Совуқ бошланмай туриб, подстанциялар ишдан чиқяпти
Жорий йилда энергетик муаммолар олдини олиш учун 14,5 триллион сўм сарфланганини айтган ҳукумат вакиллари қишга жиддий тайёргарлик кўрилганини таъкидлашган.
22 ноябр куни «Ўзтрансгаз», «Худудгазтаъминот», «Ҳудудий электр тармоқлари», «Ўзэнергоинспекция» ва бошқа корхоналар раҳбарлари президент Мирзиёевга қиш мавсумига тайёргарлик бўйича ҳисобот бериб, энергия тизими «ҳар қандай об-ҳаво инжиқлиги ва аномал совуққа тайёр»лигини маълум қилган. Бироқ қишнинг илк кунлариданоқ газ ва электр билан боғлиқ узилишлар кўпайди.
Жумладан, Бухоро вилояти Ромитан тумани Газли шаҳарчасидаги 400 та хонадонда газ таъминоти вақтинча тўхтатилди. Бухоронинг Шофиркон туманидаги 10 та маҳаллада ҳам газ узулиши кузатилган. Шунингдек, Хоразм вилояти Урганч туманидаги “Тандирчи”, “Қумравот”, “Мевазор”, “Ғайбу”, “Чаккашоликор” маҳаллаларида ва Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги “Отчопар” маҳалласида ҳам газ таъминотида узилишлар кузатилди.
«Ҳудудгазтаъминот» ширкати бу узилишларга газ қувурларидаги аварияларни сабаб қилиб келтирди:
“Газ таъминоти филиали ходимлари томонидан авария-тиклаш ишлари амалга оширилди ҳамда тез фурсатда истеъмолчиларга газ таъминоти қайта тикланди”.
Сергелидаги метан заправкада тунаган ҳайдовчилар норозилик билдирди
11 декабр куни “Ҳайдовчилар” Телеграм каналига жойланган видеолар Тошкентнинг Сергели туманидаги метан заправкада тасвирга олингани айтилмоқда.
Видеодан маълум бўлишича, ҳайдовчилар кечаси билан ухламасдан навбатда ётган, бироқ эрталаб заправкалар ўз вақтида иш бошламагани учун ҳайдовчилар норозилик билдиришган.
Ҳодисанинг аниқ санаси Озодликка номаълум.
Zimiston-UZ. Зойир Мирзаев: Аҳволимиз Ғазодан яхши
Ўзбекистондаги газ "заправка"ларининг ярмидан кўпи ёпилди
13 декабрдан Ўзбекистондаги газ "заправка"ларининг ярмидан кўпи ёпиб қўйилди.
«Ҳудудгазтаъминот» ширкатига кўра, Тошкент шаҳри ва Самарқанд, Андижон, Наманган, Фарғона ҳамда Тошкент вилоятларидаги газ тўлдириш шохобчаларининг 632таси вақтинча ёпилган.
Кеча Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида метан "заправка"лар иш вақти 3 соатга қисқартирилган эди. Бир кун ўтиб эса мамлакат "заправка"ларининг 54 % ёпилди.
Ўзбекистонда жами 1179 та метан "заправка"си бўлиб, эндиликда улардан фақат 547таси ишлайди. Улар ҳам фақат эрталаб соат 6дан 12гача ишлайди холос.
«Ҳудудгазтаъминот» ширкати бунга ҳаво совишини сабаб қилиб келтирган.
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўтган ой охирида газ "заправка"ларидаги чекловлар фақат аномал совуқ кузатилган пайтдагина йўлга қўйилишини таъкидлаган эди.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, айнан "заправка"лар ёпилган куни Тошкентда кундузи атиги -5...-7 даража совуқ бўлади холос.