Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:47

“Проект” Россия ИИВ раҳбарининг 2 млрд рубллик мулкини фош қилди


Владимир Колокольцев
Владимир Колокольцев

Яқинда “Проект” нашри бош муҳаррири Роман Баданин, унинг ўринбосари Михаил Рубин ва мухбир Мария Жолобоваларнинг уйларида тинтув ўтказилди. Журналистлар бу воқеани “Проект” сайтида эълон қилинган мақола билан боғламоқдалар.

Нашр Россия ички ишлар вазирининг ўғли Александр Колокольцев жуда катта қийматли сон-саноқсиз мол-мулкга эгалик қилиши ҳақида ёзиб чиққан эди. Аслида очиқ бўлиши керак бўлган бу маълумотлар қаттиқ сир тутилади. Сабаби, журналистлар фикрича, бу мулклар, жумладан жиноят олами авторитетлари билан яқин алоқалар ҳисобига харид қилинган бўлиши мумкин.

Александр Колокольцевнинг Заречьедаги уйи

Москва шаҳрининг Россия элитаси жойлашиб олган Рублёвка мавзесида Заречье деган жой бор. У Рублёвканинг энг баҳаво қисмларидан биридир. Заречьедаги уйлар Лос-Анжелеснинг манаман деган кошоналаридан қолишмайди ва ҳар бири камида миллиард рубл туради.

Яқинда бир одам Заречьедан жами 1,2 млрд рублга 100 гектар ер ва қарийб 1300 кв. метр яшаш майдонига эга ҳашаматли уйга соҳиб бўлади. У янги уйига кўчиб келишга улгурмасдан Росреестрнинг кадастр маълумотларида мазкур мол-мулк тўғрисидаги ёзувлар ғойиб бўлади. Ушбу сирли бойвачча 32 яшар москвалик тадбиркор Александр Колокольцевдир, бу саройдан унинг фойдасига кечган одамнинг исми шарифи эса Лилия Каиль. Мазкур олди-сотдига доир маълумот нега Базадан ўчириб юборилган бўлиши мумкин?

Гап шундаки, Александр – Россия ички ишлар вазири Владимир Колокольцевнинг ўғли. У тадбиркорлик қилади, аммо кошона сотиб олинган 2016 йилда унга қарашли ширкатнинг соф фойдаси 90 млн рублга ҳам бормаган.

Лилия Каиль эса Измайлово жиноий гуруҳига яқин нуфузли тадбиркорлардан бирининг хотинидир. Колокольцевлар бу оила билан кўпдан бери қалин.

Череп, Тайванчик ва бошқа мўътабар танишлар

Измайлово уюшган жиноий гуруҳи 90-йилларда Россиядаги энг қудратли тўдалардан бири саналган. Россия сиёсат ва бизнес аҳлининг кўплаб намоёндалари у ёки бу шаклда мазкур гуруҳ билан алоқадорликда гумон қилинган. Чунончи, собиқ спорт вазири ва Ельциннинг шахсий теннис мураббийи Шамил Тарпишев измайловоликлар билан бирга “бизнес қилган”, ҳатто уларга мамлакатга бож тўловларисиз алкоголли ичимликлар ва тамаки маҳсулотлари олиб келиш учун Ельциндан рухсат олиб берган, деган тахминлар бор.

Россия криминал тарихидаги энг машҳур шахслардан бири бўлган Тайванчик ҳам Измайлово гуруҳига дахлдор бўлгани айтилади.

Измайлово гуруҳининг “ҳуқуқий муаммолари” билан Череп лақабли Лев Черепов шуғулланган. У асли қирғизистонлик бўлиб, маҳаллий милиция бўлими бошлиғи бўлиб ишлаган. Қирғизистоннинг собиқ бош вазири Феликс Кулов уни “ўз вақтида ростдан ҳам яхши юрист эди”, деб таърифлаган. Череп шунчаки юристлик қилмаган, албатта. Гуруҳнинг давлат идоралари ва “силовиклар” билан алоқаларини таъминлаган, вақти-вақти билан амалдорларни зиёфат қилиб, уларга “улуш” бериб турган.

“Проект”га кўра, ички ишлар вазири Владимир Колокольцев билан Черепов аввалдан яқин муносабатда бўлганлар. Рублёвкадаги ҳашаматли мулкини Колокольцевларга ўтказиб берган хоним, Лилия Каиль эса Череповнинг рафиқасидир. Яъни, бу ўзаро фойдали олди-берди.

Зоя Бердичевская ким?

Владимир Колокольцев, Черепов сингари, бир пайтлар оддий милиционер бўлиб ишлаган. Кейин жиноят-қидирув бўлимига ўтган. Орадан анча вақт ўтиб, 2007 йилда уни Орёл шаҳри ИИБга бошлиқ қилиб тайинлашади, у ердан — 2012 йилда Москва шаҳри бош полициячиси бўлиб кўтарилади, 2012 йилда эса ички ишлар вазири лавозимини эгаллайди.

