Пойтахтликлар электр узилишларидан норози
12 декабрдан 13 декабрга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Учтепа, Шайхонтоҳур, Сергели, Яккасарой туманларида чироқ ўчганлиги сабабли аҳоли электр таъминоти бўлимларига норозилик билдириб тўпланишган.
“Телеграм юлдузлари” каналига 12 декабрь куни жойланган ушбу видеодаги ҳолат пойтахтнинг Сергели туманида содир бўлгани айтилмоқда. Видеодан маълум бўлишича, сергелиликлар кун давомида чироқ ўчгани сабаб мутасаддилар олдига норозилик билдириб боришган.
"Тошкент иссиқлик маркази" Мирзиёев ташаббуси билан таъмирлангани урғуланмоқда
Аҳоли энергетик муаммолардан қийналаётган бир пайтда таътилдан қайтган президент Шавкат Мирзиёев Учтепа туманида жойлашган «Тошкент иссиқлик маркази» корхонасини кўздан кечирди.
Бу ҳақда хабар қилган президент матбуот маркази ушбу корхона Мирзиёев ташаббуси билан таъмирланганини алоҳида урғулаган:
«Бир йил олдин бу ерда аҳвол жуда аянчли эди. Бу марказ 1969 йилда қурилган, шундан буён капитал таъмирланмаган. Қозонхона ҳам, тармоқлар ҳам эскирган эди. Ўтган қишда ҳаво кескин совиган пайтларда иссиқлик ишлаб чиқариш муаммо бўлганди. Шу боис президент тармоқларни таъмирлаш ва барқарорлигини ошириш бўйича кўрсатмалар берганди»
Агар иссиқлик корхоналарини таъмирлаш президент кўрсатмасига боғлиқ бўлса, нима учун Мирзиёев президентлик курсисига ўтирганидан 7 йил ўтибгина бу ишни қилгани сабаби очиқланмаган.
Мирзиёев 2016 йилдаги биринчи президентлик кампанияси чоғида аҳолининг газ ва электр муаммосини ҳал қилишга ваъда берган эди.
Zimiston-UZ. Газ заправкаларнинг ярмидан кўпи ёпилди
Нега ҳукумат расмийлари энергетик муаммолар борасида сукут сақламоқда?
Ўзбекистон Сенати раиси Танзила Норбоеванинг “чироқ ўчиши ўтмишда қолган” деган мунозарали баёноти икки йил муқаддам чақиндай чақнаган ва тармоқларни ларзага солганди. Аммо бу чақиндан ўт ҳам чиқмади, ток ҳам чиқмади, орадан икки йил ўтиб аксар ўзбекнинг уйи исигани ҳам, ёришгани ҳам йўқ.
Бироқ бу Сенат раиси ва бошқа мулозимларга ёруғ кабинетларда мажлисларни давом эттириш, ёки президент қизи Саида Мирзиёевага қоронғу ўтмиш ва ёруғ келажак ҳақида халқаро анжуманларида нутқ ирод қилишига халақит бергани йўқ.
Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ҳозиргача Ўзбекистонда энергетик инқироз учун истеъфога чиқарилган ягона мулозим бўлиб қолмоқда. Аммо унинг кетиши билан пойтахтда вазият ўнгланиб қолгани йўқ…
12 декабрдан 13 декабрга ўтар кечаси Тошкентнинг бир қанча туманларида аҳоли электрсиз қолди. Учтепа, Шайхонтоҳур, Сергели ва Яккасарой туманлари аҳолиси эса чироқ ўчганлиги сабаб электр таъминоти идораларига бориб, норозилик билдиришди.
Бу норозиликларни изоҳлаган “Ҳудудий электр тармоқлари” ширкати мулозимлари хонадонларга қўйилган электр лимити сабаб чироқ ўчгани ва эндиликда бу чеклов олиб ташланишини иддао қилди. Бироқ тармоқларда электр узилишлари давом этаётганидан шикоятлар тўхтамаяпти.