Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:48

"Сардоба иши": Судланувчиларнинг яқинлари асосий айбдорлар дахлсиз қолаётганидан норози


Сардоба фожиасида айбланаётганлар устидан маҳкама ишини Ўзбекистон Олий суди судлов ҳайъати кўриб чиқмоқда
Сардоба фожиасида айбланаётганлар устидан маҳкама ишини Ўзбекистон Олий суди судлов ҳайъати кўриб чиқмоқда

5 январь куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида "Сардоба иши" бўйича 17 киши устидан ёпиқ маҳкама жараёнининг навбатдаги - учинчи мажлиси бўлиб ўтди.

Маҳкамада иштирок этаётган адвокатлардан бирига кўра, мажлисда сув омбор қурилиши пайтида "Тўпaланг" каналлар бошқармаси бошлиғи бўлган Бахшулло Асадов ҳамда пудратчи ширкат раҳбари бўлган Каримжон Рўзиевлар кўрсатмаси тингланган.

28 декабрь куни ўтган иккинчи мажлисда айблов хулосаси ўқиб эшиттирилган ва судланувчиларга Жиноят Кодексининг 6 моддаси бўйича айблов эълон қилинган эди.

Айблов хулосасида ўтган йил 1 май куни Сардоба сув омборида юз берган фожиа доирасида жами 45 миллиард сўмлик (тақрибан 4 миллион 280 минг АҚШ доллари-таҳр.) зарар аниқлангани ва бунинг бир қисми ундирилгани айтилган.

Ўзбекистон Олий суди Сардоба фожиаси юзасидан "жиноят иши бевосита давлат сирлари билан боғлиқлиги" боис ёпиқ ўтишини билдирган ва шу сабабдан, маҳкамага оид маълумотлар қатъиян сир тутилмоқда.

Аммо судланувчилар яқинлари ва терговга тортилганларнинг, моддий зарар фақат қуйи бўғиндагилар - асосан субпудратчилардан ундирилаётгани, "Сардоба" сув омбори қурилиши учун масъул экани айтилган раҳбар Абдуғани Сангинов ва яқинлари ҳануз дахлсиз қолаётганидан норози экани айтилмоқда.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖга тегишли пудратчи ташкилотлардан бирида ишлаган ва терговга тортилган биргина етакчи мутахассис ҳозиргача 1 миллиард 100 миллион сўмлик зарарни қоплаганини билдирди.

Янги тафсилотлар

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди 5 январь куни "Сардоба иши" бўйича айбланаётган 17 киши устидан маҳкамани давом эттирди.

Адвокатлардан бирига кўра, эрталаб соат 9 дан соат 15:20 га қадар давом этган маҳкамада икки судланувчи - "Тўпaланг" каналлар бошқармаси бошлиғи бўлган Бахшулло Асадов ҳамда сув омбори қурилишида қатнашган пудратчи ташкилот раҳбари бўлган Каримжон Рўзиевлар кўрсатмаси тингланган.

Шунингдек, ушбу мажлисда судья мазкур жиноят иши тергови доирасида 171 киши сўроқ қилинганини айтиб ўтган.

Тошкентлик адвокатга кўра, 17 судланувчи орасида "Ўзбекгидроэнерго" ташкилотидан 4 киши, "Ўзбекистон темир йўллари" АЖдан 3 киши ва сув омбори қурилишига алоқадор масъуллар бор.

Озодлик тасарруфидаги маълумотларга кўра, кўрсатмаси тингланган судланувчи - Каримжон Рўзиев Сардоба сув омбори қурилишида қатнашган пудратчи ташкилот - “To’palang HPD Water Construction” ширкатининг қоғоздаги расмий раҳбари бўлган.

Сардоба сув омборининг қурилиш жараëнидан хабардор мулозимга кўра, мутахассислиги бўйича омбор қурилишига алоқаси бўлмаган Каримжон Рўзиев Сангиновнинг ҳамқишлоғи ва қурилиш жойидаги асосий вакили бўлган.

Айблов

21 декабрь куни суд Сардоба сув омборида юз берган тошқин билан боғлиқ жиноят иши доирасида қамоққа олинган 17 шахс ишини кўриб чиқишни бошлаганди.

28 декабрь куни 2020 йилнинг 1 майида юз берган ҳалокат бўйича ёпиқ маҳкаманинг иккинчи мажлиси бўлиб ўтди ва унда расмий айблов ўқиб эшиттирилди.