“Омадли ментлардан бири. Хотини тадбиркорликдан вақтида яхши пул топган, Колокольцевнинг мансабда ўғрилик қилишига ҳам зарурат йўқ”, деб ёзишганди у Москва шаҳри ИИББга бошлиқ бўлиб тайинланган кезларда.

Бироқ Вера Колокольцеванинг ҳеч қанақа бизнеси йўқ. Даромадлар декларациясига қараганда, вазирнинг оиласи камтарона ҳаёт кечиради. Колокольцев вазир бўлганидан бери хотини икковининг номида биронта ҳам янги мулк пайдо бўлмаган. Расмий ҳужжатларга кўра, эр-хотин 20 йилдан буён 90 кв. метрли квартирада истиқомат қилади.

Вазирнинг рафиқаси Вера Ивановна Ростов вилоятининг Громковский деган қишлоғидан. Бир замонлар у Зоя Ивановна Бердичевская исмли аёл билан бирга оддийгина хусусий уйда яшагани айтилади. Қизиғи шундаки, Зоя Ивановнанинг оиласи йил сайин бойиб кетаверган. 2012 йилда, Колокольцев вазирликка кўтарилганидан бир оз ўтиб Бердичевскаянинг ўғли Рублёво-Успенский йўли яқинидан данғиллама ҳовли-жой сотиб олади. Уйнинг баҳоси, атрофидаги ерлар билан бирга 200 миллион рублгача бўлиши мумкин.

Зоя Бердичевская ва оиласи бунча пулни қаеран олган бўлиши мумкин? Ҳолбуки эри иккови аллақачон нафақада, уйни ўз номига сотиб олган ўғли Дмитрий эса, аниқланишича, кичик бир транспорт ширкатида ишлар экан.

Яна бир ғаройиб тасодиф шуки, Зоя Бердичевская ва оиласи донғи чиққан криминал авторитет — Япончикнинг беваси билан узоқ йиллар қўшни бўлиб яшаган.

Бердичевскаялар оиласи қандай қилиб Рублёвкадан уй сотиб олгани коронавирус пандемияси вақтида тўсатдан маълум бўлиб қолди. Кунларнинг бирида Зоя Ивановна Шевелкинодаги чорбоғига бориш учун рухсатнома сўраб ариза беради. Бундан хабар топган журналистлар ҳушёр тортишади: шаҳардан ташқаридаги ҳашаматли хусусий уйда яшайдиган одамнинг Шевелковога “табиатни кўргани” бориши ғалати-ку? Аммо ўша ўртамиёна чорбоғнинг эгаси Владимир Колокольцев экани, уни 2000 йилда, оддий “опер” бўлиб ишлаб юрганида сотиб олгани маълум бўлгач таажжублар ҳайратга айланди.

Ташқарига “сизган” маълумотларга кўра, Бердичевская камтарона “Тойота Камри”да юради. Лекин номида бирйўла иккита “Порше” автомобили бор.

Аён бўладики, Бердичевскаялар оиласи Колокольцевларнинг эски ва одмироқ мулкларидан фойдаланишади, айни чоғда уларнинг номларида бошқалар фойдаланадиган ҳашаматли мулк ва буюмлар мавжуд. Ўша “бошқалар” — ким?

Катта эҳтимол билан, Зоя Бердичевская ички ишлар вазирининг қайнсинглиси, хотинининг опаси ва ўғлининг холасидир.

Шевелкинодаги кооператив чорбоғга келсак, уни Колокольцевга узоқ 2000 йилда Измайлово жиноий гуруҳига мансуб тадбиркор, Череповнинг жияни Павел Задорин берган бўлиб чиқди.

Игорь Чуян, Аркадий Ротенберг ва алкогол бозорининг бошқа наҳанглари

Ўн йилча аввал Алкоголли маҳсулотлар бозорини назорат қилиш федерал хизматининг ўша пайтлардаги раҳбари Игорь Чуян илгари ИИВда ишлаган бир ёрдамчисидан Владимир Колокольцев ҳақида тавсифнома сўраган эди. Ёрдамчи собиқ ҳамкасбини хўп мақтайди ва шундан сўнг кўп ўтмай Колокольцев вазир бўлиб кўтарилади.

Айтишингиз мумкин: алкогол мулозими ким бўлибдики, ички ишлар вазирини тайинлашга аралашса, деб. Гап Россиядан бошқа мамлакат ҳақида бўлганида бу савол ўринли бўлур эди.

