Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:03

Толибонга қасдма-қасд: Афғон қизлар онлайн-мактабда таълим олмоқда


Толибон 1996 йилдан 2001 йилгача ҳукмронлик қилган даврда қизларга мактабга бориш, аёлларга ишлаш ҳам, таълим олиш ҳам тақиқланганди.
Толибон 1996 йилдан 2001 йилгача ҳукмронлик қилган даврда қизларга мактабга бориш, аёлларга ишлаш ҳам, таълим олиш ҳам тақиқланганди.

Афғонистонда юзлаб мактаб ёшидаги қиз Интернет ёрдамида Толибоннинг хотин-қизлар таълим олишини чеклашга қаратилган саъй-ҳаракатларини четлаб ўтмоқда. Интернет туфайли қизларда компьютер дастурлашдан тортиб, ҳайкалтарошлик ва йога психотерапиясигача бўлган мавзуларда таҳсил олиш имконияти бор.

«Қўлингиздан келганини қилинглар. Дарсларимизни онлайн тарғиб қила оламиз. Ҳеч қачон мамлакатимиз тараққиётини тўхтатмаймиз», деди Озодликка интервью берган Марям.

Марям август ойи ўрталарида Толибон ҳокимиятни босиб олганидан бир неча ҳафта ўтиб очилган Ҳирот онлайн-мактабида таҳсил олиш учун рўйхатдан ўтган мингга яқин афғонистонлик хотин-қизларнинг биридир.

Мактаб ҳозирги кунда Британиянинг Брайтон шаҳрида яшовчи афғонистонлик ўқитувчи Анжела Ғаюрнинг ташаббуси ҳисобланади. Ҳиротлик Ғаюр 1990 йиллар бошида Афғонистондаги урушдан қочиб, ватанини тарк этган. Эронда қочқин ўлароқ яшаётганида таълимга иқтидори борлигини англаб етган.

Ғаюр онлайн-мактабни туғилган шаҳри Ҳирот номи билан атади. Аммо онлайн-мактабдаги курслар Афғонистоннинг исталган бурчаги ёки Интернетга кириш имконияти бўлган бошқа жойлардаги, жумладан, Эрондаги афғонистонлик қочқинлар учун бепулдир.

«Мақсад таълим соҳасида дискриминациянинг олдини олиш», дейилади Ғаюр Озодликка юборган мактубда.

«Афғонистонда гендер дискриминацияси қизлар ва аёлларни таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум қилган. Эронда афғон оилалар яшаш учун рухсатномалари йўқлиги сабабли таълим соҳасида камситилади».

Ғаюр потенциал талаба ва ўқитувчиларнинг мобил телефон ва Интернетдан фойдалана олмаслиги онлайн-мактаб учун энг катта тўсиқ эканини айтди.

«Мен телефони бўлмагани учун кундузи уйдан ташқарида ишлайдиган отаси қайтишини кутиб, кеч сайтга кирадиган қизларни биламан. Шундай қилиб, қизлар оталарининг уйга келишини кутадилар, кейин унинг смартфонидан Интернетга кириб, билим оладилар», деб ёзди Ғаюр.

Ғаюр, ўқитувчилар ва сайт маъмурлари ўз хизматларини кўнгилли сифатида кўрсатаётган бўлса-да, мактаб ўқувчиларга уланишга ёрдам бериш учун хайрия тўпламоқда.

«Ҳирот онлайн мактаби Толибон Ҳиротга кириб борганидан кейин «қурол ўрнига қалам» шиори билан иш бошлади», дея эътироф этди Ғаюр.

«Улар университет ва мактаб эшикларини қизларга ёпиб қўйишларидан олдин бу ҳодисалар такрорланади ва аёллар Толибон томонидан йиллар давомида таълим ва ишдан маҳрум қилинади, деган хавотирлар бор эди», дея сўзини давом эттирди у.

«Масофадан туриб икки тилда сўзлашувчи болаларга форс адабиётини ўргатиш бўйича кўп йиллик тажрибам ва кўрсатган яхши натижаларим туфайли дунёнинг турли бурчагидаги кўнгилли ўқитувчилар ёрдамида афғон қизларга дарс беришга қарор қилдим».

