Киевга 28та камикадзе дрон ҳужум қилган
Киев мери Виталий Кличко душанба куни шаҳарга 28 та камикадзе дронлар ёрдамида ҳужум бўлганини билдирди. Экспертлар томонидан дрон ҳужумлари Россия ўзининг узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги ракеталар захирасини тежашга интилаётганидан келиб чиқиб асосий ҳужум воситасига айланади, деган тахминлар янграмоқда.
Эрон аввалроқ Россияга қурол-яроғ етказиб бераётганини рад этган. Бироқ Эрон Инқилобий корпуси раҳбари батафсил маълумотларга тўхталмасдан, мамлакат дунёнинг энг йирик ҳарбий қудратларини қурол-яроғ билан таъминлаётганини таъкидлаган.
Оқ уй Россиянинг дрон ҳужумларини қоралади
Оқ уй Россиянинг Украинага қилган сўнгги ҳужумларни қоралади. Россия армияси кеча портловчи моддалар ўрнатилган камикадзе дронлар ёрдамида Киевга ҳужум қилиб, бир қанча биноларга шикаст етказди.
“АҚШ Путиннинг шафқацизлигини кўрсатаётган Россиянинг бугунги ҳужумларини кескин қоралайди", деди Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пер.
Жорий ҳафтанинг ўзида Россия иккинчи бор дронлар ёрдамида ҳужум қилди. Орадан бир неча ой ўтиб Киев маркази яна ҳаво ҳужумларига учрамоқда. Портлашлар шаҳарни ларзага келтирди. Энергетика обектларига зарар етган. Дронлардан бири турар-жой биносини буткул вайрон қилган. Оқибатда тўрт киши ҳалок бўлган.
Карин Жан-Пернинг таъкидлашича, Байден маъмурияти Россия ва Эроннинг қуроль савдосига қарши "қаттиқ" санкциялар киритишда давом этади.
Украина ва Россия асирлар алмашди
Булар асирликдан озод қилинган украиналик аёллар. Улар сони жами 108 нафарни ташкил қилади. Украина расмийларига кўра, озод қилинган аёлларнинг 12 нафари тинч аҳоли вакиллари, қолганлари ҳарбий аёллар. Улар орасида май ойида Россия кучлари Азовстал пўлат заводини эгаллаганидан сўнг қўлга олинган 37 нафар аёл ҳам бор.
Улардан бири Азов батальони шифокори Виктория Обидина:
"Мен онам ва қизим билан учрашаман. Бирор ишга жойлашаманми ёки ёъқ билмайман. Келажак ҳақида ҳозирча ҳеч қандай тасаввурга эга эмасман."
Асирликдан озод қилинган рус ҳарбийлари сони эса 110 нафарни ташкил қилади.
Расмийларга кўра, бу уруш бошланганидан бери энг йирик асирлар алмашинувидир.
Россия томонининг иддаосича, асирликдаги икки аёл Украинага қайтишни истамаган. Украина томони буни изоҳламади.
Украин аскарларига пул йиғаётган Гриша амаки
Херсонлик 75 ёшли ветеран Григорий Янченко уруш бошланганидан бери Украина Қуролли кучларига ёрдам учун пул йиғади. Григорий икки оёғи ва қўл бармоқларидан ажралган.
Ветеран Россия қўшинлари Херсонни босиб олганидан сўнг уларга қарши норозилик намойишларига ҳам чиққан. ФСБ таъқиб қила бошлаганидан сўнггина у шаҳарни тарк этишга мажбур бўлган.
Унинг ногиронлик аравачасига ўрнатилган карнайдан тинимсиз Украина гимни садолари янграйди.
75 ёшли “Гриша амаки”ни Херсонда каттаю кичик яхши танир эди.
– Ҳар куни эрталаб соат 9 да аравачамда чиқиб кетардим. Ҳар куни ўзимни худди миналар кўмилган далада юргандек сезардим. Чунки кечқурун уйга қайтаманми, йўқми – билмасдим-да. Мени нафақат “орклар”, ўзимиздан чиққан хоинлар (коллаборантлар) ҳам безовта қиларди. Биронта сотқин бармоғини нуқиб: “Манави одамни йўқотиш керак”, деса мен тамом бўлардим.