Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:42

Қозоғистон ва Ўзбекистон Путиннинг "газ иттифоқи"га қандай муносабат билдирмоқда?


 Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонни янги "газ иттифоқи"га тортмоқчи.
Россия Қозоғистон ва Ўзбекистонни янги "газ иттифоқи"га тортмоқчи.

Қозоғистон расмийлари Россия билан "газ иттифоқи" Остонанинг Москвага қарамлигини оширади, деб ҳисобламоқда. Аввалроқ Путин Қозоғистон ва Ўзбекистонга уч томонлама газ иттифоқи тузишни таклиф қилгани хабар қилинганди. Шу тариқа Кремль халқаро ҳамжамият томонидан Украинага тажовузи туфайли жорий этилган санкцияларни четлаб ўтиб, ўз газини бошқа мамлакатларга сотишни режалаштиргани тахмин қилинмоқда.

Айни дамда расмий Тошкент Владимир Путиннинг “газ иттифоқи” масаласидаги таклифига на розилик берди, на уни рад этди. Айрим экспертлар ушбу таклиф Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасига рахна солиш мақсадида қилинган бўлиши мумкин, дейишмоқда.

“Қозоғистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга йўл қўймайди”

Қозоғистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Роман Василенко мамлакат халқаро муаммоларни ҳал қилиш усули сифатида санкциялар қўллашни қўллаб-қувватламаса-да, Қозоғистонни ҳеч бир давлатга халқаро санкцияларни четлаб ўтиш учун ўз туйнугига айлантиришга йўл қўймаслигини билдирди.

“Унинг ("газ иттифоқи"нинг -таҳр.) мазмунини ҳозирча муҳокама қилиш эрта, чунки у аллақандай ғоя, холос. Аммо Қозоғистоннинг принципиал позицияси шундан иборатки, Қозоғистон ўз ҳудудидан санкцияларни четлаб ўтиш учун фойдаланишга йўл қўймайди. Бу позициялар ўзгармасдан қолган ва келажакда улар ҳар қандай янги ташаббусларни баҳолаш учун асос бўлиб хизмат қилади”, — деди қозоқ расмийси.

Василенкога кўра, Украина можаросининг дастлабки кунларидан бошлаб мамлакат ҳукуматида комиссия тузилган бўлиб, унинг вазифаси вазиятнинг Қозоғистон иқтисодиётига салбий таъсирини камайтириш ва санкцияларни четлаб ўтиш учун мамлакат ҳудудидан фойдаланишнинг олдини олишдир.

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевга кўра, 28 ноябрь куни Кремлда ўтган музокараларда Путин Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистондан иборат “уч томонлама газ иттифоқи”ни тузишни таклиф қилган. “Умуман олганда биз тайёр, нимага йўқ дейишимиз керак” дея сўз бошлаган Тоқаев кейинроқ фикрини бироз ўзгартирди.

- Владимир Владимирович бугун қандайдир уч томонлама иттифоқ яратишимиз кераклиги ҳақида сўзлади. Ўзбекистон президентига қўнғироқ қилмоқчи. Исталган натижа ва келишувларга эришиш учун биз ҳам ушбу мавзуни чуқур ўрганишимиз керак - ҳеч бўлмаганда мен, бизнинг мутахассисларимиз ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Қозоғистонликлар фикрича, ушбу иттифоқ юридик нуқтаи назардан санкцияларни айланиб ўтишга имкон яратади, амалда эса Остонанинг Москвага қарамлигини оширади. Ҳозирча рус газининг қозоқлар ерларидан траспорт қилинишига Ғарб мамлакатлари қандай муносабат билдириши қоронғи, аммо мутахассислар бу ҳаракатлар АҚШ ва унинг иттифоқчилари порозилигини келтириб чиқариши аниқ, демоқда.

Путиннинг “газ иттифоқи”ни тузиш ғояси Россиянинг агрессив сиёсати туфайли Қозоғистонда аксилроссия кайфияти кучайиб бораётгани манзарасида содир бўлди.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Димаш Алжанов фикрича, Россия яккалангунигача собиқ Иттифоқ давлатлари, хусусан Украина ва Қозоғистон билан асосан “куч дипломатиси”ни қўллаб келган ва Қозоғистон бу каби газ иттифоқларисиз ҳам қарам давлатга айланиб бормоқда.

- Бу гаплари билан Тоқаев ташаббусни бой бериб қўйди. Сиз аввалига “Ҳа, биз розимиз” деб гап бошлаб, кейин “Биз ҳозирча тайёр эмасмиз, биз масалани ўрганишимиз керак” десангиз, миллий манфаатларни ҳимоя қилишда вазиятни қўлдан бой бериб қўйган бўласиз. Бу келишув умуман олганда ўзи жуда шубҳали. КХШТ ва Евросиё иқтисодий кенгашига аъзо бўлган Қозоғистон ўз мустақиллигини аста-секин йўқотиб бормоқда.

