Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:29

Халқаро атом энергияси агентлиги Украинада "ифлос бомба" йўқлигини тасдиқлади. Уруш хроникаси

Урушнинг 254-куни

Украина Ташқи ишлар вазирлиги мамлакатнинг босиб олинган ҳудудларидан Россия украин фуқароларини депортация қилаётганини кескин қоралади.

Халқаро атом энергияси агентлиги (ХАЭА) 3 ноябрда ўз экспертлари Украинадаги объектларда “ифлос бомба” изини топмагани тўғрисида баёнот берди.

Россия Мудофаа вазирлигининг билдиришича, Украина Россияга 107 нафар асирни қайтарди. Айни пайтда Москва Украинага ҳам шунча асирни қайтарган.

Оқ уй Шимолий Кореяни Россияга яширинча “сезиларли миқдордаги” артиллерия снарядларини етказиб беришда айблади.

Разведкачиларга кўра, Россия ҳарбийлари қўмондонлик уларни эскирган БТРларда жанг қилишга мажбур қилаётганидан ғазабда. Аскарлар уларни “консерва банкалари” деб аташади.

Россия томонидан аннексия қилинган Херсонда вилоят маъмурияти биносидан Россия байроғи ечиб олинган. Бунга оид фотосурат ва видеолар маҳаллий пабликларда ёйинланди, улар Россия ОАВда ҳам чоп қилинган.

Украина расмийлари Россия инфратузилма обектларига, жумладан, Запорожье АЭС станцияси электр таъминотига зарар етказганини маълум қилган.

Америкалик тарихчи Тимоти Снайдер Украинада Shahed-136 дронларидан ҳимоя тизимини яратиш учун хайрия йиғиш билан шуғулланишини билдирди.

18:45 25.10.2022

Мелитопол шаҳрида бомба ўрнатилган автомобиль портлаб кетди

Портлаш cешанба куни соат 08:30 да Мелитопол шаҳри марказидаги Богдан Хмелницкий кўчасида содир бўлди. Шаҳар ҳозирда Россия назорати остида.

Бомба ўрнатилган машина маҳаллий телевидение яқинида портлаган.

Дастлабки маълумотга кўра, беш киши, жумладан За Медиа медиахолдинги ходимлари енгил тан жароҳати олган. Бир киши касалхонага ётқизилган.

Украина ва Россия расмийлари портлашда минтақа етакчиси Евгений Балицкий нишонга олинганига ишора қилган. Портлаш учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни бўйнига олмади.

18:40 25.10.2022

Ненси Пелоси Эрон дунё хавфсизлигига зарар етказаётганини таъкидлади

"Эрон катта хатога йўл қўйяпти, деб ўйлайман. Биз анча вақтдан бери дунёни хавфсизлиги учун Эрон билан ядровий келишувга эришишга ҳаракат қилдик. Бироқ ҳозир улар русларга ёрдам бериб, дунё хавфсизлигига путур етказмоқда" - деди АҚШ Вакиллар палатаси спикери Ненси Пелоси.

Пелоси Загреб шаҳрига Украина мустақиллиги ва Қрим ярим оролининг Киевга қайтарилишини қўллаб-қувватлашга қаратилган форумда иштирок этиш учун ташриф буюрди.

Эрон Украинада фойдаланиш учун Россияга дронларни етказиб бераётганини рад этмоқда.

Жорий йил бошида Украинага ташриф буюрган Пелоси Россия бостириб кирганидан бери Украинага ҳар томонлама ёрдам кўрсатишни қўллаб-қувватлаб келган.

Хорватия пойтахти Загреб шаҳрида бўлиб ўтаётган Қрим платформасининг иккинчи саммитида Украина ҳукумати расмийлари ва халқаро экспертларнинг Қрим яриморолини қайта интеграциялашуви масаласи борасидаги баёноти тингланади.

18:36 25.10.2022

Украина армияси қишга тайёргарлик кўрмоқда

Харков вилоятидаги фронт чизиғида жанг қилаётган Украина Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари қишга тайёргарлик кўрмоқда
Подполковник Юрий Свистуннинг айтишича, шаҳар ҳокимияти у ерда модулли окоплар ўрнатишни бошлаган.

"Окоплар қанчалик иш беришини айтишга ҳали эрта, аммо ҳозир шуни айтишимиз мумкинки, бизга чуқурроқ қазилган окоплар керак", деди Свистун.

Ҳарбий хизматчилар ўтин майдалаб, окоп ичидаги печьга жойлаб қўймоқда. Душанба куни у ерда ҳаво 25 даража илиқ.
Бу жой жуда иссиқ, – дейди ҳарбий хизматчи Сергей. "Бу ер анча хавфсиз, бизни портлашларданва совуқдан яхши ҳимоя қилади."

Шу ой бошида Россия ракета ва дронлар билан Украина элэктр инфратузилмасига тинимсиз зарба берди. Натижада мамлакат энэргетика тизимининг 30 фоизига зарар етди. Электрсиз қолган Украиналиклар қаттиқ қишга ҳозирлик кўрмоқда.


18:31 25.10.2022

Владимир Зеленский Украина Россия армиясини “тор-мор қилаётганини”, таъкидлади

“Бундан буён Россия фақат сўрайдиган томон бўлади”, дея таъкидлади Зеленский.

"Украина дунёнинг иккинчи армияси деб аталмиш армияни парчаламоқда. Бундан буён Россия фақат сўрайдиган томон бўлиб қолади. Улар Эрондан ниманидир сўраяпти, Ғарб давлатларидан ниманидир сиқиб чиқаришга ҳаракат қилмоқдалар, Украина борасида турли бемаъни гапларни ўйлаб топишмоқда. Россиянинг бор салоҳиятини бу тентакликка, давлатимизга ва бутун эркин дунёга қарши урушга йўналтирган. Олдин газ орқали таъсир қилар эди, ҳозир йўқ. Ҳарбий жиҳатдан таъсир бор эди - у ҳам барбод бўлмоқда. Сиёсий таъсир бор эди, ҳозир яккаланиб қолган. Мафкуравий амбициялар бор эди, ҳозир фақат уларга нисбатан нафрат. Бу Евроосиё минтақасидаги жуда муҳим ўзгариш. Россия ҳозир қанчалик кўп кучини йўқотса, Россияга яқин ва унга чегарадош барча халқлар шунчалик кўпроқ эркинликка эга бўлади. Биринчи навбатда Украина ”.

Шунингдек Зеленский, келаётган қиш мамлакат тарихидаги энг қийини бўлишини ҳам урғулади.

Россия қиш олдидан Украинанинг энергетика инфратузилмасига қанотли ракеталар ва Эрон дронлари билан зарба бериб, ишдан чиқармоқда.

Ҳукумат фуқароларни иссиқ кийимлар, шамлар, чироқлар ва батареяларни ғамлашга чақириб, одамлардан энергия сарфлайдиган печьлар, кир ювиш машинаси ва бошқа электр жиҳозларидан камроқ фойдаланишни сўрамоқда.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG