Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:08

"Россия ҳарбий саноатини дастаклаган". АҚШ ўзбек ширкатига иккиламчи санкция қўллади


Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий корхонаси АҚШнинг халқаро санкцияларга оид қонунчилигини бузгани учун иккиламчи санкцияга тушди.

Ушбу ширкат Украинага бостириб кирган Россия армиясининг “ҳарбий-саноат комплексини қўллаб-қувватлаш”да гумон қилинмоқда. АҚШ ўзбек ширкатининг Россиядаги ҳамкори - “Радиоавтоматика” заводига шу йил 3 март куни санкция қўллаган.

“Радиоавтоматика” - Россия мудофаа саноати учун электрон бутловчи қисмларни ишлаб чиқаради. Promcomplektlogistic хусусий корхонаси эса россиялик ҳамкорига микросхема ва шу турдаги бошқа электрон қурилмаларни етказиб беради.

Promcomplektlogistic - Ўзбекистон ва минтақада Россиянинг Украинага тажовузи боис иккиламчи санкцияга тушган илк хусусий ширкат бўлди. У қуруқликда транспорт хизматини кўрсатувчи ширкат ўлароқ 2018 йилда рўйхатга олинган.

Аммо ширкатнинг Тошкентдаги бош офиси Россияга қандай қилиб микросхема етказиб бергани ҳақида ҳозирча маълумот бермади.


Иккиламчи санкцияга учраган илк ширкат

АҚШ Давлат Департаментининг 28 июнь куни эълон қилган баёнотида қайд этилишича, Ўзбекистондаги Promcomplektlogistic хусусий корхонаси, Россиядаги ҳамкори - “Радиоавтоматика” ширкати санкцияга тушганидан сўнг ҳам бирга ишлашда давом этган ва ҳамкорининг “АҚШ санкцияларидан қочиш ҳаракатини фаол қўллаб-қувватлаган".

АҚШ Савдо вазирлиги 9 мамлакатдан жами 36 та компанияга АҚШ технологиялари ва товарларини олиш имконини чеклади. Бу чекловлар қай шаклда ишлайди ва бунинг Тошкентдаги хусусий ширкат фаолиятига таъсири қандай бўлади - бу борада расмийлар ҳозирча бирор изоҳ бергани йўқ.

Promcomplektlogistic хусусий корхонасининг Тошкентдаги идорасида телефон гўшагини кўтарган мулозим: “Ҳозир бу масалада бирор муносабат билдира олмайман. Душанба куни қўнғироқ қилинг, ўша куни бу масалада муносабат билдиришни режалаяпмиз”, деди. Ширкат вакили ўзини таништирмади.

Корхоналар ва ташкилотларнинг Ягона давлат реестрида қайд этилишча, Promcomplektlogistic 2018 йил июль ойида Тошкентда рўйхатдан ўтган. Устав капитали 10 млн. сўм.

Компаниянинг фаолият тури сифатида эса, АҚШ Давлат департаменти баёнотида айтилгани каби, электрон қурилмалар ишлаб чиқариш эмас, балки “қуруқликда транспорт хизматлари кўрсатиш” қайд этилган. Ширкат улушларининг ягона соҳиби, таъсисчиси ва раҳбари сифатида Олег Валериевич Грабилин исми кўрсатилган.

ПҚШ Давлат Департаменти Promcomplektlogistic хусусий компаниясига қўлланган жазо чораси, санкцияларни айланиб ўтишга уринаётган Россия ширкатлари ҳамда ташкилотлари билан ишлаётган бошқа ширкат ва ташкилотларга “огоҳлантириш” эканини таъкидламоқда.

Рўйхатдаги ширкатларнинг 25 таси Хитойда, қолганлари Россия, БАА, Литва, Покистон, Сингапур, Буюк Британия, Вьетнам ва Ўзбекистонда.

Бу ширкат Ўзбекистон ва минтақада, Россиянинг Украинага босқини ортидан қўлланилаётган иккиламчи санкцияга тушган илк ва ҳозирча ягона ширкатдир.

“Бу мамлакатнинг обрўсига жиддий зарар етказади ва давлатни санкция режимига ҳалол амал қилмаётган давлат сифатида тақдим қилади. Айниқса, коррупция борасидаги жиддий муаммолар инобатга олинса. Иккинчидан, илк санкцияга тушган ширкат таъсисчиси ва директори ҳам эътиборни тортади - қандайдир Грабилин Олег Валериевич. У қайси давлат фуқароси ёки резиденти экани тушунарсиз. Бунинг устига, у Россиядаги қатор логистика билан шуғулланадиган ширкатларнинг ҳам таъсисчиси ва раҳбари. У Ўзбекистонда қайсидир юқори лавозимдаги амалдорнинг ҳимоясидаги одамми - буниси ҳам қизиқ. Акс ҳолда, бу одам мамлакат обрўсига бу қадар зарар етказадиган бир фаолият билан шуғулланиш имконига эга бўлмасди”, дейди вазиятни кузатаётган таҳлилчи, Лондондаги Central Asia Due Diligence таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов.

Санкциядан савдоси тўхтаган “Ўзагроэкспортбанк”


Аслида Россиядаги ширкатлар, банк, ташкилот ва йирик бизнес вакиллари, олигархларга қўлланган санкциялар оқибати Ўзбекистонда ҳам кўрина бошлади.

Жумладан, 27 июнь куни Россиянинг “Совкомбанк” банки Ўзбекистоннинг “Ўзагроэкспортбанк”ининг 100 фоиз улушини сотиб олиш битимини айнан санкциялар туфайли бекор қилди.

