Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:06

Мирзиёев "87% дан ортиқ овоз" билан президент сайлови ғолиби деб эълон қилинди

Ўзбекистонликлар охирги икки йилда иккинчи бор президент сайловида овоз бермоқда.

Бу сайлов натижалари 66 ёшни қаршилаётган амалдаги Шавкат Мирзиёевнинг умрбод президентлигига йўл очиши кутилмоқда.

Сайловда ҳукумат позициясини маъқуллайдиган тўртта сиёсий партиядан бошқа мухолиф ёки мустақил номзод иштирок этмаяпти.

12:49 10.7.2023

Турли мамлакатлар раҳбарлари Мирзиёевни сайловдаги ғалабаси билан табриклашди

Шавкат Мирзиёев (архив сурати)
Шавкат Мирзиёев (архив сурати)

Марказий сайлов комиссияси 9 июль куни ўтказилган президент сайловида Шавкат Мирзиёев ғолиб бўлганини эълон қилгани ортидан Ўзбекистонга қўшни ва яқин ҳамкор бўлган давлатлар раҳбарлари уни ғалаба билан қутлашган.

Президент матбуот хизмати хабарномаларидан келиб чиқилса, шу пайтгача Мирзиёевни “сайловдаги ғалабаси билан” Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон, Озарбайжон президенти Илҳом Алиев, Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон, Туркманистон Миллий етакчиси, Халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов ва унинг ўғли, Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, шунингдек, Россия президенти Владимир Путин табриклашган.

Аввалроқ МСК якшанба куни Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловда амалдаги президент Шавкат Мирзиёев 87,05 фоиз овоз билан ғалаба қозонганини эълон қилган эди.

11:24 10.7.2023

МСК: Президент Мирзиёев 87% дан ортиқ овоз олган


Президент сайловининг дастлабки натижаларига кўра, Шавкат Мирзиёев 13 млн 625 мингдан ортиқ, 87,05% дан ортиқ овоз олган. Бу ҳақда душанба куни Марказий сайлов комиссиясидаги матбуот брифингида эълон қилинди.

МСК га кўра, Президент сайловида 15,6 млн киши ёки сайловчиларнинг 79 % овоз берган.

Якшанба кунги навбатдан ташқари президент сайлови шу йилнинг 30 апрель куни қабул қилинган янги таҳрирдаги конституцияга асосан ўтказилгани билдирилган.

Янги конституция, расмийларга кўра, амалдаги президентнинг олдинги икки муддатини автоматик тарзда "ноллаштирган".

Янги асосий қонунга мувофиқ, 66 ёшни қаршилаётган президент Шавкат Мирзиёев яна етти йилдан икки муддат ёки умрбод президентликда қолиши мумкин.

19:05 9.7.2023

МСК: Қарийб 70 фоиз сайловчи овоз берди

Марказий сайлов комиссияси соат 17.00 ҳолатига кўра, Ўзбекистон президенти сайлови бўйича рўйхатга олинган сайловчиларнинг 69,85 фоизи овоз берганини хабар қилди. 19,27 миллион сайловчидан 13,459 миллиони овоз берган.

Маълумотга кўра, энг кўп овоз берганлар Жиззах вилоятида 75,5 фоиз ва энг кам овоз берганлар Тошкент шаҳрида бўлган, 63,3 фоиз.

18:47 9.7.2023

"Яна қандай ишониб, овоз беришим мумкин?"

Ислом Каримов президентлиги даврида 9 йиллик қамоқ жазосини ўтаган ўзбекистонлик журналист ва инсон ҳуқуқлари фаоли Дилмурод Саййид президент сайлови арафасида президентга ўз эътирозларини билдириб, мурожаат қилган эди:

"МЕНДАН__ЭЪТИРОЗ :

—Ўзбекистон Республикаси Президентлигига НОМЗОД жаноблари! Кейинги беш йил ичида ўзимга нисбатан Адолат истаб, оиламнинг эса, сирли~фожеали ҳалок бўлгани сабабларига аниқлик қидириб, бош прокуратурадан олий суд раисигача; Олий Мажлис Сенатидан Президент виртуал қабулхонасигача конкрет далилланган, ҳуқуқий асоослантирилган ўттизга яқин Ариза, Шикоят ва Илтимос хати йўлладим; қабулларда бўлдим. БИРОҚ ўтган етти йиллик давомида баланд минбарлардан қайта—қайта айтилган АДОЛАТни ҳам; ИНСОНГА ЭЪТИБОРни ҳам; ҚОНУН УСТУВОРЛИГИни ҳам тополмадим!

Шунингдек: 62 ёшга қараб боряпман; ёлғиз, боқувчисини йўқотган, кексайиш ёшидаги шахс ҳисобланаман. Бироқ на лаёқатимга яраша маошли иш берилмаган; на пенсия олмайман; ҳатто ўзимни ўзим банд қилиш учун Субсидия ажратилмади!

Бугунгидек жарангдор таъкидлару ваъдаларни 2021 йил Президентликка сайловлар арафасида ҳам хўп эшитгандим. Ишонгандим ҳам, ишониб яна Президентликка номзодларга ижтимоий тармоқ ва электрон почта орқали мурожаат ҳам йўллагандим, аммо... На «Инсон қадри учун !» на «Ҳеч бир фуқаро ўз муаммоси билан ёлғиз қолмаслиги керак!» на «Энди қонун устувор бўлади!» деган жарангдор таъкидлар амалиётини ўз мурожаатларимга нисбатан кўрганим йўқ! Аксинча, ноҳақликлар ва ғайриқонуний муносабатлардан норози бўлиб ёзган таҳлилий—танқидий чиқишларим ортидан шу ёшимда қайта—қайта профилактик ҳисобга қўйилиб, баттарроқ руҳий босимларга учрадим!

ЭНДИ САВОЛ:

Ҳақ бўлатуриб ноҳақликлар кўраётган, Адолат талабида сарсон бўлаётган мендек кексайиш ёшидаги Инсон қандай қилиб яна ишонишим ва бирор НОМЗОДга овоз беришим мумкин?"

Дилмурод САЙЙИД

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG