Линклар

Шошилинч хабар
10 январ 2025, Тошкент вақти: 07:45

Президент Трампнинг Марказий Осиё сиёсати қандай бўлади?


Доналд Трамп биринчи президентлик даврида Шавкат Мирзиёевни Оқ уйда қарши олмоқда. Вашингтон, 16 май, 2018 йил.
Доналд Трамп биринчи президентлик даврида Шавкат Мирзиёевни Оқ уйда қарши олмоқда. Вашингтон, 16 май, 2018 йил.

Доналд Трампнинг Оқ уйга қайтиши қудратли давлатлар орасида мувозанат сақлашга кўниккан Марказий Осиё учун ҳал қилув палласи бўлиши мумкин.

Экспертлар “АҚШнинг янги президенти минтақага муносабатда анъанавий ёндашувларни ўзгартирармикан ёки бутун диққат-эътибор яна бизнес манфаатлар ва энергетикага қаратилармикан”, дея баҳслашмоқда.

Ноодатий ёндашувлари билан танилган Доналд Трамп Марказий Осиёга ҳамкорликнинг бюрократияси камроқ, келишув ва манфаатдорликка таянган янги турини таклиф қилиши мумкин. Бироқ минтақа иқтисодий музокаралардан ўз мустақиллигини мустаҳкамлашда фойдалана оладими?

Трамп Марказий Осиёда Хитой ва Россияга қарши иттифоқчилар қидирадими, йўқми? Ёки минтақа Оқ уйнинг кун тартибидан четда қоладими?

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер Majlis подкастида ушбу саволларга қуйидаги экспертлар билан бирга жавоб излади:

АҚШнинг Бостон Шимоли-шарқий университети профессори, Қирғизистон парламенти собиқ депутати ва Ҳиндистондаги собиқ элчиси Бакит Бешимов;

Вашингтондаги “Каспий сиёсати маркази” эксперти, ўтмишда АҚШнинг Қозоғистон ва Тожикистондаги элчиси, шунингдек Туркманистондаги муваққат вакили бўлиб ишлаган Ричард Хогланд;

Трампнинг биринчи президентлик муддатида ва президентлик ваколатини тугатаётган Жо Байден даврида АҚШ Миллий хавфсизлик кенгашида Марказий Осиё бўйича директор лавозимида ишлаган Эрик Руденшолд.

OzodNazar: Путиннинг янги муддати ва Марказий Осиё
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:52:44 0:00

“Ишбилармон” Трамп ва унинг Каспийбўйидаги эҳтимолий қизиқишлари

Трампнинг биринчи президентлигидан бери ўтган тўрт йил мобайнида Марказий Осиёда катта ўзгаришлар бўлди, деб ҳисоблайди Брюс Панниер.

“Америка қўшинлари Афғонистонни тарк этди, Украинага босқиндан сўнг Марказий Осиё мамлакатлари билан Россия ўртасидаги муносабатлар ўзгарди. Минтақа орқали ўтадиган савдо йўллари кенгайди, айни чоғда янги муаммолар пайдо бўлди, хусусан энергетика ресурслари билан боғлиқ муаммолар”, дея давом этади Панниер.

Унинг фикрича, 2001 йил 11 сентябр терактидан сўнг Марказий Осиёнинг АҚШ билан алоқалари узоқ вақт хавфсизлик масалаларига таянган бўлса, энди, афтидан, иқтисодий манфаатлар биринчи ўринга чиқади.

Эрик Руденшолд бу фикрга қўшилар экан, Марказий Осиё Трампнинг қизиқишлари доирасида қолади, чунки у “ишбилармон одам”, дейди ва АҚШнинг янги президенти даврида минтақа “иккиламчи ролларда” қолиб кетмаслигини тахмин қилади.

“Трамп биринчи президентлик даври бошларида Қозоғистон ва Ўзбекистон президентларини қабул қилганди. Унинг ташаббуси билан минтақа билан алоқаларда етти йиллик комплекс ёндашувни назарда тутувчи Марказий Осиё учун АҚШ миллий хавфсизлиги стратегияси ишлаб чиқилган. Ҳозирда Марказий Осиё “бизнес учун очиқ”. Ўрта йўлак минтақани Ғарб савдо йўлларига интеграция қилувчи алоқаларни йўлга қўйишга имкон берди”, урғулайди таҳлилчи.

Руденшолд айтишича, ҳозирда Қозоғистон ўз нефтини Каспий орқали тўғридан-тўғри ташимоқда, Ўрта йўлак шарофати билан стратегик фойдали қазилмалар анча арзонлашган – буларнинг бари Оқ уй янги маъмуриятини жалб этмай қолмайди.

“Бу бурунгидек олис минтақа эмас. Каспий денгизи орқали ўтган транспорт йўллари минтақани Туркия, Европа ва глобал савдо йўналишларига яқинлаштирди. Бу Трамп учун илгари фақат назарий бўлган ва эндиликда реалликка айланган имкониятларни очади. Мен аввало, Европада ёқилғи танқислигини юмшатиш учун Туркманистондан Каспий орқали Европага газ етказиш ҳақида гапиряпман”, дейди Руденшолд.

Эксперт АҚШ “мудофаа саноати, технологиялар ва яримўтказгичлар ишлаб чиқариш соҳаларида рақобат қилиш учун зарур барча ресурсларга эга эмас”лигини эслатади.

“Шу боис ҳам улар бу материаллардан баъзиларини қўлга киритиш учун ҳамкорликка умид қилишади. Бу эса Трампнинг янги маъмурияти учун ҳам, Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари учун ҳам яхши имконият”, хулоса қилади Руденшолд.

Транскаспий халқаро транспорт йўналиши

Ўрта йўлак ёки Транскаспий халқаро транспорт йўналиши (ТХТЙ) Марказий Осиёни Каспий денгизи, Кавказ ва Туркия орқали Европа билан боғлайди.

Автомобил трассалари, темир йўллар ва денгиз йўллари тармоғини ташкил қилувчи ушбу транспорт инфратузилмаси Россия орқали ўтувчи анъанавий савдо йўлларининг муҳим муқобили бўлиб, минтақа мамлакатларига Россия йўналишлари билан боғлиқ геосиёсий хатарларга чап берган ҳолда ўз молларини экспорт қилиш ва инвестициялар олиш имконини беради.

Йўлак нафақат янги бозорларга йўл очиш билан Марказий Осиё мамлакатларининг иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлайди, балки минтақа субъектларининг транспорт харажатларини минималлаштиради ҳам.

Ричард Хогланд ҳам “АҚШнинг янги маъмурияти геосиёсий сабабларга кўра минтақага эътибор қаратиши муқаррар”лигини таъкидлайди.

“Нафақат Марказий Осиёга, балки Жанубий Кавказга ҳам. Гап ушбу мамлакатларни қуршаб турган қўшниларда. Шимолда – Украинага қарши вайронкор уруш олиб бораётган Россия. Шарқда – дунёнинг қудратли давлатлардан бири бўлмиш Хитой. Жанубда эса Афғонистон жойлашган, у ерда сўнгги пайтларда йирик ҳарбий инқирозлар бўлмади, аммо АҚШ “Толибон” режими туфайли ушбу мамлакатдан ўзини четга олиб турибди. Ниҳоят, яқинда Сурия тимсолидаги муҳим иттифоқчисидан айрилгани сабабли жуда мураккаб даврни кечираётган Эрон бор. Хуллас, минтақада бўлаётган ўзгаришлар Вашингтонни унга эътибор қаратишга мажбур қилади”, дейди собиқ элчи.

АҚШнинг бизнес-манфаатларига келсак, Хогландга кўра, Марказий Осиёда “бозор иқтисодиёти қандай ишлаши борасида айрим тушунмовчиликлар” кузатилмоқда.

“Мен минтақа сиёсатчиларидан, чунончи, вазирлар ва президент маслаҳатчиларидан бир гапни кўп эшитаман. Улар: “Ўз ширкатларингизга айтинг, минтақамизга кўпроқ сармоя киритишсин”, дейишади. Азизларим, бозор иқтисодиёти бунақа ишламайди ахир. АҚШ ҳукумати, масалан, ExxonMobil эшигини қоқиб: “Фалон мамлакатга сармоя ётқиз”, деб айтолмайди. Бу давлатларнинг ўзи инвестиция жалб қилиш учун шароит яратиши, ширкатлар эса киритилажак инвестициялар истиқболини ва уларни ҳимоя қилувчи ҳуқуқий тизимни баҳолаб, ўзлари қарор қабул қилиши лозим. Улар аввало инвестиция жараёнлари ҳақидаги тушунчаларини тузатиб олишлари даркор”, маслаҳат беради дипломат.

Марказий Осиё давлатлари сиёсати: “Ҳеч кимнинг ўйинига қўшилмаслик”

Ўз навбатида Бакит Бешимов Марказий Осиё “аллақачон АҚШга ёндашувини Россия ва Хитой билан муносабатлар ҳам мавжуд учбурчак орқали қайта кўриб чиқиши зарур”лигини айтади.

“Марказий Осиё лидерларининг яқинда қилган чиқишларига таянсак, нимани кўрамиз? Улар нимани ўрганишди? Биринчидан, АҚШ, Россия ва Хитойнинг хавфли мусобақасидан узоқроқ туришни. Иккинчидан, ушбу қудратлар билан алоқаларнинг зарарию фойдаларини ва улар орасида мувозанат сақлаган ҳолда мумкин қадар кўпроқ фойда чиқаришни. Россия билан алоқаларни “украинлаштириш”га йўл қўймасликни, масофа сақлашни ва Украинага муносабатни Россия билан ижобий ҳамкорлик учун тўсиққан айлантирмасликни”, дейди собиқ элчи.

Бешимов шу билан бирга АҚШ инвестициялар ва савдо нуқтаи назаридан Марказий Осиё учун кам эътиборли эканини, чунки Россия ва Хитой минтақанинг асосий ҳамкорлари ва сармоячилари ҳануз бўлиб қолаётганини эслатади.

“Марказий Осиё лидерлари ва сиёсатчилари сўнгги 30 йилдан сўнг минтақа АҚШ учун ўз ҳолича катта аҳамият касб этмаслигини, у Россия ва Хитойга яқинлиги нуқтаи назаридан муҳимлигини жуда яхши тушунишмоқда. Шу боис ҳам аутентликни сақлаш, мустақил бўлиб қолиш, АҚШнинг Россия ва Хитойга қарши ёки Хитой ёхуд Россиянинг АҚШга қарши ўйинларига қўшилмаслик улар учун муҳим. Айни сабабга кўра минтақа туркий тилли давлатлар билан ҳамкорликни кучайтириш, Туркияга тобора яқинлашиш орқали ўз мустақиллигини мустаҳкамлашга уринмоқда.

Трамп, ўзбеклар ва грин карта
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:42:05 0:00

Энди гап Трамп маъмуриятининг Туркия билан қандай муносабатда бўлишига, Хитойга қандай қарашига боғлиқ. Бу ҳамкорлик бўладими ёки конфронтация – масала шунда. Трамп АҚШ давлат котиби лавозимига танлаган Марко Рубионинг “Россия АҚШ учун 5-10 йиллик муаммо, Хитой эса 100 йиллик муаммо” деган гапини яхши эслаймиз. У Хитойни “АҚШнинг ашаддий душмани” деб атаган эди. АҚШ ва Россия алоқаларига келсак, улар ўзаро келишиб, таъсир доираларини бўлиб олса нима бўлади? У ҳолда Марказий Осиё нима қилади? Мана шу саволлар бор”, дейди Бешимов.

АҚШнинг “инсон ҳақлари индустрияси” ва минтақа лидерларининг лоқайдлиги

Брюс Панниер АҚШ Марказий Осиёда иқтисодий ва сиёсий манфаатлар билан бирга, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликлари ҳимоясига ҳам урғу берганини эслатади.

“Сўнгги бир неча йил ичида Қозоғистонда қонли Январ воқеалари, Тожикистоннинг Тоғли Бадахшонида тартибсизликлар, Ўзбекистонда Нукус воқеалари рўй берди, Қирғизистон эса 2020 йилда навбатдаги инқилобни бошидан кечирди. АҚШ, афтидан терс йўлдан кетаётган минтақада демократик ислоҳотларга кўмаклаша олармикан?” дея савол қўяди Озодлик шарҳловчиси.

Ричард Хогланд “инсон ҳуқуқлари масаласи Трамп маъмуриятининг минтақага нисбатан сиёсатига таъсир қилажагига аминман”, дейди.

“Унинг жамоаси буни кун тартибидаги асосий банд деб ҳисоблаши учун эмас, балки Вашингтонда, айниқса Капитолий тепалигида “инсон ҳуқуқлари индустрияси” катта кучга эга бўлгани учун”, фикрига изоҳ беради эксперт.

Айни чоғда у Марказий Осиёда инсон ҳуқуқларига риоя этилишига АҚШнинг муносабати ҳақида гапирар экан, Вашингтон кўп ҳолларда “тезисларни топшириш” билан чекланиб қолаётганини қайд этади.

“Бизга Марказий Осиё мамлакатлари ҳукуматларига топшириш учун тезислар жўнатишди. Улар билан музокарага ўтирдик, матнни ўқиб бердик, қўл сиқишдик, шундан сўнг иш бажарилди деб ахборот бердик. Лекин, кечирасизу, тезислар вазиятни ўзгартирмайди. Кенг қўлланадиган яна бир усул “бармоқ билан пўписа қилиш”, яъни уялтириш эди. Муайян мамлакатда инсон ҳуқуқлари ўта қўпол тарзда бузилса, Вашингтон бу хатти-ҳаракатни қоралаб пресс-релиз чиқарарди. Бунақа ёндашувни минтақада унча хуш кўришмайди”, дейди собиқ дипломат.

Хогланд бу борада энг таъсирчан чора минтақадаги обрўли шахслар билан юзма-юз ўтириб суҳбатлашиш эканини айтади.

“Вазиятни тушунтириш керак. Бирон кишининг қамоқдан озод этилиши мамлакатда ҳокимият алмашишига олиб келмаслигини, аммо давлатнинг АҚШ олдида имижини анча яхшилашини англатиш лозим. Бизга қулоқ солишади, чунки Қўшма Штатлар ҳануз дунёнинг энг қудратли давлатларидан бири ва кўп мамлакатлар у билан ўртага совуқчилик тушишини истамайди”, дейди Хогланд.

Профессор Бешимов бу усулни самарали деб ҳисобламайди.

“Инсон ҳуқуқлари бузилишини қоралаш ва бунда айблаш минтақа лидерларига таъсир қилмайди. Улар буни жиддий олмайдилар. Аксар ҳолларда сукут сақлашади ёки кескин жавоб қайтаришади: масалан, ўтган йили Қирғизистон АҚШнинг ушбу мамлакатда инсон ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги танқидига шунақа реакция кўрсатган эди”, дейди собиқ элчи.

Бешимов, шунингдек, АҚШнинг минтақага кўрсатаётган ёрдами асосан хавфсизлик соҳасига оидлигини қайд этади.

“Бу Қўшма Штатлар қайсидир маънода ушбу мамлакатларда авторитар режимларни мустаҳкамлашга кўмаклашяпти, дегани. Менимча, Трамп маъмурияти минтақада инсон ҳақлари бузилишига панжа орасидан қарайди ёки бу масаладан геосиёсий фойда чиқариш учун Марказий Осиё давлатларига босим ўтказишда фойдаланади”, тахмин қилади собиқ депутат.

Бешимовга кўра, АҚШ Россия билан тил топишиб, Хитой билан қаттиқ конфронтацияга ўтган тақдирда Трамп Марказий Осиёга расмий ташриф билан келиши ҳам мумкин.

“Россия билан келишув шунақа ташрифлар ва минтақада парадигмаларни ўзгартириш учун замин ҳозирлаган бўлур эди. Бироқ агар Хитой билан муносабатлар конфронтация ва ҳамкорлик орасида, Россия билан эса бирмунча ижобий бўлса, Трампнинг шахсан ташриф буюришида маъно қолмайди”, фикрини якунлайди Бешимов.

Дональд Трамп: Шавкат Мирзиёев ўз мамлакати ва ҳамма жойда ҳурмат қилинадиган одам!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:00 0:00

С5 истиқболи ва АҚШнинг роли

Ричард Хогландга кўра, Трамп Марказий Осиёга келган тақдирда ҳам бу ташриф туб ўзгаришларга туртки бермайди.

“АҚШнинг Марказий Осиёга оид сиёсатида бирон жиддий ва узоққа мўлжалланган ўзгаришлар бўлмас экан, минтақада ўз ўйинини ўйнаётган йирик давлатлар Трампнинг ташрифини қоидаларни ўзгартирувчи воқеа деб қабул қилмайди”, дейди эксперт.

Унинг фикрича, АҚШ диққат-эътиборини ўзи ташкил қилган ва секин-аста жонланган С5 форматини мустаҳкамлашга қаратадиган бўлса, минтақанинг геосиёсий ландшафтида узоқ муддатли ва барқарор ўзгаришларга эришиши мумкин.

“С5-1 форматини Барак Обама маъмурияти жорий қилган эди ва у ҳозирда С5+Жанубий Корея, С5+Евроиттифоқ, С5+Япония ва бошқа турли вариацияларда мавжуд. Ҳаммасидан қизиғи шунки, сўнгги йилларда ушбу мамлакатлар лидерлари С5 учрашувларини ўз давраларида мунтазам ўтказиб келишмоқда ва мазкур гуруҳни халқаро бирлашма даражасида институтлаштириш ғояси ҳақида ўйлашмоқда. Бу йўналишда олдинга силжиш бўлганича йўқ ва мен Трампга С5 ни халқаро ташкилотга айлантиришни тавсия қилган бўлардим. Боз устига, сўнгги пайтларда минтақа раҳбарлари С5 учрашувларига Озарбайжон президенти Илҳом Алиевни таклиф қилишмоқда. Афтидан, С6, ҳатто С8 форматига ўтадиган маҳал келди, у Марказий Осиё билан Жанубий Кавказни бирлаштириб, Жануби-Шарқий Осиёнинг АСЕАНига ўхшаган ташкилот бўлур эди. Бирлашув уларни кучли қилиб, мустақиллик ва ҳудудий яхлитликни сақлаб қолишларига ёрдам беради. Шу билан бирга, жаҳон саҳнасида ягона фронт бўлиб чиқишлари учун халқаро ташкилот вазифасини ўтайди”, дейди Хогланд.

Форум

XS
SM
MD
LG