Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:41

Таниқли брендлар “откат ва доля”ни ўйлаб, Ўзбекистонга келишга қўрқаяпти


Ўзбекистон бозорига киришга қизиқаëтган Дания брендлари.
Ўзбекистон бозорига киришга қизиқаëтган Дания брендлари.

Озодлик билан суҳбатда P. Jahn General products ltd ширкати асосчиси Paul Jahn президент Мирзиëвнинг хориж инвесторларига қилаëтган таклифи Даниянинг дунëга машҳур компаниялари томонидан ўрганилаëтгани¸ бироқ ҳозирча на молиявий ва на ҳуқуқий хавфсизлик кафолатлари кўринмаëтгани учун¸ улар ўзбек бозорига кириш қарорини пайсалга солаëтганини айтди.

Тараддуд

Озодлик билан суҳбатда даниялик тадбиркор¸ P. Jahn General products ltd ширкати асосчиси Pоul Jahn Данияда Ўзбекистон каби 31 миллион истеъмолчиси бор янги бозорларга киришга қизиқаëтган йирик ширкатлари борлигини эътироф қилди:

- Мен сизга бир неча мисол келтиришим мумкин. Даниянинг Jysk ширкати ҳозирда дунëнинг 52 давлатида ишлаяпти. Бу данияликларнинг IKEAси. IKEA жуда катта компания ва у яқин келажакда Ўзбекистонга бормайди. Лекин 200 дан 1600 квадрат метргача бўлган ҳудудда асосан уй-жой жиҳозлари¸ кўрпа-тўшак сотадиган Jysk Ўзбекистонга киришга анчадан бери қизиқмоқда. Куни-кеча улар менга яна келишди маслаҳат сўраб. Мендан олдин PWC (Price Waterhouse Cooper) консалтинг компаниясидан маслаҳат сўрашибди. PWC уларга ҳозирча Ўзбекистонга сармоя киритмасликни маслаҳат берган¸ мен ҳам худди шу фикрдаман¸ дейди Paul Jahn.

PWC – Ўзбекистондаги бизнес иқлимига оид янги хулосасини ҳозирча очиқламади

Даниялик тадбиркор билан суҳбат ортидан Озодлик дунë мамлакатларидаги бизнес муҳити¸ хусусан¸ инвестиция имконлари ҳақида бизнес гуруҳлари ва тадбиркорларга масалаҳт бериш билан шуғулланувчи PWC ширкати вакиллари билан боғланди.

Ширкатнинг Лондонда жойлашган глобал коммуникация идораси мутасаддиси¸ қолаверса¸ унинг Тошкентдаги ваколатхонаси вакили Озодлик саволларига махсус ҳозирликсиз жавоб бера олмасликларини таъкидладилар. Озодликнинг электрон почта орқали юборган ëзма саволларига¸ ширкат экспертларининг тез орада жавоб қайтаришлари ваъда қилинди.

(Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келгандан бери хориж инвестициялари учун муҳит яхшиландими¸ бугун Ўзбекистонга сармоя киритишга иккиланиб турган Ғарб ширкатларига бу борада қандай маслаҳат берасиз¸ деган саволларга жавоб келиши уларни жамоатчиликка тақдим этамиз -таҳр.)

Ўзбекистондаги бизнес иқлими ҳақида 2016 йил якунларидан келиб чиқиб қилинган хулосасининг индаллосидаëқ PWC эҳтимолий сармоядорлар диққатини Ўзбекистон иқтисодидаги фундаментал муаммоларга қаратади.

“Ўзбекистон Республикасидаги иқтисодий вазиятда айрим яхшиланишлар бўлганига қарамай¸ бу иқтисод эндигина ривожланиб келаëтган бозор хусусиятларига эгалигича қолмоқда. Бу жиҳатлар мамлакат ташқарисида эркин конвертация қилинмайдиган пул бирлигининг мавжудлиги¸ қарз ва қимматбаҳо қоғозлар бозоридаги ликвидликнинг паст даражада қолаëтгани кабиларни ўз ичига олади. Умумиятла¸ бизнес иқлими барқарор деб тасвирланса-да¸ бозор иқтисодига ўтишга қаратилган кескин ислоҳотлар қилиниб¸ давлатнинг иқтисодни бошқаришдаги роли камайтирилса¸ Ўзбекистон иқтисодида тез ўсиш потенциали мавжуд”¸ дейилади PWC консалтинг ширкати 2016 йил эълон қилган ҳисоботда.