“Афсуски, бизга, шунингдек, Россиянинг деярли барча тизимли аҳамиятга эга банкларига нисбатан санкциялар жорий этилгани сабабли, ҳозирги шароитда лойиҳани амалга ошириш имконсиз бўлиб қолди” деди “Совкомбанк” бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Сергей Хотимский “Интерфакс” агентлигига.

“Совкомбанк” шу йил февраль ойи охирида аввал АҚШ, кейин эса қатор Ғарб давлатлари санкциясига тушган. “Ўзагроэкспортбанк” эса 2017 йилда ташкил қилинган ва улуши тўлиқ Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишлидир.

Банкнинг асосий вазифаси - экспортга ишловчи маҳаллий корхоналарни молиявий қўллаб-қувватлаш ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини оширишдир.

Бу банкни Россия банки 4 миллион АҚШ долларига сотиб олгани ҳақидаги хабар шу йилнинг 24 февралида - Россия Украинага бостириб кирган куни матбуотда берилган эди.

Параллел импортга платформа

Украинага босқини ортидан, Россия мислсиз санкциялар остида қолди ва юзлаб ғарб ширкатлари, савдо уйлари, ишлаб чиқариш гигантлари Россияни тарк этди. Шунингдек, Россия билан олди-бердини ҳам тўхтатди.

28 июнь куни Россия матбуоти, президенти Владимир Путин параллел импорт маҳсулотларини 2022 йил охиригача мамлакатга олиб киришга рухсат берди.

Яъни Россия билан ишлашни тўхтатган ширкатлар ва давлатлар маҳсулотларини бошқа давлатларда олиб-сотар ширкатлар томонидан сотиб олиб, мамлакатга олиб киришига рухсат берилди.

Жумладан, шу кунларда санкциялар боис, Хитойнинг электрон жиҳозлар сотадиган йирик Honor ширкати Россияга маҳсулот етказиб беришни тўхтатганини эълон қилди. Аммо, шу заҳотиёқ бу ширкатнинг параллел импорт учун Ўзбекистондаги ширкатлар билан келишувга эришгани, айни пайтда Арманистон ва Грузиядан ҳамкор қидираётгани хабар қилинди.

Ҳозирча, параллел импорт билан шуғулланаётган ширкатлар ёки бунга рухсат берган давлатларга нисбатан санкция қўллангани ҳақида маълумот йўқ. Аммо аҳвол шу тарзда давом этса, бундай фаолият учун ҳам санкция қўлланиш эҳтимоли йўқ эмас.

Ўзбекистоннинг санкция режими борасидаги позицияси тушунарсиз

Таҳлилчиларга кўра, Россияга туташ ва Кремл ўзига дўст кўрган давлатлар, жумладан собиқ совет иттифоқи таркибида бўлган Марказий Осиё давлатлари Москва томонидан
параллел импорт ва айни пайтда санкцияларни турли бизнес схемалар воситасида айланиб ўтиш учун қулай платформа ўлароқ кўрилмоқда.

Ғарб санкциялари остида қолган Россия ширкатлари Ўзбекистонни, ўтмай қолган маҳсулотлари учун бозор ҳамда Европадан бормай қолган эҳтиёт қисмларини айланма йўллар орқали олиш учун бир база сифатида қўллай бошлагани кузатилаётир.

Айни пайтда Украинага босқини боис Россияга қўлланган Ғарб санкциялари, азалий савдо шериклари бўлган Марказий Осиё республикалари учун янги даромад манбаи сифатида жуда жозибали, аммо айни пайтда таҳликали имконият бўлиб қолмоқда.

"Умуман олганда, Ўзбекистоннинг Россияга нисбатан Ғарб санкцияларига амал қилиш борасидаги позицияси тушунарсиз. Президент Мирзиёев бу борада оммага очиқ баёнот бермади. Ундан фарқли, Москванинг иттифоқчиси бўлган ва айни пайтда, КҲШТ ва ЕОИИга аъзо қўшни Қозоғистон ҳам бу борада очиқ баёнот берди, бу қозоқ бизнесига жиддий ишора ва санкция режимига тўлиқ амал қилиш ҳақида огоҳлантириш бўлди. Энди Тошкентга, ва ниҳоят сукутни бузиб, Америка ҳукумати қарорига очиқ муносабат билдириш вақти етди”, дейди таҳлилчи Алишер Илҳомов.

Шу йилнинг 25 - 27 апрел кунлари Тошкентда ўтган “Иннопром. Марказий Осиё” саноат кўргазмасида Россиянинг ўнлаб ширкати билан Ўзбекистоннинг хусусий ва давлат ширкатлари ўртасида йирик ҳамкорлик келишувларига эришилди.

Тадбирнинг ҳомий ва ҳамкорлари, Россиянинг Ғарб санкциялари остида қолган Газпромбанк, Россельхозбанк, Росатом каби ширкатлари бўлди. Россия ва Ўзбекистон ҳукуматлари даражасидаги йиғилишларда асосий эътибор - нефт, автомобил ва авиасозлик каби йирик саноат соҳаларидаги янгича ҳамкорликка қаратилди.

Санкцияга тушган йирик ширкатлар, жумладан “КАМАЗ”, “Лада” каби автомобил заводлари, Европадан бормай қолган зарур эҳтиёт қисмлари таъминотини, Ўзбекистон ва унга қўшни республикаларда маҳаллий ҳамкорлар билан қўшма корхоналар очишга киришгани кузатилганди. Жорий йил бошидан буён Россия капитали Ўзбекистонда янги очилган қўшма корхоналардаги улуши бўйича етакчилик қилмоқда.

“Айланма йўлдаги омбор”. Яккаланган Россия иқтисодий санкцияларни Ўзбекистон орқали айланиб ўтмоқчи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:21 0:00
XS
SM
MD
LG