Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:18

Кластер: Ўртачирчиқда икки ойлик маошини ололмаган пахта тозалаш заводи ишчилари иш ташлади


Ишчилар норозилигига маошлари вақтида берилмагани сабаб бўлган
Ишчилар норозилигига маошлари вақтида берилмагани сабаб бўлган

Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида кластерга айлантирилган собиқ “Қорасув пахта тозалаш” заводининг маошлари вақтида берилмаганидан норози 200дан ортиқ ишчиси 16 февраль куни иш ташлади.

Икки кундан бери ишга чиқмаётган ишчиларнинг Озодликка айтишича, улар икки ойдан буён маош олишмаган. Ишчилар норозилик акциясини иш ҳақлари тўлаб берилгунича давом эттиришларини айтишмоқда.

Заводнинг ҳозирги эгаси Real Tex Tashkent кластер корхонаси мулозимлари ишчилар ойлигини бериш учун банкдан кредитга пул олиш ҳаракатлари бўлаётганини таъкидлашди.

Кластерга айланган пахта тозалаш заводи ишчилари иш ташлагани ҳақида Озодликка ишчиларнинг ўзлари хабар қилди.

“Ноябрь ойлигини декабрда икки марта бўлиб беришди. Шундан бери ойлик йўқ. Ишчилар норозилик билдиргандик, раҳбарлар аввалига 5 февраль куни маошлар берилишига ваъда беришди. Кейин “15 февраль тунги соат 00:00гача ойликлар пластик картага тушириб берилади”, деб ваъда беришди. Раҳбарларнинг бу ваъдаси ҳам бажарилмагач, 16 февраль куни эрталабдан иш ташладик”,- дейди исми очиқланмаслигини сўраган ишчи.

Бошқа бир ишчининг айтишича, декабрь ойида ҳам маошлар ўз вақтида берилмагани сабаб ишчилар иш ташлаган ва кейин ойликларини олишга муваффақ бўлишган:

“Декабрда ҳам иш ташлаш қилганимиздан сўнг ойликларимизни пластик картамизга тушириб беришганди. Ҳозир пандемия шароитида кўпчиликнинг уйидагилари ишсиз қолган. Бизникида ҳам фақат мен ишлаяпман. Бир тийин пулсиз қолдик”.

Бошқа бир ишчи ойлик берилмагани сабаб пулсиз қолганини кўрсатиш учун пластик картаси ҳисобида қанча пул борлигини суратга олиб Озодликка йўллади.

Суратда карта ҳисобида 284,69 сўм пул борлиги кўрсатилган.

“Бор пулимиз шу. Заводга бориш учун йўлкирага ҳам пул йўқ. Еб-ичишни зўрға эплаяпмиз”, дейи пластик карта эгаси эканини айтган ишчи.

Ишчилар ҳисоб-китобича, заводда 240 нафар ишчи бўлиб, уларнинг барчаси иш ташлаган.

Озодлик суҳбатлашган ишчиларга кўра, улар норозилик акциясини иш ҳақи берилмагунча давом эттиришни режалаганлар.

“Завод кластерга ўтганидан бери шу аҳвол. Раҳбарлар “хоҳламасанг ишлама” деб дўқ қиляпти. Мана энди иш ташлаганимиздан кейин завод икки кундан бери тўхтаб ётибди”, - дейди завод ишчиларидан яна бири.

“Қорасув пахта тозалаш” заводининг ҳозирги эгаси Real Tex Tashkent МЧЖ мулозимлари кластер ҳисобида ишчиларга пул тўлаш учун етарли маблағ йўқлигини айтиб, банкдан кредит олиш ҳаракатлари бўлаётганини айтди.

Айни пайтда мулозим банкнинг қачон кластерга кредит бериши номаълумлиги ва шу боис ишчиларга ойлик бериладиган куннинг аниқ санасини айта олмаслигини билдирди.

Вазирлар маҳкамасининг 2019 йил 18 мартдаги қарори билан кластерларга айлантирилган 50дан зиёд пахта тозалаш заводи рўйхатида “Қорасув пахта тозалаш” заводи ҳам бор.

Озодлик кластерлаштиришга зўр бериш ҳаракатлари ортидан юзага келаётган муаммолар ҳақида шу пайтгача ўнлаб мақола эълон қилган.

Айнан пахта заводлари кластерга айлантиргач маошлари вақтида берилмаганига норозилик билдирган ҳолатлари ҳам кўп бўлган.

Жумладан, “Шаҳрисабз-текстиль” МЧЖ тасарруфига ўтказилган Яккабоғ пахта тозалаш заводининг 39 ишчисига 8 ойлик иш ҳақини ололмаётганига норозилик билдириб, видео чиқиш қилганди.

Ишчилар мурожаати
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:27 0:00

Тошкент вилояти Пскент туманидаги пахта тозалаш заводи ишчилари ҳам заводнинг кластерга айлантирилганидан ва маошлари вақтида берилмаётанига норозилик билдириб, видео мурожаат билан чиққанди.

Вазирлар маҳкамаси пахта заводларининг кластерларга айлантиришга оид қарорини соҳадаги “ислоҳотларни чуқурлаштириш ва бозор муносабатларини жорий қилиш, пахта хомашёсини қайта ишлаш ҳамда тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш тармоқларининг интеграциялашувини янада кенгайтириш” мақсади билан изоҳлаган.

"Тақиқланган иш ташлаш"

Ўзбекистон Конституциясининг 33-моддаси фуқароларнинг "ўз ижтимоий фаолликларини Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ митинглар, йиғилишлар ва намойишлар шаклида амалга ошириш ҳуқуқи"ни кафолатлайди. Унда "ҳокимият органлари фақат хавфсизлик нуқтаи назаридангина бундай тадбирлар ўтказилишини тўхтатиш ёки тақиқлаши" мумкинлиги айтилган.

Амалдаги қонунчиликда "тақиқланган иш ташлаш" тушунчаси мавжуд, аммо "қонуний иш ташлаш" тартиби белгиланмаган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси "тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш ёки фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилганлик учун" энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Мамлакатда ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган ёки уларнинг иш ташлашларини мувофиқлаштирадиган мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмас.

XS
SM
MD
LG