Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 16:50

Мирзиёевча буз-буз: Ҳукумат Бухоро Туризм марказини барибир қурмоқчи. Бухороликлар қарши


Бухородаги "Туризм маркази" лойиҳаси
Бухородаги "Туризм маркази" лойиҳаси

Мирзиёев ҳокимиятга келар-келмас мамлакатни, ўз таъбирича модернизация қилиш режасини эълон қилди. Аммо бу модернизация "янгисини қурмай туриб эскини бузмаслик керак" деган Каримовдан қолган сиёсий тузумни ислоҳ қилишни назарда тутмас эди. Бу модернизация, том маънода эски, баъзида юз йиллик бино ва уйларга бульдозер солишни назарда тутиши орадан кўп ўтмай англашилди.

Кейинги беш йилда Бухоро иккинчи бор йирик бузилишлар бўсағасида. “Бухоро сити” қолдирган “яралар” ҳали битмай туриб, Мирзиёев ҳукумати “Бухоро туризм маркази” лойиҳасига қўл урди.

Лойиҳа ўтган йили бухороликлар норозилигига сабаб бўлган эди. Бироқ афтидан, муҳим сиёсий тадбирлар, яъни референдум ва президент сайлови олдидан ҳокимият бу каби норозиликларни алангалатмасликни маъқул кўрди. Мирзиёев ташаббускори бўлган лойиҳа тўхтатилди.

“Туризм маркази” Бухоро тарихий марказида эмас, балки бошқа ҳудудга кўчирилиши айтилди. Бу иш шахсан президент Мирзиёев топшириғи билан амалга оширилгани урғуланди. Бухороликлар президент шаънига олқишлар ёғдиришди.

Конституциявий референдум ортидан муддатларини ноллаштиришга муваффақ бўлган Мирзиёев навбатдан ташқари президент сайлови орқали ўз қудратини янада мустаҳкамлади.

31 январь куни Бухорода ими-жимида ўтказилган ҳокимлик йиғилишидан сўнг шаҳар аҳли тармоқларда #saveBukhara хэштеги остида ўз норозиликларини билдиришни бошлади.

Гап яна ўша Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида қурилиши айтилаётган “Туризм маркази” ҳақида кетмоқда. Бухороликлар ушбу марказнинг архитектураси шаҳарнинг тарихий қиёфасига таъсир кўрсатишидан хавотирда. “Туризм маркази”- Янги Ўзбекистон тарихидаги “энг нотўғри ва ёмон лойиҳа” дея талқин қилинмоқда.

Ўтган йилгидан фарқли бу йил жамоатчилик норозилигига биров эътибор бераётгани ҳам йўқ. Ўтган йилги ваъдалар унутилди. “Туризм маркази” айнан аввал белгиланган жойда қурилиши маълум қилинди.

31 январь кунги йиғилишга норозилар ёки қарши фикрда бўлганлар таклиф қилинмади. Йиғилишдан хабар топиб келганлар эса ҳайдалди.

Йиғилишда сўзга чиққанлар эса “Туризм маркази” лойиҳасини “оғзидан бол томиб” мақтади. Пафос ила йўғрилган баландпарвоз нутқлар ижтимоий тармоқларда қайта ва қайта намойиш қилинмоқда.

Маҳаллий матбуотда “Туризм маркази” қурилиши лойиҳасини кенг кўламда олқишлаш кампанияси бошланди. Жамоатчилик қаршилигини босиш учун пиар-акциялар ташкил қилинмоқда.

Бухороликлар Мирзиёевнинг “Туризм маркази”га оид ўтган йилги ваъдаларини ёдга олиб, лойиҳа бўйича ўз додини президентга етказишга уринишмоқда. Аслида бу лойиҳа ортида Мирзиёевнинг шахсан ўзи турганидан, афтидан, кўпчилик бехабар. Озодлик Мирзиёевнинг ўтган йилдаги сайловолди дастурини варақлаб, “Бухоро туризм маркази” номзод президент дастурига киритилганини аниқлади.

Лойиҳа 2022 йилнинг 26 декабрида старт олганига қарамай, Озодликка номаълум сабабларга кўра, Мирзиёев уни ўз дастурига киритган.

"Туризм маркази" лойиҳаси
"Туризм маркази" лойиҳаси

Лойиҳани ишга тушириш учун эса инвестиция жалб қилинади. Бу ҳақда 2023 йилнинг 7 июлида Бухоро университетидаги сайловчилар билан учрашув пайти Мирзиёевнинг ишончли вакили Самойдин Ҳусенов маълум қилган:

"Бухоронинг туризм салоҳиятини оширишга ҳам катта эътибор қаратилади. Хусусан, 600 миллион доллар инвестиция ҳисобидан, Бухоро шаҳрида Халқаро туризм маркази барпо этилади".

