тариқасидаги вакцина синовлари ўтказилмоқда. Улардан ўндан зиёди учинчи клиник босқичда.

АҚШда учинчи клиник синовдан ўтган Pfizer вакцинаси эса 90 фоиз ижобий натижа кўрсатди.

Ушбу вакцина 43538 кўнгилли орасида синалган ва улардан 94 нафари коронавирус инфекциясини юқтиргани аниқланган.

Pfizer ва BioNTech ширкатлари томонидан ишлаб чиқилган ушбу вакцина энг юқори ижобий кўрсаткич қайд этилган дунёдаги илк вакцина бўлди.

Айни пайтда Оксфорд университети олимлари томонидан ишлаб чиқилаётган экспериментал COVID-19 вакцинаси ҳам ёшларда, ҳам қарияларда иммун реакциясини ҳосил қилди.

Вакцинани ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилинган Британиянинг AstraZeneca ширкатига кўра, эмлаш воситаси кексаларда бошқа ўхшаш вакциналарга солиштирганда, камроқ салбий реакция келтириб чиқариши аниқланган.

Ушбу вакцина ҳам расмий рухсат бериладиган илк вакциналардан бири бўлиши кутилмоқда.

Айни пайтда жаҳонда коронавирусга чалинганлар сони 51 миллиондан ошди. Беморларнинг 1 миллион 200 мингдан зиёди вафот этди.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG