Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:02

Сардоба тошқинида уйини сув оқизиб кетган оила 2 ёш боласи билан ҳануз бошпана қидирмоқда (ВИДЕО)


Сардоба тошқинида вайрон бўлган аҳоли пункти, 2 май, 2020, Сардоба, Сирдарё
Сардоба тошқинида вайрон бўлган аҳоли пункти, 2 май, 2020, Сардоба, Сирдарё

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги сув тошқинида бошпанасини йўқотган ёш оила 8 ойдан буён ёрдам пули ва бошпанасиз яшаётганини айтиб, Озодликка мурожаат қилди.

27 яшар Муниса Турғунбоева​га кўра, 2020 йилнинг 1 майида Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши ортидан келган сув тошқинида у яшаб турган 3 хонали уй оқиб кетган. Аёл, ўшанда оиласига етган зарар 58 миллион сўм, деб қайд этилганига қарамай, ҳануз уй ва пул берилмаётганидан арз қилди.

Муниса Турғунбоева аҳволидан хабардор маҳалла фуқаролар йиғини вакилининг изоҳ беришича, ҳужжатларда бу оиланинг тошқинга қадар ўз уйи бўлмагани қайд этилган ва шу боис, ҳануз уларга уй ажратилмаган.

Озодликка сўнгги ойларда келаётган ўнлаб шикоятга кўра, сув тошқинига қадар ота-онасининг уйида яшаган ёш оилаларнинг уй ва ёрдам пули сўраб, қилган мурожаатлари рад этилмоқда.

Сирдарё вилоятининг Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида яшаган 27 яшар Муниса Турғунбоева 2 ёш боласи билан ҳануз бошпанасиз, ижара уйда яшаётганини айтмоқда:

Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида яшаган М. Турғунбоева мурожаати
Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида яшаган М. Турғунбоева мурожаати

- 8 ой бўлган бўлса, шундан бери бизга ёрдам пули берилмади, уй ҳам берилмади. Ижарама-ижара юрибмиз, унга ҳам пул етказиб бўлмай қолди, тўғриси. Бизга етказилган моддий зарар 58 миллион сўм, деб "Темир дафтар" га киритилган эди, - дейди Турғунбоева.

Бундан ташқари Турғунбоева, фожеадан 6 кун ўтиб туғилган кичик фарзанди оғир хаста экани, вақтинча қурилишларда ишлаб пул топаётган турмуш ўртоғининг топган пули, шу хаста гўдакни даволашга аранг етаётганини айтади:

Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида яшаган М. Турғунбоева мурожаати
Сардоба туманидаги Юртдош маҳалласида яшаган М. Турғунбоева мурожаати

- Боламнинг миясида киста (ўсимта) бор. Уни даволаш учун ойига бир ярим миллион сўм пул сарфлаяпмиз. Хўжайним кун иссиқ пайтларда ишлаб, топган пулини болани даволашга сарфлаётгандик. Ҳозир совуқ тушиб, иши тўхатб қолди – энди болани қандай даволатамиз, билмаяпмиз.

Турғунбоева аризасини қабул қилиб олган Сардоба туман ҳокимлиги ёки Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Сардоба туман бўлимидан бу борада бирор расмий жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Сардоба тошқинида уйсиз қолган 2 болали ёш оила совуқда бошпана қидирмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:26 0:00

Муниса Турғунбоева аҳволидан хабардор маҳалла фуқаролар йиғини раҳбарининг изоҳ беришича, ҳужжатларда бу оиланинг тошқинга қадар ўз уйи бўлмагани қайд этилган ва шу боис, ҳануз уларга уй ажратилмаган.

Исмини очиқламаётганимиз маҳалла раиси, шунга қарамасдан, оилага тегишли ҳужжатлар ваколатли органларга тақдим қилингани, якуний жавоб Сардоба тошқинида уйини йўқотганлар билан ишлаётган ҳукумат идоралари махсус комиссияси ҳукмида эканини таъкидлади.

2020 йилнинг 1 майида Сардоба сув омбори тўғони бузилиши оқибатида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида, расмий маълумотларга кўра, 2 570 та ҳовли-жой, 76 та кўп қаватли уй яроқсиз ҳолга келган, 1781 ҳовли, 52 та кўп қаватли турар-жой қисман зарарланган.

Ўшанда 24 та аҳоли пунктидан 90 мингга яқин одам эвакуация қилингани расман маълум қилинган эди.​

Уй-жойи ва мол-мулкини йўқотган ўнлаб сардобалик ҳануз бошпанасиз қолаётгани, моддий зарар қопланмагани, ҳатто кун кўриш учун моддий ёрдам ҳам берилмаётганидан арз қилиб, турли идораларга мурожаат қилишда давом этмоқда.

Озодликка келаётган ўнлаб шикоят мазмунига кўра, техноген ҳалокатга қадар ота-онаси уйида яшаган ёш оилаларга ҳам бошпана берилмаётир.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Президентнинг Дўрмондаги қароргоҳига норозилик юриши қилган сардобаликлар Дўрмон яқинида тўхтатилиб, ички ишлар идорасига олиб кетилган ва у ердан сирдарёлик расмийлар ҳамроҳлигида уйларига қайтарилганди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев офатдан зарар кўрган 4 ярим мингдан зиёд хонадон эгаларининг ҳар бирига 40 миллион сўмли ёрдам пули ҳам ваъда қилган эди.

Вазирлар Маҳкамаси эса 2020 йилнинг 25 ноябрдаги қарори билан “Табиий офатлар оқибатида аҳолига етказилган зарарни қоплаш тартиби тўғрисида” низомни тасдиқлаган эди.

Низомга мувофиқ, “жабрланган шахс”, “табиий офат”, “фавқулодда вазият” ва бошқа шу каби тушунчаларга аниқлама берилган, етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш тартиби, етказилган зарарни аниқлаш ва баҳолаш тартиби, жабрланган шахсларга eтказилган зарарни қоплаш тартиби ва бошқа шу каби меъёрлар тасдиқланган.

XS
SM
MD
LG