Суд жараёнини кузатаётган адвокатлардан бирига кўра, маҳкамада "Ўзбекгидроэнерго" ташкилотига қарашли "Тўпaланг" каналлар бошқармаси бошлиғи Бахшулло Асадов, “Ўзбекистон темир йўллари”га қарашди “Гидротехник иншоотлар қуриш дирекцияси” бошлиғи лавозимида ишлаган М. Холматов ва яна қатор пудратчи ташкилотларда ишлаган 15 мансабдор шахсга нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг қуйидаги моддалари билан айблов эълон қилинган:

  • 209-модда (мансаб сохтакорлиги),
  • 207-модда (мансабга совуққонлик билан қараш),
  • 257-модда (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш)
  • 258-модда (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш)
  • 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш),
  • 203-моддаси (сув ёки сув ҳавзаларидан фойдаланиш шартларини бузиш),
  • 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш),

"Бу жиноят ишининг суд пудратчиларга дахлдор ажратиб олинган бир қисми, бош пудратчиларга алоқадор қисми бўйича тергов ҳали давом этяпти. Ҳали яна 100 дан ортиқ одам терговга қатнаяпти", - деди исми сир қолиши шарти билан маълумот берган адвокат.

Гап коррупция ҳақида бораётгани учун ҳам бу маҳкама жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак

Ёпиқ суд

Мазкур жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Давлат Хавфсизлиги Хизмати Тергов бошқармаси томонидан олиб борилаётган тергов ҳаракатларининг дастлабки хулосасига асосланган.

25 декабрь кунги баёнотида Олий суд, Сардоба фожиаси юзасидан жиноят иши "бевосита давлат сирлари билан боғлиқ бўлгани сабабли" Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси 1-қисмига мувофиқ ёпиқ ўтишини билдирган эди.

Маҳкамада қатнашаётган адвокатнинг Озодликка билдиришича, маҳкамага айбланувчилар яқинлари қўйилмаётир, 20 дан ортиқ адвокатдан суд тафсилотларини сир сақлаш ҳақида тилхат олинган.

Яқинлари норози

Судланувчилардан бирининг яқини, асосан, "Сардоба" сув омбори қурилишида қатнашган субпудратчи ширкатлар раҳбарлари ва ходимлари тергов ҳамда маҳкамага тортилганидан норозилик билдирди.

Унинг Озодлик мухбири билан микрофонсиз суҳбатда иддао қилишича, сув омбори қурилишига масъул буюртмачи ва бош пудратчи ширкатлар раҳбарлари ҳануз дахлсиз қолмоқда:

"Ўзбекгидроэнерго"нинг ўша кездаги раҳбари А. Сангинов ва унинг пудратчи ширкатларни ёллаган ўғли Ислом Сангиновлар бемалол ишлаб юрибди. Ҳозир улар сум омбор қурилишларининг устида турибди, деб эшитяпмиз. Уларнинг мол-мулкига ҳам тегилгани йўқ. Судланган ва терговга тортилганларнинг ҳаммаси субпудратчи ташкилотларнинг раҳбарлари ва ходимлари, Сангиновга ишониб, узоқ йиллар бирга ишлаган ҳамқишлоқлари. Ёрдам сўраб ёки шикоят қилиб борганларни Сангинов умуман қабул қилмаяпти".

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖга тегишли пудратчи ташкилотлардан бирида ишлаган ва терговга тортилган биргина етакчи мутахассис ҳозиргача 1 миллиард 100 миллион сўмлик зарарни қоплаганини билдирди.

“Ўзбекгидроэнерго” АЖ Ахборот хизмати фожиадан икки кун ўтиб эълон қилган расмий баёнотида, "Сардоба“ сув омбори қурилишида масъул этиб белгиланмагани ва иштирок этмаган"ини иддао қилган эди.

2020 йилнинг 3 май куни эълон қилинган баёнотда 2010 — 2017 йиллар мобайнида барпо этилган “Сардоба“ сув омбори қурилишида "буюртмачи сифатида Сув хўжалиги вазирлиги (собиқ Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги), “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга қарашли “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” унитар корхонаси бош пудратчи сифатида иштирок этган.

Бундан ташқари, ушбу объектда 10 дан зиёд ёрдамчи пудратчи ташкилотлар (субподрядчик) қаторида “Резаксой сув қурилиш” МЧЖ (ҳозирги номи – “Toʻpalang Water Construction” МЧЖ) ҳам қурилиш жараёнларида ўзига ажратилган қисм бўйича қурилиш ишларини бажарган. Мазкур МЧЖ томонидан бажарилган ишлар тегишли тартибда қабул қилиб олингани" таъкидланади.

