Водийда яна чироқ ўчди. Вазир яна ваъда берди
22 декабрь куни Фарғона вилоятининг Бағдод, Бувайда, Учкўприк, Бешариқ ҳамда Фурқат туманларидаги 6000 та истеъмолчи уйида чироқ ўчди.
Бунга сабаб “Л-Чархий-2” ва “Л-Чилмаҳрам” электр узатиш тармоқларидаги авария сабаб бўлган.
Энергетика вазирлиги носозлик бартараф этилиб, электр қайта тикланганини хабар қилди.
19 декабрь куни ҳам “Л-Чархий-2” электр тармоғидаги носозлик сабаб Фарғона вилоятидаги Учкўприк, Бувайда ва Бағдод туманларида 3000та истеъмолчи маълум муддат чироқсиз қолган эди.
Кейинги тўрт кунда водийда электр узатиш тизимларида авариялар деярли ҳар куни содир бўлмоқда.
21 декабрь куни ҳам тушдан кейин Наманган, Фарғона ва Андижонда бир неча бор чироқ ўчиши кузатилди. Энергетика вазирлиги бунга сабаб “Л-524” электр узатиш тармоғидаги носозлик сабаб бўлганини билдирди.
Водийда чироқ ўчиши одатга айланаётган бир пайтда Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов навбатдаги ваъдани берди:
“Келаси йилдан электр энергияга бўлган эҳтиёжимизни 100 фоиз қоплай оламиз”.
2024 йил кириб келишига атиги бир ҳафта вақт қолди. Вазир жаноблари бу ваъдасини қандай бажариши ҳозирча номаълум.
"Агар буни бажаролмасак, нафақат мен, балки тизимдаги барча масъуллар ишлашга нолойиқмиз", деди вазир Мирзамаҳмудов маҳаллий журналист билан суҳбатда
Саккизта вилоятда сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди
Мамлакатнинг жами саккизта вилоятида сифатсиз бензин сотилаётгани аниқланди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди:
“21 та ҳолатда бензин маҳсулотларининг сифати белгиланган талабларга жавоб бермаслиги, 4 та ҳолатда эса белгиланган миқдордан кам қуйиш ҳолатлари аниқланган. Бунда, дастлабки ўрганишларга кўра жами истеъмолчиларга 300 млн сўмга яқин зарар етказилганлиги аниқланган”.
Ушбу ҳолатлар Андижон, Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Сирдарё, Фарғона ва Тошкент вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистондаги АЁҚШларда кузатилган.
Айни пайтда мамлакат АЁҚШларида турнақатор навбатлар давом этмоқда.
Янги Ўзбекистоннинг эски сандаллари
Водийда авария: Уч вилоят чироқсиз қолди
21 декабрь куни тушдан кейин Наманган, Фарғона ва Андижонда бир неча бор чироқ ўчиши кузатилди.
Энергетика вазирлигига кўра, соат 14:13да водий истеъмолчиларини электр энергияси билан таъминловчи юқори кучланишли “Л-524” электр узатиш тармоғида носозлик юзага келган.
"Шу боис водий вилоятлари истеъмолчиларининг электр таъминотида қисқа муддатли узалишлар кузатилмоқда", дея хабар қилди вазирлик.
Авария сабабларини очиқламаган вазирлик носозлик зудликда бартараф этилишини айтиб, истеъмолчилардан узр сўраган:
"Келтирилган ноқулайликлар учун истеъмолчилардан узр сўраймиз".
Наманганнинг Чортоқ туманида тушдан кейин икки марта чироқ ўчиши кузатилган ва соат 21 да электр қайта тикланган. Бу ҳақда соат 22да Озодликка маълум қилган чортоқлик манба "ҳозирча чироқ ўчмаётганини" айтди.
Водийнинг бошқа жойларидаги электр билан боғлиқ вазият ҳозирча Озодликка маълум эмас.