Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:42

Куни билан далада, кечаси ҳокимдан сўкиш эшитади - фермерлар ва бюджет ходимлари бу йилги пахта ҳақида


Ўтган беш йилда Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам берилгани амалдаги президент Шавкат Мирзиёев сайловолди тарғиботларининг марказий мавзуларидан бирига айланган. Президент ўз чиқишларида мамлакатда "пахта даври" тугагани, ўзбек деҳқони пахтадан даромад кўрмагани, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалардаги ислоҳотлар давом этишини урғуламоқда.

Айни пайтда Озодликнинг “Sizdan Telegram” лойиҳасига келаётган хабар ва мурожаатлар мамлакатда пахта йиғим-терими мавсуми ўтган йиллардаги каби мажбурлаш ва куч ишлатар тизимларнинг қаттиқ назорати остида кечаётганини кўрсатмоқда.

Бюджет ташкилотлари ходимлари “мажбурий-ихтиёрий” тарзда далага олиб чиқиларкан, ҳукумат мулозимлари ва ҳокимлар меҳнат қонунчилигига зид равишда якшанба кунлари ҳам селектор йиғилишларини ўтказмоқда.

Кластерга бириктирилган фермерлар эса, қонунда аллақачон бекор қилинган пахта режасини ошириш талаб қилинаётганидан арз қилишади.

Айни дамда жаҳон биржаларида пахта нархи ошмоқда - йил бошидан буён пахта толасининг жаҳон бозоридаги нархи 28%га ошиб, 1 тоннаси 2280 долларга етди. Аммо бу кўтарилишдан ўзбек фермерлари наф кўрмайди.

Президент Шавкат Мирзиёев Қўштепа туманида пахтани томчилатиб суғориш технологияси билан танишди
Президент Шавкат Мирзиёев Қўштепа туманида пахтани томчилатиб суғориш технологияси билан танишди

"Куни билан пахта даласида, кечаси сўкиш эшитади"

Бугунда Ўзбекистонда, расмий ҳисоб-китобларга кўра, 4,7 миллион хусусий деҳқончилик хўжаликлари мавжуд бўлиб, улардан 87 мингдан зиёдроғи – фермерлардир.

Пахта ва ғалла экинлари етиштиришга ихтисослашган хўжаликларнинг бир қисми бугунда 96та пахта-текстил кластерига бирлаштирилди.

Аммо ҳатто қонунан мустақил тузилмага айтантирилган бу хўжалик субъектлари давлатнинг қаттиқ назорати остида қолмоқда, кўринади.

Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидан Озодликнинг Телеграмига хабар йўллаган фермерлар ҳокимнинг пахта тераётган деҳқонлар устидан ўрнатган зўравонлиги ва тинимсиз мажлисбозликдан шикоят қилди.

“Навоий вилоятининг Қизилтепа туманидан ёзаяпмиз. Бизда ҳозир пахта йиғим-терим бўлмоқда. Қизилтепа туман ҳокими Набиев Шабон Шодиевич ҳар куни кечки соат 9:00 да Тошработ қишлоғида йиғилиш қилади. Фермерлар куни билан пахта далада оч-наҳор юрсаю, кечаси билан уни сўкишини эшитса - бу қандай қонунчиликка тўғри келади?! Ўзига тегишли фермерларга гапирмайди - бошқа худуддагиларни зериктириб юборган. Фермерларга яхши муомалада бўлишларини сўраймиз”, деб ёзди қизилтепалик фермер.

Деҳқон Қизилтепа туманида бюджет ташкилотлари Ўртачўл ҳудудига пахта теримига чиқарилаётгани ва 23 сентябрда пахтадан қайтаётган “Дамас” ағдарилгани, бу ҳақда маълумот эса маҳаллий идоралар томонидан яширилаётганини ҳам иддао қилди.

