Украина босиб олинган ҳудудлардаги референдумлар масаласида БМТ Хавфсизлик Кенгашини чақирди
Украина БМТ Хавфсизлик Кенгашидан ҳозирда мамлакатнинг Россия қўшинлари назорати остидаги ҳудудларида бўлиб ўтаётган Россияга қўшилиш бўйича референдумлар деб аталадиган тадбирлар сабабли фавқулодда йиғилиш ўтказишни талаб қилди. Бу ҳақда Украина ташқи ишлар вазирлиги вакили Олег Николенко расмий твиттерда маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Россия Украинанинг халқаро тан олинган чегараларини БМТ Низомини бузган ҳолда ўзгартиришга урингани учун жавобгарликка тортилиши керак.
Украинадан ажралиб чиқиш ва Россияга қўшилиш бўйича референдумлар айирмачи “Луганск” ва “Донецк” ҳудудларида, Херсон ва Запороже вилоятининг бир қисмида 23 сентябр куни бошланди ва беш кун давом этади.
Овоз бериш ўтказиладиган ҳудудларда халқаро оммавий ахборот воситалари вакиллари ва халқаро тузилмаларнинг кузатувчилари йўқ. Украина ҳам, халқаро ҳамжамият ҳам уларнинг натижаларини тан олмаслигини билдирди.
Полиция Ёқутистонда сафарбарликка қарши аёллар намойишини тарқатди
Якутск шаҳри марказида ўтган урушга қарши митинг иштирокчиси бўлган аёллардан бир нечасини полиция ушлаб кетди, деб хабар берди SakhaDay нашри.Намойишга чиққан бир неча юз аёл «Урушга йўл йўқ” деб қийқириб турдилар.
Россиянинг кўплаб шаҳарларида Путимн 21 сентябрда эълон қилган сафарбарликка қарши намойишлар бўлиб ўтмоқда. Сўнгги маълумотларга қараганда, намойишларда иштирок этгани учун камида 2 минг киши қўлга олинди.
Доғистон пойтахти Махачкалада сафарбарликка қарши ўтказилган намойиш полиция томонидан тарқатилди
Махачқалада 25 сентябрь куни сафарбарликка қарши ўтказилган намойишни тарқатишда полиция куч қўллагани айтилмоқда. ОВД инфонинг хабар беришича, "ҳуқуқ фаоллари полиция машинаси ичида қонга беланган тўрт -беш кишини ҳам кўрганлар".
Аввалроқ Доғистоннинг Эндирей қумиқ қишлоғи мобилизацияга қарши чиқди. Полиция осмонга қарата ўқ узди.
“Черновик” нашри биргина Эндирейда 110 киши мобилизация қилинганини ёзмоқда.
Бундай норозилик акциялари Доғистондан ташқари Россиянинг кўплаб бошқа минтақаларида ҳам кузатилмоқда.
Россияда военкоматлар ва ҳокимиятларга ўт қўйиш ҳолатлари кўпаймоқда
Россия матбуоти мамлакатда военкоматлар ва ҳокимиятларга ўт қўйиш ҳолатлари кўпайгани тўғрисида хабар бермоқда.
Mash нашрининг ёзишича, сўнгги бир сутка ичида Ленинград вилоятининг Кировск шаҳар военкоматига ва Сяськелевск аҳоли пункти маъмурияти биносига ўт қўйилган.
Аввалроқ бу каби ҳодисалар Мордовия, Калининград ва Нижегородда содир этилганди. Мордовиядаги Рузаева тумани ҳарбий комиссарининг автомобилига ҳам ўт қўйилгани хабар қилинган.
Ўтган ҳафта давомида жами 20 та ўт қўйиш ҳолати қайд этилган. Бу воқеаларда фуқаролар жабрланган эмас.