Чуян қарийб ўн йил Россия алкогол бозорига раҳбарлик қилган. Путиннинг яқин дўсти Аркадий Ротенберг унинг валинеъматидир. Қолаверса, Павел ва Валерий Задоринлар ҳам Чуяннинг алкогол олами тепасига келишида муҳим рол ўйнаганлар. 1990-йилларда Чуян Измайлово гуруҳи таъсири остида бўлган Миллий спорт фондига қарашли ширкатлардан бирининг директори эди.

2014 йилда ака-ука Задоринлар Россияга алкоголли маҳсулотлар олиб кирувчи “Селятино” божхона терминалини қўлга киритишди. “Проект” маълумотига кўра, бурунги соҳиби сердаромад жойни сотишни мутлақо хоҳламаган. Шунда Чуян шахсан ўзи келиб, уларни кўндирган. Бутун бозорни бошқарадиган одамга йўқ дейиш ўнғайсиз эди, қолаверса музокараларда ИИВ раҳбари Колокольцев номи ҳам янграган.

“Чуян терминал энди Задоринларга ўтишини, аммо энг катта хўжайин Колокольцев бўлишини айтган”, дейди нашр манбаси.

Ҳозирда Задоринлар — Рублёвкадаги Заречье мавзесида, жисмонан ўша ерда истиқомат қилса-да, расмий қайдларда буни сир тутадиган ички ишлар вазирининг ўғли билан қўшни яшашади.

Александр Колокольцевнинг мол-мулкларию бошқа ютуқлари

Агар биров, у ҳатто давлат хизматчиси бўлсин, Росреестрдан кичик Колокольцевнинг мол-мулклари тўғрисида маълумот олмоқчи бўлса, қўлидан ҳеч нима келмайди. Ёш тадбиркор ва унинг рафиқаси Кристинага тегишли барча мулклар кўздан яширилган. Давлат идоралари ички ишлар вазирининг ўзига оид мулклар ҳақидаги маълумотларни яширганларида ҳам бошқа гап эди. Аммо нега унинг вояга етган, нафақат кучишлатар идораларда, балки умуман давлат хизматида бир кун ҳам ишламаган ўғлига қарашли сон-саноқсиз мулклар ёппасига махфийлаштирилган?

Бир неча ой шуғулланиб, ёш Колокольцев мулкларининг узун рўйхатини тузган “Проект” ушбу оилани қуршаб олган махфийлик ҳалқаси тўғрисида ўз версиясини илгари сурмоқда. Гап шундаки, Александр Колокольцев 37 ёшга тўлгунича қўлга киритган барча мол-мулкнинг умумий қиймати қачондир у эгалик қилган барча ширкатларнинг даромадларидан сезиларли даражада кўп.

Колокольцевлар оиласининг мулклари

Ички ишлар вазирининг оиласи қиймати 2 млрд рублдан ортиқ қимматбаҳо мол-мулкларга эгалик қилади. Мана уларнинг тўлиқ рўйхати:

Тверь туманида квартира ва парковка жойлари – 215 кв. метр, 121 млн рубль;

Ленин проспектида учта квартира – жами 350 кв. метр, 144 млн рубль;

Ўша ердаги 23 машинага мўлжалланган парковка жойи – 27 млн рубл;

Хамовникидаги келинига қарашли квартира – 178 кв. метр, 177 млн рубль;

“Москва-Сити”даги апартаментлар – 157 кв. метр, 80 млн рубль;

Дмитрий Бердичевский номида турган уй ва ер майдони – 600 кв. метр, 30 соток, 200 млн рубл;

Заречьедаги уй ва ер майдони – 1250 кв. метр, 100 соток, 1,2 млрд рубль;

Заречьедаги квартира – 244 кв. метр, 76 млн рубл.

Ҳужжатларга кўра, вазир ўғлининг ягона муваффақиятли бизнеси бу низом жамғармасида Колокольцевларнинг 40 фоизлик ҳиссасибор “ФБ Групп” ширкатидир. Европада ноқонуний пул ювишда гумон қилинган мазкур ширкатнинг йиллик даромади 40 млн.дан 250 млн рублгача. Бошқа бизнеслари ё зарарига ишлайди, ёки арзимаган фойда келтиради.

Россия Ички ишлар вазирлиги “Проект”нинг кичик Колокольцевга тегишли мулклар ҳақидаги маълумотларнинг сир тутилиши сабаби хусусидаги саволига жавоб бермаган.

Шунингдек, Бердичевская оиласи билан қариндошлик, ушбу оиланинг бойиб кетиши, Задоринлар ва Череповлар оилалари билан танишлик ва Заречьедаги саройнинг сотиб олиниши билан боғлиқ ҳолатлар юзасидан берилган саволлар ҳам жавобсиз қолдирилган.

XS
SM
MD
LG