Демак, лойиҳа қиймати 600 миллион доллар. Бироқ ҳозирча лойиҳанинг молиявий томони савол остида. Дастлаб ушбу лойиҳа учун бюджетдан 517 миллиард сўм ажратилиши айтилган. Куни кеча Бухоро вилоят ҳокимлиги ўтказган йиғилишда 32,6 гектар майдондаги ер участкаси сотилиши ва шундан тушган маблағлар ҳисобига “Туризм маркази” қурилиши айтилди. Ҳозирча лойиҳанинг молиявий таъминоти масаласи очиқ қолган кўринади. Ҳар ҳолда бу борада аниқ маълумот йўқ.

Иқтисодчи Отабек Бакиров “Туризм маркази” лойиҳасини шарҳларкан, уни миллиардларни совуриш лойиҳаси дея таърифлади:

"Дунёнинг 50 та энг қашшоқ мамлакати қаторига кирадиган Ўзбекистон иқтисодий маънога эга бўлмаган, туристик инфратузилма билан қовушмайдиган, қайтанга тарихий обидалар ва қадимий шаҳарлар ўзлигини тўкадиган ва табиийки, фақат битта мақсад — давлат ва бюджет маблағларини тўғридан-тўғри ёки билвосита ўзлаштиришга қаратилган лойиҳалар учун юз миллионлаб доллар маблағларни совуришда давом этмоқда".

"Бухоро Туризм маркази” қурилиши Озодликнинг қатор суриштирувлари қаҳрамони Бахтиëр Фозиловга тегишли ENTER Engineering ширкатига берилган. Озодлик тассаруфидаги ҳужжатларга кўра, Бахтиëр Фозилов оффшордаги фирма орқали ушбу ширкатнинг 51 фоиз акциясига эгалик қилади.

Enter Engineering 2012 йили Сингапурда рўйхатдан ўтган бўлиб, унинг Ўзбекистондаги фаолияти айнан Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан кейин бошланган. Бугунга келиб, ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам айнан Enter Engineering'га.

Йиллик даромади, молиявий ҳисоботига кўра, 1 миллиард АҚШ долларига яқин бўлган Enter Engineering компанияси Ўзбекистондаги энг йирик лойиҳаларни қўлга олмоқда.

Ўзбекистон бошқарувининг олигархлашиб бораëтгани мавзуидаги Озодлик суриштирувларида айнан ҳокимият тепасидаги шахс ва гуруҳларга яқин компанияларга махфий қарорлар воситасида ниҳоятда катта имтиëзлар бериб келинаëтгани ошкор бўлган эди.

Мирзиёев “чўнтаги” экани айтиладиган Enter Engineering 7,5 йилдан бери нефть ва газ тизимидан тортиб, мамлакатдаги ҳар бир соҳадаги йирик инвестицион лойиҳалар тепасида.

Ҳукуматнинг Бухорода халқаро “Туризм маркази” қуриш режаси дастлаб 2022 йилнинг 26 декабрида бош вазир Абдулла Арипов ўтказган йиғилишда маълум қилинган.

Арипов ўша пайтда лойиҳа қурилиши учун 32, 6 гектар майдондаги 29 та давлат ташкилоти ва хусусий мулкдорларга тегишли биноларни бузиб, бошқа жойга кўчиришни маъқуллаган.

Бузилувчи объектлар рўйхатида Бухоро марказий стадиони ҳам бор.

22 йил аввал қурилган ва 2013 йилда реконструкция қилинган ушбу стадион 22 700 томошабинга мўлжалланган. Стадион сиғими бўйича Ўзбекистонда 3-ўринда туради.

Ўтган йилнинг 14 январь куни ўтказилган матбуот анжуманида Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов стадионга оид қуйидагича ваъда берган эди:

"Ҳоким сифатида, ваъда бераман, инвестор янги стадион қуриб бергандан кейингина Бухоро стадионини бузиш бошланади".

Ҳозирча янги стадиондан дарак йўқ. Унинг қачон қуриб, фойдаланишга турилиши ҳам номаълум. Лекин бир нарса аниқ: эски стадион бузилади. Куни кеча ўтган йиғилишда ҳоким жанобларига аввалги ваъдасини биров эслатгани ҳам йўқ.

Бухоро марказий стадиони
Бухоро марказий стадиони

Стадионни сақлаб қолиш мақсадида кўплаб чиқишлар қилинди. Куни кеча бухоролик спорт мураббийлари яна бир бор очиқ хат эълон қилиб, жамоатчилик эътиборини стадион тақдирига бефарқ бўлмасликка чақиришди:

“Бухоро” спорт комплекси жамоасидан, барча спортчилар ва жамоатчиликдан ушбу комплексни сақлаб қолишни, уни сайёҳлик маркази умумий концепциясига уйғун равишда реконструкция ва модернизация қилиб марказ лойиҳасига қўшиб юбориш имкониятини кўриб чиқишни илтимос қиламиз".

Озодлик стадион учун курашаётган бухоролик спортчилар билан боғланди. Бироқ улар ўзларига нисбатан босим бошланганини айтиб, интервью беришдан бош тортишди.

Ҳокимият бу масалада халқ билан маслаҳатлашмади

Айни пайтда тармоқларда #saveBukhara хэштеги остидаги постлар кўпаймоқда. Шундай постлардан бирида яна президентга очиқ хат эълон қилиниб, “Туризм маркази”ни бошқа жойда қуриш сўралган:

"Афсуски, шу пайтгача ҳокимият бу масалада халқ билан маслаҳатлашмади ва халқ фикрини инобатга олмади. Янгисини қурмай эскисини бузмайлик".

Янгиси қурилмасдан бузилаётган объектлар орасида ҳокимлик бинолари, вилоят прокуратураси, мажбурий ижро бюроси, ўқув юртлари, хусусан, Тиббиёт ва Маданият коллежлари, меҳмонхона, кутубхона, бир неча банклар ва ўнлаб бизнесга оид иншоотлар бор. Бу ҳудудда аҳоли уйлари йўқлиги айтилди.

"Модернизм услубидаги муҳим ёдгорлик – вилоят ҳокимияти биноси бузиладиган бўляпти. Тақдир киноясини қарангки, уни ҳам яқинда сақлаб қолишга муваффақ бўлганимиз “Шарқ” биноси меъмори Ричард Блезэ қурган.

Ҳокимлик биноси аллакимга сотилган. Ҳеч қандай маълумот йўқ. Булар бари “туризмни ривожлантириш” ниқоби остида қилинмоқда. Аммо бунинг туризмга ҳеч бир дахли йўқ, албатта. Бухородаги янги иморатлар сайёҳларни сариқ чақачалик қизиқтирмайди.

Афсуски, бу қадар катта кўламдаги қурилиш ишлари Бухоронинг тарихий марказига ҳам тузатиб бўлмас зиён етказади", дея ёзди блогер Никита Макаренко.

Ҳозирча бинолари бузилган тадбиркорларга компенсация тўлаш масаласи ҳам очиқ қолмоқда. Бинолар демонтажи, объектларни янги манзилга кўчириш ҳаражатлари кимнинг ҳисобидан? Бу ҳам номаълум. Янги стадион кимнинг ҳисобидан қурилади? Буям маълум эмас. Хуллас бузишлар, йўқотишлар, компенсациялар ҳисоб-китобини биров қилганича йўқ. Қилинишига шубҳа ҳам бор.

Бухородан олинган маълумотга кўра, 31 январдаги йиғилиш тугаши билан шошилинч равишда объектлар демонтажига киришилган. Айрим объектлар олди аллақачон тўсиб ҳам қўйилган.

Бузилаётган бинолар рўйхатида 2-мактаб ҳам. Ҳозирда мактаб ўқувчилари яқин атрофдаги мактабларга бўлиб чиқилган. Ота-оналарга кўра, мактаблар болаларни 3 сменада ўқитишга мажбур қолмоқда.

Бузишга мўлжалланган ҳудуддаги минглаб дарахтлар тақдири ҳам кўпчиликни қизиқтирмоқда.

Икки йил аввалги Мирзиёев ташаббусидаги “Яшил макон” лойиҳаси эсингиздами? Ушбу лойиҳага Бухорода 100 минг евро сарфлангани айтилган. Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси кўмагида Буюк Британияда яшаётган бир гуруҳ ватандошлар маблағлари ҳисобига Бухорода жами 6,5 минг дарахт экилган. Дарахтларнинг аксари, айнан ҳозир бузилаётган ҳудудларга экилган.

"Бухорода ўзи тоза ҳаво йўқ, ҳамма жой чанг. Қурилиши режалаштирилган мажмуа учун танланган жой шаҳарнинг энг обод, яшил ҳудуди, баҳаво маскани ҳисобланади. Эски шаҳар халқи ва туристлар ёзнинг жазирама иссиғида шу жойга чиқиб, жон сақлайди…

Бухорода ўзи тоза ҳаво йўқ

Қурилиш-бузиш ишлари шусиз ҳам хароб аҳволда бўлган шаҳардаги экологик вазиятни янада оғирлаштиради. Турли касалликлар кўпайиши мумкин. Бунинг бадали яна шу халқ ва унинг улғайиб келаётган фарзандлари зиммасига тушади", дейилади Президентга йўлланган очиқ хатда.

Бухородаги “Мотамсаро она” ёдгорлиги ҳам бузилиш ҳудудида жойлашган яъни у ҳам кўчирилиши лозим. Ўзи шу пайтгача ҳам бу ёдгорлик шаҳарнинг турли ҳудудига бир неча бор кўчирилган. Ҳозирча бу ёдгорликнинг қаерга ва қачон кўчирилиши Озодликка маълум эмас.

“Туризм маркази” беш йил аввал қурилиши бошланган Bukhara City лойиҳаси ниҳоясига етмасдан бошланмоқда.

Мирзиёев қарори билан 2019 йилда 83 гектар майдонда бошланган ва қурилиши чала ётган Bukhara City лойиҳаси ҳам шаҳардаги ўнлаб бино ва иншоотлар бузилишига сабаб бўлган эди.

Bukhara City қурилишининг беш йилдан бери битмаётгани жамоатчилик томонидан танқид қилиб келинмоқда.

Масъуллар эски лойиҳа бўйича жўяли бир сабаб келтирмаган ҳолда, янги лойиҳа қурилишида яна туризмни ривожлантириш баҳонасини рўкач қилиш орқали вазиятни ҳаспўшлашга ҳаракат қилишмоқда.

Бухородаги ҳолат Ўзбекистоннинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам кутилиши мумкин. Чунки аллақачон туристларни кўпайтириш важи билан Самарқандда “Туризм маркази” барпо қилинган. Аммо у ердаги лойиҳа шаҳар ташқарисида, яъни тарихий марказдан узоқда қурилган. Бу эътиборли жиҳати. Лекин лойиҳа ўзини оқламаётгани маълум бўлди.

260 гектарлик майдондаги "Самарқанд Туризм маркази” ишга туширилганида катта- катта ваъдалар берилган эди. Ушбу марказнинг эгаси ўша сиз билган Бахтиёр Фозилов бўлади. У "Самарқанд Туризм маркази"нинг 60 фоиз улушига эгалик қилади.

"Бухоро туризм маркази" бўйича берилаётган баландпарвоз ваъдалар вақти келиб, Самарқанддаги каби чўпчакка айланиши мумкинлигини тахмин қилиш мумкин.

Туристлар аслида қадимий ва тарихий ёдгорликларни томоша қилиш учун келишади. Сунъий марказларнинг бировга қизиғи ҳам бўлмаса керак. Бироқ ўзбек мулозимлари ўз қарашларида собит. Лойиҳанинг ўзини оқлаш-оқламаслиги уларни қизиқтираётгани йўқ. Шу боис қадим Бухорода ҳам замонавий “Туризм маркази” қурилади.

"Агар бу амалга ошса, менимча, Янги Ўзбекистон тарихидаги энг нотўғри ва ёмон лойиҳалардан бири бўлади", деб ёзди ҳуқуқшунос ва блогер Хушнудбек Худойбердиев.

Янги Ўзбекистон тарихидаги энг нотўғри ва ёмон лойиҳалардан бири бўлади

Лойиҳанинг асосий муаммоли жиҳати шундаки, у Бухоро тарихий марказининг буфер зонасида жойлашган. Бухоро тарихий маркази 1993 йилда ЮНЕСКО томонидан Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Бухоро тарихий марказининг ҳудуди 216 гектар бўлиб, унинг муҳофаза ҳудуди эса 339 гектарни ташкил этади.

"Қурилиши режалаштирилган туризм марказининг умумий майдони 32,6 гектар бўлиб, тўлиқлигича Бухоро тарихий марказининг муҳофаза зонасида жойлашган. Бу ҳудудда Миллий рўйхатга киритилган 2 та маданий мерос объекти жойлашган. Булар – 2012 йилда қайта тикланган “Саллоҳхона” дарвозаси ҳамда 1980 йилда ўрнатилган Абу Али ибн Сино бюсти", дейилади Маданий мерос бошқармаси хулосасида.

Ибн Сино бюсти “Мотамсаро она” ёдгорлиги каби бошқа жойга кўчирилар, лекин Саллоҳхона дарвозаси тақдири нима бўлиши номаълум.

Қонунчиликка кўра, Бухоро тарихий маркази ва унинг буфер зонасида қурилиши режалаштирилган ҳар қандай йирик лойиҳалар ЮНЕСКО билан келишилиши лозим. Ўтган йили ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси "Бухоро туризм маркази" лойиҳасини қўллаб-қувватламаган ва марказ қурилиши учун бошқа жой танлашга чақирган эди.

ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳозирча янги ўзгаришларни бирор кўринишда изоҳламади.

Форум

XS
SM
MD
LG