Россия президенти билан учрашувдан кейин дарҳол қозоқ раҳбари Францияга Эммануэль Макрон билан учрашувга жўнаб кетди.

“Россия Ўзбекистонга газ етказиб беришдан манфаатдор”

Айни дамда Россиянинг Кремль назоратидаги оммавий ахборот воситалари “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқчилиги” тўғрисида бонг ура бошлади.

“Россия газ иттифоқини тузиш бўйича музокаралар бошлади”, “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон газ иттифоқини тузишади”, “Осиё: учлик газ иттифоқи”, “Ўзбекистон Россия ва Қозоғистон билан газ иттифоқига қизиқиш билдирмоқда” каби жарангдор сарлавҳалар остида чиқаётган мақола ва репортажларда Қозоғистоннинг расмий муносабати ва Ўзбекистон томонининг сукут сақлаётгани борасида лом-мим дейилмаётганини ҳам кўриш мумкин.

Русларнинг “газ иттифоқи” тўғрисидаги баёнотларига расмий Тошкент ҳеч қандай муносабат билдирмаётган бўлсада, кузатувчилар охирги пайтларда Россия пропагандаси Ўзбекистон ва унинг сиёсий позициясига босимни кучайтирганига эътибор қаратмоқда.

Охирги ҳафталарга Тошкентга серқатнов бўлиб қолган рус сиёсатчиларидан бири, Дума спикери Вячеслав Володин “АҚШ билан унинг стратегик ҳамкорлари ўртасидаги алоқалар натижаси Вашингтон билан ҳамкорликнинг эҳтимолий натижаларини баҳолашда Ўзбекистон учун намуна бўлди”, деган. Дума хабарномасида айтилишича, Володин Европа учун бунақа “стратегик ҳамкорлик” иқтисодиётдаги муаммолар билан тугаганини урғулаган.

Россия Федерацияси Бош вазири ўринбосари Александр Новак эса журналистларга Ўзбекистон Россия Федерацияси ва Қозоғистон билан “уч томонлама газ иттифоқи”ни яратиш лойиҳасидан манфаатдор, деди.

“Биз ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдик, чунки Ўзбекистон Республикасига Россия газини қўшимча етказиб беришдан манфаатдормиз. Такрор айтаман, биз техник ва тижорат масалаларини ҳал қилишимиз керак”, деди Александр Новак.

Унинг қайд этишича, Россия Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “уч томонлама газ иттифоқи” лойиҳасидан мамлакатларнинг ички газга бўлган эҳтиёжини қондириш ва экспорт салоҳиятини ошириш учун фойдаланишни режалаштирмоқда.

Россия бош вазири Михаил Мишустин 2 декабрь куни Самарқандда ўзбекистонлик ҳамкасби Абдулла Арипов билан биргаликда икки томонлама ҳукуматлараро комиссияси мажлисини ўтказди. Унда икки давлат кўплаб соҳаларда ҳамкорликни кучайтиришга келишиб олингани эътироф этилган бўлсада, мажлисда “Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасида тузилажак газ иттифоқи” ҳақида муҳокама бўлиш-бўлмаслиги ҳақида бирор маълумот берилмади. Бу эса саволларни янада кўпайтирди.

Икки ҳукумат раҳбарлари ўртасида имзоланган ҳужжатлар орасида ҳам газ соҳасидаги бундай ҳамкорлик борасида сўз юритилмаганини кўриш мумкин.

“Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасига рахна солмоқда!”

Алишер Илҳомов
Алишер Илҳомов

Россия президенти Путиннинг Қозоғистон ва Ўзбекистон билан “иттифоқ” яратиш ғояси икки томонлама ҳамкорлик битимини тузиш арафасида турган Остона ва Тошкент ўртасига рахна солди, дейди Лондонда жойлашган Central Asia Due Diligence (CADD) таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов.

