Яна бир оила ис газидан заҳарланди. Беш киши касалхонада
Самарқанд шаҳрининг Сарбон маҳалласида яшовчи оиланинг беш аъзоси ис газидан заҳарланиб, касалхонага ётқизилди.
Озодлик манбасига кўра, ҳодиса 18 декабрь куни содир бўлган. Ис газидан эр-хотин ва уларнинг чақалоқ ўғли ҳамда 4 ва 9 ёшдаги қизлари заҳарланган.
Худди шу куни Тошкентнинг Яшнаобод тумани Боғбон маҳалласида газ портлаган ва уч киши ҳалок бўлган. Ушбу ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
15 декабрь куни Фарғона, Наманган ва Қорақалпоғистонда уч оиланинг 12 аъзоси ис газидан ҳалок бўлган эди.
Ушбу ҳодисалар бўлишидан бир ҳафта аввал Мирзиёев қишни беталафот ўтказиш бўйича мулозимларга топшириқ берган эди.
31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида сўнгги тўрт йилда жами 421 нафар киши ҳалок бўлгани айтилиб, ис гази билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги ва бу борада ваколатли давлат органи аниқ белгиланмагани танқид қилинган.
Камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Йўл харитаси” тузилиб, икки ой муддатда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш режаланган эди. Қурбонлар сони кўпаётганига қараганда ҳозирча бу борада бирор ижобий ўзгариш қилинмаган.
Блогер: Ҳукумат энергетик вазиятни ёритмаслик борасида оғзаки кўрсатма берган
Ўтган йилгидан фарқли жорий йилда маҳаллий матбуотда энергетик муаммолар деярли ёритилмаяпти.
Энергетик коллапс кузатилган ўтган қишда вазиятни фаол ёритган блогерларнинг аксари қамалиб кетди. Қолганлари ҳам ҳозирча жим.
Исмини очиқламасликни сўраган блогер йигитнинг Озодликка айтишича, энергетик муаммоларни ёритмаслик ҳақида тепадан оғзаки буйруқ бўлган.
“Шу боис сукут сақлашга мажбурмиз”, деди блогер.
Бу блогер йигитнинг ўзи ҳам ўтган йили энергетик муаммоларни фаол ёритган эди.
Совуқ бошланганидан бери маҳаллий нашрлар ҳукуматнинг энергетик соҳа бўйича асосан ижобий хабарларига эътибор қаратган.
Шунингдек, маҳаллий матбуот энергетик вазиятга оид фақат Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов берган хабарларни ва мутассадди ташкилотларнинг расмий баёнотларини ёритаётганини кузатиш мумкин.
Давлат телеканалларининг энергетик вазият борасидаги кўрсатувлари алоҳида мавзу. Дастурларда Мирзиёев халқ учун гўёки энергетик ислоҳотларни амалга ошираётган президент сифатида гавдалантирилмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот”нинг тармоқлардаги саҳифалари эса ширкат ходимларининг “жонбозлик билан ишлаётгани”ни кўрсатувчи хабарлар билан тўлиб тошган. Ўз навбатида бу хабарлар маҳаллий матбуот саҳифаларига кўчмоқда.
“Ҳудудгазтаъминот” совуқ бошланганидан буён бераётган баёнотларида ҳар сафар газ таъминотида муаммолар йўқлигини айтишдан чарчамаяпти:
“Зангори ёқилғи” тўлиқ ҳажмда етказиб бериляпти, етишмовчилик кузатилмаяпти”.
Бу гап “Ҳудудгазтаъминот”нинг деярли ҳамма баёнотида такрорланмоқда.
Шу боис асл вазиятни Озодлик билан бирга кузатинг.
Ўзбекистонликларнинг энергетик бўҳронга оид вазият акс этган хабарлари ZIMISTON-UZ блогига жамланмоқда. Сиз яшаётган ҳудудда вазият қандай? Қандай қишлаяпсиз? Газ ва свет борми? Хабарларингизни Озодликка Телеграм орқали @ozodnews манзилига йўлланг.
Zimiston-UZ. 2 млн литр сифатсиз бензин аниқланди
Тошкентда газ портлади. Бир аёл ва унинг икки қизи ҳалок бўлди
Пойтахтда газ портлаши оқибатида бир оиланинг уч аъзоси ҳалок бўлди.
Расмий маълумотга кўра, ҳодиса 18 декабрь эрталаб соат 7:08да Тошкентнинг Яшнаобод тумани Боғбон маҳалласида содир бўлган.
Воқеа содир бўлган хонадонда икки оиланинг 10 нафар аъзоси яшаган. Ҳовлининг бир қисмида уй эгалариинг 28 яшар қизи тўрт боласи ва эри билан яшаб келган. Ёнғин уйнинг айнан улар яшайдиган қисмида содир бўлган.
Воқеа гувоҳларига кўра, 28 яшар оила бекаси болаларини мактабга тайёрлаётган пайт газ портлаган ва ёнғин бошланган. Аёлнинг эри икки боласини ёнғин ичидан олиб чиқишга улгурган, бироқ унинг икки қизи ва хотини олов ичида қолган.
Ҳалок бўлган қизчалар 5 ва 8 ёшда бўлган.
Дастлабки текширув натижаларига кўра, ҳодисага юқори босимли газ қувурларининг носозлиги сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Бош прокуратура ахборот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг матбуотга билдиришича, ҳодиса бўйича Жиноят кодексининг 259-моддаси (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Кўп қаватли бинолар яқинида жойлашган ушбу маҳаллада 18 ноябрь куни ҳам худди шундай ҳодиса содир бўлган. Ўшанда жароҳатлан бир киши ҳануз касалхонада даволанмоқда.
Яшнаободдаги ҳодиса президент Мирзиёевнинг қишни беталафот ўтказиш бўйича йиғилишидан бир ҳафта ўтиб, содир бўлган тўртинчи фожеадир.
15 декабрь куни Фарғона, Наманган ва Қорақалпоғистонда уч оиланинг 12 аъзоси ис газидан ҳалок бўлган эди.
31 октябрь куни Олий Мажлис Сенатида сўнгги тўрт йилда жами 421 нафар киши ҳалок бўлгани айтилиб, ис гази билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш борасида яхлит норматив-ҳуқуқий ҳужжат йўқлиги ва бу борада ваколатли давлат органи аниқ белгиланмагани танқид қилинган.
Камчиликларни бартараф этиш мақсадида “Йўл харитаси” тузилиб, икки ой муддатда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш режаланган эди. Қурбонлар сони кўпаётганига қараганда ҳозирча бу борада бирор ижобий ўзгариш қилинмаган.