Германия президенти Франк-Вальтер Штайнмайер аввалдан эълон қилинмаган ташриф билан Киевга келди
Бу ҳақда NTV телеканали хабар берди. У президент Владимир Зеленский билан учрашиши кутилмоқда.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери Штайнмайер Киевга биринчи марта келмоқда. Унинг Киевга ташрфи икки марта ортга сурилган эди.
Дастлаб ташриф 12 апрелга режалаштирилганди. Бироқ у Украина ташаббуси билан ортга сурилган. Германия президенти ўшанда Украина ҳукумати унинг Киевга ташрфи исталмаган деб ҳисоблашини билдирган эди. Германия ОАВлари Зеленский Штайнмайерни Россия билан тиғиз муносабатларда айблагани ортидан у билан учрашишдан бош тортгани тўғрисида ёзган эди.
Россия Украинага бостириб кирганидан сўнг 24 февраль куни Германия президенти сиёсий баҳо беришда адашганини ва “Шимолий оқим-2” газ қувури қурилишини қўллаб хато қилганини тан олди.
Иккинчи марта ташриф 20 октябрга режалаштирилган эди. Бироқ у ҳам хавфсизлик нуқтаи назаридан бошқа кунга қолдирилган эди.
Украинага оид сўнгги хабарлар
-Россия 24 октябрда Украинага иккита ракета отди. Бу аввалги кунларга қараганда жуда оздир, деб хабар берди Озодликнинг рус хизмати. АҚШдаги Урушни ўрганиш институти (ISW) таҳлилчилари Россияда Украинани бомбардимон қилиш учун ажратилган ўқ-дорилар тугаётганини таҳмин қилмоқда.
-Жаҳон банки Украинага қўшимча равишда 500 миллион долларлик ёрдам ажратди.
-АҚШ Россия билан Украина иштирокисиз музокара ўтказмайди. Бу ҳақда Оқ Уй матбуот котиби Жон Кирби маълум қилди. “Зеленский ҳозир Путин билан келадиган пайт эмас деб ҳисоблайди... Биз бу фикрни ҳурмат қиламиз”, деди у.
-Киев суди Украинанинг энг бой одамларидан бири бўлган "Мотор Сичи" ширкати раиси Вячеслав Богуслаев ва ширкат ходими Олег Дзюбани коллаборационизм, агрессорга кўмаклашиш ваРоссияга вертолёт двигателларини етказиб бериш айблови билан ҳибс қилди.
Россиянинг Брянскидаги темир йўлда портлаш юз берди
Брянск вилоятида 24 октябрь куни кечқурун темир йўлда портлаш юз берди. Бу ҳақда ВКонтактедаги саҳифасида вилоят губернатори Александр Богомаз маълум қилди. Унга кўра, портлаш Новозибков ва Злинка станциялари ўртасида бўлган. Ҳеч ким жабрланган эмас. Темимр йўлнинг бир қисми вайрон бўлган. Портлаш бўлган ҳудудда тезкор хизматлар иш олиб бормоқда.
Брянск вилояти ғарбда Беларусь, жанубда Украина билан чегарадош. Портлаш содир бўлган темир йўл Брянскни Беларуснинг Гомель вилояти билан боғлаб туради.
Россия Украинага бостириб кирганидан бери Брянск, Белгород ва Курск вилояти раҳбарлари бир неча марта украин томони ракета отганини, қурбонлар ва талафотлар кўрилганини иддао қилган эди. Августда Брянск вилояти ҳокимияти хавфсизлик нуқтаи назаридан янги ўқув йили дистанцион тарзда олиб борилишини билдирган.
Украина билан чегарадош Белгород вилояти ҳам бир неча марта ўққа тутилди. Расмийлар бунда Украин армиясини айблаган. Бироқ украин томони бу каби баёнотларга муносабат билдирмаган.
Бундан ташқари Украинадаги урушда иштирок этаётган рус армиясига қўшимча куч ва техника етказиб бераётган темир йўлларда портлашлар бўлгани тўғрисидаги хабарлар ҳам тез-тез пайдо бўлмоқда. Бу каби портлашлар учун масъулиятни ўзларини партизанлар деб атаётган гуруҳлар ўз зиммасига олмоқда. Ёзда ҳам Брянск вилоятида темир йўл портлатилган эди.
Россия энергетика объектларига айтайлаб зарба берганини тан олди
Россия якшанба куни Украина энергетика объектларига атайлаб зарба беганини тан олди.
"Кун давомида Россия Қуролли кучлари Украинанинг ҳарбий қўмондонлик ва энэргетика тизимларига узоқ масофага мўлжалланган юқори аниқликдаги ракеталар билан ҳужумларни амалга оширишда давом этди. Белгиланган барча обектларга зарба берилди", деди Россия Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков.
Москва Украина бўйлаб электр станциялари, сув таъминоти тизимлари ва бошқа муҳим инфратузилма обектларига зарба берганини илк бор очиқ тан олди. Бу эса Киев қўшинларининг шарқ ва жанубдаги давомли ғалабаларига жавобан амалга оширилаётган бўлиши мумкин.
Конашенков Россия кучлари Украина армиясининг Луганск, Донецк ва Херсон вилоятларига ичкарироқ кириш учун қилган бир қанча ҳужумларини қайтарганини қўшимча қилди.