Қизилтепа туман ҳокимияти юқорида тилга олинган ҳолатга расмий муносабат билдириб, жорий йил туманда етиштирилган пахта ҳосилини йиғиб териб олиш учун 16 минг нафар ишчи кучига эҳтиёж борлиги аниқланган ҳамда фермер ва 16337 нафар аҳоли вакиллари ўртасида шартномалар имзоланганини маълум қилди.

“Бундан кўриниб турибдики, мавжуд пахта ҳосили теримига бюджет ташкилотлари ходимларини мажбурий жалб этишга ҳеч қандай зарурат йўқ. 23 сентябрь куни туман ҳудудида чиндан ҳам “Дамас” русумли автомобиль ағдарилган. Аммо бу воқеанинг пахта теримчилари билан ҳеч қандай алоқаси йўқ”, дейилади Озодликнинг Телеграм каналига келган расмий жавобда.

Пахта териш ва қўйиш санъати

Ижтимоий тармоқларда пахта мавсумида тарқалган бу видеода ёш йигитчанинг комбайнга ўхшаб оқ пахта тераётгани экс этган.

"Бу боланинг олдида пахта терадиган комбайн ҳам хижолатда", деб ёзди тармоқ фойдаланувчиларидан бири.

Бошқа фойдаланувчилар пахтани бу йўсин териш учун йиллар давомида катта тажриба тўплаш зарурлигига эътибор қаратишди.

Буни тан олган Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов бир қўл билан "пахта тераётгани" акс этган суратни тармоқларга жойлади.

Пахтани теришни ҳам, қўйишни ҳам ҳеч ўргана олмадим”, дея киноя қилди амалдаги президент Мирзиёевнинг тарғибот командаси аъзоси бўлган Комил Алламжонов.

Бундан аввал Алламжоновга қарашли Milliy телеканалида амалдаги президент ва президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг ҳаёти ва меҳнат йўлига бағишланган "Халқ президенти" номли ҳужжатли фильм намойиши қолдирилган эди.

Алламжонов фильм намойишининг қолдирилишига "ҳуқуқшунос-экспертларнинг тавсияси" сабаб бўлганини айтган.

Ўқувчиларни пахта даласидан излашмоқда

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидаги Ёви маҳалласида эса, мактаб ўқувчилари дарсга бормасдан пахта теримига кетиб қолмоқда. Туманнинг 30-мактаб ўқитувчиларидан бири ёзади:

“Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан ёзмоқдамиз. 27 сентябрь куни “Сиздан Телеграм” канали орқали 30-мактаб давомати тўғрисида мактуб чоп этилгач, 7-8-9-10-11-синф раҳбарлари дарсга бормаган ўқувчиларни пахта даласидан излади. Бу ҳолат тўғрими?”

Каттақўрғонликлардан бири Озодлик билан суҳбатда аксар болалар ота-онаси ёки яқинлари ўрнига пахта теримига юборилаётганини билдирди.

Бюджет ташкилотлари яна пахтада

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманида эса бюджет ташкилотлари яна пахта йиғим-теримига жалб этилмоқда. Бу ҳақда хабар йўллаган Озодлик мухлисларидан бири ишчиларни далага жўнатиш билан маҳаллий ҳокимият ходимлари шуғулланаётганини билдирди.

Ўтган ҳафта шанба, якшанба кунлари Фарғона вилояти Ўзбекистон тумани ҳокимияти томонидан бюджет ташкилотлари ходимлари пахта теримига мажбуран олиб чиқилган эди. Бу ҳафта ҳам шундай. Туман ҳокимлиги Президентимизнинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш ҳақидаги талабини унутиб қўйдими?”, деб ёзди бюджет ташкилоти ходими.

Бундан олдинроқ Озодликка мурожаат қилган фермерлар Ўзбекистон Бош вазирининг қишлоқ хўжалиги учун масъул ўринбосари Шуҳрат Ғаниевнинг тинимсиз селекторларидан чарчаб кетганини гапириб берганди. Шунингдек, селектор йиғилишларини тинимсиз олиб бораётган Хоразм вилоят ҳокими Фарҳод Эрманов Хива ва Урганч шаҳридаги “маҳаллалардаги бекорчилар” ва “коммунал тўловларни тўламаганларни” пахта даласига олиб чиқишга мажбурлаётгани аудиоёзувлари эфирга узатилган эди, Бухорода эса пахта теримига яна вилоят прокуратураси аралашаётгани айтилганди.

