Линклар

Шошилинч хабар
23 ноябр 2024, Тошкент вақти: 13:54

Оксфорд университетида коронавирусга қарши вакцинани одамларда синаш бошланди


Айни дамда жаҳон бўйлаб 100 дан ошиқ олимлар гуруҳи янги коронавирусга қарши вакцина яратиш устида ишламоқда. Лондон Гигиена ва тропик табобат мактабига кўра, айни дамда еттита вакцина клиник синовдан ўтмоқда. Хусусан, Хитой ва АҚШда клиник синовлар бошлаб юборилди, ой якунида Германияда ҳам бошланади.

Британия ҳукумати Оксфорд университети фаолиятини яқиндан қўллаб келади. Соғлиқни сақлаш вазири Мэттью Хэнкок янги вакцинани инсонларда синаш жорий ҳафтада бошланишини билдирди.

Хэнкок вакцинани клиник синовга тайёрлаш учун одатда бир неча йил талаб қилинишини айтиб, Оксфорд университети ходимларини жуда тез вакцина ишлаб чиққани учун олқишлади.

Синовнинг илк босқичида 1 112 нафар кўнгиллининг тенг ярмига COVID-19 га қарши янги вакцина берилади, иккинчи ярмига назорат вакцинаси қилинади. Кўнгиллилар 18-55 ёшда бўлиб, уларнинг барчаси COVID-19 га чалинмаган соғлом шахслардир. 10 нафар синов қатнашчисига тўрт ҳафта фарқ билан икки марта вакцина берилади.

Профессор Сара Гилберт етакчилигидаги гуруҳ янги вакцина 80 фоиз ҳолатларда муваффақиятли бўлишига умид қилмоқда. Агар синов муваффақиятли ўтса, янги вакцина кузга бориб шифохоналарга етказиб берилади. Аммо олимлар бу жуда оптимистик режа эканлигини, аслида кўпроқ вақт талаб қилиши мумкинлигини айтишди.

Оксфорд олимлари ишлаб чиққан вакцина шимпанзе аденовируси асосида тайёрланган. Вирус инсон ҳужайраларида COVID-19 келтириб чиқарадиган протеинга ўхшаш протеинни яратадиган қилиб ўзгартирилган. Олимлар вакцина инсон иммун тизимини вирус келтириб чиқарадиган протеинни таниб, вирус ҳужайраларга киришига тўсқинлик қилишига умид қилмоқда.

Аденовирус вакцинаси бир доза ортидан кучли иммун реакциясини келтириб чиқариши ҳамда инфекцияга сабаб бўлмаслиги билан маълум. Бу эс уни болалар, ёши кексалар ҳамда диабет каби касалликка чалинганлар орасида ҳам ишлатиш имконини беради.

Британия ҳукумати бошқа вакцина устида ишлаётган Лондон империал коллежидаги олимлар фаолиятини ҳам қўлламоқда. «Даракчи молекулалар»га таянувчи бу вакцинани июнь ойида клиник синовдан ўтказиш режалаштирилган.

Ўтган ҳафтада БМТ бош котиби Антонио Гутерреш фақат вакцина ёрдамида «нормал» ҳаётга қайиш мумкинлигини айтиб, вакцина лойиҳаларини тезлатишга чорлади.

XS
SM
MD
LG