Россия босқинида 400 дан ортиқ украиналик бола нобуд бўлди
Россиянинг Украинага босқинида бугунга қадар 400 дан ортиқ ёш бола ҳалок бўлган. Расмий маълумотларга кўра, 1 200 дан ортиқ бола жароҳат олган ёки нобуд бўлган.
Шу сабабдан Украинада нодавлат ташкилот болалар учун зирҳли камзул ва дубулғаларни ишлаб чиқармоқда.
28 октябрь харьковлик қочқин Мариана Чугунова қизига ҳимоя уст-бошини кийгизиб кўрди.
Унинг сўзларига кўра, агар уларда бола ҳимоя воситалари бўлганида, Харьковдан эвакуация осонроқ кечган бўларди.
«Агар, Худо кўрсатмасин, эвакуация қилишимиз керак бўлса, бизда зирҳли камзул ва дубулға бўлади ва мен боламдан хавотир олмайман», – деди Чугунова Reuters агентлигига берган интервьюсида.
Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 24 февраль куни Россия Украинга бостириб кирганидан бери жами 430 нафар бола ҳалок бўлган, яна 823 нафари жароҳат олган.
Россия: «Шимолий оқим-2» газ қувурини Буюк Британия ҳарбий-денгиз кучлари портлатган
29 октябрь куни Россия мудофаа вазирлиги ўтган ой «Шимолий оқим» газ қувурларида содир бўлган портлашларда Британия ҳарбий-денгиз кучлари ходимларини айблади.
Мудофаа вазирлиги ўз даъвосини тасдиқлаш учун далил келтирмади.
«Мавжуд маълумотларга кўра, жорий йилнинг 26 сентябрида Болтиқ денгизида террорчилик ҳужуми – «Шимолий оқим-1» ва «Шимолий оқим-2» газ қувурларини портлатиш, режалаштириш, таъминлаш ва амалга оширишда Британия ҳарбий-денгиз кучларининг ушбу бўлинмаси вакиллари иштирок этган», дейилади вазирлик баёнотида.
Британия мудофаа вазирлиги бу айбловни дарҳол изоҳлашдан бош тортди.
Аввалроқ Россия рус газини Ғарбга ташувчи қувурлардаги ҳужумларда Ғарбни айблаган эди.
Аммо Россия бундан олдин газ қувурларига етказилган зарар учун айнан ким жавобгар эканлиги ҳақида аниқ маълумот бермаган эди.
Кремль етказилган зарар учун Россия ўзи жавобгарлиги ҳақидаги даъволарни «аҳмоқлик» деб атаб, рад этиб келади. Россия расмийларига кўра, саботаж ҳужумидан Вашингтон манфаатдор, чунки АҚШ Европага кўпроқ суюлтирилган газ сотишни хоҳлайди.
Вашингтон портлашларга алоқадорлигини рад этиб келади.
Россия Украинадан Қора денгиз орқали дон экспорт қилиш ташаббусини тўхтатди
Россия Украинага ўз донини Қора денгиз орқали экспорт қилиши имконини берган ташаббусни тўхтатишга қарор қилди. Бу ҳақда шанба куни Россия Мудофаа вазирлиги маълум қилди.
Вазирликка кўра, Қора денгиз флоти ва бошқа кемалар, жумладан, Қора денгиз дон йўлаги хавфсизлигини таъминлаш билан шуғулланувчи кемалар Украина дронлари ҳужумига учраганидан кейин шундай қарор қабул қилинган.
30 октябрь куни Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Россияни эришилган келишувни бузганликда айблади ва халқаро ҳамжамиятни Россиядан ўз мажбуриятларини бажаришни талаб қилишга чорлади.
Украина инфратузилма вазирлиги эса баёнот эълон қилиб, мамлакат Қора денгиз дон йўлаги орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилишни давом эттиришга ҳозирлигини билдирди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерришнинг матбуот котиби Стефан Дюжаррик ташкилот Россия билан бу масалада мулоқот қилаётганини билдирди.
Дюжаррик барча томонлар Қора денгиз ташаббусини хавф остига қўядиган ҳар қандай ҳаракатлардан қочишлари кераклигини таъкидлади.
22 июль куни Россия ва Украина Туркия ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти билан Қора денгиздаги учта муҳим портдан озиқ-овқат ва ўғит экспортига йўл очиш тўғрисида шартнома имзолаган эди.
Украина Россия ҳарбий кемаларига зарба берди
Севастопол кўрфазидаги портлашлар Россия ҳарбий кемаларига зарар етказган бўлиши мумкин.
Украина манбалари, жумладан, Украина ички ишлар вазири ўринбосари Антон Герашченконинг Телеграмдаги канали Севастопол кўрфазида 29 октябрга ўтар кечасидаги портлашлар натижасида Россиянинг тўртта ҳарбий кемасига зарар етказилгани айтилмоқда. Портлашлар оқибатида зарар кўрган кемалар орасида Россиянинг Адмирал Макаров ҳарбий фрегати ҳам борлиги айтилмоқда.
"Адмирал Макаров" фрегати аввал Украинанинг Винница шаҳрига Калибр ракеталари учирган ва камида 27 киши ҳалок бўлган эди.
Россиянинг Севастополдаги Телеграм-каналлари акватория устидан қуюқ тутун кўтарилаётгани суратини “қайиқни ўчиряпти” деган ёзув билан чоп этган.
Россия Федерацияси Мудофаа вазирлигининг расмий хабарларига кўра, "Иван Голубетс" мина ташувчи кемаси ва Южная кўрфазидаги капот тўсиғига "кичик зарар" етган.
Россия Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, Севастополдаги Қора денгиз флоти кемаларига ҳужумда тўққизта учувчисиз учиш дрони ва еттита автоном бошқариладиган денгиз аппарати иштирок этган.
Россия ҳарбий департаменти ҳодисани "террор ҳужуми" деб атади ва Британия ҳарбий-денгиз кучлари мутахассислари ушбу операцияни тайёрлашда иштирок этганини даъво қилмоқда.