Аммо Озодлик суриштируви Сардоба сув омборининг буюртмачиси ҳам, қурувчиси ҳам Сангинов ва у раҳбарлик қилган ""Ўзбекгидроэнерго" АЖ эканини ўртага чиқарганди.

Нега ёпиқ?

Маҳкамада қатнашаётган тошкентлик адвокатга кўра, аслида суд очиқ ўтказилиши зарур:

"Сардоба иншооти трансчегаравий аҳамиятга эга ҳудудда қурилгани учун давлат сирига оид жиҳатлари бордир эҳтимол. Аммо гап масаланинг коррупциявий жиҳатлари ҳақида бораётгани учун ҳам бу маҳкама жамоатчилик учун очиқ бўлиши керак. Ҳукумат коррупцияга оид стратегик ислоҳотларни даъво қилаётган экан, маҳкамани махфийлаштириши бу даъволарга ишончни йўққа чиқаради. Ўзбекистонда маҳкамаларни давлат сири, важи билан махфийлаштириш аллақачон жамоатчиликда шубҳа уйғотадиган бўлиб улгурган.

Масалан, Бош прокурорлар Қодиров, Муродов ишида қандай давлат сири бўлиши мумкин?! ДХХ раиси Абдуллаевнинг иши юзасидан жамоатчиликка ҳеч бўлмаганда, тафсилотли хабар берилмаганига қандай изоҳ бериш мумкин? Демак, Ўзбекистон ҳукумати ҳар қандай ишни бемалол "давлат сири"га боғлайвериши мумкин экан. Шу призмадан қаралса, Сардоба техноген фалокати юзасидан бошланган маҳкама хам кишиларда шубҳа уйғотиши табиий".

Сардоба фожиаси сабабларини сув омборини қурган Сангиновнинг ўзи тафтиш қилади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:21 0:00

ДУК, УК, МЧЖдаги айбдорлар

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурхонов 6 октябрь куни берган баёнотида ҳозирги вақтда тергов органи томонидан тўғоннинг лойиҳаланиши, қурилиши, эксплуатация қилиниши, давлат комиссияси томонидан қабул қилинмаган ҳажмда сув тўпланиши жараёнларида йўл қўйилган қонун бузилиши ҳолатларига даҳлдор 17 нафар шахс тергов қилинаётганини билдирганди.

Бу шахслар орасида “Сирдарё сув қурилиш инвест” ДУК, лойиҳачи “UzGip” МЧЖ, бош пудратчи – “Ўзтемирйўлқурилишмонтаж” УК, пудратчи ташкилотлар “Резаксой сув қурилиш” УК, “Омад Дубл” МЧЖ, “Сариосиё қурилиш” МЧЖ, “Транс Сервис Комплекс” МЧЖ, “Тўпаланг Шеробод” ШК, Сув хўжалиги вазирлиги, Эксплуатация дирекцияси мансабдорлари борлиги айтилган.

Терговга жалб этилганларнинг 7 нафарига қамоққа олиш, 6 нафарига гаров, 4 нафарига муносиб хулқ-атворда бўлиш ҳақида тилхат эҳтиёт чораси қўлланган.

“Жиноят иши доирасида тегишли идораларнинг малакали мутахассисларидан иборат комиссия томонидан ўлчов ва тафтиш ишлари давом эттирилмоқда. Айбдор шахсларни аниқлаш билан бирга етказилган зарарнинг қопланишини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда”, - деганди Акмал Бурхонов.

Сардоба ҳалокати

1 май куни Сардоба сув омбори тўғонининг бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та уй-ҳовли, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар жой қисман зарарланган.

Уйлари бузилганлар орасида ҳануз бошпанасиз яшаётганлари талай ва уларнинг бир гуруҳи, 1 октябрь куни Сирдарё вилояти, Сардоба тумани, "Дўстлик" маҳалласида яшовчи саккиз фуқаро Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов қабулига еттинчи марта арз қилиб борганди.

Сардоба тошқинида уйлари вайрон бўлган бир гуруҳ фуқаролар ҳукумат ваъда қилган 40 миллион сўмлик ёрдам пули ва уй-жой ўзларига берилмаганидан шикоят қилиб келмоқда.

XS
SM
MD
LG