Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:12

"Ўз жиноятига шерик қилмоқчи". Россия қамоқдаги ўзбекларни ҳам урушга ёлламоқда


Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрбдан буён 222 минг киши урушга сафарбар қилинганини айтган. Иллюстратив сурат.
Россия президенти Владимир Путин 21 сентябрбдан буён 222 минг киши урушга сафарбар қилинганини айтган. Иллюстратив сурат.

14 октябрь куни Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик кейинги икки ҳафтада якунланиши ва ҳозирга келиб 222 минг киши урушга сафарбар қилинганини билдирди.

Путиннинг баёноти Россияда меҳнат қилаётган ўзбек, тожик ва қирғиз муҳожирлари Россия фуқаролигига эга бўлмаса-да, чақирув қоғози олишни бошлагани ҳақидаги хабарлар кўпайгани манзарасида янграмоқда.

Айниқса, Россия қамоқхоналари ва колонияларида қолаётган ўзбекистонлик маҳкумларнинг яқинлари уларни урушга ёллаш учун турли усул, жумладан, қийноқлар қўлланаётганини айтишмоқда. Жамоатчилик ташкилотлари ва ҳуқуқ фаоллари муҳожирларнинг кейинги тақдиридан хавотир билдирмоқда.

Ўзбекистон фуқаросига Россия военкоматидан чақирув қоғози келди

Ўзбекистонлик Сирожиддин Набиев Россияда оммавий тартибда Украина урушига сафарбар қилинаётганлардан бири.

Ҳақиқатан, Сирожиддин чақирув ёшида, уни урушга жўнатиш Путин Россияси қонунларига зид эмас. Бироқ, бу ерда масала бошқа нарсада: Сирожиддин ҳеч қачон Россия фуқароси бўлмаган - у Ўзбекистон фуқароси.

- Эрталаб уйқудан туриб, ташқарида қуёш чарақлаб турганини кўриб, ювиниб, тезроқ ташқарига сайрга чиқиш ҳақида ўйлаб турганингда қўлингга телефон олиб, онангдан ва акангдан 30та қўнғироқ бўлганига кўзинг тушади. Хавотир билан «Нима бўлди?» деб сўрасанг, она: «Мен инфарктдан ўлай дедим – сенга повестка келди!”, дейди. Нима бўлаётганини англамай турган пайтингда у “Президент буйруғи билан сенга повестка келди, мобилизация ҳақида”, дейди. Қанақасига?! Тушунмаяпман, қанақасига улар Ўзбекистон фуқаросига повестка юбориши мумкин? , дея таажжубланади Сирожиддин.

Россиялик таниқли ҳуқуқ фаоли ва сиёсатчиси Ольга Романова ўзининг Телеграм-каналида “Вагнер” хусусий ҳарбий компанияси хорижликларни Украинадаги урушга ёлланаётганини ёзди.

Унинг сўзларига кўра, қамоқхоналардан Беларус, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Озарбайжон фуқаролари урушга олиб кетилаётгани ҳақида хабарлар олган.

“Ҳеч қандай пул ёки компенсация ҳақида гап йўқ. Ўтган ҳафта Ярославл зоналарида тўрт нафар Ўзбекистон фуқаросини сақлаб қолдик. Жин урсин, ахир улар чет эллик! Бугун тунда эса, Бошқирдистонда бўлган ўзбекларнинг қариндошлари менга мурожаат қилишди. Уларни олиб кетишди. Ўзбекистон элчихонасидан бизга ёзишди, биз улар билан алоқадамиз. Ҳой, Озарбайжон, Қирғизистон, Тожикистон элчихоналари, нима учун фуқароларингизни украиналикларни ўлдириш учун юборишаётгани билан қизиқиб кўрмаяпсиз?”, дея хитоб қилди "Қамоқдаги Русь" ташкилоти раҳбари Ольга Романова.

“Хориж фуқароларининг Россия Федерациясидаги ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги федерал қонуннинг “Хориж фуқароларининг ҳарбий хизматга бўлган муносабати” деб номланган 15-моддасида аниқ-тиниқ кўрсатма берилган:

“Хорижлик фуқаролар ҳарбий хизматга (альтернатив фуқаролик хизматига) чақирилиши мумкин эмас”.

Шу модданинг 2-қисмида чет элликлар контракт асосидагина Россия Қуролли Кучларига ёлланиши ёки ишга қабул қилиниши мумкинлиги ҳам қўшимча қилинган.

