Линклар

Шошилинч хабар
03 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:51

Ўзбекистонликларнинг кўпчилиги чегарадан ID карта билан ўтишга рухсат берилганидан бехабар


Ўзбекистоннинг Марҳамат ҳамда Қирғизистоннинг Аравон туманлари ўртасидаги Мингтепа-Қорабағиш чегарасининг очилиши маросими. 1 сентябрь, 2023 йил.
Ўзбекистоннинг Марҳамат ҳамда Қирғизистоннинг Аравон туманлари ўртасидаги Мингтепа-Қорабағиш чегарасининг очилиши маросими. 1 сентябрь, 2023 йил.

Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан фуқароларни енгиллатилган тарзда ID карта билан ўтишига рухсат берилганига ўн кундан ошди. Аммо қирғиз чегара расмийларига кўра, ўзбекистонликларнинг асосий қисми бу имтиёздан фойдаланмаяпти.

Озодлик мухбири икки давлат ўртасидаги “Дўстлик” назорат-ўтказиш пунктига бориб, қатор ўзбекистонликлар билан суҳбатлашди. Суҳбатдошларнинг айримлари мухбиримизга чегарадан ID карта билан ўтишга рухсат берилганидан хабарсиз эканликларини айтишди.

- Чегарадан ID карта билан жуда осон ўтдим. Аввалгидек, узоқ текшириш йўқ, паспортга “печать уриш” йўқ... Вақтим ҳам тежалди... Жуда қулай экан, - деди Ўзбекистондан Қирғизистонга илк марта ID карта билан ўтган Андижон вилоятининг Ёрқишлоқ қишлоғи турғуни Мастурахон Абдубекова.

Мастурахон сўнгги ўн кун ичида чегарадан ID карта билан ўтган кам сонли ўзбекистонликлардан бири. Қирғизистон Чегара хизмати расмийларига кўра, ўзбекистонликларнинг асосий қисми бу имтиёздан фойдаланмаяпти.

- 1 сентябрдан бери ўтган ўн кун ичида чегарадан ID карта билан ўтганларнинг асосий қисми Қирғизистон фуқаролари бўлмоқда. Бу имтиёздан фойдаланаётган ўзбекистонликлар сони оз. Бунга сабаб нима эканини биз билмаймиз. Балки уларга бу борадаги маълумотлар етиб бормаётгандир. Шу ўринда айтиб қўймоқчиман, ID карта билан чегарадан ўтиш жуда қулай: биринчидан, жуда кўп вақт тежалиб қолинади ва натижада чегарадан ўтиш жараёни тезлашади. Бунинг оқибатида эса узундан узоқ навбатлар юзага келмайди. Қисқа айтадиган бўлсам, чегарадан ўтказиш икки-уч маротаба тезлашади,- деди Қирғизистоннинг “Достук” назорат-ўтказиш пункти бошлиғи Нурлан Аттоқуров.

Озодлик мухбири микрофон тутган қатор ўзбекистонликлар чегарадан ID карта билан ўтишга 1 сентябрдан бошлаб рухсат берилганидан бехабар эканликларини айтишди.

-1 сентябрдан бошланган экан. Мен буни кеча эшитдим. Бу ҳақда маълумот берилгандир, лекин эшитмаган эканмиз. Кеча таможняга келсам, одамлар ID паспорт билан ўтиб кетишаяпти. Шундан кейин билдим бу ҳақда, - деди ўзбекистонлик Хайрулла Усмонов.

Пахтаободлик Асалхон Атаханова ўзи яшаётган ҳудудда чегарадан ўтиш тартиби ўзгаргани тўғрисида расмий маълумотлар йўқлигини, фақат одамлар орасида миш-мишлар юрганини айтди:

-ID карта билан чегарадан ўтишга рухсат берилибди, деган гаплар юрибди одамлар орасида. Шунинг учун мени “бир текшириб келингчи, ростимикин шу гаплар”, деб жўнатишди. Шуни аниқлашга келган эдим.

Бу масалада Ўзбекистон расмийлари ёки чегарачиларидан муносабат олиш имконияти бўлмади.

Қирғизистон парламенти 3 май куни Ўзбекистонга ID-карта билан ўтишга рухсат бериш назарда тутилган қонун лойиҳасини бирданига уч ўқишда қабул қилган эди.

Бундан аввал Ўзбекистон Олий Мажлиси ҳам Қирғизистонга ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи қонунни қабул қилган. Президент Шавкат Мирзиёев 27 апрелда Ўзбекистон-Қирғизистон чегарасидан ID-карта билан ўтишга рухсат берувчи шартномани ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаганди.

Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидан енгиллаштирилган тарзда ўтилишига оид шартнома икки давлат президентларининг Бишкек ва Тошкентдаги учрашувлари доирасида қабул қилинганди.

1 сентябрь куни Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги иккита чегара пункти ҳам қайта очилди. Ўзбекистоннинг Марҳамат ҳамда Қирғизистоннинг Аравон туманлари ўртасидаги Мингтепа-Қорабағиш чегара ўтказиш пункти, Ўзбекистоннинг Хонобод шаҳридан Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятига ўтилувчи Хонобод-Бекобод чегара ўтказиш пункти узоқ йиллик танаффусдан сўнг ишга тушди.

Қирғизистон ва Ўзбекистон ўртасида 15 та чегара назорат-ўтказиш пункти бор. Уларнинг аксари 2005 йилда Ўзбекистон томонидан бир томонлама равишда ёпиб қўйилган эди.

2016 йилдан расмий Бишкек ва Тошкент алоқалари яхшилана бошлангач, чегаралар очилди. Бугунги кунгача икки давлат ўртасидаги 9 та чегара бекати ишламоқда.

Май ойида Қирғизистон Чегара хизмати Жалолободдаги "Бекобод", Ўшдаги "Қарабағиш", "Қорасув" чегара назорати бекатларини очишга тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилган.

Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги 1314 километрли чегара чизиғи тўлиқ аниқлаб бўлинган. 2022 йил ноябрида Тошкент ва Бишкек чегара бўйича 30 йилдан буён давом этиб келаётган баҳсларга нуқта қўйилганини билдиришган.

Форум

XS
SM
MD
LG