Режани бажарган Бухоро фермерлари нархни белгилашни сўради

Айрим фермерлар эса ҳатто юқоридан туширилган пахта ва ғалла плани бажарилса-да, муаммолар тугамаслигидан арз қилмоқда.

Бухоро вилоятидан мурожаат қилган фермерлардан бири исмини маълум сабабларга кўра очиқламасликни сўради. У меҳнат ҳақини сарфланган ҳаражатларни ҳисобга олган ҳолда давлат идоралари томонидан белгиланишини сўради:

Бир неча фермер пахта режасини бажарган бўлса-да, пахта нархини белгилаш пайсалга солинмоқда. Ғалла ҳам худди шундай бўлган эди. Ўрим бошланмасдан дон нархини 1900-2100 сўм дейилган, лекин охирида ўтган йилги нарх – 1550 сўм қилиб белгиланган эди. Натижада айрим фермер хўжаликлари имтиёзли ғалла кредитини ёполмай давлатдан, техник хизмат кўрсатувчи корхоналардан қарз бўлиб қолди. Бу йил техника хизмати, минерал ўғит, ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари икки бараварга қимматлади. Пахтага одилона нарх белгилашда Президентимиздан кўмак сўраймиз”.

Яна бир бухоролик фермер эса, унга мутлақо нафи тегмаётган пахта экинидан чарчаб кетгани, ундан кўпроқ мажлисларда сўкиш эшитаверишдан безгани ҳақида ёзғиради. У пахта режасининг кучда қолаётгани яна қўшиб ёзиш ва коррупцияни урчитишидан хавотир билдиради.

Бухоролик фермерман, шу пахта ҳам жонга тегди! Мирзиёев 11 октябрь Бухорога келар экан. У киши келганча пахтани тўлдириш керак экан. Ҳар эрталаб 6 да вилоят ҳокимини мажлиси бор, фақат сўкиш, урушиш. Бу ахмоқгарчилик эмасми? Пахта бўлса тўлдирамиз-да, бу кўшиб ёзишга дават эмасми?!”- дейди бухоролик деҳқон.

Жиззахда савдогарларга “пахта солиғи” солинди

Ўзбекистонда тадбиркорларлардан пахта учун пул йиғиш амалиётлари кенг тарқалган. Озодлик 2020 йилда Наманганда бизнесменлардан 800 мингдан 5-6 миллион сўмгача, Тошкентдаги “Чилонзор буюм савдо комплекси”, Зангиота туманида жойлашган "Чинни бозори" ва Жиззахдаги "Қўшчинор бозори" тадбиркорларидан эса 1-2 миллион сўмдан “пахта солиғи” солингани тўғрисида хабар берган эди.

Афтидан, жойларда бу тажриба ҳануз давом этмоқда. Озодликка мурожаат қилган жиззахлик савдогарларга кўра, маҳаллий ҳокимият ҳеч қаерда белгиланмаган бу “ўлпон”ни йиғишда давом этмоқда.

Жиззах шаҳридаги Кўк бозорда кийим-кечак сотаман. Яқиндан бирданига дўконлар учун ижара пули бир миллион сўмга оширилди. Масалан, 3 миллионлик магазинлар 4 миллионга чиқди. Бундан ташқари, 1 млн сўмга яқин солиқлар бор. Пахта мавсумида ҳар бир дўкондан кунига 30 минг сўмдан пахта пули ҳам йиғилмоқда. Суриштирдик, биздан бошқа хеч қайси бозорда пахтага мажбурий пул йиғилмаяпти экан. Ҳолатни назоратга олишларини сўраймиз”, дейди жиззахлик Озодлик тингловчиси.

Президент: Пахта тердик, бироқ биримиз икки бўлмади!