Ўқувчиларнинг сўзларига кўра, онлайн-мактаб уларнинг келажакдаги таълим-тарбияси учун ўта муҳимдир.

«Толибон келганидан кейин Ҳирот онлайн-мактаби орқали дарсларимизни давом эттиришни ҳамда биз учун яратилган имкониятдан фойдаланишни истадик», деди Фотима исмли талаба Озодлик радиосига.

«Ҳирот онлайн-мактаби хавотирга тушган барча қизлар учун умид учқуни бўлди», деди у.

Қизларнинг ўз таълимлари ҳақидаги ташвишлари асоссиз эмас. Толибон 1996 йилдан 2001 йилгача ҳукмронлик қилган даврда қизларга мактабга бориш, аёлларга ишлаш ҳам, таълим олиш ҳам тақиқланганди.

Толибон яна шафқатсиз бошқарув услубига қайтиши ҳақидаги хавотирларни бартараф этишга уриниб келади. Жангари гуруҳ ҳокимиятни қўлга олганидан бир неча кун ўтиб, «ўрта мактабда ўқиётган қизлар таълимини давом эттиришга имкон қадар тез ҳозирлик кўраётганини» билдирди. Аммо экстремистик гуруҳ кўп ўтмай 7 ёшдан ошган қизларга ўқишни бутунлай тақиқлади.

Баъзи ҳудудларда тақиққа амал қилинмаяпти: бешта шимолий вилоятда қизларга ҳам хусусий, ҳам давлат ўрта мактабларига қайтишга рухсат берилди. Толибон ҳукумати яқинда фақат аёллар учун мўлжалланган Кобулдаги мажмуада етим қолган қизлар таълим олишини билдирди. Ушбу ижобий хабарларга қарамасдан, хавотирлар сақланиб қолмоқда.

Олдинги ҳукумат қизлар таълими борасида либерал сиёсат олиб борган бўлишига қарамасдан, ҳукумат статистикаси 2019 йил 15 ёшдан ошган қизларнинг учдан бир қисмидан кўпроғи саводсиз бўлганини кўрсатади.

Сентябрь ойида БМТ Бош котиби ўринбосари Амина Муҳаммад халқаро ҳамжамиятни афғон аёлларини қўллаб-қувватлашга ва 2001 йилда Толибон ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг қизлар таълими соҳасида йигирма йил давомида эришилган ютуқлар ортга қайтарилишига йўл қўймасликка чақирди.

«Сизнинг овозингизни кучайтиришда давом этишимизга ишонаверинг. Ҳар қандай ҳукумат тан олинишидан олдин қизлар таълими тан олиниши шарт бўлади», деди Муҳаммад БМТ Бош Ассамблеяси доирасида уюштирилган панель муҳокамаси давомида.

Толибон ҳукумати ҳали бирор давлат томонидан тан олинмади. Бунга қисман олдинги Толибон тизимининг террорчилиги, шафқатсизлиги ва қизлар ва аёллар ҳуқуқлари бўйича сиёсати асос бўлди.

Ҳирот онлайн-мактабида таклиф қилинаётган курсларнинг бир нечтаси Толибоннинг эътиқод тизимига зид бўлиши мумкин бўлган сабоқларни ўз ичига олади.

Масалан, Толибон мусиқани тақиқлаган. Лекин жангари гуруҳнинг мусиқа бўйича позицияси узил-кесил эмас. Аввалги Толибон ҳукмронлиги даврида санъат ҳам жабр кўрганди.

Ҳирот онлайн-мактабида санъат дарслари, ҳайкалтарошлик, хаттотлик, мусиқа ва ҳатто йога психотерапияси дарсларини олиш мумкин.

Мактаб билан 200 га яқин ўқитувчи ҳамкорлик қилмоқда. Бундан ташқари, 300 нафар кўнгилли ёрдам беришга ҳозир турибди. Мактаб бошқа ҳар қандай мактаб каби фаолият юритади: ўқувчилар баҳо олади, имтиҳон топширади.

«Ҳирот онлайн мактабининг ташкил этилиши бир нарсани исботлайди-афғон халқи Толибонга салбий муносабатда экани ва қаршилик кўрсатаётганини», дейди Ғаюр.

XS
SM
MD
LG