Украина: Россия ғалла экспорти келишувини бузгани учун жазога тортилиши керак
Украина президенти Владимир Зеленский 29 октябрь куни қилган чиқишида Россия Қора денгиз бўйлаб дон экспорти бўйича келишувни тўхтатиб қўйганини айтиб, халқаро ҳамжамиятдан қатъий жавоб талаб қилди.
Украина президенти ўзининг навбатдаги видеомурожаатида Россияни Африка, Яқин Шарқ ва Жанубий Осиёда сунъий очарчилик яратишга уринишда айблади. Зеленский, шунингдек, Россияни таъмирланаётган заводларни нишонга олишда айблади ва айрим техник ходимлар ҳалок бўлганини таъкидлади.
«Бизга ҳозир қатъий халқаро жавоб керак. БМТ даражасида ҳам, бошқа даражаларда ҳам. Хусусан, Катта йигирматалик даражасида. Россия атайлаб бир неча қитъаларда очарчилик яратишга ҳаракат қилар экан, қандай қилиб Катта йигирматалик аъзоси бўлиши мумкин? Бу бемаънилик. Катта йигирматаликда Россияга ўрин йўқ. Россия террори давом этмоқда. ... Баъзида таъмирлаш ишлари бошланганидан кейин, атайин қайта ҳужум қилишади. Афсуски, таъмирлаш бригадалари ва энергия компаниялари ходимлари орасида қурбонлар бор. Уларнинг оилаларига ҳамдардлик билдираман».
Зеленскийнинг сўзларига кўра, мамлакатда электр токи таъминоти қайта тикланмоқда, аммо фавқулодда ўчиришларга ҳали ҳам эҳтиёж туғилиши мумкин.
Сўнгги ҳафталарда Россия бутун Украина бўйлаб электр иншоотларига дрон ва ракеталар билан зарба бермоқда. Натижада мамлакатнинг электр токи ишлаб чиқариш салоҳияти 30% қисқарди ва Украина бўйлаб кенг қамровли чекловлар жорий қилинди.
Путин: Украина "радиологик бомба"ни режалаштиряпти
Россия президенти Владимир Путин Украинада уруш бошлаганидан афсусланмаслигини билдириб, "махсус ҳарбий операция"дан кўзланган мақсадларга эришаяпмиз, деди ва Ғарбнинг ҳукмронлиги ниҳоясига етяпти, деб таъкидлади.
У пайшанба кунги 3 соатлик савол-жавоб давомида 3 марта Ғарбни қоралаган.
"Дунёга ҳукмронлик - бу Ғарб учун ўйинда довга тикилган ютуқ каби, лекин бу ўйин, шубҳасиз, хавфли, қонли ва ифлос ўйин деб айтган бўлардим. Бу мамлакатлар ва халқларнинг суверенитети, уларнинг ўзига хослигини инкор этади ва бошқа давлатларнинг манфаатларини эътиборсиз қолдиришни назарда тутади”, деди Путин.
Путин уруш бошидаги чиқишларидан фарқли ўлароқ, бу сафар ўзига ишонган, тетик кўринди. Ўтган галги кўриниши унинг соғлиғи ҳақида турли саволлар уйғотганди.
Путиннинг айтишича, либерал Ғарб етакчилари бутун дунё бўйлаб “анъанавий қадриятлар”га путур етказган ҳамда дунёни олдиндан айтиб бўлмайдиган хавфли келажакка етакламоқда.
"Биз тарихий бурилиш чегарасида турибмиз: олдинда, эҳтимол, Иккинчи Жаҳон урушидан кейинги энг хавфли, олдиндан айтиб бўлмайдиган ва шу билан бирга, муҳим ўн йиллик бўлиши мумкин", деди Путин
Путин пайшанба кунги нутқида Украина "радиологик бомба"дан фойдаланишни режалаштиряпти, деган айбловни такрорлади. АҚШ, Буюк Британия ва Франция буни "ошкора ёлғон", деб атаган.
Қуруқликдаги жанглар секинлашди
Украинада эса, сўнгги кунларда қуруқликдаги жанглар секинлашгани қайд этилмоқда. Украина расмийлари жанубий Херсон вилоятида об-ҳавонинг ёмонлиги олдинга силжишга тўсқинлик қилаётганини билдирган.
Россия ўзи қўл остидаги ҳудуддан тинч аҳолини эвакуация қилишга кўрсатма берган. Бироқ Киев, Россия минтақани урушга янги чақирилган аскарлар билан кучайтираётганини айтмоқда.
Киев, шунингдек, Россия айни пайтда қиш олдидан Украинанинг муҳим инфратузилма обектларини дрон ва ракета зарбалари билан вайрон қилишда давом этаётганини таъкидлади.
Россия армияси 26 октябрга ўтар кечаси Днепропетровск вилоятининг Никополь, Марганец ва Червоногригорьевск громадаларини ўққа тутди, дея маълум қилди вилоят ҳарбий маъмурияти бошлиғи Валентин Резниченко.
Унинг айтишича, зарбалар “Град”лар ва оғир артиллерия орқали берилган, мингтача оила электрсиз қолган, хусусий уйларга зарар етган. Одамлар орасида жабрланганлар йўқ.
Кечаси Россия ҳарбийлари Николаевни ҳам ўққа тутишган, бир киши яраланган. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Виталий Ким маълум қилди.
Шахтёрскда темир йўл вокзали ва нефть омбори ёнди
Донецкнинг Шахтёрск шаҳрида Россия тайинланган расмийлар эса, Украинанинг ҳужуми натижасида шаҳар темир йўл вокзали ва нефть омбори ёнилғи баклари ёнди, деб баёнот берди.
"Темир йўл вокзали ҳудудида тўртта цистерна ёнаётгани аниқланган, иккинчи ёнғин ўчоғи ҳам ўша ерда. Айни пайтда 35 ўт ўчирувчи ва 6 та ўт ўчириш машинаси ёнғинни бартараф этмоқда", деди Владимир Муренков, ДХР ФВВ вазирлиги Ёнғин ўчириш хизмати бошлиғи.
Ўт ўчирувчилар темир йўл цистерналари ва нефть омборидаги алангани ўчираётгани акс этган видео ҳам тарқалди.
Уруш шароитида Озодлик томонлар берган бу маълумотларни мустақил манбалардан тезкор тасдиқлаш имконига эга бўлмаётир.