Вазирлик: Бензин кунига 1000 тонна кўп ишлаб чиқарилади
Энергетика вазирлиги 11 декабрдан бошлаб, Фарғона нефтни қайта ишлаш заводи АИ-80 ва АИ-92 бензинларининг умумий ишлаб чиқариш ҳажмини икки баробарга – кунига 1000 тоннагача оширишини хабар қилди.
Янги йилдан бошлаб эса Ўзбекистон Россиядан нефт импортини 3 баробарга ошириши мумкин. 3 ноябр куни Москвада имзоланган уч томонлама ҳужжатга кўра, 2024 йилда Россиядан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга нефт хомашёси етказиб бериш ҳажмини 1 миллион тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Шу хабар фонида Ўзбекистондаги «Лукойл» ёқилғи қуйиш шохобчасида Аи-95 нархи 14,5 минг сўмдан 18,5 минг сўмга кўтарилган. Баъзи ёқилғи қуйиш шохобчаларида Беларуснинг Аи-95 бензини пайдо бўлганди.
Айни пайтда S&P Global Ratings халқаро рейтинг агентлиги «Ўзбекнефтгаз» рейтингини пасайтирди. Агентликка кўра, паст натижалар, юқори қарз юки ва Uzbekistan GTL тўлиқ қувват билан ишламаётгани сабабли рейтинг прогнозини «салбий»га ўзгартирган.
"7 йил аввал дунёнинг 20та энг йирик нефть-газ компаниясидан бири бўлган, Ўзбекистоннинг биринчи рақамли солиқ тўловчиси ҳисобланган Ўзбекнефтгаз, унинг активлари, ҳуқуқлари, конларига нисбатан 7 йил давомида негизи, мақсади ва мазмуни самарасизлик орқали ўзлаштириш ва бегоналаштиришни ифодалайдиган ишларни қилатуриб, бошқа натижани кутиш мумкинмиди?", дея ёзди иқтисодчи Отабек Бакиров.
Вазирнинг бензин мўл бўлиши ваъдаси ўхшамяпти
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов агар метан заправкаларда чекловлар жорий қилинса, бензин таъминоти кучайтирилишини айтган эди.
Бироқ ваъдаларга қарамай мамлакат заправкаларида бензин тақчиллиги ҳам кузатилмоқда.
"Хўп, аномал совуқ бўлмаса ҳам типа аҳолини ўйлаб метан заправкаларга чеклов киритибсизлар, а унда бензин қани? Пойтахтдан бир қадам ташласангиз заправкаларда камбағаллар учун мўлжалланган Аи-80 бензин йўқолиб қолди. «Метан заправкаларда тақчиллик кузатилса, унга тенг миқдорда бозорга бензин чиқарамиз» деган ваъдангиз нима бўлди, жаноб Мирзамаҳмудов? Балки, гап бойлар учун мўлжалланган бензин маркалари ёки фақат пойтахт ҳақидами?", дея ёзди блогер Муфаса.
ZIMISTON-UZ. Ҳукумат ваъдасига қарамай, газ ва электр узилишлари бошланди