ISW: Украинадаги муваффақиятсизлик ортидан Россия олий раҳбариятида ихтилоф юзага келган
Урушни ўрганиш институти (ISW) Украинадаги вазият бўйича чоп этаётган кунлик шарҳида Россия олий раҳбариятида сиёсий зиддиятлар юзага келгани эҳтимоли ҳақида маълум қилди. Хусусан, таниқли олигарх Евгений Пригожин мудофаа тизими олий маъмурларини танқид қилиб келаётганига эътибор қаратилган.
Президент Владимир Путин билан яқин муносабатда экани айтиладиган Пригожин сўнгги вақтларда Россия ҳарбийларининг Украина фронтида муваффақиятсизликка учрагани, жумладан, Лиман шаҳри бой берилганини оғриқли қабул қилган.
“Вагнер” ёлланма аскарлар гуруҳини назорат қилувчи тадбиркор Украина фронтидаги генераллар фаолиятидан қониқмаётганига бир неча бор ишора қилган.
Урушни ўрганиш институтига кўра, Россия армияси Луганск вилоятининг шимолий қисми, шунингдек, Кременная ва Шимолий Донецк туманлари мудофаасида ҳам муаммоларга дуч келмоқда.
Франкуртда украиналик қочқин болалар учун хайрия ўтказилди
Кеча Украина ва Германиянинг биринчи хонимлари Олена Зеленская ҳамда Элке Буденбендер Франкфуртдаги китоб кўргазмасида украиналик қочқин болалар учун хайрия акциясини бошлади.
"Ишончим комил, Германия ҳукумати украиналик қочқинлар бу ерда ўзларини хавфсиз ҳис қилишлари ва иш топишлари учун барча нарсани қилмоқда. Германия ҳукумати ва биринчи хонимига ташаккур. Маҳаллий маъмуриятларга ҳам ўз миннатдорчилигимни билдираман. Кеча бу ерда украиналиклар билан гаплашдим. Улар Германия бераётган ёрдамни жуда қадрлашади. Лекин уларда руҳий тушкунлик ҳали ҳам бор. Эндиликда Украинадаги болаларимиз учун ҳам бу ердаги украин болалари учун ҳам болалик одатдагидек ўтмайди. Улар учун энди кўп нарсалар йўқ", деди Украина биринчи хоними Олена Зеленская.
ВВС Россия Украинада қанча аскар йўқотганини ҳисоблаб чиқди
Жорий йил 21 октябрь ҳолатига кўра, Украина билан урушда Россиянинг камида 7822 нафар аскари ҳалок бўлган.
BBC Рус хизмати ҳамда “Медиазона” нашри ўрганишлар асосида шундай хулосага келган.
Шу тариқа Россия Украинада олти ойдан буён давом этаётган босқини давомида Иккинчи чечен урушидан ҳам кўпроқ ҳарбий хизматчиларидан айрилган.
21 сентябрдан кейин урушга сафарбар этилганлардан 41 нафари вафот этган. Қайд этиш жоизки, улар жанг майдонида эмас, балки ўқув марказлари, полигон ва ҳарбий қисмларда ўлим топган. Сўнгги кунларда “қисман сафарбарлик” доирасида фронтга юборилганлар орасида ҳам қурбонлар бўлаётгани хабар қилинмоқда.
24 февралдан буён давом этаётган уруш давомида Бурятия ва Доғистондан юборилган ҳарбий хизматчилар кўпроқ ҳалок бўлган.
BBC ҳамда “Медиазона” аскарлар ўлими асосан қашшоқ ҳудудларга тўғри келаётганига эътибор қаратган.
Журналистлар ҳозирга қадар Россия армияси ва куч ишлатар тузилмаларининг 1200 нафардан зиёд офицери ўлимини тасдиқлашга муваффақ бўлди.
Суриштирув муаллифлари қурбонлар сони сезиларли даражада кўп бўлиши мумкинлигини урғулаган. Қолаверса, дараксиз йўқолган ва асирга тушганлар ушбу ҳисобга киритилмаган.
Харьковда русларнинг тақиқланган ракеталари топилди
Украина ҳарбийлари Харьков вилоятидаги номаълум жойда тўпланган 5000 дан ортиқ рус ракеталарининг қисмларини топишди.
Миналар бўйича эксперт Игор Овчарукнинг айтишича, бу қуроллар қисмлари судда ашёвий далил сифатида қўлланилади:
“У (кассетали бомба) тинч аҳолига катта зарар етказади; шунинг учун улардан фойдаланиш тақиқланади. Унда аниқлик йўқ; у тинч аҳоли ва ҳарбийлар бўлган катта майдонни қамраб олади. Шу боис, фақат ҳарбийларни нишонга олишда аниқлик йўқ. Шунинг учун, афсуски, тинч аҳоли жабр кўрди”.
Унинг сўзларига кўра, Россия Украинага бостириб киришининг дастлабки кунларида минтақа пойтахти Харков ана шундай қуроллар билан бомбаланган.
Харков вилояти прокуратураси матбуот котиби Дмитрий Чубенкога кўра, бу ракеталар қисмлари Халқаро жиноят судига текшириш ва далил сифатида фойдаланиш топширилиши мумкин.