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан президентликка номзод Шавкат Мирзиёев наманганлик сайловчилар билан учрашув чоғида пахтанинг фермерлардан харид нархи 40 фоизга оширилганини айтди.

- Наманганга бир қамчи, қолган вилоятларга 11 қамчи дердим. Пахта бажарилмас, ғалла азоб эди. Чунки манфаат йўқ эди. Попда терилган пахта қаерга кетарди, бош вазир бўлиб менам билмасдим...

Узоқ йиллар эгилиб пахта экдик ва пахта тердик, бироқ биримиз икки бўлмади. Бўлмади! Агар кимдир бу гапга рози бўлмаса, марҳамат, келсин, истаганча баҳс қилишим мумкин.Мен Жиззах ва Самарқандда ҳоким бўлганман, ишим фақат пахта тайёрлаш эди. Аммо шунча пахта экиб, халққа бир сўм даромад бера олмадик. Ҳар йили шу вақтда ҳаммамиз пахта тераётган бўлардик. Қарияларни далага киритиб: «Нуронийлар пахта термоқда», деган баландпарвоз гаплар билан телевизорда кўрсатардик. Энди у кунлар ортда қолди, деди Шавкат Мирзиёев.

Аммо Озодликка мурожаат қилаётган фермерлар Мирзиёевнинг кластер тизими бир ҳовуч бойларнигина бойитаётгани, фермерларни даромаддан маҳрум қилганини айтишади. Аҳолисининг 60 фоизидан кўпи қишлоқ ҳудудларидан яшайдиган Ўзбекистон учун ерни хусусийлаштириш ва қишлоқ хўжалигидаги туб ислоҳотлар аҳоли ҳаётини яхшилаш ва янги иш ўринлари яратишнинг асосий манбаси сифатида кўрилади.

Пахта нархи 10 йиллик энг юқори даражага кўтарилади

Жаҳон бозорида эса пахта нархи кескин ошиб бормоқда.

Пахта фючерслари қарийб ўн йил ичида биринчи марта 1 фунт стерлингдан (1 килограм тақрибан 2,2 фунт, таҳр.) ошди. Бу ҳақда хабар қилган Bloomberg агентлигига кўра, пахта нархининг кўтарилишига ноқулай об -ҳаво ва юк ташишдаги қийинчиликлар сабаб бўлмоқда.

Хабарда айтилишича, дунёдаги пахта экспорти бўйича муаммолар бу экинни етиштирувчи йирик мамлакатларда вужудга келган муаммолар, хусусан, АҚШ пахта далаларининг ёмғир босгани билан боғлиқ экани айтилмоқда. Шу билан бирга, пахта харидорларининг толага бўлган эҳтиёжи ошгани кузатилмоқда: Мексика ва Хитой рекорд ҳажда пахтани сотиб олмоқда. Мутахассислар таъминот муаммоларини юк ташиш тезлиги ва геосиёсий вазият билан ҳам боғламоқда.

Нью-Йоркда шу йилнинг декабрида пахта толасини етказиб бериш контракти 3,6% га ошиб, бир фунтга 1,0155 долларни ташкил этди. Метрик бирликларга ўтказилганда, 1 тонна пахта толаси фючерс контрактларида 2280 долларгача сотилмоқда. Бу 2011 йил ноябридан буён энг юқори кўрсаткич. Бу дегани жорий йилда пахта нархи 28%га ошди.

Агентлик маълумотича, пахта фючерсларининг кўтарилиши кийим-кечак ишлаб чиқариш харажатларини оширади, жумладан нарх-навонинг ошишига ҳам олиб келади.

Пахта муаммолари энг йирик кийим-кечак ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Хитойга ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Бунга экспорт билан боғлиқ муаммолар ҳам қўшилади: АҚШ Шинжон провинциясида уйғурлар ҳуқуқларининг бузилиши билан боғлиқ жанжал туфайли Хитойга пахта маҳсулотларини етказиб беришдан бош тортди.

XS
SM
MD
LG