"Раисга 6 миллион сўм, иш қилганга ўн баравар кам"
Термиз шаҳридан Озодликка мурожаат қилган сайлов участкаси ходимларидан бири уларга арзимаган иш ҳақи берилгани, аммо ҳеч иш қилмаган раисга катта маош берилганидан ёзғирди(ходимнинг шикояти имлоси сақланиб қолди-таҳр.):
"Ассалому алейкум мен Термиз шахардан мурожат қиляпман. Термиз шахардаги бир участка аъзосиман. Бу йил президент сайловида сайлов участка аъзоси сифатида хизмат қилдим.
Энг ачинарлиси сайлов участка аъзоси сифатида 600 минг сўм иш хақини шунчалик қийинчлик билан ташлаб берилди. Энг қизиғи участка раисига 6000000 сўм иш хақи тaшлаб берилди. Хўш бу ниманинг эвазига. Бизнинг сайлов участка раиси сифатида бир ўқитувчини қўйган аммо ўша раис мен мехнат таътиладаман деб ишга кемай фақат сайловдаги барча мажбуриятларни сайлов аъзолари бажаришди.
Сайлов участкаларини сайлов аъзолари тайёрлашди. Кунинг энг иссиқ 40-45 градусда сайлов аъзоси сифатида фуқоролар рўйхатини олиб чиқиб таклифномалар тарқатдик.
Хамма Қурбон хайити байрамида дам олиб байрамни нишонласа аъзолар участкада муддатдан олдин овоз берувчиларни қабул қилди. Участка раиси эса факат телефонда буйруқ беришдан бошқа ишга ўтмади. Участка раисини уйдан ўтириб буйруқ берганига 6000000 сўм маблағ берилдими.
Шуми энди янги Ўзбекистон. Сайлов учун барча машақатли мехнатни участка аъзолари қилсаю катта маблағни раис олса хақиқат қаерда қоляпти.Қачонгача амалдорлар рохатини кўради".
"Агар имконингиз бўлса бошқа оила номидан ҳам овоз беринг!"
Телеграмдаги "Azamat Today" канали муаллифи шундай пост қўйди:
"Бордим. Участкадаги мулозим(уларни қандай номлашни билмайман: комиссия, участка аъзоси ёки ходимими?) бошқа оиланинг аъзолари келмагани учун шахсан менга улар учун овоз беришни таклиф қилди.
Мен, бу ноқунуий, менга ҳам, бошқа одамга ҳам бундай таклиф қилиш мумкин эмас, десам, унинг далили шундай бўлди:
"Йўқ, энди агар имконингиз бўлса деган эдим..."
Фейсбук фойдаланувчилари сайлов ҳақида
9-июль куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган президент сайловига , негадир, бу сафар Фейсбукнинг ўзбек сегментида таниқли бўлиб қолган, катта аудиторияга эга бўлган инфльюенсерлар томонидан муносабатлар, деярли бўлмади.
Озодлик суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган таниқли блогерлардан бирининг айтишича, улар билан махсус гаплашилиб, сайлов арафасида ва сайловда оғизни очмаслик талаб қилинган:
"Вазият жуда ёмон. Сайлов ўтиб бўлгунча Президент обрўсига соя соладиган ҳеч қандай гап ёзмаслик, жим туриш ҳамма блогерларга хавфсизлик ходимлари, АОКА томонидан буюрилди. Сайловдан кейин арқонлар янада қаттиқ тортиладиганга ўхшаб қолди".
Бир қанча блогерлар сайловга "қизим сенга айтаман, келиним сен эшит" қабилида рамзий муносабат билдиришди.
"3 та номзодлар учун имконсиз сайлов булаётгани сизларда хам хаёлларингдан утаябдими", деб ёзди ФБ фойдаланувчиларидан бири.
Яна ким нима деб номлаган бўларди суратни?!, деб ёзди Жонтемир Жондор.
МСК: Президент сайловида сайловчиларнинг ярмидан кўпи овоз берди
Марказий сайлов комиссиясининг хабарига кўра, Тошкент вақти билан соат 14га қадар 10 миллион 52 минг киши ёки сайловчиларнинг 52,16 фоизи овоз бериб бўлган.
Бу рақам Марказий сайлов комиссияси томонидан муддатидан илгари Ўзбекистон президенти сайлови ўтган, деб ҳисоблашга асос бўла олади.