Линклар

Шошилинч хабар
25 ноябр 2024, Тошкент вақти: 07:50

Москвада тўрт ўзбек муҳожири заҳарланди, бири нобуд бўлди (ФОТО)


 Заҳарланганлар яшаган ҳостел
Заҳарланганлар яшаган ҳостел

Москвадаги ётоқхонада Ўзбекистон гражданлари бўлган муҳожирларнинг оммавий заҳарланиши қайд этилди. Машина ювиш станциясида жойлашган муҳожирлар ётоқхонасида тўрт киши заҳарланди, улардан бири вафот этди.

Россия Тергов қўмитаси ўзбек мигрантлари наркотиклардан заҳарланган бўлиши мумкинлигини тахмин қилмоқда, бироқ тиббий экспертиза натижалари ҳали аниқ эмас.

Mash Telegram-канали маълумотларига кўра, ҳодиса 8 октябр куни Москванинг Руднёвка кўчасида жойлашган автомойкага қарашли ҳостелда содир бўлган. Ётоқхона эгаси ижарада турган ишчиларни текширишга келганида унга ҳеч ким эшикни очмаган.

“Ҳодиса жойига ётоқхона эгасини заҳарланганлардан бири чақирган. Ичкарида у ҳушсиз ҳолда бўлган ўзбекистонлик муҳожирларни кўрган”, деб ёзди нашр.

Москва шаҳар Тергов қўмитасида Озодлик сўровига ётоқхона эгасини йигитларнинг қўшниларидан бири чақиртирганини, бу ерда беҳуш ҳолда топилганлар ҳодиса жойига етиб келган “Тез ёрдам” машинасида касалхонанинг реанимация бўлимига олиб кетилганини билдиришди.

Руднёва кўчасидаги машина ювиш станцияси ётоқ учун мўлжалланмагани ва у ерда одамлар яшаши учун рухсат бўлмагани сабабли Тергов қўмитаси расмий ҳужжатларида бу жой "яшаш учун белгиланмаган бино" дея кўрсатилаётганини кўриш мумкин.

Пойтахт Тергов қўмитаси расмийси Юлия Ивановага кўра, заҳарланган 4 кишидан бири оламдан ўтган:

- 2021 йил 8 октябр куни эрталаб Москванинг Руднёвка кўчасида жойлашган турар-жой бўлмаган бинода 1997 йилда туғилган йигитнинг жасади топилди. Дастлабки текширув давомида ўлимда зўравонлик аломатлари топилмади. Шунингдек, бу хонада беҳуш ҳолатда бўлган яна учта йигит бўлган, улар барча керакли ёрдам кўрсатилиб, тиббий муассасага ётқизилган. Дастлабки маълумотларга кўра, ёшлар номаълум гиёҳванд моддадан заҳарланган, дейилади расмий жавобда.

Терговчилар 24 ёшли йигитнинг ўлимининг аниқ сабабларини аниқлаш учун суд-тиббий экспертизаси тайинланганини айтишмоқда.

Ҳодиса юзасидан Россия Федерацияси Тергов қўмитасининг Москва шаҳри бўйича Бош тергов бошқармаси Шарқий маъмурий округ Тергов бошқармасининг Перовский туманлараро тергов бўлими тергов олди ишларини олиб бораётгани маълум бўлди.

Озодликнинг ўз манбалари ўлган йигит 1997 йилда туғилганини, у ва заҳарланган қолган уч йигит Ўзбекистон гражданлари эканини тасдиқлади.

Шунингдек, маҳаллий касалхонанинг реанимация бўлимига ётқизилган йигитларнинг аҳволи оғир экани, жонлантириш бўлими шифокорлари зарурий барча муолажаларни олиб бораётгани ҳам аниқланди. Мигрантлар аниқланган хонада на бўш шиша, на озиқ-овқат топилгани терговчиларга улар номаълум нарсадан ташқарида заҳарланган деган тахминни илгари суришга имкон берганини айтмоқда.

Тергов қўмитасида ҳам ўзбекистонликлар номаълум гиёҳванд моддалардан заҳарланганини асосий тахминлардан бири эканига эътибор қаратмоқда.

Бироқ Озодлик 8 октябр куни эрталаб беҳуш ҳолатда топилган йигитларнинг тиббий экспертизаси ҳали эълон қилинмаганини ҳам аниқлади.

Озодлик билан суҳбатлашган полиция инспекторларидан бири заҳарланган йигитлар шу ердаги автомойка ишчилари бўлганини тахмин қилди.

Ўзбек муҳожирларининг заҳарлангани юзасидан тергов-суриштирув ишлари давом этмоқда.

Ўзбекистонлик меҳнат мигрантларининг Россияда оммавий заҳарланиши ҳолатлари биринчи маротаба қайд этилаётгани йўқ.

Шу йилнинг июль ойида Самара вилояти маркази Тольятти шаҳрида маҳаллий корхоналардан бирида ишлайдиган 23 нафар Ўзбекистон граждани заҳарланган эди. Битта ётоқхонада яшаб келган ишчилар маҳаллий ошхонада берилган сифатсиз овқатдан заҳарлангани аниқланган эди.

23 март куни Қрим яриморолининг Ялта шаҳри ҳудудида жойлашган “Зори России” (олдинги номи “Зори Украини”) санаторийсидан шаҳар касалхонасининг юқумли касалликлар бўлимига озиқ-овқатдан заҳарланган 10 нафар меҳнат муҳожири олиб келинган эди.

Аввалроқ Самара вилояти Тергов қўмитаси Тергов бошқармаси матбуот хизмати Сизрань туманининг Кошелевка қишлоғида ўзбекистонлик 46 нафар муҳожир шу йилнинг 16-17 июль кунлари заҳарланиш оқибатида шифохонага ётқизилганиҳақида маълумот тарқатганди.

XS
SM
MD
LG