У Тоқаев Москвага боришидан бир кун олдин Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида имзоланиши кутилаётган шартнома лойиҳаси эълон қилингани тасодиф эмаслигига эътибор қаратди. Унда, жумладан, “ҳеч бир томон ўз ҳудуди ва захираларидан фойдаланган ҳолда бошқа томонга тажовуз қилишда, шунингдек, бошқа томоннинг давлат мустақиллиги, хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигига зарар етказиш мақсадида фойдаланишга йўл қўймаслиги” таъкидланган:

“... Томонлардан бирининг фикрига кўра, учинчи давлатлар томонидан қуролли ҳужум таҳдидини ташкил этувчи вазият юзага келган тақдирда, томонлар дарҳол бир-бирлари билан тегишли маслаҳатлашувларни ўтказади... уни тинч йўл билан ҳал қилишга кўмаклашиш чораларини қабул қилади …”

Таҳлилчининг фикрича, бу иттифоқ Путинга бирваракайига бир нечта “қуённи ўлдиришга” имкон яратади:

- Назарбоев ва Каримов даврида ҳам Марказий Осиё иттифоқини яратишга уринишлар бўлган. Аммо Москва парда ортидан туриб, охир-оқибат минтақа давлатларини ўз иштирокида иттифоқ тузишга кўндирган. Шу тариқа у КХШТ ва Евросиё иқтисодий иттифоқи ҳомийсига айланди. Яъни, ўз иштироки ва етакчилигисиз Россия минтақада интеграцияни кўролмайди.

Алишер Илҳомовнинг фикрича “газ иттифоқи” ғояси Остона билан келишилмаган ҳолда эълон қилинган.

- Менимча, бу ғоя биринчи навбатда Тоқаевни ғафлатда қолдирди. Чунки у олдиндан келишилмаган. Мақсад - Москвадан мустақил бўлиши мумкин бўлган интеграцияга барҳам беришдир. Тоқаевнинг “газ иттифоқи”га берган бепарво изоҳи Тошкентда қўрқув уйғотди, шекилли. "Газ иттифоқи" Ўзбекистонга мутлақо ҳеч нарса бермайди. Аксинча, Тошкент ҳозирда муқобил савдо ва логистика йўналишларини, жумладан, газ масаласида олиб бораётган стратегияга тўсқинлик қилмоқда.

Бошқа томондан, Тошкентнинг Москвадан воз кечиши жуда қийин бўлади. Путин бу фикрни айтганидан кейин энди чекиниши даргумон: босим ўтказишга ҳаракат қилади. Аслини олганда, Россия Федерацияси учун Ўзбекистон иқтисодиёти алоҳида аҳамиятга эга эмас, аммо сўнгги пайтларда мамлакатнинг Ғарб санкцияларини четлаб ўтиш каналларидан бири сифатида аҳамияти ортиб бормоқда.

Тошкент сукут сақламоқда

Расмий Тошкент Путин ҳукуматининг бундай баёнотларига бирор кўринишда муносабат билдирганича йўқ.

Бироқ, ўзбекистонлик жамоат фаоллари бундай ҳамкорлик фойдадан кўра кўпроқ зарар келтиради, деган фикрни билдирмоқда.

“Аллақандай Газ Иттифоқи тўғрисида... Биз унинг тафсилотларини билмаймиз. Аммо фикр билдиришга ижозат беринг: агарда бу иттифоқ газни Ўзбекистон вилоятларига қайтара олмаса, бундай иттифоқнинг нима кераги бор? Газ кимники ўзи?”, дея савол ташлади Smartgov Consulting ширкати ижрочи директори ва блогер Азиза Умарова.

Бошқа ўзбекистонлик жамоатчилик фаоллари “террорчи” деб эълон қилинган давлат билан ҳар қандай “ҳамкорлик” салбий оқибатларга олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Россиялик политолог Аркадий Дубнов президент Тоқаевнинг Москвага ташрифи ва у ерда айтган сўзларига катта аҳамият бермаслик – энг муҳими унинг ҳаракатларида эканига эътибор қаратди.

А.Дубнов
А.Дубнов

Сиёсатшунос фикрича, Россиянинг агрессив сиёсати қўшни давлатлар ва иттифоқчи мамлакатларни ҳам унга қарши бирлашишга ундамоқда.

- Агар Қозоғистон (ҳозирча) КХШТга аъзо бўлганини, Ўзбекистон эса аъзо эмаслигини эсласак ва “учинчи давлатлар”дан қайси бири Қозоғистонга қуролли ҳужум билан таҳдид қилиши мумкинлиги ҳақида ўйласак, парадоксал хулосаларга келамиз: хусусан, Москва Қозоғистонга нисбатан тажовузкор хатти-ҳаракатлар содир этса, Остона минтақадаги КХШТга аъзо бўлмаган кучли қўшнисидан ёрдам сўраб, мурожаат қилишини намойиш этмоқда. Тошкент ва Остона ташаббуси КХШТ парчаланган тақдирда Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик тизимини таъминлаш бўйича янги тизим элементи сифатида ҳам кўрилиши мумкин. Доно одамлар сирпанчиқ замонда сирғалиб кетмаслик учун ерга сомон сепиб қўймоқдалар, дея фикр билдирди Аркадий Дубнов.

Форум

XS
SM
MD
LG