"Укамни урушга борасан деб камерада калтаклашяпти..."

Охирги пайтларда айниқса қамоқхона, колония ва тергов изоляторларида сақланаётган ўзбек муҳожирлари жиддий хатар остида қолаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

Урушга ёлловчи контрактни имзолашга мажбурланаётган мигрантлар қамоқхона маъмурияти, уларнинг қўл остидаги, маҳкумлар таьбири билан айтганда “лохмачлар”, полиция ва бошқа кучишлатар тизим ходимлари қаттиқ босими остида қолгани тўғрисида яқинларига хабар қилмоқда.

Озодликка исми-шарифи ошкор этилмаслиги шарти билан гапирган Бошқирдистондаги қамоқхоналардан бирида сақланаётган маҳкумнинг акаси қамоқхона маъмурияти укасини Украина фронтига ёлланишга мажбурлааётганини иддао қилди.

- Укам Бошқирдистонда бир неча йилдан бери ўтирибди. Уни урушга мажбурлаб олиб кетишмоқчи. Ҳали Украинага олиб кетишгани йўқ, чунки у имзоламаяпти, лекин ҳар куни камерада калтаклашяпти экан. Ким урушга борса, катта пул бериш ва қолган муддати кесилишини ваъда қилишяпти. Қандай ёрдам беришни ҳам билмайман, бошим қотган. Билмадим, қанчагача кучи етишини, - дейди хавфсизлик сабаб исмини ошкор қилмасликни сўраган ўзбекистонлик йигит.

Ҳуқуқ фаоли Каримжон Ёров рус ҳукумати айнан муҳожирлар ва Россиянинг рус бўлмаган минтақалари аҳолисини урушга жалб қилишга уринаётганини айтади.

- Одамларни ёлланишга мажбурлашмоқда, калтаклашмоқда. Бир ўзбек йигити 9 йил ўтирибди, қолган 3 йилини ўтирмасдан, урушга бориб келишни таклиф қилишмоқда. Аниқроғи уларни уришмоқда. Нафақат бизларнинг ўзбек-тожиклар. Кеча бир беларус аёлнинг ўғлини калтаклаб, контракт имзолатишибди. Ҳозир Луганскда экан бу йигит, телефон қилибди. Кеча бир Тожикистон фуқароси телефон қилиб, унда шартли муддат бўлишига қарамай, повестка келганини хабар қилди. Яна бир қирғиз йигит мурожаат қилиб, унда ҳам шартли муддати борлиги, Украинага кетишга мажбурланаётганини маълум қилди. Яъни, бу биз билган ҳолатларгина!

Ҳозир кимда доимий ва вақтинчалик яшаш гувоҳномаси бўлса ҳам повесткалар келмоқда. “Келинг, сизга тезлаштирилган тартибда фуқаролик берамиз! Катта пул ишлаб оласиз. Акс ҳолда ҳужжатларингизни бекор қиламиз”, деб қўрқитишяпти. Ҳозир асосан, муҳожирлар билан бирга Россиянинг майда халқлари мобилизация қилинмоқда. Бу турган битган ирқчиликку! Ҳукумат бу халқларни қўлини қонга ботириб, ўз жиноятига шерик қилмоқчи.

Ҳуқуқ фаоли: Ўзбекистон ҳукумати "норозилик нотаси" юбориши керак

Мигрантлар масалалари бўйича эксперт Валентина Чупик ҳозирда ўзи ҳам оиласи билан муҳожирликда.

У ўтган йили Россия ҳукумати қарори билан 30 йилга Россиядан бадарға қилинган. Мигрантлар ҳимоячиси депортация қилинишини ўзининг касбий фаолияти билан боғлаганди.

Ҳозирда Арманистонда вақтинчалик қўним топган Валентина Валентиновна муҳожирлар мобилизацияси масаласига Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ҳукумати эътибор қаратиши кераклигини таъкидлайди.