“Бизнинг кўргуликларимиз бошқа ҳавасмандларни чўчитмоқда”

Даниялик тадбиркорнинг ўз ватанидаги бизнес ширкатларига ҳозирча Ўзбекистонга сармоя ëтқизишга шошилмаслик ҳақида маслаҳати унинг ўз аччиқ тажрибасига асосланган.

90-йилларда Ўзбекистонга кирган дастлабки Европа ширкатларидан бири бўлган P.Jahn General Products Limited 2000-йиллар ўрталарига келиб¸ ҳукумат тепасида ўтирганлар қўйган “оғир шартлар” – мунтазам “откат ва доля” тўлаб туриш талабини бажара олмаганидан ортидан ўз бизнесини ташлаб кетишга мажбур бўлган эди.

Ўзбекистон Миллий банкининг биргина қарори билан 1 миллион 800 минг долларидан ажраб¸ Ўзбекистон Олий Хўжалик судигача бўлган уч инстанцияда Миллий банк билан судлашиб¸ ўз пулини ола олмаган жаноб Jahn¸ бугунги кунда мамлакатдаги сармоя иқлими жиддий ўзгарганига шубҳа билан қарайди:

- Хориж инвестори Ўзбекистонга борар экан¸ биринчи навбатда¸ ўз пули¸ ўз даромадини олиб чиқиб кетишига ишончи комил бўлмоғи керак. Даниядек узоқ бир жойдан Ўзбекистонга борган сармоядор¸ даромад қилиб¸ топганини Данияга олиб келишни хоҳлайди. Инвестор истайдиган энг оддий ва энг муҳим хавфсизлик кафолати шудир. Лекин Ўзбекистонда ҳали ҳам конвертация йўқ. Демак¸ у пулини расмий курсда валютага айлантириш учун яна кимларгадир ялиниб-ëлвориши¸ пора бериши¸ ҳомийлик сўраши керак бўлади.

Иккинчиси¸ Ўзбекистонда дўкон ëки завод очар экан¸ сармоядор уни эртага кимдир келиб ëпиб қўймаслиги учун кафолат истайди. Ўзбекистонда ўт ўчирувчиям хоҳласа¸ мана бу деворинг қийшиқ экан¸ бузиб¸ бошқадан қурасан¸ деб таҳдид қилади¸ пора сўрайди. Агар бугун Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги сармоя иқлими яхшиланганини намойиш қилмқочи бўлса¸ умумий муҳитни шаффофлаштириши керак – бизнес бошлаш¸ ëки бизнесини давом эттириш учун ҳеч кимга откат ëки пора беришга жой қолмасин¸ дейди айни шаффофлик йўқлиги ортидан урчиган давлат коррупцияси боис Ўзбекистондан чиқиб кетган даниялик тадбиркор.

Дунëга машҳур ширкатлар Ўзбекистонга кирса¸ бу бошқа инвесторларни рағбатлантиради

Суҳбатдош таъкидича¸ JYSK Ўзбекистонга киришга қизиқаëтган ягона Дания ширкати эмас. У қатори жаҳонга сифатли оëқ кийимлари билан танилган ECCO, заргарлик маҳсулотлари билан машҳур Pandora ширкатлари ҳам янги бозор илинжида Ўзбекистонга киришни режаламоқда.

Агар бу таниқли брeндлар Ўзбекистонда иш бошласа¸ бундан ҳам ўз маҳсулотига янги бозор қидираëтган бу ширкатлар¸ ҳам ўзбек иқтисоди ютишига шубҳам йўқ¸ дейди Jahn:

- Эртага Jysk бориб Тошкент ва бошқа катта шаҳарларда¸ дейлик¸ биринчи учта дўконини очсин. Агар бизнес иқлими яхшиланган бўлса¸ тез орада Ўзбекистон бўйлаб бу ширкат бемалол 30 та дўкон оча олади. Ўзбекистонда арзон иш кучи¸ ўз пахтаси борлигини инобатга олсак¸ Jysk ўз дўконларида сотадиган текстиль маҳсулотларнинг асосий қисмини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришга ўтиши мумкин. Қарабсизки¸ ички ишлаб чиқариш¸ иш ўринлари очилади. Муҳими¸ бунақа танилган ширкатнинг Ўзбекистонда ишлаши¸ бошқа сармоядорларга ҳам бу мамлакатда энди нормал бизнес қилиш мумкин¸ деган сигнал бўлади ва ишончим комилки¸ эҳтимолий инвесторлар сонини оширмай қолмайди¸ дейди даниялик тадбиркор.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG