АҚШ Россия тижорат сунъий йўлдошларига зарба берса, жавоб қайтаради
Оқ Уй АҚШнинг ҳар қандай инфраструктурасига, жумладан, тижорат сунъий йўлдошларига берилган зарбаларга жавоб қайтаради. Бу ҳақда АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби Вашингтонда ўтган брифингда маълум қилди.
Кирби жавоб чораси қандай бўлиши ҳақида маълумот бермади. Расмийнинг айтишича, Россия сунъий йўлдошларга қарши тизимларни қўлга киритишга ҳаракат қилмоқда.
27 октябрь куни Россия Ташқи ишлар вазирлигининг қуролларни тарқатмаслик ва назорат қилиш департаменти бошлиғининг ўринбосари Константин Воронцов Украина урушида қўлланилаётган сунъий йўлдошларни уриб тушириш қонуний бўлиши ҳақида баёнот берган эди.
Ҳарбий экспертлар тижорат тизимлари Украинадаги урушда мисли кўрилмаган даражада қўлланилаётганини айтмоқдалар. Жумладан, Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими украин армиясида кенг қўлланилмоқда. Ундан Украина армияси алоқа, бошқарув, разведка маълумотларини олиш ва дронларга реал вақт форматида нишонларни белгилаб беришда фойдаланмоқда.
Кирби брифингда президент Жо Байден Индонезияда 15-16 ноябрда ўтадиган G20 саммитида президент Владимир Путин билан учрашиш ниятида эмаслигини таъкидлади. Аввалроқ АҚШ президенти бир неча марта Путин билан учрашиш хоҳиши йўқлигини айтганди.
Путин мазкур саммитда иштирок этишини ҳозирча расман тасдиқламади. 27 октябрда у бу масалада ҳали якуний қарорга келмаганини билдирди.
Ҳарбий экспертлар тижорат тизимлари Украинадаги урушда мисли кўрилмаган даражада қўлланилаётганини айтмоқдалар. Жумладан, Илон Маскнинг Starlink сунъий йўлдош алоқа тизими украин армиясида кенг қўлланилмоқда. Ундан Украина армияси алоқа, бошқарув, разведка маълумотларини олиш ва дронларга реал вақт форматида нишонларни белгилаб беришда фойдаланилмоқда.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда ҳарбий хизматга чақирилди
Россиянинг Орёл шаҳридаги “Экосити” чиқиндини қайта ишлаш корхонасида меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига ҳарбий хизматга сафарбарлик учун чақирув қоғозлари топширилди.
Бу ҳақда Россиянинг «Истоки» телеканали хабар берди.
Воқеа иштирокчиларининг айтишларича, 50 ишчига ҳарбий комиссариатга бориш чақирув қоғози берилган. Улардан 28 нафари Ўзбекистон фуқароси бўлган. Чақирилганлар орасида ҳарбий хизматни ўтамаган орёлликлар ва талабалар ҳам бўлган.
Ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларидан бири бу хабардан шокка тушганини айтади:
«Бизни «военкомат»га повестка билан чақиришди. Айтишдики армияга кетасизлар деб. Биз ахир Ўзбекистон фуқароларимиз-ку, биз бу ерда фақат ишлаймиз ва белгиланган тартибда солиқларни тўлаймиз», деди Жалилбек Қурбонбоев.
Боя айтганимиз, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирларини урушга юбориш воқеасини Газета.уз ҳам ўрганди. Сайтнинг мухбири бу воқеага изоҳ олиш мақсадида корхона раҳбари Юрий Парахин билан боғланган.
Парахин шундай воқеа бўлганини тасдиқлар экан, унинг ўзи ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари билан Орёл шаҳрининг ҳарбий комиссариатига борганини айтган.
Парахиннинг сўзларига кўра, "ўзбекистонликларнинг паспортларини текширишгач, улардан чақирув қоғозларини қайтариб олишган ва улар иш жойига қайтишган.
Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси заводда Россияда ишлаётган 26 нафар ватандошга берилган чақирув қоғози “техник хато туфайли” жўнатилганини тасдиқлади. Дипломатик миссия ўзбекистонликларга чақирув қоғози топширишнинг бошқа ҳолатларида ҳам худди шундай тушунтириб, ҳужжатлар текширилгандан сўнг қайтариб олинганини иддао қилди.
Россияда ҳарбий чақирувга сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг, россия фуқаролиги бўлмаган ўзбекистонлик фуқароларни урушга сафарбар этиш ҳаракатлари бундан аввал ҳам кузатилган.
Зеленский Кремлнинг Гвинея-Бисау президенти орқали билдирган таклифларига ишонмайди
Украина президенти Владимир Зеленский Россия томонининг Гвинея-Бисау президенти Умар Сисоко Эмбало орқали йўллаган таклифлари ишончсизлик билан қарашини билдирди.
Қўшма брифингда Зеленский Киевдан олдин Москвага ташриф буюрган Гвинея-Бисау президенти Россиянинг “алоқаларни очиш” таклифини етказганини айтди. Зеленский “кўприкларни тиклаш” учун Россия Украина инфратузилмаси объектларига мунтазам зарба бериш каби акцияларни тўхтатиши лозимлигини урғулади.
“Келинглар, ишни, масалан, Қора денгиздаги савдо йўлларини қамалдан чиқаришдан бошлаймиз”, деди Украина президенти.
Гвинея-Бисау раҳбари Россиянинг кенг кўламли босқини бошланганидан сўнг Киевга ташриф буюрган африкалик илк давлат бошлиғи бўлди.
Зеленский – Украина фронтда позицияларини мустаҳкамламоқда
26 октябрь куни Украина президенти Владимир Зеленский мамлакат қўшинлари ўз позицияларини мустаҳкамлаётгани, фронт чизиғидан хушхабар кутилаётганини айтди.
Кечки видеомурожаатида Зеленский шарқий Донбасс минтақасида жойлашган иккита муҳим шаҳарда Россия тутаётган йўлни «ақлдан озганлик» деб таърифлади.
Унинг сўзларига кўра, энг шиддатли жанглар Донецк яқинидаги Авдеевка ва шимоли-шарқдаги Бахмут яқинида кетмоқда.
«Россия қўмондонлиги ақлдан озгани айнан мана шу ерда яққол кўриниб турибди. Улар кундан-кунга, ойлар давомида одамларни ўша ерга ҳайдаб, артиллерия зарбаларини беришмоқда. Донецк вилоятидаги бу ҳудудларда ўз позицияларини ҳимоя қилаётган барча аскарларимиз қаҳрамондир».
Россия қўшинлари Украинанинг Словянск ва Краматорск шаҳарларига олиб борадиган асосий йўлда жойлашган Бахмутни қўлга олишга бир неча бор уриниб кўрди.
25 октябрь куни Зеленскийнинг маслаҳатчиси Алексей Арестович руслар бир куннинг ўзида тушлик вақтигача Бахмутга саккиз марта ҳужум қилганини, ҳар сафар ортга қайтарилганини айтган эди.
Зеленский жанубдаги Херсон шаҳри яқинида содир бўлаётган воқеаларга тўхталмади. Шаҳарни россияпараст кучлар қўлга олган. Украина қўшинларига кўра, у ерда шиддатли жанг бўлиши кутилмоқда.
Зеленский, шунингдек, икки томон ўртасидаги сўнгги маҳбус алмашинувида 10 нафар украиналик озод этилганини қўшимча қилди.