- Бизга мигрантлардан жуда кўплаб мурожаатлар бўлмоқда, уларнинг асосий қисми Россияда катта пул, фуқаролик бериш ва бошқа имтиёзлар билан юртдошларимизни ёллаш ишлари авж олган. Мурожаатларнинг 35-40 фоизи мажбурий ёллаш масаласига доир. Мажбурий ёллаш кўринишидан биринчиси-қўрқитишдир: унга жиноят иши очиш билан таҳдид қилиш, масалан паспортидаги битта муҳр қалбаки, деб ёки наркотик модда ташлаб қўйиш билан. Мажбурий вербовканинг иккинчи кўриниши – одамларга жисмоний босим қилиш, калтаклаш. Менга бугун Москвадан мурожаат қилган Қирғизистон фуқароси участковой томонидан қаттиқ калтакланганини айтиб берди. У 200 рубл ДАН ходимига пора бергани учун шартли жазо олган эди. Участковой уни Украинага контрактни имзоламаса қамоққа ташлаш билан қўрқитган, кейин эса дўппослаган. Яна бир усули – алдов. Масалан, Сахаровода мигрантларга бир даста бошқа майда шрифт билан ёзилган ҳужжатларни имзолатишмоқда. Улардан иккита варағи “кўнгилли ҳарбий хизмат тўғрисида контракт” экани аниқланди.

Қамоқдагиларнинг ҳуқуқлари ҳимояланишига элчихоналаримизнинг фаол ҳаракатларигина ёрдам бера олади. Элчиликлар оддий “сўровнома” эмас, “норозилик ноталари” билан ТИВ, колония маъмуриятлари, Бош прокуратурага мурожаат қилишса, омма олдида чиқишлар қилишса ва бу ҳолатларни эълон қилишса, уларни урушга жўнатмасликлари мумкин. Қамоқда бўлмаганларга эса яна бир бор Россияни тарк этишни тавсия қиламан.

Валентина Чупик мурожаат қилаётганларнинг 40 фоизи Қирғизистон, 30-35 фоизи Тожикистон, 20 фоизи Ўзбекистон ватандошлари, қолган фоизлар эса беларус, украин, озарбайжон, молдаван ва туркманлар эканини қўшимча қилди.

- Тушунишимча, мажбурланаётганларнинг аксарини славян бўлмаганлар ташкил қилмоқда. Бундай вазиятнинг юзага келишига Россия фуқароларининг мобилизациядан қатъиян бош тортаётгани билан боғлиқ бўлиши мумкин. Улар қочиб кетяпти, сотиб оляпти, яшириняпти, армияга эса ҳукумат одам йиғиши керак. Шу сабабли улар энг ночор қатлам, яъни мигрантлар ҳисобига режаларини бажармоқда.

Айни дамда, мобилизациядан қочиб Россияни тарк этаётган эркаклар сони кўпайишда давом этмоқда. Аммо Украинага қарши жанговар ҳаракатларда енгилаётган ва одамларини йўқотаётган Путин ҳукумати русларни ҳам мобилизация қилишга катта куч ва маблағ сарфламоқда.

Повесткаларни тарқатиш турар жойларда мана бундай кўринишда олиб борилмоқда.

ёки мана бундай:

Полиция ходими ҳамроҳлигида формада бўлмаган военкомат ходимлари кўчаларда барча эркакларни тўхтатиб, ҳужжатларини текширмоқда. “Облава”лар метро ва автобус бекатлари, бозорлар ва иш жойларида амалга оширилмоқда.

Чақирув қоғозлари ҳатто ногиронлар ва аравачада ҳаракатланадиган россияликларга ҳам келмоқда.

Ҳуқуқ фаоллари Украинанинг босиб олинган ва вайрон қилинган ҳудудларидаги қурилиш ишларига ҳам Россия ҳукумати меҳнат муҳожирларини жалб қилаётганидан хавотир билдирмоқда.

Мигрантлар ҳимоячиси Валентина Чупик Украинанинг Мариуполь шаҳрига мингдан зиёд ўзбек йигитлари юборилгани тўғрисида хабар олганини айтди. Аниқланишича, ўзбек муҳожирлари Москвадаги турар-жой ширкатлари томонидан оммавий тартибда ёлланган. У Украинада ишлаётган ўзбек мигрантлари мамлакатга ноқонуний кириб келгани ва бу ҳудудлар ҳалигача ракета ва артиллерия зарбалари остида эканини ўзбекистонликларга эслатиб қўйиш лозимлигини таъкидлайди.

Аввалроқ Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон элчихоналари ўз фуқароларини Россия қуролли кучлари таркибида Украинага қарши урушда қатнашган тақдирда жиноий жавобгарлик ҳақида огоҳлантирган эди.

Форум

Алоқадор

XS
SM
MD
LG